«Спорт» телеканали шарҳловчиси Даврон Файзиев билан суҳбат уюштиришни анчадан буён режалаштириб юрган эдик. Жаҳон чемпионати якунлари ва ўзбек футболига оид масалаларга аталган мулоқотимиз шу кунларга тўғри келди. Эътиборингизга самимий руҳда кечган суҳбатни ҳавола қиламиз...
ЭНГ ЯХШИ ЎЙИН ВА СКОЛАРИ
- Даврон, узоқ кутилган жаҳон чемпионати ўйинлари ҳам бир зумда ўтди-кетди. Агарда сиздан ўйинлар рейтингини тузишни сўрашганда, биринчи ўринга қайси бирини лойиқ кўрардингиз?
- Шахсан ўзимга гарчи гуруҳдан ҳам чиқолмаган бўлсалар-да, Италия ва Англия терма жамоаларининг ўзаро тўқнашуви жуда ёқди. Бу учрашувда шиддат, тезкорлик, техника, тактик услуб - ҳамма-ҳаммасини кўриш мумкин эди. Жамоалар гуруҳда қолиб кетишгани эса алоҳида масала - бунинг учун Коста-Рика ва Уругвайга раҳмат айтиш керак. Бироқ алоҳида учрашувлар замирида олганда, Италия-Англия ўйини анча қизиқарли кечди, деб ҳисоблайман.
- Бразилия терма жамоаси қайд этган натижа барчани карахт қилиб қўйди. Бу муваффақиятсизликда Сколарининг айби нечоғли, сизнингча?
- Мундиалдан олдин Бразилия бундай аҳволга тушишини энг фантазияси кучли одам ҳам тасаввур қилолмаган бўлса керак. Сколарига келсак, уни танқид қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу мураббий ўз вақтида терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. Аммо Бразилиянинг бу сафар намойиш қилган ўйини... Менимча, бу ўринда мураббийга ўзига ҳаддан ортиқ ишонч ва айтиш мумкинки, худбинлик қаттиқ панд берди. Сколари ҳар қандай шароитда ҳам ўз билганидан қолмади ва ўйиннинг боришидан қатъий назар, ҳужумкор, очиқ футболга таянди. Натижа эса ўзингизга маълум. Бразилия терма жамоаси ҳозирги авлод футболчилари билан бундай ўйин намойиш қилишга тайёр эмас эди. Бу ҳолат жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаёқ кўзга ташланиб қолди. Хорватия аранг мағлуб этилди, Мексикага қарши кечган баҳсда бразилияликлар ҳеч нарса намойиш эта олмадилар ва фақат охирги турда муаммолар гирдобида ўралашиб қолган Камерун устидан ишончли ғалабага эришилди. Нимчорак ва чорак финалда Чили ҳамда Колумбияга қарши кечган баҳслар ҳам Бразилия обрўйига хизмат қилмаслиги аниқ. Жамоа Неймарга ҳаддан ортиқ боғланиб қолгандек туюлди ва у жароҳатлангани заҳоти ўйин сочилиб кетди. Бу муаммоларнинг барчаси йиғилиб келиб, Германия билан ўйинда «ёрилди». Хулоса шуки, мураббийнинг айби катта, деб ҳисоблайман. У жамоани мусобақага тўғри тайёрлай олмади.
- Сколари аввал Бразилия термасини жаҳон футболи шоҳсупасига чиқарганди, аммо терма жамоа ўша, 2002 йилги мундиал саралашидан зўрға ўтган ва фақат афсонавий Роналдо тузалиб, сафга қайтгач, аутсайдердан фаворитга айланганди. Бу сафар Неймар жароҳатга йўлиққач, муаммолар бошланди. Сколари жамоалари юлдузларга ҳаддан ортиқ боғлиқми?
- Тўғри, 2002 йили Роналдо бошқалардан яққол ажралиб турарди, аммо ўша Бразилияни «бир футболчи жамоаси», деб атамаган бўлардим. Чунки таркибда юлдузлар етарлича топиларди - Ривалдо, Роналдиньо, Роберто Карлос, Кака, Кафу... Бу номлар тажрибали футбол мухлисига кўп нарсаларни билдириши аниқ. Сколарининг 2014 йилги жамоаси эса анча сустроқ эди, шунга қарамай, мураббий илгариги ўйин услубини сақлаб қолди ва қаттиқ адашди. Бразилия ҳали Германияга қарши кечган ўйиндагидек хорланмаган бўлса керак.
- Келинг, шу ўринда Сколарининг юртимиздаги фаолиятини ҳам эслаб ўтайлик. Сизнингча, у ўзбек футболига нима берди? Умуман, журналист ва оддий мухлис сифатида мураббийнинг «Бунёдкор»даги ишига қандай баҳо берардингиз?
- Баҳо бериш учун мураббийнинг юртимиздаги фаолиятига атрофлича тўхталиш керак. Сколарининг Ўзбекистонга келиши шубҳасиз, футболимиз учун фойдадан холи бўлмади. Айтайлик, у сабаб ўзбек футболига қизиқиш нисбатан ошди. Аммо бевосита футболга хос жиҳатлар билан ўлчасак, кўп нарса ютганимизга шубҳа қиламан. Масалан, «Бунёдкор» Сколари бошчилигида қайд этган натижага бемалол бошқа мураббий билан ҳам эриша оларди. У клубга қандай мақсадда таклиф этилди? Албатта, Осиё майдонларида ғалабага эришиш учун. Бу вазифани қай даражада уддаланганини ҳаммамиз яхши биламиз. Тўғри, Ўзбекистон чемпионатида ғалабага эришилди. Аммо «Бунёдкор» ўша вақтдаги таркиби билан ички биринчиликда шундоқ ҳам муваффақиятли иштирок эта оларди. Шундай экан, Сколарининг юртимиздаги фаолиятига қониқарли баҳо беролмайман.
ФИНАЛ
- Жаҳон чемпионати мавзусига қайтсак, финал Аргентина ва Германия ўртасида кечди. Ўйиндан кўнглингиз тўлдими?
- Албатта! Тўғри, учрашув жозибали кечмаган, футболчилар эҳтиёткор ўйин намойиш қилган бўлишлари мумкин, аммо ундаги «интрига»ни сўз билан ифодалаш қийин. Менга бундай ўйинлар ёқади. Гол кўп бўлсаю, қандайдир ярим соат ичида ғолиб ойдинлашиб қолса, бунинг нимаси қизиқ? Айтайлик, охирги Европа чемпионати финали Испания ва Италия ўртасида кечди ва унда 4та гол кўрдик, аммо бундан қандай наф бор? Шахсан мен учун бундай голлар шоусидан кўра, мухлисни 90, керак бўлса, 120 дақиқа ҳаяжонда ушлаб турадиган ўйин маъқул. Бу томонлама олиб қарайдиган бўлсак, Аргентина-Германия ўйини бизга ҳамма нарса берди. Қизиқ томони, бундан 10 йил муқаддам Германия ҳақида гап кетганда, ҳимоявий ўйин намойиш қиладиган, рақибга мутлақо бўш ҳудуд қолдирмайдиган ва кичик ҳисобда ғалаба қозонишга интиладиган жамоа кўз олдингизга келарди. Аргентина эса ҳар доим ҳужумкор, очиқ футболи билан танилган. Бироқ бу сафарги жаҳон чемпионатида ҳаммаси тескари йўналишда ривожланди - Аргентина финалга ҳимоявий футбол ва кичик ҳисобдаги ғалабалар, Германия эса ёрқин ўйин ҳамда шода-шода голлар билан етиб келди. Яъни ҳаммаси тескари пропорционал тарзда ривожланди.
- Демак, Германия термаси ғолиб чиққани жаҳон чемпионатининг мантиқий якуни бўлди. Шундайми?
- Ҳа, ҳеч иккиланмай буни тасдиқлаш мумкин. Мен бу ғалабани ғоя тантанаси, деб атаган бўлардим. Аниқроғи, мураббий ғояси тантанаси! Йоахим Лёв узоқ йиллар давомида жамоасини шакллантирди. Эътиборлиси, у бу борада ҳеч кимнинг фикрини четда қолдиргани йўқ. Шу билан бирга ўз ғоясидан ҳам чекинмади. Германия терма жамоаси унинг бошқаруви остида ҳужумкор ўйин намойиш қилганда, кўпчилик норози бўлганди. Хусусан, Румменигге, Беккенбауэр каби тажрибали мутахассислар Лёвни танқид қилишган ва илгариги муваффақиятсизликларни ҳимоядаги қусурларга боғлашганди. Дарҳақиқат, Германия терма жамоаси 2010 йили ЖАРда кечган жаҳон чемпионатида ҳужумда яхши ўйнагани билан ҳимоядаги муаммолари кўзга ташланганди. Икки йил муқаддам Европа чемпионатида ҳам шу муаммо такрорланди. Йоахимнинг бу хатолардан тўғри хулоса чиқаргани Бразилияда ўтган мундиалда ўз исботини топди. Эътибор берган бўлсангиз, бу сафар Германия ҳимояда бошқачароқ ўйин намойиш этди. Таркибга янги футболчилар жалб қилинди, ҳимоячилар кўп ҳам олдинга ўтмадилар. Ҳатто тиниб-тинчимас Филипп Лам ҳам қатъий равишда ҳимояда турди. Бу ҳолат айниқса, финал ўйинида яққол кўзга ташланди. Демак, Йоахим Лёв ўз ғоясидан чекинмаган ҳолда, танқидларни тўғри қабул қилди ва энг муҳими - буни амалда кўрсатди. У бу ишни 7 йил деганда уддалади. Бундан қандай хулосага келамиз? Демак, кучли терма жамоа шакллантириш учун 2-3 йил, ҳатто бутун бошли цикл ҳам етарли бўлмаслиги мумкин экан. Агарда Лёв 4 ёки 2 йил олдинги муваффақиятсизлик туфайли терма жамоадан четлатилганида, ким билади дейсиз, Германия ҳозир ғо- либ чиқа олармиди? Ишончим комилки, бу ғалаба Лёв учун Германия терма жамоаси бошқарувидаги сўнггиси бўлиб қолмайди...
- Лионель Месси жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Сизнингча, у бунга муносибмиди?
- Мундиалнинг энг яхши футболчисини ФИФА аниқлайди ва бу борада балки ташкилот мантиқан энг тўғри қарорга келгандир. Жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси финалда ўйнаши керак. Месси ўйнади. Финалда иштирок этганлар орасида ўз жамоаси учун у каби аҳамият касб этгани йўқ эди. Германия термаси таркибида бундай футболчилар бир талай - Швайнштайгер, Мюллер, Кроос. Месси эса жаҳон чемпионатининг 4та учрашувида энг фаол футболчи бўлди. Балки шу унинг «Олтин тўп»ни олишига замин яратгандир. Аммо шахсан ўзимга Арьен Роббеннинг ўйини кўпроқ ёқди. 4 йил олдин ЖЧ тўпурари Диего Форлан энг яхши футболчи, деб топилганди. Аммо бу сафар энг яхши тўпурар Хамес Родригес мусобақани анча эрта тарк этди.
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ
- Ўзбекистон терма жамоаси олдига Инчхонда ўтадиган Осиё ўйинларида ғолиб чиқиш вазифаси қўйилди. Сизнингча, бу вазифа қай даражада ҳақиқатга мос келади?
- Таркибда кучли футболчилар жамланган. Биз ўсмирлар ва ёшлар таркибида Осиё ёки жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчилар ҳақида кўп гапирамиз, ўз иқтидорларини тўлиқ очиб беролмаганларини айтиб, танқид қиламиз. Дарҳақиқат, ўзбек футболида шундай иллат бор - ёш футболчи порлаб чиқади ва эрта сўниб қолади. Яқинлашиб келаётган Осиё ўйинлари ҳозирги иқтидорларимиз учун катта имтиҳон. Агарда улар шу мусобақада ўзларини кўрсата олсалар, ғолиб чиқсалар, демак, нафақат рақиб, балки футболимиздаги мана шу иллатни ҳам енгган ҳисобланадилар. Айнан мана шу сабабга ҳам кўра, Осиё ўйинларида ғалаба қозониш шарт! Ҳозир бўлмаса қачон? Қачон яна шундай имконият юзага келади? Осиё ўйинларида 23 ёшдан кичик бўлган футболчилар иштирок этадилар. Агарда ёшлар мусобақада ўзларини кўрсатолмасалар, кейин уларда бундай имконият бошқа туғилмайдими, деб қўрқаман. Бизнинг футболчиларга профессионаллик етишмайди. Профессионаллик - ҳар қандай ҳолатда ҳам олға интилиш, меҳнат қилиш ва ютуқлар билан чекланиб қолмаслик демакдир. Бизнинг ўйинчиларимиз анча эрта юлдузлик касалига чалинадилар. Олдинги авлод вакиллари йўл қўйган хатолар бугунги ёшлар учун сабоқ бўлиши лозим. Агар улар шуни ҳис қилсалар, албатта, ғалаба қозонадилар. Акс ҳолда, катта акалари қисматини такрорлашлари турган гап...
- Осиё ўйинларида 3 нафар ёши 23дан катта футболчи иштирок этиши мумкин. Журналист ва оддий мухлис сифатида бу футболчилар кимлар бўлишини истардингиз?
- Албатта, ҳамма қатори мен ҳам таркибда Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва Азиз Ҳайдаров сингари тажрибали футболчиларни кўришни хоҳлайман. Улар нафақат жамоага ёрдам беришади, балки уни ўз ортларидан эргаштира оладилар. Боз устига, ёшлар ҳам улардан кўп нарса ўрганишлари мумкин.
ДАВЛАТ АКА ҲАҚИДА
- Ўзбек журналистикаси яқинда оғир жудоликка учради. Давлат Турдалиев ҳақида фикр билдириш истагингиз бўлса...
- Давлат ака аввало, жуда самимий, яхши инсон эди. Унинг ёрдам сўраб келганларга бирор марта рад жавобини берганини кўрмаганман. Ҳеч кимдан ёрдамини аямасди, ҳамма билан тенг муносабатда бўларди. Давлат акадан фақат ва фақат яхши хотиралар қолди. Ундаги ижодкорлик хислати шу қадар баланд эдики, бошқаларни ҳам илҳомлантирарди...
- Давлат ака билан охирги марта қачон кўришгандингиз? Ўша вақт кайфияти қандай эди?
- «Мундиал якунлари» кўрсатувини тайёрлаш жараёнида кўришганмиз. Давлат ака кўрсатув муаллифи эди, илк сонига мени суҳбатдош сифатида чақирганди. Бир кун олдин ҳаммаси ҳақида гаплашиб олдик. Кайфиятлари одатий эди. Давлат ака иш жараёнида мудом жиддий бўлар, ҳамма жиҳатларни батафсил муҳокама қилиб оларди. Ишдан ташқари вақтда эса очиқкўнгил, ҳазилкаш инсонга айланарди. Ўша кун ҳам одатдагидек кечди, кўрсатув муҳокамаси тугагач, доимгидек ҳазиллашиб, суҳбатлашиб ўтирдик. Эртаси куни белгиланган вақтдан анча олдин келдим, чунки кўрсатув жонли эфирда кетиши белгиланганди. Аммо Давлат ака кечикаётганди, кўрсатув бошланиши олдидан ошқозондаги оғриқ туфайли шифохонага ётганлари ҳақида эшитдик. Ўшанда барчаси бу қадар жиддийлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим, шунчаки, бирор таом ёқмагандир, деб ўйладим. Кўрсатувни ўзим олиб боришимга тўғри келди. Кейин билсам, ўша кўришганимиз охиргиси экан...
Аммо биласизми, очиғи, ўзимга қолса, Давлат ака ҳақида бундай қайғули хотираларни эмас, балки яхши воқеаларни эслаб юришни истардим. Давлат ака ҳар доим ижобий кайфиятда юрадиган, шикоят қилавермайдиган, хушкайфият инсон эди. Устоз журналистни айнан шундай қиёфада эслаб қолиш маъқул, менимча.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).