ЖЧ-2014 Саралашининг гуруҳ босқичлари якунлангач, мазкур турнирда Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки ҳақида шу даражада кўп маротаба фикр-мулоҳазалар, мақолалар ёзилдики, бу мавзунинг қўл урадиган, ёритадиган жойини ўзи қолмади. Асосий таҳлилий, танқидий мақолалар Стадион.Уз сайтида эълон қилинди. Бошқа сайтлар ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ албатта. Менимча, мавжуд ҳолат батафсил, атрофлича муҳокама қилинди. Кимдир айбни мураббийда деди, кимдир унга қарши чиқди. Қарши чиққанларга раддия билан қарши чиқишувди, эртаси куни қарабсизки, қарши чиққанларга қарши чиққанлар фикрига қарши чиқишиб яна битта раддия пайдо бўлди. Хуллас, қий-чув, ур-тўполон кўп бўлди. Футбол атрофида ҳам, футболдан ташқарида ҳам.
Майли, мен бу борада кимнидир ёнини олмайман. Мен бетараф. “Қосимов кутилган натижа кўрсата олмади, кетсин” дегувчилардан ҳам, “Қосимов зўр акахон, қолсин” дегувчилардан ҳам эмасман. Мен бир оддий мухлис: ютсак қувониб, ютқазсак ғам чекувчи, оддий футбол мухлисиман холос.
Аммо... Аммо ҳозирги мақолам терма жамоамизнинг Саралаш ўйинларида кўрсатган натижаларига бағишланади. Ҳамма голларни ҳисоблади, ғалаба-ю, очколарни байроқ қилиб кўтариб чопишди. Рекорд очко олдик дейишди ва ҳ.к. Мен эса бошқа томонига эътибор қилмоқчиман. Лаҳзаларга!
Юқорида айтгандим-а: мен бир оддий мухлис, ғалаба ва мағлубиятни турлича ҳазм қиладиган деб? Ана шу мезондан келиб чиқиб, оддий мухлис сифатида неча дақиқа хурсандчилик нашидасини тортганман-у, неча дақиқа ғамгин ҳолатда бўлганман, шуни бир ҳисоблаб чиқай дедим. Ҳа-я, олдиндан айтиб қўяй, буларни ҳисоблашим учун нари борса 10 дақиқа вақтим кетди. Қиладиган ишинг йўқми бошқа, дейдиган мухлисларни кўп кўрганмизда, шунинг учун айтдим, қўйдим, холос.
Хуллас, диққат қилинг. Ўзбекистон терма жамоаси 2-босқични ҳисобга олмаганда, 3 ва 4-босқичларда жами 14 та ўйинда майдонга тушди. Шундан 7 та ўйинда Вадим Абрамов бош мураббий сифатида жамоани бошқарган бўлса, 7 та ўйинда Миржалол Қосимов Ватанимиз жамоасини олға бошлади.
Энди дақиқаларга келсак. Терма жамоа қайси мураббий қўл остида неча дақиқа дуранг ўйнаган, неча дақиқа ғалаба қозониб турган ва неча дақиқа мағлубият аламини тортишган. Ўйинларга турли хил миқдорда қўшимча вақтлар қўшиб берилганлигини ҳисобга олиб, ҳамма ўйинни яхлит 90 дақиқа деб оламиз. Шунда осонроқ бўлади.
Натижалар қуйидагича:
Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги 7 та ўйинда натижалар қуйидагича:
Ғалаба — 272 дақиқа
Дуранг — 358 дақиқа
Мағлубият — 1 дақиқа (балки 1 дақиқа ҳам эмасдир, Эрон билан қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказгандик ёдингизда бўлса)
Вадим Абрамов бошчилигида терма жамоа 1 дақиқадан кўп вақт ичида майдонда бошини эгиб ҳаракат қилмаган экан.
Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги 7 та ўйинда натижалар қуйидагича:
Ғалаба — 194 дақиқа
Дуранг — 363 дақиқа
Мағлубият — 73 дақиқа
Хуллас, биз сўнги саралаш босқичида кўпроқ асабийлашганмиз. Юракни кўпроқ ҳовучлаганмиз.
Юқоридаги рақамлар қаердан пайдо бўлгани Сизга янада тушунарли бўлиши учун қуйида батафсил жадвални тақдим этаман:
Вадим Абрамов мураббийлигидаги ўйинлар:
Босқич / Тур / Сана
|
Рақиб / Ҳисоб
|
Гол урилган дақиқалар
|
Жами
|
3-босқич
1-тур. 02.09.2011
|
Тожикистон
1-0
|
72
|
Ғалаба – 18;
Дуранг – 72;
Мағлуб – 0.
|
3-босқич
2-тур. 06.09.2011
|
Япония
1-1
|
Ўзб – 8;
Япон – 65
|
Ғалаба – 57;
Дуранг – 33;
Мағлуб – 0.
|
3-босқич
3-тур. 11.10.2011
|
КХДР
1-0
|
26
|
Ғалаба – 64;
Дуранг – 26;
Мағлуб – 0.
|
3-босқич 4-тур. 11.11.2011
|
КХДР
1-0
|
48
|
Ғалаба – 42;
Дуранг – 48;
Мағлуб – 0.
|
3-босқич 5-тур. 15.11.2011
|
Тожикистон
3-0
|
35, 60, 70
|
Ғалаба – 55;
Дуранг – 35;
Мағлуб – 0.
|
3-босқич 6-тур. 29.02.2012
|
Япония
1-0
|
54
|
Ғалаба – 36;
Дуранг – 54;
Мағлуб – 0.
|
4-босқич.
1-тур. 03.06.2012
|
Эрон
0-1
|
90+3
|
Ғалаба – 0;
Дуранг – 90;
Мағлуб – 1.
|
Миржалол Қосимов мураббийлигидаги ўйинлар:
Босқич / Тур / Сана
|
Рақиб / Ҳисоб
|
Гол урилган дақиқалар
|
Жами
|
4-босқич.
2-тур. 08.06.2012
|
Ливан
1-1
|
Ўзб - 12
Ливан - 34
|
Ғалаба – 22;
Дуранг – 68;
Мағлуб – 0.
|
4-босқич.
3-тур. 11.09.2012
|
Ж.Корея
2-2
|
Ўзб - 13, 59
Ж.К. - 44, 57
|
Ғалаба – 31;
Дуранг – 57;
Мағлуб – 2.
|
4-босқич.
4-тур. 16.10.2012
|
Қатар
0-1
|
13
|
Ғалаба – 77;
Дуранг – 13;
Мағлуб – 0.
|
4-босқич.
5-тур. 14.11.2012
|
Эрон
0-1
|
71
|
Ғалаба – 19;
Дуранг – 71;
Мағлуб – 0.
|
4-босқич.
6-тур. 26.03.2013
|
Ливан
1-0
|
63
|
Ғалаба – 27;
Дуранг – 63;
Мағлуб – 0.
|
4-босқич.
7-тур. 11.06.2013
|
Ж.Корея
1-0
|
43
|
Ғалаба – 0;
Дуранг – 43;
Мағлуб – 47.
|
4-босқич.
8-тур. 18.06.2013
|
Қатар
5-1
|
Ўзб - 61, 72, 74, 87, 90+1
Қатар - 37
|
Ғалаба – 18;
Дуранг – 48;
Мағлуб – 24.
|
Мана натижаларимизнинг рақамларда кўриниши шунақа бўлган экан. Хулоса ўзингиздан. Мен бетараф. Кимнидир ёнини олишдан, кимнидир танқид қилишдан йироқман. Мен бир оддий мухлис: ютсак қувониб, ютқазсак ғам чекувчи, оддий футбол мухлисиман холос.
Хушнуд Худойбердиев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).