ИНЧЕОН-2014. Оғир атлетика. Маҳлиё Тоғаева делегациямизга дастлабки медални келтирди!
Осиё Ўйинларининг дастлабки медали делегациямиз ҳисобига кутилмаган томондан келди. Аёллар ўртасида оғир атлетика баҳсларида иштирок этган Маҳлиё Тоғаева бронза медалини қўлга киритди.
Маҳлиё 48 кг.гача бўлган вазн тоифасида иштирок этди. У дастлаб ўтказилган даст кўтариш машқида 81 кг. тошни ўзига бўйсундирди. Бу натижа орқали у 3-4-ўринларни эгаллаб турганди.
Силтаб кўтаришда эса ҳамюртимиз дастлаб 102, сўнгра 106 кг. тошларни кўтариб, рақибаларининг чиқишларини кутди. Унинг асосий рақобатчилари бирин-кетин медаллар учун курашдан чиқиб кетишди. Индонезиялик Сри Агустиани 107 кг.ни кўтарди ва умумий оғирликни 187 кг.га етказди. Бунгача Тоғаева ҳисобида ҳам 187 кг. оғирлик бор эди. Бироқ вазн бўйича ватандошимиздан бироз енгил бўлган индонезиялик спортчи устунликка эга бўлиб олди. Маҳлиё ҳисобида эса сўнгги уриниш бор эди. Бироқ у сўнгги уринишда 108 кг. тошни кўтара олмади. Натижада 3-ўрин билан чекланди.
Қозоғистонлик Маргарита Елиссеева умумий 194 (88+106) кг. натижани қайд этиб, Осиё Ўйинлари чемпионлигини қўлга киритди.
Оғир атлетика, аёллар, 48 кг.
1. Маргарита Елиссеева (Қозоғистон) — 194 (88+106)
2. Сри Агустиани (Индонезия) — 187 (80+107)
3. Маҳлиё Тоғаева (Ўзбекистон) — 187 (81+106)
Киритилди: 14:07, 20.09.2014. Ўқилди: 4109 марта. Фикрлар: 4 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).