Эслатма: Ушбу мақола узун мақолаларни ўқишга сабри етадиган ва камида бир марта бўлса ҳам Озодбек Назарбековнинг “Хафа бўламан” номли қўшиғини эшитган инсонларга ўқиш учун тавсия этилади.
Кириш.
Умумий гаплар.
Лондонда ўтаётган 30-ёзги олимпиада ўйинлари (Рим рақамларида ёзгим келмади) ўзининг қизғин палласига кирди. Энг кучлиларни саралаб берадиган 4 йилликнинг энг муҳим мусобақасида ҳамюртларимиз ҳам иштирок этаётганидан хабарингиз бор ва ишонаманки, уларнинг чиқишларини катта қизиқиш ҳамда ҳаяжон билан кузатиб бормоқдасиз. Бугунги кунга келиб делегациямиз таркибида мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилган 54 та спортчидан (рухсат берилмаганлари ҳам бор, биласиз) 15 таси ўз чиқишларини якунлади. Олимпиада якунларигача яна 39 та спортчимиз ғолиблик учун кураш олиб боради. 39 та-я! Уларга омадлар тилаб қоламиз.
Ҳозирча 15 та спортчиларимиз орасидан фақат Ришод Собиров шоҳсупага кўтарилди, у Ватанимиз ҳисобига 1 та бронза медалини ёзиб қўйди.
Умумий гаплар тугади, энди жиддийларига ўтамиз.
Асосий қисм.
1. Натижамиз қониқарлими?
Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳозирча фақат 1 та энг кичик медал билан чекланиб турибмиз. Давлатлар ўртасидаги норасмий рейтингда 39-ўринда туришимизни таъминламоқда ушбу медал. Бир томондан олиб қараганда, 204 та мамлакат орасида бу ҳам натижа, шундай эмасми? Бунинг устига ҳали олдинда яна 10 кун, 39 та спортчимиз бор, тўғрими? Тўғриликка, тўппа-тўғри. Аммо 22 та давлат аллақачон олтин медал, 28 та давлат эса кумушга эгалик қилишгани айтсам-чи? Биламан, биламан, сиз менга ҳали 155 та давлат умуман медал олмаганини айтасиз. Бу гапингизда ҳам жон бор. Демак, ҳозирча иштирокимиз қониқарли.
Аммо ҳозирги натижаларимиз бунданда яхшироқ бўлиши мумкин эди-ку, буни ҳам инкор этмассиз?
Мавзудан ташқари:
- Биз медаллар бўйича 39-ўринда, яъни медал олган давлатлар рўйхатининг охиридамиз. Буни ҳам бир яхши томони боракан. Google қидирув тизимида Лондон-2012га боғлиқ исталган сўзни қидирувга берсангиз, Google ўнг томонда медаллар жадвалини илова қилиб чиқарар экан. Ўша жадвалда охирги ўриндаги давлатни доимий ўзгармас қилиб жойлаштиришибди. Шундай қилиб, Ўзбекистон номи ҳар қанақасига ҳам кўриниб туради. Бутун жаҳонга! :) Илоҳим, бунақа “ёпишқоқликдан” тезроқ қутулайликда...
2. Ким яхшироқ натижа кўрсатиши мумкин эди?
Ришод Собиров. Ушбу спортчининг ҳақиқатда кучли эканлигини шундан билиш мумкинки, у бронза медали олганда нафақат ўзи, балки жуда кўплаб юртдошларимиз ҳам ўта қувониб кетишмади. Оддийгина қабул қилишди. Хафа бўлганлар ҳам бўлди. Тасаввур қиляпсизми, Олимпиаданинг бронза медалидан хафа бўлишди! Чунки у бундан кўпроғига лойиқ эди. Афсус, у Олимпиада ўйинларида ўзи учун янгилик қила олмади. Аммо Олимпиада ўйинлари бронза медалини ётволиб орзу қиладиган спортчилар нечта, эҳҳей...
Сергей Лагутин. Велопойгачимиз мусобақада жуда яхши иштирок этди. У шоссе бўйлаб 250 км.да ўтказилган пойга баҳсларининг якунида 5-ўринда қайд этди. Аслида у 3-ўриндаги спортчи билан бир хил натижа кўрсатган, яъни пелотон бир вақтда маррага етиб келган, шу сабабли 3-ўрин масаласини фотофинишда аниқлашга тўғри келган. Афсуски, бу ерда омад биз томонда бўлмади ва фотофиниш натижалари юртдошимизга фақатгина 5-ўринни тақдим этди холос. Бронза қўлдан кетди. Аммо барибир Сергейнинг иштирокига тасанно айтиб қоламиз.
Агарда Денис Истоминга 3-босқичдаёқ Роже Федерер рўбару келмаганда, у ҳам яхши натжалар қайд эта оларди, бемалол. Дениснинг ҳозирги спорт формаси жуда яхшилигини гувоҳи бўлган бўлсак, унинг иродаси ҳам мустаҳкамлигига 2-босқичдаги учрашувда амин бўлдик. Минг афсус, Федерерни мағлуб эта олмади, аммо бунда уни айблаб бўлмайди. Раҳмат, Денис!
Бўлди... Қолганларнинг чиқишларини кўриб, яхшироқ натижадан умид қилмадим. Ўзи аслида Олимпиададан олдин ҳам умид қилинмаганди менимча.
Демак, ваҳима қилишга арзимасакан натижаларимиз. Нега бизда бор-йўғи битта медал деб айюҳаннос солишга ҳали вақтли экан. Охиригача кўрайликчи, кейин якуний хулоса берармиз бу борада.
Эртага тонг отсин, ҳаммасини кўрасиз... (с)
3. Жисмоний ҳолат
Спортчиларимизнинг жисмоний ҳолати мени ҳайрон қолдирмоқда. Айниқса дзюдочиларимиз ва оғир атлетикачиларимизнинг.
Дзюдочиларимиз ҳал қилувчи жанглар яқинлашавергани сари кучсизланиб боришмоқда. Тўғри, мантиқан олганда рақиблар ҳам кучайиб боради. Аммо рақибга қарши тактик ютқазиш бошқа, жисмоний жиҳатдан чарчаб қолиш бошқа. Балки бу ҳолатни 1 куннинг ўзида бир неча жанг ўтказаётганлиги билан боғлаш керакдир. Лекин спортчиларимиз ҳам олдиндан билишарди-ку мусобақалар 1 кунда бўлишини. Шунга яраша жиддий тайёргарлик кўришса бўлмасмиди? 4 йил давомида жисмоний ҳолатини 1 кунда 5 та жанг ўтказишга тайёрлаш шунчалик қийинмиди?
Оғир атлетикачиларимиз-ку энди алоҳида мавзу! Уларнинг натижаси жиддий муҳокама талаб этади. Тасаввур қилинга, бугунги кунгача 3 та спортчимиз баҳсларга киришиб, учаласи ҳам мусобақани якунлай олишмади. Ўрин олиш у ёқда турсин, тошни кўтара олишмади!
Бу қанақаси бўлди??? Спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари ўз имкониятларини наҳотки билишмаса? Ким қандай оғирликдаги тошни кўтара олишини наҳотки машғулотлар давомида ўрганишмаган бўлса?
Бугунги кунгача мусобақаларда иштирок этган Марина Сисоева, Руслан Макаров ва Бахром Мендибоевлар орасидан фақат Руслангина бир марта даст кўтаришда 117 кг. тошни кўтара олди, тамом. Спортчиларимизнинг қолган ҳамма уринишлари муваффақиятсизлик билан тугади.
Балки сиз Марина ҳали жуда ёшлиги (19 ёш) ёки йигитларимизнинг рақиби жуда кучли бўлганлигини бунга сабаб қилиб келтирарсиз. Аммо бу гаплар ортиқча. Гап бу ерда нега улар совринли ўрин ололмаганида эмас. Чунки биз улардан медал талаб қилмаяпмиз-ку. Оғир атлетикадан ҳали медал талаб қиладиган ҳолатга чиқишимизга бироз вақт бор. Гап бошқа жойда. Биз муносиб иштирок этишларини талаб қилаяпмиз. Нега улар ҳеч бўлмаса мусобақани охирига етказа олишмади? Ахир кўтарадиган тошини ўзлари белгилайди-ку, биров уларни мажбурлаб фалон оғирликдаги тошни кўтарасан дейишмайди-ку. Битта имконият бўлса ҳам майли эди, тасодифан кўтара олишмагандир-да десак. Аммо уларга 3 та имконият берилади! 3 та!
Хуллас, шунақа гаплар. Спорт федерацияларимиз бу борада жиддий бош қотиришлари лозим, менимча.
4. Допинг
Олимпиада ўйинлари олдидан ҳаммамизни ташвишга солган допинг муаммоси, Олимпиада вақтида ҳам бизни тинч қўймади. Бунга ҳам расмийларнинг бирон изоҳи борми? Абдулла Тангриев майли, у мусобақага бормади ҳам. Аммо Луиза Галиулина-чи? У делегациямиз таркибида Лондонга учганди. Айтмоқчи бўлганим, Олимпия қўмитамиз таркибида махсус тиббиёт гуруҳи йўқми? Улар текширувдан ўтказишмайдими спортчиларимизни? Ёки Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, федерация, мураббийлар жиддий назорат остига олишмайдими бу масалани? Агар олишмаса, олиш керак! Бунақа можаролар ҳеч қачон обрў келтирмайди. Бошқа такрорланмаслигини чин дилдан хоҳлардим.
Миллий антидопинг агентлиги ҳақида маълумот:
http://olympic.uz/ru/antidop/list.php?SECTION_ID=198
Ушбу агентлик ҳақиқатдан борми? Охирги воқеалардан кейин одам шубҳаланиб қолди!
5. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги сайти: Лондонга ким кетди ўзи?
Лондон-2012 даги Делегациямиз иштироки ҳақидаги маълумотларни мухлислар ҳар қачонгидан ҳам тезроқ ва қулайроқ тарзда билиб бормоқдалар. Сабаби бугунги кунда ОАВ, айниқса Интернет журналистикаси шиддат билан ривожланмоқда.
Аммо барча сайтларда ҳам тўлиқ ва ишончли маълумотлар олиб бўлмайди, баъзан. Бундай вазиятларда кўпинча расмий сайтларга мурожаат қилишга тўғри келади. Лондон-2012 Олимпиадасининг расмий сайти сифатида http://www.london2012.com манзили ишлаётган бўлса, Ўзбекистон Делегацияси ҳақида Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг расмий сайтида иш бошлаган http://uz.mcs.uz/sport/l2012/ саҳифаси маълумотлар бериб бормоқда. Шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғида Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг расмий твиттери (@uz_mcs_uz) ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий твиттери (@Olympicuz) тезкор маълумотлар бериб боришмоқда.
Қизиғи шундаки, Олимпиада бошланган вақтларда ҳам кўпчиликда Делегациямизнинг тўлиқ таркиби ҳақида аниқ маълумот йўқ эди. Бу борада бир қанча сайтларда нотўғри маълумотлар ҳам берилди. Уларни айблаб бўлмайди. Сабаби улар маълумотларни Маданият ва спорт ишлари вазирлиги расмий сайтига таянган ҳолда олишганди. Расмий сайтда берилган делегациямиз таркиби Лондон-2012 расмий сайтида берилган таркиб билан фарқ қилмоқда. Хатто ҳозир ҳам.
Вазирлик сайтида “Олимп сари” (http://uz.mcs.uz/sport/l2012/london2012/300-olimp-sari.html) деб номланган янгилик берилган ва унда Олимпиадада иштирок этиш учун лицензия олган спортчиларимиз рўйхати келтирилган. Мазкур рўйҳатдаги қуйидаги маълумотлар Лондон-2012 Олимпиадаси расмий сайтидаги маълумотлардан фарқ қилмоқда:
1. Гузал Хуббиева вазирлик сайтида уч хатлаб сакраш мусобақаси бўйича лицензия олган дейилган, аммо Лондон-2012 расмий сайтида 100 метрга югуриш мусобақаларида иштирок этиши кўрсатилган (http://www.london2012.com/athlete/khubbieva-guzel-1069571/).
2. Юлия Тарасова бизда “уч хатлаб сакраш” сакраш кўрсатилган, уларда эса “узоқликка сакраш” дея қайд этилган (http://www.london2012.com/athlete/tarasova-yuliya-1069574/).
3. Вазирлик сайтида Спорт гимнастикаси ва Ўқ отиш спорт турларидан жамоавий қатнашишимиз кўрсатилган, аммо Лондон-2012 расмий сайтида ушбу спорт турларидан жамоавий эмас, яккалик баҳсларида иштирок этишимиз қайд этилган. Хусусан, спорт гимнастикасидан Луиза Галиулина иштирок этиши керак бўлган бўлса (кейинчалик допинг можароси туфайли лицензияси олиб қўйилди), ўқ отиш спортидан Сакина Мамедова қатнашиши кўрсатилган (http://www.london2012.com/athlete/mamedova-sakina-1065227/).
4. Майли, юқоридаги фарқлар унча катта эмас. Аммо энг катта тушунмовчилик эркин курашда бўлмоқда. Гап шундаки, Вазирлик сайтида 74 кг. вазнда Рашид Қурбонов лицензия олганлиги ҳақида маълумот берилган, хатто сайтнинг “Атлетлар” бўлимига унинг анкетаси ҳам жойлаштирилган (http://uz.mcs.uz/sport/l2012/sportstars/1361-rashid-qurbonov-magamedovich.html). Аммо Лондон-2012 расмий сайтида ушбу вазн бўйича делегациямиз таркибида Пекин олимпиадаси кумуш медали соҳиби Сослан Тегиев кўрсатилган (http://www.london2012.com/athlete/tigiev-soslan-1072639/). Хўш, аслида ким олимпиадага кетган? Қурбоновми ёки Тегиев? 10 август куни гиламга ким чиқади? Улар эгизак эмас-ку, Ҳасаннинг ўрнига Ҳусан адашиб кетиб қоладиган. Ёки бу ерда биз оддий мухлислар билмайдиган бирон гап бормикин?
Мавзудан ташқари-2:
- Сиз қуйидаги манзилдан Спортчиларимизнинг Олимпиадада қатнашиш санаси, вақти махсус тартибланган ҳолда келтирилган файлни кўчириб олишингиз мумкин. Шунингдек, сиз Олимпиадада қатнашган ва қатнашаётган делегациямизнинг тўлиқ, расмий таркиби, спортчиларимиз қайси босқичда эканлиги ва қандай натижа кўрсатганлиги ҳақида ҳам маълумот олишингиз мумкин. Ушбу файлни принтердан чоп этиб, ўзингиз учун махсус тақвим ҳам ясаб олишингиз мумкин.
ЭСЛАТМА: Файл Microsoft Excel форматида тайёрланган.
Ҳажми: 46 кб.
6. Кимдан умид бор?
Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳали яна олдинда 39 та спортчимиз “жанга” тайёр туришибди. Уларнинг орасида Олимпиада медалларини олиш потенциалига эга бўлган спортчиларимиз бир нечтани ташкил этади. Хўш, улар кимлар? Шу ҳақида сизлар билан шахсий фикрларимни ўртоқлашмоқчиман. Мақолани ушбу қисмини Озодбек Назарбековнинг “Хафа бўламан” номли қўшиғи билан ҳамоҳанг тарзда ёздим. Шу сабали сизга ҳам баъзи жойларини ушбу қўшиқни ҳиргойи қилгандек ўқишни тавсия қилардим :)
Вадим Менков. Мазкур спортчимиз Лондонда иккита йўналиш бўйича баҳсларни олиб боради. 6 август куни 1000 метр масофага каноэда эшкак эшиш баҳсларида қатнашса, 10 август куни 200 метрга ўз омадини синаб кўради. Балки жуда ошириб юбораётгандирман, аммо Вадим иккала мусобақада ҳам медал олишига ишонаяпман.
Шунча кутдим, гар ютмасанг,
Хафа бўламан, хафа бўламан.
Бир олтин-у, кумуш олмасанг
Хафа бўламан, хафа бўламан.
Артур Таймазов. Артур ҳам бизга олтин медал олиб бериши мумкин бўлган спортчилардан. Унинг тажрибасига шак-шубҳа йўқ. Охирги 3 та Олимпиадада 2 та олтин ва 1 та кумуш олганини ўзи ҳам бундан дарак бериб турибди. Катта эҳтимолки, Артур ўзининг сўнги Олимпиадасини юқори нотада якунлаши учун ҳам Лондонда ғалаба қозониши керак ва шарт!
Юрагимни тирнар гумон,
Шубҳа дилни чақар илон.
Олтин олмасанг, сендан ёмон,
Хафа бўламан, хафа бўламан...
Екатерина Хилько. Трамполинда сакраш бўйича иштирок этувчи ҳамюртимиз, ўзининг Пекин олимпиадасидаги муваффақияти тасодиф эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. Менимча, буни уддалай олса керак. Ростини айтсам, мен-ку бунга унча ишонмаяпман, аммо негадир ойим ҳар сафар Олимпияда мавзуси очилганда, Екатерина Хилько медал олади ҳали, қараб тургин дейдилар. Бу ерда бир гап бор, менимча, кўчадаги аёллар шунақа дейишган бўлса керак. Улар айтганми, демак олади! Тамом!
Осмонимда юлдузимсан,
Кўзда нурим, кундузимсан,
Сен ютқазсанг, мен ўзимдан
Хафа бўламан, хафа бўламан.
Дилшод Мансуров. Ушбу спортчимиздан ҳам умидимиз катта. Дилшоднинг бир неча йиллик халқаро мусобқалардаги тажрибаси ўз сўзини айтиши керак. Айнан қандай медал олишини билмадимку, лекин ундан камида бронза медалини умид қиламан. Ушбу Олимпиадада Дилшод ўзини кўрсатиши шарт!
Ҳали ютиб келасан-ку,
Медал қадрин сезасан-ку,
Яна ўзинг биласан-ку,
Хафа бўламан, хафа бўламан.
Ульяна Трофимова. Спортчи қизларимиз орасида ҳақиқий малика! Соҳибжамол! Унинг чиқишларини завқланиб кўраман! Гарчи ундан Олимпиадада ҳеч қандай медал кутмаётган бўлсамда, аммо унинг 9-10 августдаги иштирокини албатта томоша қиламан.
Вақт топишга улгуролмай,
Агар қолсам сени кўролмай,
Ўзимни ҳам кечиролмай,
Хафа бўламан, хафа бўламан... :)
Бокс. Ушбу спорт турида айнан кимнидир ажратиб кўрсатмоқчи эмасман. Шунчаки бокчиларимиздан камида битта кумуш кутаяпман. Ҳозирча 6 та боксчимиз орасидан, фақат Орзубек Шоимовгина ўз юришини тўхтатган. Қолган 5 киши мусобақаларни давом эттиришмоқда. Боксчилар Пекин олимпиадасидаги муваффақиятсиз иштирокларини ювиш учун ҳам бизга медал совға қилишлари лозим!
Шунингдек, таэквондочиларимиз, енгил атлетикачиларимиз (Гузал Хуббиева, Юлия Тарасова, Светлана Радзивил), Эркин ва юнон-рум курашчиларимиздан ҳам медаллар кутаяпман, аммо афсус улар ҳақида Озодбекнинг қўшиғининг матни тугаб қолгани учун батафсил тўхталиб ўтирмадим :)
Агар мабодо улар медал ололмай қолса (Худо сақласин), унда бунга Озодбек Назарбеков сабабчи бўлади, узунроқ қўшиқ айтса бўлмасмиди?! (ҳайрон бўлманг, футболдаги мағлубиятларимизга баҳона тўқийвериб, кўникиб кетганмиз).
Хулоса.
Аввалинг хор бўлса бўлсин, охиринг хор бўлмасин.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашим жоизки, ҳали умидингизни сўндирманг. Спортчиларимиздан хафсалангиз пир бўлмасин. Ҳали энди 5 кун бўлди Олимпиадани бошланганига, яна 10 кун олдинда, нақ 10 кун! 39 та спортчимиз бор, нақ 39 та! Бу баъзи мамлакатларнинг бутун бошли делегацияси сонидан кўпроқ дегани! Охиригача кутинг, ваҳоланки, натижа биз кутган даражада бўлмаган тақдирда ҳам танқид қилишга, ёмонлашга улгурамиз бемалол! Ҳозирча кутайликчи...
Спортчиларимизга мухлислик қилишда давом этинг! Уларни қўллаб-қувватланг! Мен ишонаман, Худо хоҳласа, улар бизни албатта қувонтиришади! (Атайин “хушнуд қилишади” демадим, тағин ўзини реклама қиляпти деб ўйламанг дедим)
Омад ёр бўлсин, азизлар!
Хушнудбек Худойбердиев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).