Футбол қироли Пеледан россиялик журналистлар интервью олишаркан, бевосита гап «Россия терма жамоаси қачон жаҳон чемпиони бўлади», деган саволга бориб тақалди. Бу саволга футбол қироли қандай жавоб берганини биласизми? «Бразилия терма жамоаси қачон хоккейда жаҳон чемпиони бўлса, ўшанда Россия терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлади...».
Бироз кулгили, кимлар учундир бироз аламли, бироз латифага ўхшаб кетувчи юқоридаги воқелик билан мақоланинг бошланганига ҳайрон бўлманг. Бизнинг орамизда Пеле йўқ, аммо юқоридаги савол сиз учун бошқачароқ тарзда берилса, бунга қандай жавоб бера оласиз? Дейлик, бугунги кунда кўрсатаётган натижалари билан Ўзбекистон терма жамоаси ОК-2015 мусобақаси ғолиблигига асосий даъвогарлик қила оладими? Сизни билмадиму, мутахасисларимиз ҳар доим қайси мусобақада қатнашишдан қатъий назар ғолиблик учун асосий даъвогармиз дея баралла айтади. Ҳаттоки, «ўша мусобақанинг сўнги кунида биз майдонга чиқамиз, ишонаверинг», - деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетадиганлари ҳам йўқ эмас. Минимум вазифа, максимум вазифа деган тушунчалар ҳам бизга бегона эмас. Агар максимум вазифани адо этолмасак, минимум вазифа «ўхшаб кетганлиги» учун дўппимизни осмонга отамиз. Ўз даврининг ёрқин футболчиси, бугунги кунда “Олмалиқ” жамоаси бош мураббийи Игорь Шквирин суҳбатларининг бирида «ёшларимизни мақташни ошириб юборяпмиз. Уларни яхши тарафини айтиш билан биргаликда камчиликларини, кучсиз тарафини ҳам айтиб йўл-йўриқ кўрсатишимиз шарт», деганида ҳақ эди. Биз бундай қилмаймиз. Шукр қиламиз. Ҳатто сафардан қайтган футболчиларимизни карнай-сурнай билан кутиб оламиз. Бу йўлда эса бизни қадрдон ташкилотимиз ЎФФ чинакам ташаббускоримизга айланади...
Мутахассисларимиз, мураббийларимиз борингки, айрим журналистларимиз камчиликларни бартараф этиш кераклигини айтмайди. Яна ўша об-ҳаво, қайсидир асосий ўйинчининг жароҳати, ноқулай рақиб, мусобақа регламенти, ҳакамнинг қарорлари... ва шунга ўхшаш майда факторлар сабаб ғолиб бўлолмадик, дея ҳаммага уқтиришга уринади. ЎФФ ёки Терма жамоалар маркази қайсидир мураббийга «Шимолий Кореядан қаеримиз кам, нега Таиландни базўр ютдик, нима учун терма жамоа Қатардан шармандали мағлубиятга учради?» қабилидаги саволлар беролмайди. Ҳатто энг ачинарлиси ҳеч бир терма жамоа мураббийига юқори даражада талаб қўя олмайди. Бунинг устига ёшлар билан ишлай оладиган Дилшод Нуралиевдек мураббийлар ўрнига Мочинов ва Равшан Ҳайдаровга ўхшаб бирор нимани қойиллатмаган мураббийларга кунимиз қолади. Эътирозлар, шикоятлар, танқидлар бўлаверади-бўлаверади... Ҳеч ким буни инобатга олмайди, эшитмайди. Эшитса ҳам эшитмаганликка олади, кўрмаганликка олади. Миллий чемпионат, биринчи ва иккинчи лиганинг аҳволи шу даражада ислоҳотталабки, ачинарли, қўпол қилиб айтганда, шармандали аҳволда. Иккинчи лигани ўтказиш бўйича ҳеч қандай регламент ва форматнинг йўқлиги, бу мусобақани (мусобақа дейишга тил борса) ҳар бир вилоят футбол федерацияси ўзи қандай хоҳласа, шундай ўтказиши сўзимизга яққол мисол бўла олади. Биринчи лигамиз ҳам «гуллаб» ётгани йўқ. Масалан биргина Қорқалпоғистондек ката минтақа шарафини ҳимоя қиладиган “Орол” жамоаси сўнги бор элитага чиқиш учун қачон жиддий кураш олиб борганини эслайсиз? Ҳеч қачон! Чунки бундай жамоаларда ўз олдига қўйилган МАҚСАД йўқ. Талабалик йилларимда “Орол” жамоаси ўйинлари учун бир мавсумлик чиптани талабаларга мажбурий сотилганига гувоҳ бўлганман. Ҳатто ўзим ҳам бир неча маротаба анна шундай мажбурият «қурбони» бўлганман. Тўғри мухлис учун имконият-ку, билетингача олиб келиб беришса дерсиз, аслида стадионга кираверишда билетинг борми деб сўрагувчи бир одам (назоратчи дейиладими бундай вазифадаги одам? Бизни стадионларда бўлмагани учун билмаймиз-да...) топилмайди. Клуб у қилади, бу қилади хуллас эплаб ўзининг қора қозонини қайнатади, лекин қайтараман: ўз одига жиддий мақсад қўя олмайди. Мақсад қўйса, харажат ҳам кўпаяди-да. Ўзи талабанинг, ишчининг ёки бирор мажбуран илдирилган ҳомийнинг ҳисобига кун кўраётган жамоа Олий лига харажатларини қандай қоплайди? Шундай экан «оч қорним — тинч қулоғим» қабилида иш кўради қўяди. Биринчи лига жамоаларининг кўпчилигида шу аҳвол. Энди бундай жамоалар футболчиларга қандай қилиб ойлик маошларини беради, қандай қилиб шарт-шароит яратиб беради тасаввур қилаверинг.
Дарвоқе, нима учун мақола аввалида миллий терма жамоа ҳақида сўз бошлаб бу мавзуларда «ўтлаб» кетганимнинг ҳам сабаби бор. Аслида терма жамоамиз кўрсатаётган натижаларга бевосита миллий чемпионатимиздаги бу каби муаммолар ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Асосий вазифаси миллий терма жамоага футболчиларни етиштириб бериш бўлган олий лигамиз ҳам ботқоққа ботиб бўлди. Келишилган ўйинлар ҳақидаги гап-сўзлар кундан-кунга авж олмоқда. Кундан-кунга дараги чиқаётган келишилган ўйинлар ҳақидаги маълумотларни текширадиган, суриштирадиган одам йўқ Айрим қорни тўйган келишилган ўйинлар иштирокчилари «сен битта ўйинни билибсан мен ўнта ўйинни келишганман, интернетга чиқарганинг билан хеч нарсага эришолмайсан» деб журналистларга дағдаға қилишдан ҳам тап тортмайди. ЎФФнинг келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлимида эса жимлик ҳукмрон. Бирор клуб, бирор мураббий ёки ҳакам борингки бирор футболчи келишилган ўйинларда иштирок этгани учун жазоланмайди. Майдонда яна ўша ўлик футбол, театрлаштирилган саҳна кўринишлари давом этаверади. Ўзбек мухлиси ана шундай носоғлом шароитда, ана шундай носоғлом муҳитда тобланаётган футболчилардан натижа кутади. Терма жамоа рейтинги эса легионер футболчилар ҳисобига базўр ушлаб турилаверади. Легионерларсиз терма жамоамиз футболчиларининг Инчеондаги кароматларини кўрдингиз. Ортиқча изоҳ келтирсам эзмалик бўлар.
Яқинда бир спорт журналисти маслаҳат бериб қолди: «Мана сиз педагогсиз, аммо журналист бўлмасангиз ҳам мақола ёзасиз. Муаммоларни кўтариб чиқасиз бу нормал ҳолат, аммо фақат муаммони айтиш билан иш битмайди. Анна шу муаммони ҳал қилиш чоралари ҳақида ҳам ёзинг». Афсуски, футболимизда шу қадар негатив муаммолар кўпки, бу муаммоларни ҳал қилиш ҳақида соатлаб гапириш, кўплаб мақолалар ёзиш мумкун. Аммо ёзишимиз шарт. Ҳар биримиз. Футболимизни тубдан ислоҳ қилиш, ўзгартиш даври келди. Майли, буни Осиё кубогидан кейин амалга ошириш керакдир. Аммо ҳозирги йўлимиз тўғри эмаслиги кундек равшанлашди. Нималарнидир ўзгартиришга эришсакгина, яна футболдан завқ ола биламиз. Нималарнидир ўзгартирсакгина футболимиз ҳақида гап кетганида энсамиз қотиб эмас, жўшиб гапира оламиз. Нималаргадир ўзгартириш киритсаккина стадиондаги саҳналаштирилган томошалардан қутуламиз. Ўша нималарнидир...
Давоми бор.
Дилшодбек Жуманиёзов
VIQOR никли мухлис
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).