Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов 3 сентябрь куни бўлиб ўтган Россия ва Озарбойжон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида ҳакамлик қилди. ЖЧларида энг кўп ўйинларда иштирок этган ҳакамимизнинг Москвага ташрифидан унумли фойдаланган "Спорт-эксресс" нашри мухбири Эрматов билан кенг қамровли суҳбат уюштирди.
"10 ЙИЛ АВВАЛ КИМДИР МЕНГА ЖЧДА ИШЛАШИМНИ АЙТГАНИДА, МЕН УНИ ЖИННИГА ЧИҚАРАРДИМ"
— Равшан Эрматов 37 ёшида ЖЧларининг рекордчисига айланганини эшитганингизда, хаёлингизга нималар келди?
— 2003 йили илк марта ФИФА ҳакамлари қаторига қўшилганимда, ЖЧда иштирок этишим мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасдим. Агар ўша пайтда кимдир менга ЖЧга номзод ҳакамлар қаторига киритилишим мумкинлигини айтганида, мен бу одам ҳақида "оз-моз етишмас экан" деб ўйлаган ўйлардим. Бундай орзуим бор эди, аммо бу амалга ошмайдиган орзу бўлса керак деб ўйлардим. Жаҳон чемпионатига худди космосдек қарардим.
Бразилияда эса Голландия - Коста-Рика ўйинини бошқариш орқали рекордчига айланишимни билмагандим. Ушбу ўйинга тайинланганим ҳақида эълон қилишганида, ёнимга Хорхе Ларрионда (ЖЧларида 8та ўйинни бошқарган уругвайлик ҳакам) ёнимга келди. Қўлимни сиқда ва қучоқлади: "Равшан, сени янги рекорд билан табриклайман". — "Қандай рекорд?" — "ЖЧларида тўққизинчи ўйинда ҳакамлик қиласан". Кейин ҳазил қилди: "Нима учун менинг рекордимни янгиладинг?" Мен эса бундай статистикадан бехабар эдим. Шундан кейин барча табриклашга тушиб кетди.
Лекин мен дарҳол тайёргарликка катта эътибор бердим. Боиси, олдинда масъулиятли ўйин кутиб турганди ва ундаги хато ҳар қандай рекордни йўққа чиқарарди. Ҳар иккала жамоанинг тактикаси ва алоҳида футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқдим.
— Масалан, қайси футболчиларни?
— Роббенни. Ўйиндан олдин у билан суҳбатлашдим. Арьенга айтдимки, "сен буюк футболчисан, барча сени яхши кўради ва ҳурмат қилади. Сен симуляция билан эмас, ўз дриблинг ва голларинг билан барчага ўрнак бўлишинг керак". У эса: "Мен ҳамиша симуляция ишлатавермайман-ку!", деди. "Мен ҳам ҳамиша деётганим йўқ, лекин биз сенинг ўйинларингни ўрганиб чиқдик ва баъзан симуляция қилишингни кўрдик", дедим.
Бундай суҳбатларни жиддий оҳангда эмас, дўстона оҳангда, табассум билан ўтказиш керак. Инсонни хафа қилиб қўйиш кера эмас. Бу ҳам ўйин назоратининг бир қисми. Ўйин давомида доимо унга яқин бўлишга ва тўғри жой танлашга ҳаракат қилдим. Биринчи бўлим тугагандан кейин ёнма-ён кийиниш хонасига йўл олдим. Роббеннинг ўзи ёнимга келди ва кулиб гапирди: "Бир-икки вазиятда симуляция қилмоқчи бўлганди, қарасам, ёнимда турибсан. Таваккал қилмадим". Арьен юлдуз футболчи бўлса-да, инсонийлигига гап йўқ, у осмонлар учиб юрмайди.
Футболчилар билан кўп гаплашишга ҳаракат қиламан. Мулоқот бўлмаса, ўзаро тушуниш қийин бўлади. Биз эса барчамиз бир ишни қилаётганимизни тушунишимиз керак. Нафақат футболчилар, балки ҳакамлар ҳам ўйиннинг томошабоплигини оширишади. Биз ўз қарорларимиз билан футболчиларни жароҳатлардан, қўполликлардан асрашимиз керак.
— Баҳорда Пеледан интервью олганимда, у ҳозирги футболчилар аввалги ўйинчиларга нисбатан ҳакамлар томонидан қўполликлардан муҳофаза қилинганини таъкидлаб ўтди.
— ФИФАнинг биринчи рақамли талаби — ўйиннинг томошабоплиги ва футболиларнинг соғлигини сақлаш. Агар ҳакам футболчиларнинг қўполлик ишлатишига қўйиб берса, улар шундай қилишда давом этишади. Симуляция ишлатишига қўйиб берса, симуляция ишлатишади.
— Эшитишимча, Месси билан яхши гаплаша олмаган экансиз...
— ЖЧ-2010 чорак финали доираисда Аргентина-Германия ўйинида аргентиналикларнинг ўйини қовушмади (0:4). Немислар ўйин бошида гол уришди ва рақиб асабийлаша бошлади. Бундай пайтда футболчилар ҳар битта фол ва вазият учун ҳакамга эътироз билдира бошланади. Бундай ҳолат Мессида ҳам кузатилганди. Собиқ футболчи сифатида футбол ҳиссиётларга тўла эканини яхши биламан. Бундай ҳолатларни яхши тушунаман. Қоидага кўра, ҳар бир эътироз учун футболчига сариқ карточка кўрсатиш керак. Лекин бу — мақсадим эмас. Энг асосийси — майдонда шундай йўл тутиш керакки, ҳар қандай савиядаги футболчи тушунсин: унинг вазифаси ўйнаш ва ўз маҳоратини кўрсатиш, менинг вазифам эса ҳакамлик қилиш ва қарор қабул қилиш. Мен буни Мессига инглиз тилида тушунтиришга ҳаракат қилдим. У инглиз тилини тушунмас экан. Испан тилида футбол ибораларини биламан ва унга ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилдим. Умуман олганда, бир-биримизни тушундик.
— Билишимча, сиз карточкалар тарқатиш тарафдори эмасмиз, бошидан футболчиларга яхшиликча тушунтиришга ҳаракат қиласиз ва ўзингизни биринчи ўринга қўймайсиз.
— Футболчиларни жазолашга эмас, ҳамма нарсанинг олдини олишга ҳаракат қиламан. Худди Роббен билан суҳбатлашганим каби. Ҳазил ва дўстона муносабат орқали. Лекин ўйингача барча билан ҳам гаплашмаймиз. Биринчи қоидабузарликдаёқ барчага бугун бундай ҳолатга йўл қўйилмаслигини тушунтириб қўяман. Ўйин бошидан қандай меъёрни қўйсангиз, ўйин шундай кечади.
— Отангизнинг айтишича, сизнинг ҳаётдаги шиорингиз ҳамиша камтар бўлиб қолишдан иборат экан. Лекин юлдуз футболчилар билан қандай қилиб инсон камтар бўлиши мумкин? Ахир уларга озгина бўш келсангиз, сизни "еб" қўйишади.
— Майдонда психолог бўлишингиз керак. Майдонга чиққандан кейин сизнинг вазифангиздан бири — ким қандай фикрда, ким ўйинга ва сизга нисбатан қандай муносабатда эканини билишингиз керак. Керак пайтда, керакли оҳангда футболчилар билан гаплаша олиш керак. Греция-Аргентина ўйинида Карагунис билан кескин оҳангда гаплашгандим. Бу ҳолат суратлари интернет ва матбуотда кўп чиққан. У ҳамиша менга эътироз билдираверди. Бир марта секин тушунтирдим, икки марта гапирдим — фойдаси бўлмади. Унга жиддий оҳангда гапирганимдан кейин Карагунис ҳаммаси тушунди ва эътирозларни тўхтатди. Тажрибали футболчи, аммо унга имконият берсанг, ҳаддидан ошиб кетади.
Умуман бошқариб бўлмайдиган футболчи билан эса ҳали тўқнаш келмаганман. Барча билан тил топишиш мумкин.
— Балотелли ва Пепе билан-чи?
— Балотелли иштирокидаги ўйинни бошқарганман, ҳеч нарса содир бўлмаган. Пепе билан ҳозирча тўқнаш келмадик. Бир нарсани тушуниш керак, уларнинг барчаси тирик инсонлар. Агар сиз ҳар қандай инсонни ҳурмат қилсангиз, улар ҳам сизни ҳурмат қилишади. Ҳакам — бу қирол дегани эмас, нима хоҳласангиз, шуни қилишга ҳаққингиз йўқ. Ҳакамнинг асосий вазифаси — футболчилар ва футболга яхши хизмат қилишдан иборат. Ўз маҳоратимиз билан футболнинг янада ёрқин бўлишига ҳисса қўшамиз.
"ЁШЛИГИМДА ҲАКАМЛАРНИ ЁҚТИРМАСДИМ"
— Отангиз СССР чемпионатининг қайси мусобақасида ҳакамлик қилган?
— Иккинчи лигасида. Ўзбекистонда эса Олий лигада ишлаган. У ҳакамликни кеч бошлаган, 40 ёшга яқинлашганда бу иш билан шуғулланган. Унгача эса асосан болалар мураббийи сифатида фаолият юритган. Ҳозир у менинг асосий танқидчим. Ўйин яхши ўтган бўлса ҳам, хотиржам бўлишимга йўл қўймайди. "Бу вазиятда ўнгроқ туришинг керак эди, у ерда чапроқ...".
— Отангиз билан ҳар куни гаплашасизми? Тўрт йил аввал ота-онангиз билан бирга яшашингизни ўқиб, ҳайрон бўлгандим...
— Ҳозир ҳам бирга яшаймиз. Биз, ўзбеклар, ҳеч қачон ота-онамизни ташлаб қўймаймиз. Бизнинг одатимиз ва тарбиямиз шундай. Фарзандлардан бири ота-она билан бирга яшайди. Шу боис, ота-онам, аёлим ва эгиз фарзандларим битта ҳовлида яшаймиз.
— Онангизнинг айтишича, ёшлигингизда кўп касал бўлган экансиз ва у сиз билан икки ойлаб шифохонада ётишига тўғри келган пайтлар бўлган экан.
— Ҳа. Ёшлигимда қандай касалликларни бошдан кечирмаганман — сариқ касал, қизамиқ, болаларга хос бўлган барча касалликлар билан оғриганман. Ҳамиша ёнимда бўлган онамга миннатдорчилик билдираман. Ота-онамиз бизга яхши тарбия беришган, катталарни ҳурмат қилишни ўргатишган. Бугунги эришган ютуқларим — ёшлигимда ота-онамнинг менга берган тарбияси маҳсулидир.
— Фарзандларингиз сизнинг кимлигингизни, нима билан шуғулланишингизни яхши билишадими?
— Ўғлим футболни яхши кўради ва 4 ёшда бўлишига қарамай, барчасини яхши тушунади. ЖЧ-2014нинг Эквадор-Швейцария ўйинидан бир кун аввал скайп орқали ўғлим билан гаплашдим ва эртага ўйинда ҳакамлик қилишимни айтдим. Ўғлим эса "Дада, фақат яшил формангизни кийинг", деди. Тасаввур қилинг, кечаси назоратчи ҳакам келиб: "Равшан, эртага яшил формани киясан", деди. Ўғлим тўғри топибди. Яшил формада майдонга тушганимни кўрган ўғлим хурсанд бўлди. "Дадамга яшил формада ўйинни бошқаришини айтгандим, у айтганимни қилди", деб гапириб юрди (кулади).
— Дарвоқе, Эквадор-Швейцария ўйинининг қўшиб берилган дақиқаларида европаликлар қарши ҳужумга ўтишаётган пайтда футболчи майдон марказида йиқитилди. Ушбу вазиятда барча ҳакамлар жарима зарбаси белгилаб, қоидабузарга сариқ карточка кўрсатарди. Аммо сиз кутдингиз, Швейцария ҳужум қилишда давом эти ва ғалаба тўпини киритди.
— Бу 93-дақиқада рўй берганди. Барча чарчаганди — футболчилар ҳам, биз ҳам. Боз устига, ўйин қоқ пешинда, соат 13:00да бошланганди. Кун жуда иссиқ эди! Мен баҳсли вазиятларда ҳамиша футбол фойдасига қарор чиқаришга ҳаракат қиламан. Ушбу вазиятда эса Яратганнинг ўзи менга кўрсатма берди шекилли. Тўп билан олдинга интилаётган швейцариялик футболчи олдида бўшлиқ бор эди. Бу жойда бошқа эквадорлик футболчи бўлганида, ҳуштак чалишим мумкин эди. Лекин зона бўш эди ва кутишга қарор қилдим. Швейцариялик футболчи йиқилди, ўмболоқ ошди ва кейин ўрнидан туриб, ҳужумни давом эттирди. Бу — сезиш қобилияти.
КУАЛА-ЛУМПУРДА ТЎРТ ДАҚИҚА
— Тасмани янада орқароққа айлантирамиз. Тўрт ёшлик пайтингизда велосипед занжири тўпиғинингизни йиртиб юбориб, қонингизни захарлаган экан. Натижада оёғингизнинг кесилишига бир баҳя қолгани ростми?
— Ҳа, шундай бўлган.
— Кейинчалик футболчилик фаолиятингизни якунлашингизда ушбу жароҳат ўз таъсирини кўрсатганми?
— Ҳа. Болдир суяги ва товон суягини боғлаб турувчи бўғин менда сустлашиб қолганди. У бир неча марта синган ва кўп марта чиқиб кетган. Жароҳат эса сурункалига айланиб қолганди. Ҳар бир тўқнашув натижасида жароҳат олардим. Шифокор менга футболчилик фаолиятимни якунлашим ҳақида айтганида шокка тушганман. Бунга тайёр эмасдим. Етти ёшимдан бошлаб фтубол билан шуғулланиб келаётгандим, футболни яхши кўрардим. Эсимда бор, ушбу шок ҳолатидан чиқиб, дўстларимнинг ўйинини томоша қилиш учун стадионга боргандим. Уларнинг ўйинини кўриб, кўзимга ёш келганди. Наҳотки энди мен ўйнай олмайман? Қийин пайт бўлганди. Лекин нимаики бўлмасин, барчаси яхшиликка. Худога шукр, агар футболчи бўлганимда, кўп нарсага эриша олмаслигим мумкин эди.
— Иқтидорингиз бормиди?
— Келажаги порлоқ футболчилардан бири эдим. Ҳужумчи ортида ўйнардим. Яхши узатмалар беришни, шерикларимни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқаришни яхши кўрардим. Ёшлигимдан етакчилик хусусиятим бор эди, жамоани руҳини кўтариб турардим.
— Ҳозир ҳам футбол ўйнаб турасизми?
— Деярли таваккал қилмайман. Кескин тўқнашувлар бўлмаслигини аниқ билсам, ўйнашим мумкин. Мен билан курашга киришиш мумкинмаслигини барча тушунади.
— Ҳакам сифатида футболдаги қолипдан қандай қилиб чиқиб кетгансиз? Ўзбекистон терма жамоаси доимо ЖЧ чиқишга яқин келмоқда, аммо Мундиалнинг финал босқичига чиқа олмаяпти. Сиз ЖЧ-2010 очилиш ўйинида, ярим финалида ҳакамлик қилгансиз, рекорд соҳибига айландингиз.
— Омадим келиб, 2003 йилда Финляндияда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги ЖЧда ишладим. Бунгача инглиз тили ва ФИФАнинг ўқув-материалларини ўрганиб юргандим. Лекин айнан ўша мусобақада халқаро ўйинларни бошқарадиган ҳакамларга қўйиладиган талабларни яхши тушунганман. Шундан кейин ишга бўлган муносабатим тўлиқ ўзгарган.
— Яъни?
— Профессионализм юзага келган. Ўйинга тайёрланиш, баҳсларни таҳлил қилиш ва тикланиш борасида. ФИФАда дунёнинг энг яхши инструкторлари меҳнат қилишади. Бу ҳолат ёш ҳакам учун жуда катта мактаб вазифасини бажарган. Мен ўз ишимга ҳамиша жиддий ёндашганман, аммо ҳаваскор даражада. Финляндиядан кейин ҳакамликни касб сифатида қабул қилганман. Ўйинларга ўзим истагандек эмас, аниқ режа асосида тайёргарлик кўраман.
— Халқаро фаолиятингизнинг илк йилидаёқ ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ ўйинларини бошқариш қандай тарзда амалга ошганди?
— ОФК ўша йили ФИФАнинг янги ҳакамлари учун семинар ташкил қилганди. Мени ҳам Куала-Лумпурга таклиф қилишди. Йигирмага яқин ҳакамлар йиғилганди. Беш кун давом этган назарий машғулотлар, инглиз тили кунлари, видеотаҳлилдан кейин битта ўйин ўтказилганди. Ҳар бир ҳакамга 4-5 дақиқадан ишлаш учун имконият берилди. ОФК ҳакамлар қўмитаси раиси суриялик Фаррух Бузо эди. Ушбу ўйиндан кейин у мени чақирди ва мен билан озгина суҳбатлашди. Аввал нима иш билан шуғулланганим, ҳакамликни қачон бошлаганим билан қизиқди.
Уйга қайтганимдан кейин орадан бир кун ўтиб Осиё чемпионлар лигаси чорак финалига тайинланганим ҳақида маълумот олганман! Бунгача Ўзбекистондан ташқаридаги бирорта халқаро ўйинда ишламагандим, халқаро тажрибам умуман йўқ эди. Чорак финал ўйинлари эса гуруҳ босқичи кўринишида Хитойда бўлиб ўтганди. Менга ярим финал йўллланмаси учун кечадиган ҳал қилувчи ўйинни топширишганди. Бу мен учун катта "сюрприз" бўлганди, боиси, у ерда тажрибалироқ ҳакамлар ҳам бор эди. Лекин барчаси яхши ўтди, мен ўз ишимдан мароқландим. Ушбу мусобақада Бузонинг ўриинбосари, малайзиялик Абдулла Назрий назоратчилик қилганди. Кейинроқ Осиё миқёсидаги яна бир мусобақада иштирок этдим. Орадан 3-4 ой ўтиб эса ўсмирлар ўртасидаги ЖЧга таклиф қилишди.
Сиз тилга олган қолиплар ҳақида гапирадиган бўлсам, бошида қийин бўлди, лекин вақт ўтган сари барчаси ўзгарди. 2007 йилда ЖЧ-2010га номзод ҳакамлар учун биринчи семинар ташкил қилинди. Ўша йили Канадада бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги ЖЧда иштирок этган бўлсам, орадан бир йил ўтиб клублар ўртасидаги ЖЧнинг финал учрашувини бошқардим.
— Юқори савияга тезда мослашиб олдингизми?
— Барча семинар ва мусобақаларда ЕЧЛ, ЖЧ ва Европа чемпионатини бошқарган ҳакамлар иштирок этишди. Уларга қараб туриб, биз ҳам улардан кам эмаслигимизни ҳис қилдим. Фақат ўз устимизда кўп ишлашимиз керак эди.
"РОССИЯ-2018 ҲАМ ИШЛАШНИ ОРЗУ ҚИЛАМАН"
— ЖЧ-2014да ЖАР ва Мексика ўртасидаги очилиш ўйинини бошқаришингизн эшитиб, нималарни ҳис қилгансиз?
— Бу нарса мутлақо кутилмаган ҳол бўлганди, боиси, биз ЖЧдаги энг энг ёш ҳакамлар эдик. Мен бор-йўғи 32 ёшда эдим. Очилиш ўйини эса бутун мусобақадаги ҳакамлик савиясини белгилаб берарди. Бизга ҳеч ким ишонмаганди. Жаҳон футбол оммаси ўйинни юқори савияда бошқаришимиз мумкинлигига ишонмаганди. Менинг шиорим бор ва у ҳамиша менинг юрагимда турди. Президентимиз ҳамиша биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни таъкидлаб келади. Ўйингача биз ҳақимизда бирорта ҳам ижобий фикр йўқ эди. Ўйиндан кейин эса фақат ижобий фикрлар билдирилди. Турнир давомида барча ўз фикрини яхши томонга ўзгариб борди.
— Мезбонларга ёрдам бермаслик қийин бўлганмиди? Масалан, япониялик ҳакам Юичи Нишимура Хорватия билан ўйинда мезбонларга ёрдам берганди.
— Барча бизга ишончсизлик билан қарагани руҳий босим юклаганди. Бошқа ҳеч нарса мени ташвишга солмаган. Мен шунчаки сариқлар ва яшиллар ўртасидаги баҳсни бошқариш учун чиқдим. Учрашув пайтида ўйиндан ташқари нарсаларни унутаман ва бор эътиборимни ўйинга қаратаман. Ҳаттоки вувезалалар ҳам менга халал бермаганди, мен уларни эшитмагандим!
— Аргентина-Германия баҳсидан кейин Диего Марадона майдонга чиқиб, ҳакамлар гуруҳининг қўлини сиқиб қўйгани сизни ҳайрон қолдирдими?
— Ҳа. Жаҳон чемпионати пайтида барча ўйинларни томоша қиласиз. ЖАРда ҳам, Бразилияда ҳам барча 64та ўйинларни томоша қилганман. Қайсидир ўйинни бошқаришга тўғри келган бўлса, ўша жамоа иштирокидаги ўйинларни бир неча марта томоша қилишга тўғри келган. Марадона ҳакамларга кўп эътироз билдиришини билардик. Унинг ҳакамларга миннатдорчилик билдирганини бирор марта ҳам кўрмагандик. Кутилмаганда Аргентина 0:4 ҳисобида ютқазганига қарамай, Марадона бизнинг қўлимизни сиқиб қўйди. Аргентиналик ҳамкасбларимиз ҳам бундан ҳайрон бўлишди: "У ҳеч қачон ҳакамларга миннатдорчилик мақсадида майдонга чиқмасди!". Ўзига хос характерга эга бўлган футбол юлдузи, боз устига, жамоаси мағлуб бўлган ўйинда ҳакамларга миннатдорчилик билдириши — бу жуда ёқимли. Интизом ва ҳурматда намуна бўладиган немислар қўлингизни сиқиб қўйишини кутиш мумкин, аммо Марадонанинг ҳаракати "сюрприз" бўлганди.
— Бразилияда финални сизга беришмагани учун жаҳлингиз чиқмадими? Сиз финални бошқариш учун номзодлар сафида эдингиз. Боз устига, ҳал қилувчи ўйинда Европа ва Жанубий Америка жамоалари тўқнаш келишди ва унда "нейтрал" ҳакамнинг бошқариш эҳтимоли юқори эди.
— Бу ҳақда ҳаттоки ўйламадим. Аввал қитъалар бўйича нейтраликка аҳамият қаратиларди. Лекин Бразилиядаги мусобақанинг бошиданоқ бизга айтишди — ҳакамларнинг барчаси профессионал ва энди ҳудудий нейтраликка аҳамият қаратилмайди. Финални бошқариш учун номзод ҳакамлар орасида бўлганимиз бизни қувонтиради. Такрорлайман, 10 йил аввал кимдир: "Равшан, сен ЖЧда ишлайсан", деса, мен уни жиннига чиқарардим. Ҳозир эса бизни финални бошқариш учун номзод ҳакамлар сафига киритишмоқда. Бу жуда ҳам ёқимли.
— Москва-2018 финалини бошқаришни истайсизми?
— Россиядаги ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишни истайман. Бунинг учун соғлигим кўтарганча ҳаракат қиламан. Ҳозирча эса, Худога шукр, бу борада муаммо йўқ. Кейинчалик эса кўрамиз. Агар фақат финал ҳақида ўйласангизу, лекин уни қўлга киримасангиз, жаҳлингиз чиқади. Шунинг учун ҳозирча ўз ишимдан мароқ олишни истайман. Ўз ишингиздан мароқлансангиз, ҳар қандай қийинчиликни осон енгиб ўтиш мумкин.
"ВАЛЕНТИН ИВАНОВ — ЖАҲОНДАГИ ЭНГ ЯХШИ ИНСТРУКТОРЛАРДАН БИРИ"
— ЖЧ-2014да Россия-Жазоир ўйинидан кейин Фабио Капелло туркиялик Жунайт Чақирга айбни ағдарди. Бундай ҳолатларни эшитганингизда, ҳамкасбингизни ҳимоя қилиш иштиёқи пайдо бўладими?
— Кўп ҳолатларда ҳакамлар шаънига асосланмаган айбловлар ёғилади. Ўзини ҳурмат қилган мураббий, назаримда, бундай қилмаслиги керак. Ҳамма ўз иши билан машғул бўлиши лозим. Мураббийлар ўз ўйинлари ва ўз футболчиларининг ҳаракатларини таҳлил қилишлари лозим. Ҳакам ҳам инсон. Унинг ҳам футболчи ва мураббий сингари хато қилишга ҳаққи бор. Лекин Чақир Россияга қарши қандайдир қарор чиқарганини ёки ўйининг назоратини қўлдан чиқарганини эслолмайман. Чақир бехато ишлади.
— Капелло Англия терма жамоасини бошқарганида ЖАР-2010да бу жамоанинг Жазоирга қарши баҳсини бошқаргандингиз. Ўшанда италиялик мураббий ўзини қандай тутганди?
— Жентльменларча. Ўйин пайтида у ҳамиша ҳакамларга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Англияликлар захира ўриндиғи яқиинида юзага келган биз вазият ёдимда қолган. Фол учун Англия терма жамоасига қарши ҳуштак чалгандим. Капелло майдон четида ўйинни кузатиб турганди. Шунда нигоҳларимизни тўқнашди ва у менга қарата бош бармоғини юқори кўтарди. У билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо кузатилмаган. У жаҳон даражасида мураббий.
— Жаҳон даражасидаги ҳакамлар борасида бизнинг мамлакатда муаммо бор. 2006 йилдан бери ҳеч бир ҳакамимиз йирик мусобақаларда иштирок этмади. Сизнингча, россиялик ҳакамларга нима етишмайди?
— Россия чемпионатини кўп кузатиб бормайман. Фақат ўзбек футболчилари иштирокидаги ўйинларни кузатаман. Тўқсонинчи йилларда менинг севимли ўйинчиларимдан бири Андрей Пятницкий (Игорь Шквирин ва Миржалол Қосимов билан биргаликда)нинг "Спартак"даги ўйинларни кузатардим. Қосимов учун "Алания" ўйинларини томоша қилардим. Мен учун улар афсона эди. Ҳозирда эса Одил Аҳмедовнинг "Краснодар"ини, Виталик Денисовнинг "Локомотив"ини кузатаман. Бу йигитлар жуда яхши муносабатдаман.
Россиялик ҳакамлар орасида Тимур Арсланбеков билан яқин муносабатдаман. Валентин Иванов билан анчадан бери танишмиз. У ЖАР-2010 ва Бразилия-2014да инструкторлик қилган. Иванов — жаҳоннинг энг яхши инсрукторларидан бири. Шунингдек, Николай Левников билан 2007 йилда Жанубий Кореяда ишлаганмиз. Лекин мен ҳамкасбларимга ҳеч қандай маслаҳат бермайман, боз устига, матбуот орқали. Ҳали мен ўзим маслаҳатга муҳтожман ва устозларимнинг маслаҳатларига қулоқ соламан.
— Ивановнинг айтишича, ўн йил давомида сиз заррача ўзгармагансиз ва ҳар бир ўйинга жиддий ҳозирлик кўрамиз. ЖАР-2014дан кейин наҳотки бошингиз бир сонияга бўлса ҳам айланмаган?
— Йўқ. Боиси, агар бўшашсангиз, инсонларга сиз ҳақингизда бошқача гапиришларига сабаб берасиз. ЖЧда яхши ишлаб келиб, миллий чемпионати ўйинида қўпол хатога йўл қўйсангиз, "Манман бўлиб қолибди, аввалгидек ишламаяпти", дейишади. Мен эса инсонларда бундай фикр юзага келишини истамайман.
— Россияда ишлаш учун сизга таклифлар бўлганми? Топ-баҳсларни бошқариш имкониятига қандай қарайсиз?
— Таклифлар бўлмаган. Мен Осиёнинг кўп мамлакатларидаги дебиларда ишлаганман. Масалан, Қатар ва Саудия Арабистонида. Россиядаги ўйинларни ҳам бажонудил бошқаришим мумкин.
— Сизда Европа чемпионлари лигасини бошқариш имконияти йўқлигидан афсусланасизми?
— Эҳ.... Бу футболдаги энг қизиқарли турнирлардан бири. Албатта, хоҳлардим. Лекин биз Осиё чемпионлар лигаси баҳсларини бошқарамиз. Уч марта финални бошқарганман.
— Яқинда Владислав Безбородов дарвоза ортидаги ҳакамларсиз ўйинларни бошқаришни маъқул кўришини айтганди. Сиз-чи?
— Мен Қатар чемпионатида дарвоза ортидаги ҳакамлар билан ишлаб кўрганман. Тўғрисини айтсам, бу ҳолат бош ҳакамни бўшаштиради. Дарвоза ортидаги ҳакамга ишонишни бошлайсиз ва кейин фолга нисбатан қарашларингиз турлича бўлиши мумкин. Футбол — контактли ўйин. Ҳар бир тўқнашув фол эмас. Тўқнашувларни жуда нозик ҳис қила билиш керак. Шунинг учун бу борада қоида аввалгидек бўлиб қолишини истардим.
— Видеотакрорлар борасидаги фикрингиз қандай?
— Бу борада ўзгаришларга розиман. Бош мураббийларга ўйин давомида 1-2 марта видеотакрорларга мурожаат қилиш имконияти берилиши мумкинлиги ҳақида ўқидим. Агар ФИФА буни қабул қилса, бу ҳакамлар жуда катта ёрдам бўларди. Ҳакам кўрмай қолган вазият учун жамоалар жабр чекишини истамасдим.
— Бразилияда илк марта қўлланилган кўпик сизга ёрдам бердими?
— Шубҳасиз. Стандартлар пайтида ёрдам берадиган жиҳоз. Аниқ чизилган чизиқ футболчиларни тартибга солади ва муаммоларга барҳам беради.
"ВИЖДОН ҲАММАСИДАН УСТУН"
— Сизнинг маълумотингиз иқтисодий соҳада ва спорт магазинлари тармоғингиз бор. Уларга вақт ажрата оляпсизми?
— 2007 йилда жаҳон чемпионатини бошқариш учун номзод бўлганимдан буён вақтим кам бўляпти, ҳатто оиламга ҳам. Келажакда, эҳтимол, фаолиятни тикларман, аммо дўконлар билан дўстларим шуғулланишмоқда. Ҳакамликни тугатгунимча шундай бўлса керак.
— Молиявий мустақиллик сизни қинғирликлардан кафолатлайдими?
— Бу фикрни кўп эшитганман, аммо менимча, кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Унинг тарбиясига, шаънига. Менинг йўлим ҳар доим профессионал ўсиш бўлган ва мен учун виждон — ҳаммасидан устун.
— Сизга керакли натижа учун пул таклиф қилишганми?
— Худога шукур, бундай таклиф бўлмаган. Менимча, одамлар менинг бу нарсаларга қандай муносабатда эканимни ва ҳаётга қандай қарашлларимни билишса керак.
— Ўзбекистонда одамлар қизиққон. Сизга бирон нарса билан ташланишмаганми? Ҳакамлар хонасига киришга ҳаракат қилишмаганми?
— Худо сақлаган. Мен томошабинлар билан яхши муносабатдаман. Ҳатто майдонга машқ қилиш учун чиқсам ҳам мухлислар илиқ кутиб олишади.
— Сиз Ўзбекистонда машҳур инсонсиз. Сизни рекламаларга таклиф қилишадими?
— (бироз тортиниб) Ҳа, иккита реклама роликда қатнашганман — телекоммуникация тармоғи ва салқин ичимлик рекламасида.
— Яна неча йил майдонга ҳуштак билан чиқмоқчисиз?
— Ҳаммаси соғлиққа боғлиқ. Агар юқори савияда ишлай олмаслигимни сезсам — тугатаман. Ёшимдан қатъий назар. Фақат сезгимга қараб.
— Болалигингизда нимани орзу қилгансиз ва ҳозир нимани орзу қиласиз? Жаҳон чемпионати финалини бошқаришми, балки, Бокудаги стадионга Тофик Баҳромов номи берилгани каби, стадионга номингиз берилишини истарсиз?
— (кулади) Бунақа орзу қилмайман. Ёшлигимда футболчи, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси бўлишни орзу қилар эдим. Аммо бундай бўлмади. Аммо жаҳон чемпионатида иштирок этиш, албатта, бошқа ролда бўлса ҳам насиб қилди. Энди эса, ҳамма инсонлар каби ота-онам соғ бўлишини, оилам ва дўстларимнинг ишлари яхши бўлишини истайман.
— Демак, жаҳон чемпионати финалини бошқариш насиб қилмаса — афсусланмайсизми?
— Келинг, бу ҳақида гапирмайлик. Фаолиятимни тугатсам — суҳбатлашамиз. Ҳозирча, Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишни орзу қиляпман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).