Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) президенти Мишель Платини футболда оқ карточкаларни жорий этиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда, «Р-Спорт» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Платини, бундан ташқари, расмий учрашувларда учта захира амалга ошириш етарли эмаслигини, ушбу кўрсаткични бештага етказишни ҳам таклиф қилган. Маълум бўлишича, УЕФА раҳбари бу фикрларини 16 октябрь, пайшанба куни нашрдан чиққан ўзининг «Келинг, футбол ҳақида гаплашамиз» («Let’s Talk Football») номли китобида баён қилган.
Франциялик функционернинг фикрича, сариқ ва қизил карточкалардан ташқари футболчини маълум муддат, масалан, 10 дақиқага четлатишни назарда тутувчи оқ карточкани жорий этиш мумкин.
Оқ карточка ва бешта захирани амалга ошириш ҳақидаги таклифлардан ташқари, «Олтин тўп»нинг уч карра соҳиби ҳисобланган Платини футбол ҳакамлари ёшига нисбатан чекловни бекор қилиш ва уларни фақатгина маҳорати ва жисмоний тайёргарлигига асосланиб тайинлашни тавсия қилди.
Платини 28 август куни ўз номзодини 2015 йил майида бўладиган ФИФА президентлиги учун сайловларга қўймаслигини маълум қилганди. УЕФА президенти ўзининг ушбу қарорини футболга яқинроқ бўлиш истаги билан изоҳлаган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).