ЖЧ-2022 РЕГЛАМЕНТИДАН КЎЧИРМА
Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатини ўтказиш борасида бир нечта регламентлар бор. Бевосита ўйинларни ўтказиш қонун-қоидаларига бағишланган регламентнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
ЎЙИН ҚОИДАСИ:
1. Ҳар бир ўйин 90 дақиқадан иборат бўлади. Ўйин ҳар бири 45 дақиқадан иборат 2 та бўлим ва 15 дақиқалик танаффусдан иборат бўлади. Плей-офф ўйинларининг асосий вақти дуранг билан тугаса, ҳар бири 15 дақиқадан иборат 2 та қўшимча тайм белгиланади. Шундан кейин ҳам ғолиб аниқланмаса, навбат пенальтилар сериясига берилади. Ҳар бир бўлим сўнгида захира ҳаками таймга неча дақиқа компенсация вақти қўшилганини кўрсатади.
2. Ҳар бир терма жамоа 26 нафардан иборат якуний рўйхатни ФИФАга топширади. Улардан 3 нафари дарвозабонлар бўлиши шарт. Регламентга кўра, футболчиларнинг либосларидаги рақамлар 1 дан 26 гача бўлиши шарт. 1-рақам эса дарвозабонлардан бирига берилиши шарт. Қолган дарвозабонларга эса 2 дан 26 гача бўлган рақамлардан бири берилиши мумкин. Эътиборли томони, ҳар бир терма жамоа камида бир дона захира дарвозабон либосига эга бўлиши шарт. Бу формага рақам ва исм-фамилия ёзилмайди. Учрашув пайтида дарвозабон майдондан четлатилиб, жамоада футболчи алмаштириш имконияти қолмаганида дарвозага турадиган майдондаги ўйинчи мазкур формани кийиб олади.
3. Ушбу рўйхатга киритилган футболчилардан бир нафари жиддий жароҳат олган тақдирда (бу ҳақда тиббий хулоса ФИФАга тақдим этилади), ўша жамоанинг мусобақадаги биринчи ўйинига 1 қолгунга қадар таркибга бошқа ўйинчининг киритилишига рухсат берилади.
4. Ўйин қайдномасига 11 нафар асосий таркиб ва 15 нафар захира таркиб футболчилари киритилади. Ўйин қайдномаси учрашув бошланишига 85 дақиқа қолганида тўлдирилади. Ўйин давомида мураббий 5 нафар ўйинчини майдонга тушириши мумкин. Шунингдек, плей-офф босқичи баҳси қўшимча бўлимларга ўтадиган бўлса, жамоаларга яна бир ўзгариш қилиш имконияти берилади.
5. Ўйин бошлангунига қадар чигалёзди машғулот жараёнида футболчи жароҳат олса, унинг ўрнига бошқа ўйинчи алмаштирилади ва бу ўзгартириш умумий алмаштиришлар сонига кирмайди.
МУСОБАҚА ФОРМАТИ:
6. ЖЧ-2022да жами 32та жамоа иштирок этади. Улар қуръа натижасида 8та гуруҳга (“А”дан “Н”гача) бўлинишган.
7. Жамоалар гуруҳ босқичида бир-бири билан ўзаро бир мартадан ўйнаб чиқишади. Ҳар бир ўйинда: ғолиб жамоага 3 очко, дуранг учун ҳар бир жамоага 1 очкодан берилади, мағлубият учун очко берилмайди.
8. Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар кейинги босқичга чиқади. Жамоаларнинг гуруҳдаги ўринлари қуйидаги тамойиллар асосида аниқланади:
а) гуруҳда энг кўп очко тўплаган жамоа;
b) гуруҳнинг барча ўйинларида энг яхши тўплар фарқига эга бўлган жамоа;
с) гуруҳнинг барча ўйинларида кўп гол урган жамоа.
- Агар икки ёки ундан ортиқ жамоа мазкур 3 та тамойилга кўра бир хил вазиятда бўлса, у ҳолда уларнинг ўринлари қуйидагича аниқланади:
d) ўзаро ўйинларда кўп очко тўплаган жамоа;
e) ўзаро ўйинларда яхши тўплар нисбатига эга бўлган жамоа;
f) ўзаро ўйинларда кўп гол урган жамоа;
g) Фейр-плей қоидаси. Бунда жамоаларнинг гуруҳ босқичидаги сариқ ва қизил карточкалари ҳисоб-китоб қиланади ва унда камроқ очко олган жамоа кейинги босқичга йўл олади. Бунда:
- сариқ карточка — 1 очко;
- иккита сариқ карточка орқали берилган қизил карточка — 3 очко;
- тўғридан-тўғри қизил карточка — 4 очко;
- сариқ ва тўғридан-тўғри берилган қизил карточка — 5 очко.
h) қуръа.
9. Ҳар бир гуруҳнинг сўнгги тур ўйинлари бир вақтда бошланиши шарт.
10. Плей-офф босқичида ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якунланса, қўшимча бўлимлар белгиланади. Қўшимча бўлимлар баҳснинг асосий вақти якунланганидан сўнг 5 дақиқа ўтиб бошланади. Қўшимча бўлимлар орасида танаффус берилмайди. Жамоалар қўшимча бўлимларни тўлиқ ўтказишади. Қўшимча бўлимлардан сўнг ҳам ғолиб аниқланмаса, навбат пенальтилар сериясига берилади.