Яқинда ўтказилган футзал бўйича Осиё чемпионатида ҳамюртларимизнинг жозибали ўйин кўрсатишдан ташқари, чиройли либосда ўйнашгани ҳам диққатимизни тортди. Бунга қадар олимпиячиларимиз ҳам худди шундай кўринишда майдонга тушишганди. Айнан шу омил Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогини терма жамоаларимизнинг турли даврларда кийган либослари билан танишиб чиқишга ундади. Қуйида ана шу мавзуга оид таҳлиллар ва футболчилар либоси билан танишишингиз мумкин.
Ўша тарихий мусобақа - 1994 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида Жанубий Корея термасига қарши баҳсда ҳамюртларимизни Андрей Фёдоров сардор сифатида майдонга бошлаб тушганди. Ўша кезлари «оқ бўрилар» (термамиз авваллари бундай ном билан аталмасди) «Адидас» фирмасида ишлаб чиқарилган либосда ўйнашганди.
1996 йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон термаси Япония футболининг юбилей учрашувига таклиф этилди. Ўшанда «кунчиқар юрт» федерацияси 75 ёшини нишонлаётганди. Мазкур баҳсда Баҳодир Иброҳимов шогирдларининг сариқ рангли либосда майдонга тушишгани кўпчиликни ажаблантирди: бу туснинг Ўзбекистонга қандай алоқаси борлиги мавҳум эди. Суратга назар ташлаб, либосни ишлаб чиқарган компания номини аниқлаш қийин. Шунга қарамай, аввалги дизайннинг айрим қисмлари сақлаб қолинганди. Ўз навбатида, сариқ фонда Ўзбекистон герби ҳам яққол кўзга ташланиб турарди. Иккинчи суратдаги футболчини танигандирсиз? Албатта, бу Олег Шацких.
Ўша йил. Ўша рақиб. Фақат турнир бошқа - Осиё кубоги. Мазкур баҳсда Ўзбекистон термаси японларга 0:4 ҳисобида ютқазди. Либосни «адидасчилар» тикишган, дизайн эса 90-йилларда урф бўлган кенг кўриниш олганди. Яшил ва оқ чизиқлар ўзаро уйғунлашгани ҳолда миллий байроқдаги рангларни эслатади.
1998 йилги ЖЧ саралаши. Эллик тўрт мингга яқин япониялик (ҳа, яна ўшалар) ишқибозлар Токиодаги қадрдон стадионларида ўз миллий термаларининг ўзбекистонлик меҳмонлардан 3та тўп ўтказиб юборгани гувоҳига айланишди. Тўғри, бу уларни заррача ранжитмади, чунки мезбонлар ушбу ўйинда 6та гол уришганди.
Яна сариқ либос. Яна «Адидас». Германиялик тикувчилар бу сафар қора чизиқларни қўшишди. Эътиборлиси, футболканинг олд қисмида рақам пайдо бўлди. Ташқи кўриниши «Реал» (Мадрид)нинг ўтган йилги рақам дизайнини эслатиб юборади.
Саралашнинг Тошкентда кечган жавоб ўйини. Японлар кутилмаганда ютқазишаётганди. Аммо 54-дақиқадан бошлаб майдонда меҳмонларнинг маҳаллийлаштирилган футболчиси Вагнер Лопес ҳамда машҳур «самурай» Хидетоши Наката пайдо бўлгач, вазият тамомила ўзгарди. Айнан шу ўйинчилар Японияни мағлубиятдан қутқариб қолишди. Ўзбекистон термаси шу тариқа, илк марта Япониядан очко тортиб олишни уддалади.
Бу сафар «адидасчилар» дизайннинг айрим деталлари - чизиқлар ва рақамларни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилишди. Фақат сариқ рангдан воз кечишди. Оқ-кўк-оқ уйғунлашган, қора чизиқли ажойиб либос яратилди.
Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон термаси Буюк Британиянинг «Admiral» компаниясида ишлаб чиқарилган экипировкаларда кўриниш берди. Ўша пайтлардаги жаҳон тенденциялари яққол кўзга ташланди: дарвозабон либосида ранг-баранглик кузатилди, умумий футболкалар эса бироз тор қилиб тикилди.
1999 йилнинг ноябри. Осиё кубоги саралаш босқичи. Таиланднинг «Grand Sport» фирмасида тайёрланган либослар аввалги йиллардагига нисбатан ўзгачароқ чиққанди. Тўғри, сардорнинг футболкасида гербнинг йўқлиги тушунарсиз.
2000 йилги омадсиз Осиё кубогида Ўзбекистон термаси яна «Адидас»га қайтди. Ўша йилги либос кўп жиҳатдан ҳозирги пайтдагисига ўхшаб кетади.
Мазкур турнирдаги формаларнинг иккинчи тўплами. Ўзбекистонлик футболчилар тарихидаги энг йирик мағлубият билан якунланган ўйин. Ўшанда японлар қитъанинг энг кучли жамоаси эканликларини яна бир бор исботлашганди.
2001 йил 5 май. Хитой Тайпейига қарши кечган баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси 4:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришганди. Жаъфар Ирисметов ва Миржалол Қосимов иккитадан тўп киритишган.
Бу сафар термамиз Дания ва Германиянинг «Hummel» қўшма корхонасида тикилган либослардан фойдаланди. Футболкаларда ишлаб чиқарувчи компаниянинг ташриф қоғозига айланган қизил-оқ ранг ва стрелка яққол кўзга ташланади. Худди «Адидас»нинг учта чизиқчасидек.
Ўша йилнинг августи. Ўзбекистонликлар ўз майдонларида Қатарни 2:0 ҳисобида таслим этишди (яна Ирисметов ва Қосимов гол уришди). Бу галги либосда қизил рангнинг ўрнига яшил тус ишлатилди.
2003 йилнинг августида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон термаси кўҳна қитъага ташриф буюриб, Евро-2004 иштирокчисини йирик - 3:0 ҳисобида енгди. Тўғри, бу Германия эмас, Латвия эди. Аммо шунга қарамай, факт фактлигича қолади. Александр Гейнрих ва Анвар Солиев (ҳар доимгидек) захирадан майдонга тушиб, гол уришди.
Термамиз яшил рангли либосда майдонга тушди. Чизиқлар ва стрелкалардан фойдаланилмади. Умуман, ўшанда «Umbro» билан ўрнатилган ҳамкорлик узоқ давом этмаганди.
2004 йилнинг 9 июнь куни «Пахтакор» стадионида Фаластин терма жамоаси 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Терма жамоа номаълум ишлаб чиқарувчи либосида майдонга тушди, тахминларга кўра, бу «Puma» бўлиши мумкин. Экипировка ортиқча шакллар, яққол кўзга ташланадиган жиҳатлардан холи эди. Оппоқ либос майда деталлар билан безатилганди.
2004 йилги Осиё кубоги. Ўзбекистонликлар Ироқ термасини таслим этиб, турнирни муваффақиятли тарзда бошлашди. Мазкур мусобақада жамоа Германиянинг «Zeus» фирмасида тикилган либосларда кўриниш берди. Мазкур экипировканинг диққатга молик жиҳати шундаки, UFF белгиси чап кўкракдан марказга кўчирилганди. Бошқа томонлама ҳаммаси оддий ва ихчам эди.
2005 йилнинг 30 мартида Жанубий Корея термаси «Сангам» стадионида ўзбекистонликларни 2:1 ҳисобида енгди. Мазкур баҳсда икки жамоани голландиялик ва германиялик мутахассислар бошқаришарди. Сервер Жепаров эса келажакда ушбу стадионда бўлажак клуби сафида майдонга тушишидан бехабар эди.
Экипировка масаласида янги саҳифа очилди. «Puma» билан шартнома имзолангач, терма жамоа тарихидаги энг узоқ давом этган ҳамкорлик йўлга қўйилди. Дастлабки либос бирор жиҳати билан ажралиб турмади.
2006 йилда терма жамоа яна... «Адидас»га қайтди. Мазкур компанияда ишлаб чиқилган либослардан кейинчалик ПФЛдаги ўртамиёналар фойдалана бошлашди.
2007 йили «Алма ТВ» деб номланувчи ўртоқлик турнири ўтказилиб, унда тўртта жамоа иштирок этди. Яна бир-икки йилдан сўнг бу мусобақа ўтказилмай қўйилди. Либос масаласига келсак, яна «Puma»дан фойдаланилди.
Ўзбекистон термаси навбатдаги Осиё кубогига ташриф буюриб, шов-шувли тарзда Ироқни мағлубиятга учратди. Бу сафар «Puma» ўзбекларга нисбатан омадлироқ келди: жамоа чорак финалга қадар етиб борди. Ўша пайтдаги сардор - Максим Шацких Малайзия терма жамоаси дарвозасига иккита тўп йўллади.
2008 йилнинг сентябрида ўзбекистонлик футболчилар қатарликларга қарши майдонда саф тортишди.
«Puma» тақдим этган либосларда бироз ўзгариш кузатилди. Ёқада қора шакл пайдо бўлди, қорамтир чизиқлар эса ишлаб чиқарувчининг логотипига алмаштирилди. Дарвозабоннинг асосий кийими ҳаворанг тусда тикилди.
2009 йилнинг 1 апрели, 2010 йилги ЖЧ саралаши. Австралияга ташриф буюрган ўзбеклар 0:2 ҳисобида имкониятни бой бердилар. Суратда - Темур Кападзе. 2011 йилгача терма жамоа худди шу кўринишда ўйнади. Кейинчалик «Puma» дизайнини мутлақо ўзгартирди.
Мазкур компания 2011 йили Ўзбекистон термасига бироз бошқачароқ кўринишдаги либосларни туҳфа этди. Футболканинг юқори қисми диагональ ва параллел оқ чизиқлар билан безатилди. Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи ҳамда футбол федерацияси логотипларини қўйиш ҳам ёддан кўтарилмади. Ўша кезлари бу дизайн жаҳондаги аксарият клублар орқали танилиб улгурганди.
2013 йили «Puma» билан тузилган шартнома якунлангач, унинг ўрнига Испаниянинг «Joma» компанияси келди. Кўплаб ишқибозларга либоснинг янги кўриниши ёқмади. Хўш, сизга-чи?
Уй либоси ҳақида-ку, умуман гапирмаса ҳам бўлаверади.
2015 йилги Осиё кубогининг сўнгги ўйинини ўзбекистонликлар Ироққа қарши ўтказишди (0:0). Либос дизайни деярли ўзгармаган. Фақатгина ёқа ва майда деталлар қўшилган, холос.
Азиз Ҳайдаров Саудия Арабистони дарвозасини ишғол қилган Одил Аҳмедовни табрикламоқда. Либосда бирозгина кўпайтирилган оқ ранг бутун турнир давомида ҳамоҳангликни таъминлаб турди. Бошқа томондан, рақамлар бироз ўзгачароқ кўриниш олди.
«Joma»нинг бизга тақдим этган ҳозирча энг яхши экипировкасида дастлаб олимпиячилар, сўнгра футзал термаси кўриниш берди. Умид қиламизки, тез орада миллий жамоада ҳам улардан фойдаланилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).