1) ЖЧ-2014 саралашида терма жамоамиз иштирокидан кўнглингиз тўлдими?
Ҳақиқатдан қочиб, адолатни ўзига соябон қилиб олган Ўзбекистон футбол федерациясию, Ватан манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган терма жамоанинг ўйинларидан қандай қониқиш ҳосил қилиш мумкин?
Кўксимизга ютган жамоаларнинг ўйинини ўйиб ёзиб қўйсак ҳам, мундиалга чиқолмасак бари сафсата эканлигини кўрдик, кўриб ўтирибмиз ҳам. Қолаверса, Вадим Абрамов ишдан олингандан сўнг ЎФФ биносида норозилик қилган футболчилардан бундан ортиқ натижани кутишнинг ўзи ахмоқлик. Йигирма йилдан бери кўз ёш тўкиб мундиалнинг исини олиб келишадию, охирида шашликка пули етмаган инсондек унинг иси билан кифояланган терма жамоа ўйинларидан хурсанд бўлишнинг ўзи кулгули эмасми?
2) Тўғридан-тўғри йўлланманинг қўлга киритилишига нима халақит берди?
Футболчилар. Нега, дейсизми? “Қария” футболчиларнинг аксарияти Миржалол Қосимовни ёқтирмаслигини кўпчилигимиз биламиз. Ҳатто буни баъзи бир ўйинларда ўзига хос “ўхшамаган хатолар” билан исботлаб ҳам беришди. Ишонмасангиз, ЖЧ-2014 саралаш доирасида Қосимов давридаги ўйинларни яна бир бор кўриб чиқинг. Қолаверса, “Абрамовчилар”нинг “Қосимовга қарши акция иши”ни исботлаш учун бутун бир архив титкилаш шарт эмас. Ўша Вадим Абрамов ишдан олинган кундаги воқеаларнинг ўзи кифоя.
Мураббий. Машҳурлик соясида қолиб кетган тажрибасизлик, ишончсизлик ва қўрқоқлик. Бу борада сайтда ҳамкасбларим тўхталиб ўтгани учун бошқа изоҳнинг ўзи ортиқча.
3) Энди нима қилиш керак, ўйлайсиз?
Нима қилишдан не фойда? Ҳаммасини қўлдан бой бериб бўлдик-ку. Ёки ҳали ҳам мундиалга чиқишимизга ишонасизми? Йўқ, Жанубий Америка мамлакатлари бизлар учун “подарка” эмаслигини ЎФФнинг ўзи ҳам жуда яхши билиб турибди. Кўпчилик, мураббийни алмаштириш фикрида турганлигини биламиз. Бу билан ЎФФни ҳам, Қосимовни ҳам сувдан қуруқ чиқариш йўлини ўзимиз кўрсатиб қўямиз. Йил охиридаги ЎФФ ҳисоботида, сиз мураббий алмашишини талаб қилдингиз, биз бажардик. Мана оқибати деб, ўзимизнинг гапимиз билан ўзимизга мум тишлатади. Айнан шундан сўнг бошланади. Яна тўрт йил, яна асаббузарлик ва ҳисоб-китоблар.
Яна бир гап. ФИФА талаблари бўйича ҳукумат футболга аралашмаслиги керак. Аммо бизда футболимиз ривожи учун ҳукуматимиз ажратаётган пулларнинг чек-чегараси йўқ. Шу боис ҳукуматимиз натижани ҳам талаб қилишга ҳаққи бор. Шундай экан, миллат футболини тубдан ислоҳот қилиш керак. Фақат пулнинг эвазига чемпионликни тортиқ қиладиган, Биринчи лигасида захирадаги футболчисидан тортиб майдондаги ҳужумчисигача ўйинни совға қиладиган, ҳакамлари очиқ ва ошкора ўйинни сотиш учун пул сўрайдиган ПРОФЕССИОНАЛ ФУТБОЛ ЛИГАмизнинг асл башарасини очиш керак.
P/S: Айтингчи, нега эрталабдан кечгача тинимсиз меҳнат қиладиган ходим арзимас маош оладию, ётай деса ётоғи, борай деса машинаси, емоқликка сариёғдан тортиб колбаса гўштларигача тайёр бўлган, камига хориж йиғинларида ялло қилиб юрадиган футболчиларнинг олаётган миллионлаб маоши билан нега ҳеч кимнинг иши бўлмайди? Далада кетмон чопиб, тоғларда қўй боқиб юрган инсонга футболчиларимиз оладиган маошни айтсангиз, қувончдан эмас, аламдан йиғлайди. Хўш, нега. Уларнинг меҳнати футболчиларникидан камми?
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).