Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинлари ҳам тарих саҳифасига битилди. Қитъанинг энг йирик спорт байрамида Ўзбекистон шарафини 291 нафар спортчи, спортнинг 32 турида ҳимоя қилди (XVII ёзги Осиё ўйинларида жами 45 давлатдан 9553 нафар спортчи иштирок этди).
Олтинчи маротаба мустақил жамоа сифатида иштирок этган мамлакатимиз делегацияси аъзолари учун бу сафарги Осиё ўйинлари Ўзбекистон спорти тарихи саҳифаларига зарҳал харфлар билан битилган тарихий воқеа билан бошланди. Яъни, мусобақаларнинг биринчи куни ўтказилган Осиё олимпия кенгашининг 33-Бош Ассамблеясида қитъада олимпия ҳаракатини тарғиб этилишида энг фаол бўлган Миллий олимпия қўмиталарига Осиё олимпия кенгашининг энг олий мукофотлари топширилди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси Осиёда олимпия ҳаракатини энг фаол қўллаб-қувватлаётган МОҚ сифатида эътироф этилди ва Ассамблеяда иштирок этган Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда Осиё олимпия кенгаши раҳбари Аҳмад Ал-Фаҳад Ас Сабоҳ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмановга Осиё олимпия кенгашининг олий мукофотини тантанали суръатда топширдилар.
Бу ўз навбатида мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда кўрсатилаётган ғамхўрликлар, шунингдек, спорт соҳасини тараққиёти йўлида олиб борилаётган ислоҳатлар, юртимизда олимпия ҳаракатини ривожлантириш ва олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга берилган яна бир юксак эътирофдир. Нуфузли спорт ташкилотларининг бундай эътирофи юртдошларимиз қалбида Ватанга бўлган муҳаббат ҳисларини янада юксакларга кўтарди.
Ҳа, юртимизда келажагимиз эгаларини ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишлари йўлида олиб борилаётган сайи-ҳаракатлар барча соҳаларда бўлгани каби спортда ҳам ҳар йили янгидан-янги номларни кашф этилишига сабаб бўлмоқда. Бунга Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ёш спортчиларимиз томонидан эришилган муваффақиятлар ҳам ёрқин далил бўла олади.
Қувонарлиси, Осиё ўйинларининг биринчи кунидаёқ делегациямиз ҳазинаси айнан ёш, бу каби йирик спорт мусобақасида биринчи бор иштирок этаётган оғир атлетикачимиз Маҳлиё Тоғаева томонидан қўлга киритилган бронза медали билан бойиди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Маҳлиё Ўзбекистон оғир атлетикачи хотин-қизлар орасида биринчи бўлиб Осиё ўйинлари совриндори бўлди. Бунга қадар мамлакатимиз оғир атлетикачилари қитъанинг энг йирик спорт ўйинларида 4 бор кумуш ва 5 маротаба бронза медали билан тақдирланишган эди ва ана шу медалларнинг барчасига эркаклар терма жамоамиз аъзолари эгалик қилишган эди.
Аслида, Маҳлиё Тоғаева Осиё ўйинларидаги дебютида кумуш медалга ҳам сазовор бўлиши мумкин эди. Боиси, ушбу вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлган индонезиялик Agustiani Sri Wanyuni ҳам умумий 187 кг. натижани қайд этди. Бироқ, ҳамюртимизнинг оғирлиги рақибининг вазнига қараганда 200 грамм ортиқ бўлганлиги боис, иккинчи ўрин индонезиялик спортчига насиб этди.
Шунга қарамай, кўплаб олимпиада ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари ўрин олган гуруҳда кучли учликдан ўрин эгаллаш ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Маҳлиёнинг номдор рақибларидан ҳайиқмай, совринли ўринлар учун астойдил ҳаракат қилгани ва буни шараф билан уддалагани, табиийки, делегациямиз аъзоларини янада рухлантирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Инчеонда эришилган натижалар асносида мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спорт тобора оммалашиб бораётгани, спортнинг қизларга мос турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор юксак самара бераётгани намоён бўлди.
Бунга XVII ёзги Осиё ўйинларида қўлга киритилган жами 44 та медалдан 10 тасини (3 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза) айнан хотин-қизларимиз ҳисобига тўғри келиши ҳам яққол далил бўла олади.
Қитъанинг энг йирик спорт байрамида бадиий гимнастикачиларимиз – Жамила Рахматова, Равиля Фархутдинова, Валерия Давидова ва Анастасия Сердюкова, енгил атлетикачилар Светлана Радзивил ва Екатерина Воронина жамоавий баҳсларда шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлишса, Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Александра Котлярова (енгил атлетика), Барно Мирзаева (каратэ) кумуш, Надия Дусанова (енгил атлетика, Юлия Тарасова (енгил атлетика), Маҳлиё Тоғаева (оғир атлетика), Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) эса бронза медаллари билан тақдирландилар.
Ўз навбатида мамлакатимиз хотин-қизлари томонидан эришилган муваффақиятлар, кўплаб хорижлик муҳлису-мутахассисларнинг олқишу, эътирофларига сазовор бўлди. Жумладан, спорт гимнастика оламида қарийб 25 йилдан буён спортчи сифатида фаолият кўрсатаётган Оксана Чусовитинанинг эришган натижалари спорт саройи сухандони томонидан эълон қилинганида, спорт гимнастикаси саройига йиғилган муҳлислар ўринларидан турганича ҳамюртимизни узоқ вақт олқишладилар.
Эътиборлиси, бундай олқишлар бадиий гимнастикачи қизларимизни жамоавий баҳсларда ғолибликка эришиб, шохсупага кўтарилганларида, шунингдек, енгил атлетикачимиз, баландликка сакраш бўйича Осиё ўйинлари рекордчиси (1 метр 95 сантиметр) Светлана Радзивилга Осиё ўйинларининг навбатдаги олтин медали (Светлана 2010 йили Гуанчжоу (Хитой)да ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган) тантанали суръатда топширилаётганида янгради.
Шу ўринда, еттикураш мусобақаларида ўзини ҳар томонлама ирода ва матонатини намоён этган Екатерина Воронинанинг эришган муваффақияти ҳам ҳар қанча таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлаб ўтиш керак. Екатерина қитъанинг энг йирик спорт анжуманида биринчи бор иштирок этганлигига қарамай, кўплаб Олимпиада ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
“Инчеон-2014” ўйинларидаги биринчи олтин медаль ҳам Осиё ўйинларида илк бора иштирок этаётган Бекзод Абдураҳмонов томонидан қўлга киритилди. Эркин кураш бўйича вазни 70 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Бекзод саралаш баҳсларида тожикистонлик Самиршо Воҳидовни ва Хитой вакили Хайвей Лингни бир ҳил 10:0 натижаси билан, шунингдек, ярим финалда Япония терма жамоаси аъзоси Такафуми Кажимани 6:0, финал беллашувида эса кореялик Ох Манхони 7:2 натижаси билан енгани, ҳамюртимизни ўз вазн тоифасида Осиёда тенгсиз спортчи эканлигини кўрсатди.
Шу тариқа, жорий йилнинг 8-14 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган Бекзод Абдураҳмонов Осиё ўйинларининг олтин медалини ҳам медаллар жамламасига қўшиб қўйди.
“Инчеон-2014” ўйинларида, шунингдек, таэквондо усталаримиз томонидан эришилган натижалар ҳам ҳар қанча таҳсинга лойиқ. 2013 йилнинг август ойидан терма жамоада иш бошлаган Александр Ким биринчи навбатда таркибни ёшартиришга эътибор қаратди.
Ўз навбатида ёш иқтидор соҳиблари ҳам унинг ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилганликлари Осиё ўйинларида ўз сўзини айтди. Таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган мусобақаларнинг биринчи кунидаёқ Жасур Бойқўзиевни олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари ўрин эгаллаган спортчилар орасида биринчи ўринни эгаллаши, шунингдек, Дмитрий Шокин ва ака-ука Максим ва Никита Рафаловичларни совриндорлар сафидан жой олиши кўплаб мухлису-мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Мазкур Осиё ўйинларида, шунингдек, Шаҳобиддин Зоиров, Исроил Мадримов, Ойбек Мамазулунов (барчаси бокс), Эрнест Ирназаров (байдарка ва каноэда эшкак эшиш), Абдулла Азимов (спорт гимнастикаси), Яҳё Имомов, Сарвар Шомуродов (ҳар иккиси дзюдо), Улуғбек Алимов, Сардор Дўстмуродов (ҳар иккиси оғир атлетика), Рустам Ассакалов, Дилшодбек Турдиев (ҳар иккиси юнон-рум кураши), Умиджон Исманов (эркин кураш), Шахбоз Аҳадов, Ғофиржон Зоҳидов (ҳар иккиси каратэ) каби спортчиларимизни бундай йирик спорт мусобақасида илк бор қатнашганликларига қарамай, шоҳсупага кўтарилганликлари мамлакатимизда ёш спортчиларни тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигининг ёрқин исботи бўлди.
Умуман бу сафарги Осиё ўйинларида аксарият терма жамоаларимизни янгиланган таркибда иштирок этганликларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Эътиборлиси, ўта муросасиз руҳда кечган мусобақаларнинг якунларига кўра совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган спортчиларимизнинг қарийиб 60 фоизини айнан Осиё ўйинларида биринчи маротаба иштирок этган спортчиларимиз ташкил этди. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистонда маҳоратли спортчиларнинг муносиб издошларини тайёрлаш ишлари қанчалар тўғри йўлдан бораётганлигидан далолат беради.
Осиё ўйинларида тажриба ва маҳоратларини янада тоблаган ёшларимиз, умид қиламизки 2016 йилги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш борасида ҳам ўзларига билдирилган ишончга муносиб бўла оладилар ва Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган спорт оламининг энг йирик мусобақасида қўлга киритилаётган муваффақиятлар тасодифий эмаслигини яна бир карра исботлайдилар.
“Инчеон-2014” ўйинларида медалларни қўлга киритиш борасида эркин ва юнон-рум кураши (жами 7 та), Енгил атлетика (7 та), Байдарка ва каноэда эшкак эшиш (5 та), Бадиий ва спорт гимнастикаси (5 та), Таэквондо WTF (4 та), Дзюдо (5 та), Каратэ (3 та), Оғир атлетика (3 та) каби спорт турлари вакиллари ўз олдиларига қўйган вазифаларни бажардилар.
Аксинча, бокс, академик эшкак эшиш, слалом, сузиш, синхрон сузиш, велоспорт, ўқ отиш, камондан отиш, қиличбозлик, у-шу, боулинг, замонавий бешкураш, триатлон, регби каби спорт турларида терма жамоаларимиз ўз олдиларига қўйган мақсадга эриша олмадилар.
Белгиланган режани бажара олмаган айрим спорт турларининг бош мураббийлари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг баъзилари бунга ҳакамларнинг ўз вазифаларига виждонан ёндашмаганликларини, яна бир қатор мутахассислар эса спортчиларнинг мусобақаларга жисмоний ва рухий ҳолати етарли даражада тайёр бўлмаганлигини таъкидлаб ўтишди.
Тўғри ҳакамларнинг “Ҳурмача қилиқлари” айрим спорт турларида яққол кўзга ташланди. Лекин биз қачонгача ҳакамларнинг адолатсиз қарорлари қурбони бўлганлигимизни асосий сабаб сифатида кўрсатаверамиз. Зеро, айнан мазкур Осиё ўйинларида биз рақибидан анча устун бўлган ва ҳакамларни нохолис қарор чиқаришига ҳожат қолдирмаган қанчадан-қанча спортчиларимизнинг ғалабаларининг шоҳиди ҳам бўлдик-ку.
Шундай экан, терма жамоаларимиз мутасаддилари турли баҳоналарни важ қилишни йиғиштириб, Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, барча мусобақаларга шогирдларини ҳам жисмонан, ҳам рухан юксак даражада тайёрлаш ҳақида кўпроқ бош қотиришса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мазкур Осиё ўйинлари бир вақтнинг ўзида мамлакатимиз спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлаш борасида қай даражада тўғри йўлдан бораётганлигини ҳам кўрсатиб берди.
Албатта, Ўзбекистон делегациясининг XVII ёзги Осиё ўйинларидаги иштироклари Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда спорт федерациялари раҳбарлари иштирокида атрофлича таҳлил этилади ва унда қабул қилинган қарор ҳамда белгиланган вазифалар албатта, омма эътиборига ҳавола этилади.
Қуйида эса XVII ёзги Осиё ўйинларида совриндор бўлган спортчиларимиз рўйхати берилган:
Эркин ва юнон-рум кураши (3-1-3)
Эркин кураш (2-0-2)
Олтин – Бекзод Абдураҳмонов (-70 кг)
Олтин – Рашид Қурбонов (-74 кг)
Бронза – Ихтиёр Наврўзов (-65 кг)
Бронза – Умиджон Исманов (-86 кг)
Юнон-рум кураши (1-1-1)
Олтин – Рустам Ассакалов (-85 кг)
Кумуш – Дилшоджон Турдиев (-71 кг)
Бронза – Бесики Солдадзе (-80 кг)
Енгил атлетика (2-2-3)
Олтин – Светлана Радзивил
Олтин – Екатерина Воронина
Кумуш – Александра Котлярова
Кумуш – Леонид Андреев
Бронза – Юлия Тарасова
Бронза – Надия Дусанова
Бронза – Иван Зайцев
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш (2-1-2)
Олтин – Алексей Мочалов
Олтин – Вадим Менков
Кумуш – Эрнест Ирназаров
Бронза – Серик Мирбеков ва Герасим Кочнев (икки кишилик қайиқда),
Сергей Борзов, Вячеслав Горн, Алексей Мочалов, Александр Тронин (тўрт кишилик қайиқда).
Таэквондо WTF (1-3-0)
Олтин – Жасур Бойқўзиев (-87 кг)
Кумуш – Дмитрий Шокин (+87 кг)
Кумуш – Никита Рафалович (-74 кг)
Кумуш – Максим Рафалович (-80 кг)
Бадиий гимнастика (1-0-1)
Олтин – Жамила Рахматова, Валерия Давидова, Анастасия Сердюкова, Равиля Фархутдинова (жамоавий)
Бронза – Анастасия Сердюкова
Спорт гимнастикаси (0-3-0)
Кумуш – Оксана Чусовитина
Кумуш – Антон Фокин
Кумуш – Абдулла Азимов
Бокс (0-2-2)
Кумуш – Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг)
Кумуш – Исроил Мадримов (-69 кг)
Бронза – Ойбек Мамазулинов (-81 кг)
Бронза – Мирзоҳиджон Абдуллаев (+91 кг)
Дзюдо (0-1-4)
Кумуш – Дилшод Чориев (-90 кг)
Бронза – Мирзоҳид Фармонов (-66 кг)
Бронза – Рамзиддин Саидов (-100 кг)
Бронза – Абдулла Тангриев (+100 кг)
Бронза – Ришод Собиров, Абдулла Тангриев, Дилшод Чориев, Яҳё Имомов, Наврўз Жўрақобилов, Мирзоҳид Фармонов, Сойиб Қурбонов, Сарвар Шомуродов (жамоавий).
Каратэ (0-1-2)
Кумуш – Барно Мирзаева (-61 кг)
Бронза – Ғофуржон Зоҳидов (-75 кг)
Бронза – Шаҳбоз Аҳадов (-84 кг)
Оғир атлетика (0-0-3)
Бронза – Маҳлиё Тоғаева (-48 кг)
Бронза – Улуғбек Алимов (-85 кг)
Бронза – Сардорбек Дўстмуродов (-105 кг)
Теннис (0-0-1)
Бронза – Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Темур Исмаилов, Санжар Файзиев (жамоавий).
Маълумот учун. Осиё ўйинларида иштирок этган 291 нафар спортчимиздан 56 нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди. Бу ўртача ҳар беш нафар спортчидан бири совринли ўринлардан бирини эгаллаганлигидан далолат беради. Мамлакатимиз спортчилари иштирок этган 32 спорт туридан 12 тасида биз совринли ўринларни банд этдик.
Осиё ўйинларининг якунларига кўра 9 та олтин, 14 та кумуш ва 21 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар сони бўйича умумжамоа ҳисобида 11-ўринни, медалларнинг умумий сони бўйича эса 9-ўринни эгаллади.
Шавкат Жалилов
Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати
Расм манбаси: www.jahonnews.uz
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).