Футбол тарихида 10-рақамнинг обрўйи доим баланд бўлган. Пеле, Марадона, Пушкаш, Платини, Баджо, Маттеус каби афсоналар тўп сурган ушбу рақам остида.
“Реал” клуби тарихида ҳам 10-рақам остида юлдузга айланган футболчилар кўплаб топилади. Бироқ ушбу рақамда Фигу тўп сурганидан кейин вазият ўзгарди. “Барселона”дан “Реал”га ўтиб, каталониялик мухлислар ғазабига учраган португалиялик футболчидан қарғиш теккан “10-рақам” "Қироллик клуби"га мерос бўлиб қолди.
Келинг, Фигудан сўнг “қаймоқранглилар” таркибида тўп сурган 10-рақам эгаларини эсга оламиз.
1. Робиньо (2005-2008)
Робсон де Соуза 2002 йили “Сантос”нинг асосий таркибида дебют ўйинини ўтказади ва биринчи мавсумнинг ўзидаёқ 29 ўйинда 10та гол киритади. Айнан ўша мавсумда “Сантос” 20 йиллик танаффусдан сўнг Бразилия чемпионатида ғалаба қозонади.
Катта футболга шундай порлаб кириб келган ёш юлдузни “янги Пеле” деб ата бошлайдилар. Ушбу воқеалардан сўнг, Мадрид клуби ўз скаутларини Бразилияга жўната бошлайди.
“Сантос” таркибидаги ўзининг сўнгги мавсумида Робиньо 28 учрашувда 24 гол уришга муваффақ бўлади. Шу йили ёзда у Испанияга кўчиб ўтади. 2005 йили амалга ошган трансферда Робиньо учун 25 миллион евро тўланади.
Бу вақтда клубни Луиш Фигу тарк этганди ва 10-рақам бўш қолганди. Бразилиялик футболчи мамнуният билан ушбу рақамни қабул қилиб олади.
Робиньонинг “Қироллик клуби”даги биринчи мавсуми энг яхшиси бўлиб қолади: у мавсум давомида 12та гол муаллифига айланади. Кейинги мавсумлар омадсиз кечади.
2008 йили"Реал" бразилилик ҳужумчини“Манчестер Сити”га сотиб юборади.
2. Уэсли Снейдер (2008-2009)
2008 йилнинг августида “Аякс”дан 27 миллион евро эвазига Уэсли Снейдер сотиб олинади. Дастлаб, 23-рақам остида ўйнай бошлайди (бу вақтда Робиньо ҳали жамоани тарк этмаганди), бразилиялик футболчи кетиши биланоқ ўзига 10-рақамни танлайди.
Бу рақам остида Снейдер "Реал" таркибидаги дастлабки ўйинлардаёқ оғир жароҳат олади ва 3 ойга сафдан чиқади.
Кейинги йили клубни Флорентино Перес қабул қилиб олади. У жамоадаги голланд футболчилар - Ван дер Варт ва Роббеннинг жавобини бериб юборади. Клуб президентида катта таассурот қолдира олмаган Снейдер ҳам “Интер”га равона бўлади.
"Мен билан бўлган воқеа камдан-кам бўлган. Мураббий (Пеллегрини) менинг қолишимни истади, аммо клубда мени кераксиз деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор" – деганди ўшанда Уэсли Снейдер.
3. Лассана Диарра (2009-2010)
"Реал" барчани ажаблантириб, ҳали кўпчилик танимайдиган Лассана Диаррани 20 миллион евро эвазига “Портсмут”дансотиб олади. Қизиғи, “Портсмут” бу футболчини бир неча кун аввал “Арсенал”дан 9 миллион еврога сотиб олганди.
Снейдер сотиб юборилгач, "Ласс" ўзига машҳур 10-рақамни олди. Аммо у “Реал” таркибида бу рақам остида умуман из қолдира олмади.
4. Месут Ўзил (2010-2013)
Жанубий Африкада бўлиб ўтган ЖЧ-2010 кашфиётларидан бири Месут Ўзил клуб президентининг уддабуронлиги туфайли “Реал” сафига қўшилади. Дастлаб унга “Барселона” асосий даъвогар эди. Футболчининг ўзи ҳам каталонияликлар сафига қўшилиш ниятини билдирганди. Аммо Флорентино Перес футболчининг нозик жойини топди – отаси билан келишувга эришди.
Шундай қилиб, Диаррадан қолган 10-рақам янги юлдузга насиб этди.
Аввалига Ўзил учун “Реал” таркибидаги фаолияти жуда муваффақиятли бошланди. У жамоанинг асосий плеймекерига айланди. 2011 йили Жозе Моуриньо қўл остида “Барселона”ни финалда мағлуб этиб, Қирол Кубогини қўлга киритди.
Бироқ Моуриньонинг деярли таркибнинг барча аъзолари футболчилар билан келишмовчилиги авж олиб борди, улар қаторида Ўзил ҳам бор эди.
2013 йили Моуриньо жамоадан кетди. Ўзил ҳам шу йили “Арсенал”га сотиб юборилди.
5. 10-рақамли футболчисиз йилда ЕЧЛда 10-ғалаба
Месут Ўзил жамоани тарк этгач, 10-рақам бутун мавсум давомида бўш қолди.
Эътиборлиси, айнан шу йилда Десима - ЕЧЛдаги 10-ғалаба қўлга киритилди.
6. Хамес Родригес (2014)
Худди Месут Ўзил каби Жаҳон чемпионатида порлаган Хамес Родригес 2014 йилнинг 22 июлида “Монако”дан 80 миллион евро эвазига харид қилинди.
Колумбиялик футболчининг ҳам “Қироллик клуби” таркибидаги дастлабки мавсуми Ўзилники сингари муваффақиятли кечди. Муҳим ўйинларда муҳим голларга муаллифлик қилди. Иккинчи мавсумдан эса унинг ўйинида пасайиш кузатилди. Жароҳатлар, Рафа Бенитес билан келишмовчиликлар унинг асосий таркибга қўшилишига тўсқинлик қилди.
Клуб бошқарувига Зайниддин Зидан келгач, Хамеснинг имкониятлари ошиши кутилганди. Аммо француз мураббийи қўл остида ҳам у ҳамон захира футболчиси мақомидан кўтарила олгани йўқ.
Луиш Фигу "Мадрид"ни тарк этганидан буён 10-рақамли футболка кийган бирор футболчи клуб истаган даражада барқарор ўйин кўрсата олмади. Айримлари маълум муддат жуда яхши футбол намойиш этган бўлса-да, тез орада клубни тарк этишга мажбур бўлди.
Хамес Родригесни ҳам худди шу тақдир кутиб тургани тобора ойдинлашиб бормоқда.
Лутфулло Турсунов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).