21 январь – Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ташкил топган кун
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси 1992 йил 21-январь куни ташкил топган ва ўтган давр мобайнида мамлакатимизда спорт ва Олимпия ҳаракатини ривожлантириш ишида фаол бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 1993 йил сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси томонидан расман тан олингач, юртимиз спортчилари мустақил Ўзбекистон номидан тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси қишки ва ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш хуқуқига эга бўлдилар.
Албатта, бундай ютуқларга буюк Истиқлол туфайли эришдик. Мустақиллик шарофати билан озод ва обод юртимиз халқаро олимпия ҳаракатининг энг фаол аъзосига, олимпия ўйинларининг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланди.
Ўтган давр мобайнида Давлатимиз ва хукуматимиз томонидан мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилдики, бу ўз навбатида халқаро спорт ташкилотлари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг олий нишонлари билан тақдирланиши ҳам юқоридаги фикримиз тасдиғидир. Бугунги кунда ушбу мукофотлар Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан пойтахтимизда бунёд этилган Олимпия шон-шуҳрати музейининг энг ноёб экспонатлари қаторидан ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 23 йилдирки юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия харакати ва олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш йўлида фаол иш олиб бормоқда. Ҳар йили спортчи ва мураббийлар билим ва тажрибасини янада юксалтириш мақсадида миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан халқаро семинарлар, илмий-амалий конференциялар, минтақавий форумлар ташкил этилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар салмоғини йил сайин юксалишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз спортчилари учун Давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилган шарт-шароитлар спорт оламининг энг йирик мусобақасида қўлга киритилаётган муваффақиятларга ҳам замин яратмоқда. Истиқлол йиллари 5 бор (1996 йил Атланта (АҚШ), 2000 йил Сидней (Австралия), 2004 йил Афина (Греция), 2008 йил Пекин (Хитой) ва 2012 йил Лондон (Б.Британия) шаҳарларида бўлиб ўтган) ёзги ва 6 маротаба (1994 йил Лиллихаммер (Норвегия), 1998 йил Нагано (Япония), 2002 йил Солт-Лейк-Сити (АҚШ), 2006 йил Турин (Италия), 2010 йил Ванкувер (Канада), 2014 йили Сочи (Россия) шаҳарларида ўтказилган) қишки Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган мардонавор спортчиларимиз жами 6 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронза медалига сазовор бўлиб, Президентимиз таърифи билан айтганда, Истиқлол тимсолларига айландилар.
Ватанимизнинг, халқимизнинг бу муносиб фарзандлари яратилган барча шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, эл-юрт меҳр-муҳаббатидан руҳланиб, куч-қудрат олиб, Олимпия ўйинларида беқиёс истеъдодлари, энг юксак маҳоратлари, чексиз матонатларини намойиш этиб, миллионлаб ёшларга ўрнак бўлмоқдалар, уларни ўзлари каби спорт билан шуғулланишга, бўлажак чемпионлар сафларини тўлдиришга даъват этмоқдалар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги икки йилда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳаётида туб бурилиш йили бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мамлакатимиз спортчиларини тўрт йилликнинг навбатдаги энг йирик спорт мусобақаларига ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўришлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу қарорни ҳаётга тадбиқ этилиши халқаро майдондаги муваффақиятларимиз салмоғини янада юксалишида асосий омил бўлмоқда. Бунинг ёрқин исботи сифатида спортчиларимиз томонидан 2013-2014 йилларда дунё спорт ареналарида эришган муваффақиятларини кўрсатиб ўтиш жоиз. Мазкур йирик мусобақаларда Ўзбекистон спортчилари ҳеч кимдан кам эмасликлари ва ҳеч қачон кам бўлмасликларини амалда яна бир бора исботладилар.
Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди ва замон барча соҳаларда, шу жумладан, спортда ҳам олдимизга янги талаб ҳамда вазифаларни қўйиши табиий ҳол. Ҳаёт суръатлари шиддатли тус олган бугунги давр талабига ўз вақтида амалий ишлар билан жавоб берган мамлакат, спорт жамоаси, мураббий ва спортчигина келажакда юксак чўққиларни забт этиши мумкин. Шу маънода Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги тўғрисида” қарори мамлакатимиз спорти, спорт жамоатчилиги олдида янги уфқларни очди.
“Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ўз аҳамияти ва унда белгилаб берилган вазифаларнинг кўламига кўра халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз салмоғини янада юксалтириш ҳамда мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усманов. – Спортчиларимизни тўрт йилликнинг навбатдаги йирик спорт анжуманига муносиб ҳозирлик кўришларида дастуриламал бўлаётган ушбу ҳужжат Юртбошимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт равнақи йўлида ҳамда спортчиларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир”.
Муҳтарам Президентимизнинг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссиясининг 7 бор селектор йиғилиши ўтказилди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйилиши натижасида унинг ташкилий тузилмасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, янги бошқарма ва бўлимлар, матбуот хизмати, шунингдек, мамлакатимизда олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш ва олимпия спорт турларини янада такомиллаштириш мақсадида қўмитанинг Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларида ҳудудий вакилларнинг фаолияти йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида 2013 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Мазкур жамғарма маблағлари Республика спорт федерацияларининг моддий-техник базаларини янада мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда. Шу билан бирга, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон спортчи ва мураббийларига стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, халқаро спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчи ва мураббийлар ҳар ойда қўшимча тарзда бериладиган стипендиялар билан рағбатлантириб борилмоқда. Бундан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига спортимиз фахрийлари, шунингдек, юртимизда фаолият кўрсатаётган терма жамоаларнинг маслаҳатчи мураббийларига ҳам ойлик маошлар ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.
Бугунги кунда пойтахтимиз марказида қад ростлаётган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биносида сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу бинода Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт-психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилан марказ ташкил этилади. Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари ана шу марказда тиббий кўрикдан ўтадилар. Марказда нафақат мамлакатимиз ва хориждан таклиф этилган етакчи шифокорлар фаолият олиб борадилар. Бу ерда энг сўнгги тиббий ускуналар ўрнатилади. Айни пайтда ўзимизда мавжуд бўлмаган зарур тиббий анжомларнинг аксар қисми мамлакатимизга олиб келинди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ўтган қисқа вақт ичида эришган ютуқларидан яна бири Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ва қатор халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиққанлиги бўлди. Биргина 2013-2014 йилларда мамлакатимизга Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳд ал-Сабоҳ, Осиё Паралимпия қўмитасининг ўша пайтдаги раҳбари Дато Абу Зайнал Абу Зарин, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аян, Халқаро спорт курашлари уюшмаси президенти Ненад Лалович, Халқаро бокс федерацияси президенти Чинг Ку Ву, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усманов ҳамда Халқаро қиличбозлик федерацияси бош котиби Фредерих Петрушка, Бутунжаҳон муайтай кенгаши раҳбари Четта Танажаро, Осиё таэквондо иттифоқи президенти Кю Сок Ли, Халқаро енгил атлетика федерацияси вице-президенти Сергей Бубка, Халқаро гимнастика федерацияси раис ўринбосари Ирина Виннер, Сингапур академик эшкак эшиш ассоциацияси президенти Николас Ее, Осиё-Тинч океани телерадио эшиттирувчилар уюшмаси Бош котиби Жавад Моттаги, Жаҳон допингга қарши кураш агентлигининг Осиё-Океания минтақаси бўйича раҳбари Казухиро Хаяши ва Марказий Осиё давлатлари бўйича допингга қарши кураш ташкилоти раиси Маира Бакашева каби қатор халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари юртимизга ташриф буюриб, Ўзбекистонда олимпия харакатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бердилар.
2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинлари арафасида Осиё олимпия кенгашининг 33-Ассамблеяси бўлиб ўтди ва ушбу йиғилишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг раиси Мираброр Усмановга Осиё олимпия кенгашининг энг юксак мукофотини тантанали суратда топширилиши ҳам Ўзбекистонда олимпия харакатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга, ҳамюртларимизнинг Осиё қитъасида спорт соҳасини янада юксалишига қўшаётган ҳиссаларига берилган муносиб баҳо бўлди.
Маълумки, ёш ниҳол парваришсиз кўкка бўй чўза олмаганидек, спортчи ҳам мураббийсиз, унинг зарур кўрсатмаларисиз юқори натижага эриша олмайди.Шу маънода юртимизда фаолият кўрсатаётган мураббийларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўтган икки йилда жами 11 та халқаро ўқув ва илмий-амалий семинарлар ташкил қилинганлигини таъкидлаш жоиз. Мазкур семинарларга Республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган мураббийлар жалб этилиб, улар Халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотларининг энг етук мутахассислари бошчилигида назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамладилар.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган юксак мақсадимиз – жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган авлодни вояга етказиш йўлида спорт энг муҳим ва самарали воситага айланган. Зеро, тинчлик элчиси дея таъриф берилган спорт саломатлик, баркамоллик, гўзаллик, қатъият, мардлик, ғурур ва ифтихор каби тушунча ва фазилатлар омили сифатида ҳам эътироф этилган. Ўтган давр мобайнида эзгу мақсадга эришиш, фарзандларимизнинг ўз ақл-заковати ва истеъдодини тўла намоён этиши, уларни бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучига айлантириш йўлида залворли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон оммавий спортни ривожлантириш орқали халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ва халқаро майдонларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш йўлидан бормоқда. Оммавий спорт тараққиётида таълим соҳасидаги уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу беллашувлар орқали фарзандларимиз иродали, ҳаёт синовларига бардошли, ватанпарвар, жисмонан етук инсонлар бўлиб вояга етмоқда. Мамлакатимиз ўқувчи ва талаба ёшларини қамраб олган мазкур спорт анжуманларида иштирок этаётган ёшларимиз орасидан кўплаб маҳоратли спортчилар етишиб чиқмоқда. Олимпиада ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритаётган вакилларимиз сафида “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиадаларда кашф қилинган спортчилар кўпчиликни ташкил этади.
Маълумки, 2015 йилги спорт мавсуми мамлакатимиз олимпиячилари учун янада масъулиятли мусобақаларга бой бўлади. Ўз олдига ҳамиша юқори мақсадларни қўядиган ҳамюртларимиз спортнинг қатор турларида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун баҳсларда иштирок этадилар. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур мусобақаларда Ватанмиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз Давлатимиз ва хукуматимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликларга муносиб бўлишга, яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар қиладилар.
Фурсатдан фойдаланиб мамлакатимизнинг барча спорт жамоатчилигини, спортчи ва мураббийларини, шунингдек, юртимизда Олимпия харакатини ривожлантириш борасида яқиндан кўмак бераётган ҳамкорлар ва ҳомий ташкилотларни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил топган кун билан самимий муборакбод этамиз.
Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 16:22, 21.01.2015. Ўқилди: 6509 марта. Фикрлар: 2 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).