«Пахтакор» жамоасининг катта ёшли мухлислари такрорланмас финт ва дриблинглар соҳиби, иқтидорли, абжир ва тезкор ҳужумчи, жамоатчилик ёқимтойи «Туля» (ишқибозлар уни шундай эркалашарди) - Тўлаган Исоқовни жуда яхши эслашади. У худди Геннадий Красницкий, Юрий Пшеничников, Биродар Абдураимов, Ҳамид Раҳматуллаев, Владимир Фёдоров, Михаил Ан ва Василис Хадзипанагис каби миллий футболимизда ёрқин из қолдирган. Тўлаган Исоқов чекига биринчи авлод футболчилари эстафетасини нисбатан ёш ва иштиёқли иқтидорларга топширишдек шарафли вазифа тушганди. Бошқача айтганда, у деярли 15 йил Ўзбекистоннинг бош жамоасида икки авлод вакиллари таркибида тўп сурган ягона «пахтакорчи» ҳисобланади. 60-йилларда анча ёш бўлишига қарамай, жамоада муносиб ўйнаган ва машҳур голеадор Красницкий, таниқли тўпурар Абдураимов кабилар даврасида чакки кўринмаган «Туля» кейинчалик ҳам мухлислар меҳрини қозонишда давом этди. Яъни 70-йилларда футбол учун фахрий бўлишига парво қилмай, нисбатан ёш, бироқ собиқ иттифоқда тан олинган авлод (Фёдоров, Ан, Хадзипанагис ва бошқалар...) орасида ҳам нур сочди. Ўша машъум фалокат юз берган 1979 йили Тўлаган Исоқов мутлақо тасодифий шароит тақозосига кўра, «Пахтакор»-79нинг асосий таркиб футболчилари учган самолётга чиқмаган. Келинг, яхшиси ўша йиллар воқеалари ҳақида унинг ўзидан эшитайлик.
Етакчилар кушандаси
- «Пахтакор» собиқ иттифоқ чемпионатларида унчалик порламаган, деб ҳисоблаш одатга айланган. Маълум даражада шундай, дарҳақиқат. Тошкент жамоасининг энг яхши натижалари - 1962 ва 1982 йилларда 6-ўриндан жой олгани ҳамда иттифоқ кубоги-68да финалга чиққани. Бироқ 70-йиллар охирида «Пахтакор»да ўта истиқболли, айтиш жоизки, клуб тарихидаги энг кучли таркиб йиғилганди. Бунга мисол тариқасида фалокатдан олдин, яъни мавсум-78да тошкентликларнинг совриндорларга қарши ўйинларда энг кўп очко олган жамоага бериладиган «Етакчилар кушандаси» мукофоти соҳиби бўлишганини айтиш кифоя. Мана, ўша фожиали 1979 йили ҳам Ўзбекистон пойтахти жамоаси мавсумнинг бўлажак совриндорларига қарши ишонч билан ўйнаган, юксак иродасини намойиш этган. Айтайлик, олтин медаллар соҳиби - «Спартак» ғалаба қозониш йўлини тополмаган ва 1:1 ҳисоби билан кифояланган. Ринат Дасаев дарвозасига голни Александр Корчёновнинг тўп узатишидан сўнг мен ургандим. Вице-чемпион - Донецкнинг «Шахтёр» клуби ҳам «Пахтакор» билан ўйинда устунликни сақлаб қололмаган. Ўшанда менинг нозик тўп оширишимдан фойдаланган Виктор Чуркин ҳисобни тенглаштирганди - 1:1. Бронза медали соҳиби, Киев «Динамо»си эса 45 минг мухлис жамланган стадиондаги «аншлаг» остида мағлуб этилган - 1:0. Валерий Лобановский жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини яна ўша Виктор Чуркин урганди. Асосийси, жамоамиз чиройли ўйнарди! Ким билади, фалокат бўлмаганида, «Пахтакор»-79 қандай чўққиларга чиқарди... 1974 йили иттифоқ чемпиони Киев «Динамо»си рақиблар дарвозасига 49та гол урган. Атиги 8-поғонани банд этган «Пахтакор» футболчилари эса нақ 45та голдан хирмон ясашганди! Шунинг ўзиёқ бизнинг жамоа нечоғли кучли бўлганидан далолат. Ўшанда Миша Ан 11та, В.Фёдоров, В.Хадзипанагис ва мен 9тадан гол ургандик. Умуман, ўша мавсум «пахтакорчилар» рақиблар дарвозасини нишонга олиш бобида иккинчи яхши натижани қайд этишган. Бунда биринчи навбатда, мураббийимиз В.Д.Соловьевнинг хизматлари катта бўлганди. Зеро, у бизга ишонч билдириб, бор эътиборимизни ўйинга қаратган, жамоавий руҳни кўтарганди. Эътибор беринг, ўзбек футболи мактаби тарбияланувчиларига таянилган асосан. Ваҳоланки, ўша йили Б.Абдураимов, В.Варюхин, А.Иванков каби тажрибали футболчилар ҳам ҳали ўйнаётгандилар.
Киев «Динамо»сига
сабоҚлар
- 75-йилги ўша омадсиз мавсум «Динамо» устидан қозонилган ажойиб ғалабалар билан ёдимда қолган. Ёзда биз Киевда ўйнаганмиз. Ўшанда Вячеслав Дмитриевич Соловьев инсульт сабаб, узоқ муддатга ишдан четга чиққанди. Унинг ўрнини вақтинчалик Геннадий Красницкий эгаллаган. Киевликлар эса улкан режалар тузиб, уларни шиддат билан амалга ошираётгандилар. Бироқ 20 июнь санасида «Динамо»нинг 40 минг мухлиси суюкли жамоасининг «Пахтакор»дан мағлуб бўлишини бевосита кузатган. 60-дақиқада Миша Ан заргарона «пас» бергач, менинг тўпни голкипер устидан бўш дарвозага ошириб ташлашим қолди, холос... Ўйиндан сўнг барчамиз бир-биримизни ғалаба билан табриклаганча стадионни мағрур ҳолда тарк этдик. Ўша оқшом Украина раҳбари Владимир Васильевич Шербицкий кийиниш хонасида «Динамо» футболчилари ва мураббийлари билан 2 соат муҳокама ўтказган. Чунки ҳар бир ўйин киевликлар учун олтинга тенг эди. Шербицкий муҳокамадан сўнг бизнинг кийиниш хонамизга ҳам кирган ва барчамизни ҳақли ғалаба билан табриклаганди. Умуман олганда, ўша йиллар давомида жамоамиз киевликлар учун ноқулай рақиб саналарди. Мен Олег Блохиннинг қандай асабийлашишини тез-тез кузатардим. Ўша мавсум «Динамо» нафақат собиқ иттифоқ чемпионатидаги барча соврин ва мукофотларни қўлга киритган, балки Европада ҳам зафар қучган. Менга айтишларича, мавсум охирида журналистлар Олег Блохиндан унинг учун ким энг ноқулай рақиб эканлиги ҳақида сўрашган. Шунда Блохин қуйидагича жавоб берган: «Мен учун ноқулай ҳимоячи йўқ, лекин ноқулай рақиб бор - бу «Пахтакор».
Амалга ошмаган «реванш - ўйин»
- Киевда тасодифан ғалаба қозонмаганимизни кузнинг охирида тўла исботлаганмиз. Бу сафар «Динамо»ни нақ 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратганмиз. Тошкентдаги ўйинда жамоамиздаги ажойиб тўртлик - Ан - Фёдоров - Хадзипанагис - Исоқов боғлами алоҳида ажралиб турганди. Аслида киевликлар ўз уйларидаги мағлубият учун реванш олиш ишқида ёнардилар. Яъни Киевдаги натижа тасодиф эканлигини исботламоқчи эдилар. Биз эса буни яхши тушунардик. Боз устига, киевликларни Москванинг «Динамо» ва Донецкнинг «Шахтёр» клублари изма-из таъқиб этишар ва очко йўқотишга ҳақлари йўқ эди. Ўйин «пахтакорчилар»нинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Биз чамаси 20 дақиқа киевликларнинг тўп билан муомала қилишларига йўл қўймадик. Ҳа, меҳмонларга беқиёс суръат тақдим этгандик. Ўйинда Михаил ва мен 2тадан гол урдик, Хадзипанагис эса 1та. Фёдоров тўхтамай финт ишлатиб, рақибнинг бир неча ҳимоячиларини ўзи билан овора қилди, биз эса юзага келган барча имкониятлардан фойдаландик. Учрашувдан сўнг Олег Блохин билмайман, ҳазиллашибми ёки жиддий оҳангда, ҳарқалай, Владимир Фёдоровга ўз норозилигини очиқ баён этди: «Нима қиляпсизлар? Сизлар барибир, 1-лигага тушиб кетасизлар-ку». Бунга Фёдоров ҳам ҳазил аралаш жавоб берди: «Тушиб кетамиз - майли, лекин бу ўйин - бизники!» Айтганча, ўша учрашувдан сўнг Лобановский «динамочилар»ни деярли 1 соат кийиниш хонасида олиб ўтирганди.
Асоссиз гап-сўзлар
- Эсимда, ўша вақт киевликларнинг мағлубиятлари хусусида турли бўлмағур гаплар тарқалганди. Эмишки, биз ўйинни сотиб олган эканмиз. Қаранг, киевликларга ҳар бир очко қадрли бўлган вақтда шундай гап. Қандай бемаънилик! Мен, гувоҳ сифатида яна бир марта масъулият билан айтаман, ҳеч қандай «енг ичидаги ўйинлар» бўлган эмас. Шунчаки, йигитларимиз ўз олдиларига аниқ мақсад қўйишган ва уни ўйланган ҳаракатлар асосида катта куч сарфлаб амалга оширишган. Зеро, биз бир оила эдик.
Жаҳоннинг энг кучли клуби!
- 1975 йилнинг охирида украиналик Трошкин ва Колотов дўстим Вячеслав Кольцовни Киевга, «Динамо»ни шарафлаш тадбирига таклиф этишган. Зеро, клуб иттифоқ ва Европа футболидаги энг нуфузли мукофотларнинг барчасига эга чиққанди. Машҳур «Октябрское» спорт мажмуасининг банкет залида катта қабул уюштирилган ва тадбирда сўзга чиққан юқори мансабли раҳбарлардан бири киевликларни табриклаш баробарида уларга антиқа тилак билдирган. «Келаси йили жаҳоннинг энг кучли жамоасини ютишингизга тилакдошман!-дея озгина тин олгач, барча-барча «Динамочилар» яна қайси клубни ютишлари керак - «Манчестер», «Сантос»...?» қабилида ўйга чўмган ва у ўз фикрини битта сўз билан якунлаган: - «Пахтакор!»
Ажойиб ғалабалар билан 1-лигага
- Албатта, мавсум охирида барқарор ўйнолмаганимиздан роса афсусланганмиз. Зеро, 1 очко етишмаслиги сабаб 1-лигага тушиб кетганмиз. Мос-кваликлар Ўзбекистоннинг ёш ва «ўжар» жамоасини сира ёқтиришмагани маълум. Шундай тахмин ҳам борки, марказ Тошкентнинг анча узоқлиги сабаб, «Пахтакор»ни 1-лигага тушиб кетиши тарафдори бўлган. Бироқ нима дейишларидан қатъий назар, ўша йили биз олий лигани тарк этганмиз.
«Днепр» раҳбариятининг эътирофи
- Ўша жамоамиз ҳаётидан яна бир воқеани айтиб бераман. Бу Миша Ан ва Володя Фёдоровнинг қанчалик ҳалол бўлишганига мисол. 1978 йилнинг сентябрь ойи охирлари эди. «Пахтакорчилар» катта мураббий А.Кочетков бошқарувида Днепропетровскка, иттифоқ чемпионатининг навбатдаги ўйинига боришган. Учрашув ғоят қийин кечишини билардик. Зеро, мезбонларнинг ҳолатларига ҳавас қилиб бўлмасди ва уларга очко сув ва ҳаводек зарур эди. «Пахтакор»га ютқазиш уларнинг биринчи лигага тушиб кетишларини англатарди. Днепропетровскка етиб боргач, ўзимни бироз нохуш сездим ва шифокорлар ҳамда мураббийлар биринчи куни дам олиб, куч жамлашим зарурлигини айтиб, мени меҳмонхонада қолдиришди. Эрталаб хонам эшигини кимдир тақиллатди. Қарасам, остонада менга нотаниш, лекин башанг кийинган киши турибди. У ўзини «Днепр» раҳбарларидан бири сифатида таништирди. Бироз ўтиб, менга катта миқдорда пора олиб келгани ойдинлашди. Аниқроғи, бир неча 10 минг рублни «Пахтакор»нинг 3 нафар етакчиси - Фёдоров, Ан ва менга таклиф қилди. Ўша вақт футболчиларни сотиб олиш иллати авжига чиққанди. Лекин ёш «пахтакорчилар»га бу нарса ёт эди. Биз ҳамжиҳат жамоа бўлиб, ифлос ишлар билан шуғулланмасдик. Ке-йин «кутилмаган» меҳмон менгача Фёдоров ва Ан билан гаплашганию, улар таклифни охиригача эшитмай, уни хоналаридан ҳайдаб солишганини тан олди. Шундан сўнг «Днепр»га 2 очко жуда зарурлиги, акс ҳолда, клуб олий лигадан тушиб кетишини айтиб, ушбу ифлос ишга таъсир ўтказишимни илтижо қилганча сўради. Яъни йигитларни кўндиришимдан умидвор эди. Табиийки, бундай муомаладан жаҳлим чиқиб, эҳтиросларни жиловлолмай бақириб кетдим, дарҳол хонадан чиқиб кетишини талаб қилдим. Акс ҳолда, маъмурни чақиришимни айтдим. «Меҳмон» менинг қўллаб-қувватламаслигимга ақли етгач, чўчитишга уриниб кўрди. Бунга жавобан ҳеч нарсадан қўрқмаслигимни айтиб, худди Фёдоров ва Ан каби уни хонадан чиқариб юбордим. Кейин Кочетковни қидириб топиб, мени соядек таъқиб остига олган ўша «раҳбар»ни кўрсатдим. Барчасини мураббийга айтиб бергач, мени таркибга қўшмаслигини қатъий ҳолда илтимос қилдим. Чунки мабодо қулай вазиятдан гол уролмасам, катта пора олганим ҳақида гап-сўз тарқалишини яхши тушунардим. Бироқ Кочетков барчасидан хабар топиб улгурган экан. Яъни менгача Ан ва Фёдоров айтиб беришибди. Шунда устозимиз елкамга қўлини қўйганча, мени руҳлантирди: «Пахтакор»да ишлашимнинг боиси шуки, сизларга мутлақо ишонаман. Бугун эса сен ўйинга тушишинг шарт ва ишончим комил, гол урасан - бу муносиб жавобинг бўлади». Кутилганидек, ўйин ўта қийин ва курашларга бой ўтди, ҳар икки жамоа енгилишни истамади. 63-дақиқада қулай вазиятдан фойдаланиб, қийин ҳолатда чиройли гол урдим ва биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Учрашувдан сўнг ҳамманинг кайфияти чоғ эди. Шу вақт кутилмаганда, эшик очилиб, кийиниш хонасига «Днепр»нинг барча раҳбарлари кириб келишди. Рақибнинг бош мураббийи бизни ҳақли ғалаба билан табриклаб, шундай деди: «Сизлар бирдам ва дўстона жамоангиз билан фахрланишингиз керак. Чунки орангизда сотқинлар йўқ». Шундай қилиб, Тошкентга мағрур ҳолда қайтган эдик...
Мавлон Шукурзоданинг «Пахтакор»-79: эслаймиз, улуғлаймиз, фахрланамиз» китобидан
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).