Бугун ОАВ ва матбуот ходимлари куни. Бизнинг кунимиз. Касб байрамимиз. Шу баҳона бизга бугун ҳамма нарса бўлмасаям, кўп нарса мумкин. Мен ўзимни ҳеч қачон профессионал журналист, деб ҳисобламаган бўлсамда, шу соҳага бироз алоқам бор, деб ҳис қиламан. Журналистика аслида қандай бўлиши ҳақида домлалардан аудиторияларда маърузалар тингламаганман, бу соҳа фанларидан сессиялар топширмаганман, қонун-қоидаларидан тўлиқ хабардор эмасман. Бу борада қуйида исмлари келтирилажак исталган ҳамкасбим мендан юқори. Лекин муаммолар бор жойда кўз юмиб тура олмаслигим ва футболга қизиқишим мени бир неча йил олдин Олимхўжа Бўронов билан, кейинчалик Хайрулла Ҳамидов, Қаҳрамон Асланов, Хушнуд Худойбердиев, Муҳрим Аъзамхўжаев, Шуҳрат Шокиржонов, Ҳасанали Қодиров кабилар билан таништирди, улар билан елкама-елка ишладик, улардан кўп нарса ўргандим. Каттасидан кичигигача ташаккур! Бизга тош отганлар мўл бўлди, ёзғирганлар кўп бўлди, таҳдид қилганлар ҳам бўлди, аммо хушлаганлар анча сероб эди, шукр, ташаккур! ("Чемпион"! Соғиниб эсланадиган нашр, соғиниб эсланадиган жамоа!)
Байрам баҳона ҳам муаммоларни ёзадиганлар ким? Биз-да! Собиқ чемпиончилар. Ўша мактаб вакиллари. Биз байрамлардан осон ўтамиз, йиллар ўтади, байрамларнинг саноғи йўқ, фақат яхши гаплар гапирилади. Ана шу туфайли ҳам ўзбек футболи муаммолари, аниқроғи Миллий Терма Жамоа муаммолари яхши гаплар сирасига киради. У танқид бўлса ҳам. Эрматов ўзининг оламшумул қарорлари билан, ёшларимиз дадил ўйинлари билан ўзбек номини жаҳонга ёйиб юришган бир пайтда Бош Жамоамизда тушкун кайфият ҳукмрон. Нега? Бу саволга жавоблар кўп ёзилди, хўп ёзилди. Бир томон Қосимовни қоралайди, иккинчи томон оқлайди. Ёқлагувчиларнинг дастаклари совун кўпигидек муваққат, омонат, жаноб коучнинг ўз таъбири билан айтганда "барибир ЖЧга чиқа олмадик-ку!" (Футбол шарҳи кўрсатувининг сўнгги сони). Танқид қилгувчиларники турфа кўринишда, маъниси бир хил - эплолмади, эплолмайди. Ҳеч ким Қосимовга шахсий хусумати борлиги учун танқид қилмаяпти, балки Миллат Жамоаси учун қайғуриб ёзяпти. Ёқловчиларни эса бирма-бир эшитинг, уларнинг кимлигини биласиз. Энди ўйлаб кўринг - улар миллат жамоасини ўйлашяптими ё шахсий муносабат устуворми? Риторик саволга жавоб шарт эмас. Улар томонидан янграётган дастаклар, ҳар бир гап яққол жавоб ўлароқ кўриниб турибди.
Бир жойига ҳайрон қоламан. Эмишки, футболчилар бош айбдор, улар ўйнагиси келмаяпти, қариб қолди ва ҳ.к. Нега шу футболчилар аввалги мураббий қўл остида умуман бошқача эдилар? Гап футболчилардами? Мураббийни қолдириб, ҳаммани ҳайдаб солайликми? Армия норози бўлса, навкарларни тарқатворгандан кўра, қўмондонни алмаштирворган маъқул эканлигини ёш болаям билади-ку! Мен Қаҳрамон Асланов ёки Олимхўжа Бўровноларнинг ёзганларидан ошириб ёзолмадим, бир неча кун олдинги ёзилган мақолаларда бу борада барча фикрлар айтиб ўтилган. Ҳаммасида бир маъно – бошқа мураббий керак!!!
Нега байрам баҳона буларни ёзяпман? Байрам татимаяпти, дўстлар. Футбол мухлиси бўлса кончиларгаям татимайди ўз байрами, нончиларгаям, попопчиларгаям. Байрам байрамдек ўтиши учун асосий гала-байрам керак бизга. У эса энди йўқ. Агар Бош Жамоамиз Мундиалга бормаса, собиқ "Чемпион" ҳам, чемпиончилар ҳам, ҳозирги ...лар ҳам бир тийин. Биз ёзаверамиз, уёқда ўз билгиларидан қолмайдилар. Неча йилдирки шу аҳвол. Гоҳи-гоҳида бизни кимдир эшитаётгандек иллюзия пайдо қиладилар, аммо амалда ҳафсаламиз пир бўлаверади. Ким билсин, биз билмаган нарсалар кўпдир уёқда, шунинг учун улар ҳам мажбурдир? Балки биз ақли ноқис, улар ақллироқ бўлгани учун шунақадир? Билмадим.
Имкониятдан фойдаланиб юқорида шарифлари келтирилган дўстларим, укаларим, акаларимга мурожаат: келинг, бошлаган ишимизда бардавом бўлайлик. Ҳар биримиз атрофимиздаги воқеаларга масъулмиз. Қўшин бўла туриб, бир ҳовуч тўдадеккина бўлолмаймизми? Чўчиманг. Қўлга қалам олган кунингиз мана шу майдонга киргансиз ва буёғига нохолислик қилиш, қўрқиш, истиҳола қилишга ҳаққингиз йўқ. Бизда устунлик бор - биз адолат ва ғалабалар тарафдоримиз. Бошқалардан фарқли равишда, шахсий манфаатимиз уйимизда гултувак ва томорқамизда картошка кўринишида. Қолгани Миллий Терма Жамоа учун!
P.S. Шарҳ қолдириш шарт бўлмаган қоралама. Ўқиганингиз учун ташаккур!