Футбол дунёси яна қирол танлаш учун қайноқ тортишувларни бошлади. Мавзу эса аниқ: “Олтин тўп”-2014 кимга насиб қилади? Фаворитлар учлиги борасида барчанинг фикри яқин бўлиб чиқди: Лионель Месси, Мануэль Нойер, Криштиану Роналду. Ўтган ҳафта ФИФА бу ҳақда расмий эълон ҳам берди. Ким юксак чўққига лойиқ эканлиги 12 январь куни Цюрихда бўлиб ўтадиган тантанали маросимда билинади. Сизлар билан уч рақобатчи немис, португал ва аргентиналик футбол юлдузларининг ўтган йил давомидаги омадли юришларига баҳо бериб ўтсак...Хўш, улардан қай бирининг кўрсаткичлари устунроқ?..
Агар, статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, бошқача фикрлашни кераги йўқ: соврин Криштиану Рональдуга тегиши керак. “Реал” ҳужумчиси жорий йилда жуда кўп рекордлар қўйди ва у олий даражадаги мукофотга лойиқ. 17 гол билан Чемпионлар Лигаси ғолиблиги,УЕФА талқинидаги йил ўйинчиси. “Олтин бутса” эгаси. Испан футболи танлови бўйича энг зўр ҳужумчи, энг зўр футболчи ва яна энг чиройли киритилган гол муаллифи. Жорий йилдаги барча мусобақаларда у 55та голни уриб ҳам бўлган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айниқса, куз ойларида у ақл бовар қилмайдиган спорт формасига кирганди.
Лекин, аммо, бироқ... Португалия термаси худди шу КР7 билан жаҳон чемпионатида бор режаларини барбод қилган.
Энди Месси ҳақида гаплашамиз. Месси Роналдуга нисбатан еттита ўйинни кўп ўтказиб, 52та гол киритган. Лекин, аргентиналикни кучли тарафи ҳам бор: ёзда у жаҳон чемпионатининг энг зўр ўйинчиси совринини қўлга киритди. Месси бошқа кўрсаткичлар борасида мақтана олмайди. Ёдингизда бўлса, 2009 – 2012 йиллари, “Барселона” гегемонга айланга,н Лео эса “Олтин тўп”ларни шак-шубҳасиз олар эди. Ҳозир вазият ундай эмас.
Нойерга тўхталамиз. Жаҳон чемпиони ва Бразилиядаги турнирнинг энг зўр дарвозабони. Унинг бисотида йил давомида ўтказилган 55 та ўйиндан 20тасидаги “қуруқ” серия турибди. Эслатиб ўтсам, соврин тарихида “Олтин тўп”га фақат бир бор голкипер эгалик қилган: 1963 йили Лев Яшин. Аслида, ҳимоя чизиғи вакилларига яккалик совринларни қўлга киритиш жуда қийин масала ва ҳар доим шон-шуҳрат ҳужумчиларга насиб этади. Бу анъанани 2006 йилда Фабио Каннаваро сўнги бор бузганди. Унгача 1996 йили Маттиас Заммер либеро бўла туриб, “Олтин тўп”ни қўлга киритган.
Тўғриси, йилнинг энг зўр футболчисига бериладиган соврин маросими Месси ва Роналду дуэлининг давомидек кўринмоқда. Тан олиб айтиш керак бу тортишув кўпчиликни жонига ҳам тегиб бўлган. Кўпчилик бу совринга “Бавария” етакчиси Рибери лойиқ деб ўйлаётганида ўтган йилги “Олтин тўп” португалиялик футболчига топширилди.
– Мен тақдимот маросимига борган заҳоти хотинимга ютқазганимни айтгандим, – дейди француз футболчиси. – Чунки, Блаттерни ўз оила аъзолари билан келган Криштиану билан қучоқлашиб кўришганига кўзим тушган эди. Бу йил ҳам шундай бўлади. Аслида, “Олтин тўп”ни йил якунларига кўра энг зўр ўйинчига бериш керак.
Роналду – перфекционист(ўзининг олий мақсади йўлида тинимсиз ҳаракат қиладиган шахс). Менимча, жаҳон бу даражадаги ҳаракатчан ўйинчини ҳали кўрмаган бўлса керак. Шунинг учун дунёнинг миллионлаб инсонлари уни алқайди ва яна шунчаси ёқтирмайди Ундан инсон сифатида ҳам атлет сифатида ҳам камчилик топа олмайсиз. Фаолиятидаги учинчи “Олтин тўп” унда ўзига бўлган ишончни кучайтиради холос.
Месси – табиатан даҳо, у худди футбол учун дунёга келганга ўҳшайди. Барча тушуниб бўлди: аргентиналик футболчи такрорланмаслар қаторида туради. Яна бир “Олтин тўп” эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Шунинг учун сўровномада қатнашадиган мураббий, футболчи ва журналистлар мана шу жиҳатга эътибор берсалар бўлар эди. Қани эди улар йилнинг энг катта спектаклида ғолиб бўлган бутун бошли Германия термасини ўзида мужассам ютган Нойерни танлашса... Лам, Швайнштайгер, Мюллер ва Кроос ҳам уч нафар номзодлар сафига қўшилишлари мумкин эди. Дарвозабонга берилган соврин уларнинг ҳам ютуғига айланган бўлар эди.
Мана шунақа гаплар. Кейинги йилнинг январь ойи ўртасигача бу мавзуда ҳали кўп тортишувлар бўлиши тайин. Лекин, тантанали маросим якуни барчамизнинг диққатимиз марказида бўлади.
Қани, кўрамиз...
Элмурод ЭРМАТОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).