Бугун эрталабдан телефонимга келган қўнғироғ-у смслар ширингина давом этиб турган уйқумдан воз кечишимга мажбур қилди. Илк келган смс дадамдан эди: “Ўғлим, улфатларга мақтаниб қўйганман-а, ютмасанглар бўлмайди. Сизларни бутун Ўзбекистон қўллаб қувватлаяпти. Сен мураббийсан, бутун масъулият сенинг бўйнингда, агар бугун ютқазсанглар, қайтиб келганингдан сўнг онанг бошингда ёнғоқ чақаркан. Мен огоҳлантирдим”. Шу смснинг ўзиёқ, ширин табассум билан уйқумдан воз кечиб, ётган жойимдан дик этиб туришимга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқлардан келаётган хабарларни-ку, сўраманг. Ярим финалдаги ғалабадан сўнг, табриклар, “биз сенга ишонамиз” мазмунида ёзилган ишончномалар, финал ўйини фақат ва фақат ғалаба қозонишимиз шарт эканлиги ҳақидаги буйруқлар... Э қўяверинг, Амирликларга келганимиздан буён бундай мазмундаги хабарларнинг чеки йўқ.
Кеча учинчи ўрин учун бўлган ўйинда мезбонлар Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Жанубий Корея жамоалари ўзаро куч синашишди. Бир кун олдин Ўзбекистон терма жамоаси делегациясининг барча аъзоларига ўйинни бевосита майдондан туриб кузатиш учун махсус таклифномалар юборилганда, беихтиёр ичимда фахр ҳиссини туйдим. Аслида тўлиқ жамоа билан бормоқчи эдик, лекин йигитларда ҳалиям чарчоқ аломатлари бор эди. Уларнинг илтимосларини ерда қолдиролмадим. Йигитлар бугунги финалга ўзларини жисмонан тетик ҳолда етиб келишларини хоҳлашди, қаршилик кўрсатмадим, меҳмонхонада қолиб ҳордиқ чиқаришларига рухсат бердим.
Очиғини айтсам, бу ерда салкам уч ҳафтадан бери балиқли, гуручли, Ҳиндистон зираворларига бой овқатларни еявериб, ошқозон ҳам баъзида “бақирворадиган” одат чиқарди . Ошпазимиз Шокир акага айтиб тушликка девзирага ош қилдирдик. Ҳамма маҳсулотлар ўзимиздан, Ўзбекистондан. Йигитлар ҳам шунақанги мазза қилишдики. Тушликдан сўнг ҳаммалари сутга тўйган қўзидай хона-хоналарига кириб кетишди. Уларни ҳам тушунаман, чарчашган. Боз устига, аввалги кунги машғулотда бироз кучайтирилган тартибдаги машқларни қўллаб юборибман. Нима дейсиз энди, финал олди ҳаяжонида.
Хуллас, тушликдаги паловхонтўрадан кейин, Акрам билан финал олди матбуот анжуманига кириб чиқдик. Қайтиб келгач, 3-ўрин учун ўйинига боришга тараддудландик. Мен билан, араблардан аллақачон дўст орттиришга улгурган ҳимоячимиз Каримбоев, ярим ҳимояда ўзининг жозибали ўйинлари билан ҳаммани, айниқса қизларнинг ёқимтойига айланган Рўзиқулов (аллақачон Рони деган лақаб ҳам орттириб олибди ҳумпар, исми Раҳим, шунга бўлса керак) ва Акрам борадиган бўлишди.
Акрамни фамилияси билан чақирмайман. Чунки у - болаликдан дўстим. Туманимизда иккита зўр футболчи бўлса, ўшаларнинг биттаси ҳамиша Акрам бўлиб келган. Ёшлигидаёқ маҳаллада Роналдиньо дея танилган Акрам отаси йўқлиги сабабли футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқиш фикридан воз кечди, онасига ёрдамлашарди тирикчилик ташвишларида. Бўш қолди дегунча, бизнинг олдимизга, майдонга келарди. Оёқдаги шиппакларни майдон четига отарди-ю, оёқяланг бўлиб ўйинга қўшилиб кетарди. Ишонинг, оёқлари ҳам темир бўлиб кетганди шиша синиқлари, қиррали тошлар кесавериб. Ҳозирда терма жамоада энг ишонган футболчилардан бири у. Финалгача ўйнаган барча ўйинларда 6 та гол киритиб, тўпурарлар баҳсида етакчи бўлиб турибди. Айниқса чорак финалда Иорданияга урган иккита голидан кейин бутун Ўзбекистон Акрам Эгамназаровни ҳурматга лойиқ инсонлар сафида кўра бошлади. Газета, журнал, радио, телевидение, интернет нашрларининг барча-барчасида Акрам Эгамназаров. Ҳақиқатдан ҳам унга Эгамнинг назари тушган. Финалда ҳам ундан гол кутаётганлар қанча-ю...
Соат 16:00да бизни ўйингоҳга олиб кетишга федерациямиз учун алоҳида машина юборишди. Бизнинг юртда юк ташийдиган “Форд”дан сал кичикроқ, лекин анча замонавий, қора рангдаги машина меҳмонхона олдида бизни кутиб турарди. Айтганимдай, футболчилардан уч киши ва мураббийлар штаби ўйингоҳга йўл олдик. Ярим соатга қолмай манзил етиб бордик.
“Зайид Спорт Cити Стэдиум”. Ўйингоҳнинг номи шундай. Ўз бағрига қарийб 44 минг мухлис сиғдира оладиган ўйингоҳ қип-қизил алвон рангга бурканган эди. Бу ҳол биринчиси эмас: қуръа натижаларига кўра Амирликлар билан “А” гуруҳидан ўрин олиб, очилиш маросими ўйинида айнан улар билан куч синашган эдик. Ўша кунги ўйинда ҳам ўйингоҳ худди эрта баҳорда адирликларда лолақизғалдоқлар ўсиб қизил гилам ёйгандай қип-қизил алвон рангда эди. 1:1 ҳисобида якунланган эди ўша ўйин. Акрам урганди голни.
Мана бугун ҳам ўша ҳолат. Фақат стадион бошқа. Бу ўйингоҳ ҳам бизга нотаниш эмас. “А” гуруҳидан жой олган яна бир жамоа – Малайзияни айнан шу жойда “таслим қилгандик”. Ўша ўйинда Акрамга дам бердим, ёш футболчилардан Бозоровни туширгандим ҳужумга. Қойиллатди, полвон. Малайзияликларнинг ўзлари бизга битта голни автогол сифатида “совға” қилишган бўлса, иккинчи голни айнан Муҳаммад Бозоров урганди.
Ўзимиз учун ажратилган махсус жойга йўл олар эканмиз, қаршимизда Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси раҳбарларига дуч келдик. Улар бизга жилмайган ҳолда, таъзим қилиб корейс тилида нимадир дейишди. Тушунмадик, тўғриси, қўлимизни кўксимизга қўйиб, таъзим қилиб секин ўтиб кетдик. Ортимиздан жилмайиб қараб қолишди. Табассум остида ҳавас бор деб ўйламадим. Кимсан Жанубий Кореяни ярим финалда қолдириб кетамиз-у, бизга ҳавас қилармиди, самимиятнинг сохта эканлигини ассоциация президентининг юзидан шундоққина билиниб турарди.
Биз учун яна бир қувончли ҳолат бу кечаги ўйиндаги ҳакамлар бригадаси Ўзбекистонликлар эди. Равшан Эрматов! Ҳурматга лойиқ инсонлардан бири. Айтиш мумкинки, кечаги ўйинни моҳирона ва бехато бошқаришди. Учрашув сўнгида ОФК Президентининг шахсан ўзи миннатдорчилик билдириб кетти.
Биз учун ажратилган жойга етиб борсак, ”катта”ларимиз аллақачон келиб бўлишган. Федерациямиз Президенти олдига бориб ўтирдим-да, салом бериб таасуротларни сўрадим.
— Аъло, Баҳодиржон. Эртага финални ютсанглар, бундан-да аъло бўлади.
— Худо хоҳласа...
Суҳбатимиз шу билан тамом бўлди. Секин пастроққа тушиб кетдим. Йигитларнинг олдида ўзимни бемалолроқ сезаман.
Ўйин бошланди. Тўғриси, ўзим ҳам, йигитлар ҳам арабларга мухлислик қилдик ўйин давомида. Мусобақа давомида бизга энг дўстона муносабатда бўлган ҳам айнан амирликлар жамоаси эди.
Ўйин анча қизиқарли кечган бўлса-да, учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Корейслар қанчадан-қанча ҳужумлар қилишди, бари йўққа чиқди. Бир сафар тўп дарвоза тўсинига тегса, бир сафар дарвозабон маҳорат кўрсатади, бошқа сафар эса тўп қайсидир арабий ҳимоячига тегиб ўз манзилини ўзгартиради. Омад келмаса ҳам қийин экан. Қўшимча таймлар ҳам деярли бир хил сценарий остида ўтди. Корейслар ҳужум қилди, араблар ҳимояланди. Ва ниҳоят, Равшан Эрматов жамоаларни пенальтилар сериясига таклиф этди.
Ана кўринг энди ҳаяжонни, худди ўзимизнинг жамоа майдонда ўйнаётгандай дағ-дағ қалтирайман. Йигитлар-ку бутун вужуди билан томоша қилишга киришиб кетган. Ўйинчилар бирин кетин пенальти тепишни бошлашди. Ҳаммалари бехато тепишди. Ҳисоб 5:4, араблар фойдасига. Тўп ёнига корейслар термаси сардори Ки Сунг Ёнг яқинлашди. Ҳамма ҳаяжонда. Бутун стадион кузатмоқда. Ки Сунг Ёнг хотиржам ҳолда тўпни тепди. Дарвоза марказига йўналтирилган тўп дарвоза тўсинига тегди-ю, тепага қараб учиб кетди.
Тамом, дедим мен, бронза арабларда қоладиган бўлди. Бутун стадион бақиришни бошлади ўша пайт. Қолгани эсимда йўқ. Кўзим майдонда-ю, хаёлимда битта ўй: эртага биз пенальтинидан ютқазиб қўйсак нима бўлади? Ахир ҳозиргача бирор марта ҳам пенальтилар сериясига ишимиз тушмади, йигитларни ҳам бу жараёнга тайёрламадим...
Акрам келиб, елкамдан туртмаганда, билмадим яна қанча ўтирардим.
— Кетадиган вақтимиз бўлди. Худо хоҳласа арабларнинг хурсандчилиги бизда бўлади.
— Иншооллоҳ, дедимда унга эргашдим.
Меҳмонхонага қайтиб келгач, эртароқ ухлашга қарор қилдим. Араблар мураббийини ғалаба билан табриклашни эсдан чиқармадим лекин. Йигитларда номери боракан. “Google Translate”га инглизчалаб яхши табрикнома ёздим-да, арабчага таржима қилишга бердим. Кўз олдимда мен тушунмайдиган ёзув пайдо бўлди. Лекин мазмунни тушунганим учун қўрқмасдан табрикномани жўнатиб юбордим.
Мана бугун кечаги воқеаларни эслаб, бугунги финал қандай бўлади деб юракда озгина ҳаяжон, йўқ ҳаяжон эмас қўрқув билан ўтирибман. Дадамнинг смслари кўнглимга сал бўлса ҳам ёруғлик олиб кирди. Ювиниб, кийиниб бўлгач, телефоним жиринглаб қолди: Федерациямиз Президенти.
— Алло, ассалому алайкум.
— Воалейкум ассалом. Баҳодиржон, яхши дам олдингизми?
— Худога шукур, раҳмат, ўзингизчи?
— Мен ҳам яхшиман, кечаги ўйинни кўриб чарчаб қолмабсизларми? Йигитлар қандай?
— Ҳа, йўғе, нега энди, яхши ўйин бўлди-ку.
— Ҳа, яхши. Бугун сизлар билан соат ўнда кўришяпмиз.
— Албатта, йигитлар билан тайёр турамиз.
— Яхши, унда кўришгунча.
Ҳаммадан олдин уйғондим деб ўйлагандим, адашган эканман. Ташқарига чиқсам, йигитларнинг барчаси аллақачон уйғониб бўлган. Ҳаммасида ҳаяжон бор, сезиб турибман.
Ҳаммамиз бирга нонушта қилдик. Ҳаяжон бўлса-да, кайфият кўтаринки эди. Соат ўнда меҳмонхона мажлислар залида делегациямизнинг финал олди мажлиси бўлиб ўтди. Федерациямиз Президенти бугунги рақиб ҳақиқатдан ҳам кучли эканлигини, лекин биз улардан чўчимай ўйнашимиз кераклигини, олдинги бўлиб ўтган ўзаро учрашувлар учун реванш олиш куни айнан бугун эканлигини алоҳида урғу билан айтиб ўтди.
Навбатма-навбат делегациямиз мутасаддилари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, керакли маслаҳатлар ва йўл-йўриқларни аниқлаб беришди.
Ҳаммасидан ҳам энг охирида жамоамиз психологи Ҳамид ака гапни “ёрворди”:
— Биласизларми, йигитлар, кеча кечқурун оила аъзоларим билан гаплашгандим. Беш ёшли ўғлим гўшакни олиб: “Дадажон, бугун гол урасиз-а, амаким айтишди, агар даданг бугун яхши ишласа, Ўзбекистон ютади, дейишди, Ўзбекистон ютсин”, деса бўладими. Кўзимдан зув этиб ёш думалади. Кўрдингларми йигитлар, бизни Ўзбекстонда бутун ўзбек халқи кузатмоқда, бутун ўзбек халқи қўллаб-қувватламоқда. Менинг ўғлим-ку ҳали ёш, лекин сизларнинг орқангизда умидвор бўлиб ота-онангиз, ака-укаларингиз, ёр-у биродарларингиз турибди. Мана масалан, Валиев, сен, севган қизингга финалда ютамиз деб ваъда бериб келгансан, эсингдами?
— Ие, Ҳамид ака, буни қаердан биласиз?
Гур этиб кулгу кўтарилди. Ҳамма хурсанд, мажлис, қайсидир маънода йигитлар қалбига илиқлик олиб кирганди. Мажлис тугагач, ҳаммага бироз муддат дам олишга рухсат берилди.
Соат бешда меҳмонхона олдига, биз учун ажратилган махсус автобус келиб тўхтади. Бу меҳмонхонадан ўйин учун охирги марта чиқишимиз эди. Аллоҳ ўзи қўлласин.
Автобусда кетиб борар эканмиз, ҳаммамиз шаҳарни томоша қилиб тўймаймиз. Гарчи чемпионат давомида БАА нинг кўп шаҳарларида бўлган бўлсакда, барибир, шаҳарнинг гўзаллигини олдида ожиз қолади одам. Автобусимиз устига ёпиштирилган байроғимиз автобус ичида ким кетаётганини бутун амирликларга кўрсатиб турарди. То стадионга етиб боргунимизча йўл-йўлакай маҳаллий аҳоли бизга қўл силкиб, омад тилашарди. Хурсанд эдим, чунки бугун бизга бутун амирликлар мухлислик қилишади. Уларни енгган жамоани биз енгишимизни хоҳлашади.
Ва ниҳоят, ўйингоҳдамиз. “Шаржа”. Қадрдон стадиондан бирига айланиб қолди бу ер бизга. Биринчи ўйинимиз шу майдонда бўлганди, 3-тур ўйинларида Қатарни ҳам шу майдонда мағлуб этдик, мана охирги ўйинимиз ҳам шу жойда.
Бугун финал! Осиё Кубогининг финали. Унда эса битта финалчининг номи – Ўзбекистон! Ҳа, биз финалдамиз. Бу жойга етиб келиш осон бўлмади-я бизга!
Рақибимиз кимсан Австралия. Номдор рақиб-а? Лекин биз қўрқмаймиз. Чунки, бизни дуо қилиб, қўллаб-қувватлаб турган ўзбек халқи бор. Уларнинг ишончи бизда. Бизга эса Худо ёр бўлади.
Кийиниш хонасида йигитларга қарата битта гап айтдим:
— Йигитлар, шунчасини ютдик, бунисиям ютамиз.
Ҳамма қарсак чалиб юборди. Акрамни чеккароққа чақирдим: Дўстим, ўзингни кўрсат. Ютмасак бўлмайди. У эса ҳеч нарса демасдан елкамга қоқиб қўйди.
Майдонга чиқиб келяпмиз. Финал шукуҳи. Ҳакамлар Япониядан. Кеча ҳакамларни японлардан тайинланганини эшитиб, бир ижирғиниб қўйдим. Чунки, шу пайтгача япон ҳакамлардан ёмонлик кўрсак кўрибмизки, яхшилик кўрмаганмиз.
Австалияликларда ҳужумкор ўйинчилар бор. Шунинг учун илк таймда ҳар эҳтимолга қарши 5-3-1 тактикаси остида туширдим йигитларни. Олдинда Акрам. Ўртада Рўзиқулов, Раҳимов ва Аҳмедов. Ҳа, ўша сиз билган Одил Аҳмедов. Одил ака билан бир жойдан, Наманган вилоятидан бўлганимиз улар билан тезда чиқишиб кетишимга сабаб бўлди. Улар мендан катта бўлишларига қарамасдан, берилган кўрсатмаларни аниқ бажариб, бошқа ёш ўйинчиларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини ҳам аямайди. Хуллас, Одил ака, жамоамиз лидерларидан бири. Ярим финалда Акрамнинг икки голи, ва Одил аканинг ҳал қилувчи голидан кейин корейсларни таслим қилгандик.
Ҳимоячилардан эса, Каримбоев, Шукуров, Иванов, Муродов ва Денисовлар. Олдин Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида ўйнаб юрганлардан фақат Одил Аҳмедов ҳамда Виталий Денисовларни танлаб олганман. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз позицияларида Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчилари. Ҳимоячиларимизга ишонаман, тўплар нисбати 10:3. Ўтказиб юборилган голларнинг бири БААдан, иккитаси эса корейслардан. Урилган 10 та голдан ҳам кўриниб турибдики, ҳужумчилар ҳам ёмон эмас: битта гол БААга (1:1), яна битта гол Қатарга (1:0), иккита гол Малайзияга (2:0 бири автогол), нимчорак финалда Иорданияга жавобсиз иккита гол (2:0), чорак финалда Эронга ягона (тан олиб айтиш керакки, айнан шу ўйин чемпионат давомида энг оғир ўйинлардан бири бўлди) (1:0) ва ярим финалда корейсларга учта гол (3:2).
Дарвозада ким демайсизми? Акрамнинг укаси, Жавоҳир. Жавоҳир Эгамназаров. Ёшликда футбол ўйнаётганда энг кичигимиз бўлгани учун доим дарвозада турарди. Мана бугун эса энг яхши дарвозабонлардан. Демак, кимнингдир яхши инсон бўлиб етишишига ҳисса қўшганмиз қайсидир маънода.
Хуллас, бугун таркибдан хавотир олишга асос йўқ. Йигитлар эплашади.
Ўйин бошланди. Рақиб жамоа дастлабки дақиқаларданоқ ташаббусни ўз қўлига олди. Ўйин шундай бошланишини билгандим. Уларнинг иккита ўйинига ташриф буюрдим. Қолган ўйинларини видеотасмасини кўриб таҳлил қилиб чиқдик. “Сариқлар” - тезкор жамоа. Европа футболининг нафаси сезилиб туради шундоқ ўйинларидан. Лекин биз бундай жамоани осиёча (ғарбий) оғир ва босиқ ўйин билан енгамиз.
Учрашувнинг 40 дақиқаси ўтиб кетди. Ҳисоб – 0:0. Тўп назорати асосан автралияликларда бўлди. Учрашувнинг 43-дақиқасида тўпни рақиб ҳужумчисидан олиб қўйган Муродов дарҳол Денисовга узатди, Денисов эса олдинга бир қараб қўйди-да Аҳмедовни тўп билан таъминлади. Деярли рақибларнинг барча аъзолари майдоннинг иккинчи ярмида қолиб кетди. Аҳмедов эса тезликни ошириб, ўнг қанот бўйлаб қочиб кетди. То рақиб ҳимоячиси етиб келгунига қадар, Аҳмедов тўпни моҳирона тарзда жарима майдончаси узра ошириб берди. Акрам! Келаётган тўпни қайчи услубида олис “тўққизлик”ка жойлаб қўйди. Супергол. Балки Акрамнинг фаолияти давомидаги энг чиройли голи. Бутун стадион ҳайқириб юборди. Олдимга қарасам, захира ўриндиғидагиларинг ярми йўқ. Югуриш йўлагигача чиқиб кетишибди хурсанд бўлганидан. Лекин Акрам голни одатдагидай нишонлади. Беш маротаба сальто ва камондан ўқ узиш. Бу нишонлашни ёшлигида Сервер Жепаровга ҳавас қилиб ўрганган. Маҳалладаги стадионда футбол тугагач, ҳамма кетишини пойлаб турарди. Ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилгач, сальтони машқ қиларди. Баъзан сальтонинг натижаси қўл шилиниши, оёқ чиқиши, ёки бирор жойнинг юмшоққина лат ейиши билан тугарди.
Йигитлар голни нишонлаб, майдон марказига қайтгунича пича вақт ўтди. Орадан кўп ўтмай, япониялик ҳакам биринчи тайм тугаганлигини билдириб ҳуштак чалди.
Кийиниш хонасидамиз. Йигитларнинг кўзи менда.
— Баракалла, йигитлар! Зўр ўйнадинглар. Мана шу ҳисобни сақлаб қолишимиз керак. Энди, рақиб иложсизликдан биз томонга ҳужумга ўтади. Бизнинг мақсад эса, уларни қарши ҳужумда жазолаш...
Яна бир нарсаларни тушунтиргандай, бўлдим. Таркибга ўзгартириш киритиш ниятим йўқ эди. Чунки, биринчи таймдаги ўйиндан кўнглим тўлганди. Кулишиб-кулишиб кийиниш хонасини тарк этдик.
Иккинчи тайм бизнинг устунлигимизда бошланди. Кетма-кетма ҳужумлар, прессинг, тўп назорати. Тахминан, 70-дақиқалар. Акрам майдон марказидаги ўйинчидан тўпни олиб қўйди-да, рақиб томонга интилди. Чақмоқдай ёриб кириб кетаётган футболчини, рақиб ҳимоячиси қўполлик билан тўхтатиб қолди. Акрамнинг кучли чинқириғи ўрнимдан сакраб туриб кетишимга мажбур қилди. Ичимда бир нарса узилиб кетгандай бўлди. Тамом, Акрам синди, синдиришди. Умид билан ҳакамнинг қўлига қарадим. Сариқ. Норози оҳангда ер депсиндим. Атрофимда эса, ҳар хил миллатли журналистлар автоматга ўхшайдиган фотоаппарати билан ғазаб тўла башарамни шақиллатиб расмга олиш билан банд эди. Бу эса бадтар асабимни бузарди. Одил ака узоқдан менга қараб алмаштириш белгисини кўрсатди.
Муҳаммадга қарадим-да, майдонга ишорасини қилдим. У ҳам шуни кутиб турган эканми, дарров туриб кийимини аламаштирди. Майдонга тушиб, Акрамни алмаштирди. Бечора дўстим. Замбилда олдимдан ўтиб кетди, оёғини ушлаб қолган.
— Кечир ошна, охиригача эплолмадим.
— ...
Индолмадим...
Ўйин асабий томонга ўзгарди. Эгамназаровни чиқиб кетгани йигитларга салбий таъсир қилди шекилли, жамоамиз ўйинида камчиликлар пайдо бўла бошлади. “Сариқ”ларнинг ҳам ҳужумлари кўпая бошлади. Ана шундай ҳужумлардан бири афсуски гол билан тугади. Чап қанотдан келаётган ҳужумчини Шукуров шармандали ҳолатда ўтказиб юборди. Ҳужумчи эса дарвозабонни ҳам осонгина алдаб ўтиб ҳисобни тенглаштирди. 1:1.
Таблога қарасам, 80-дақиқа. Йигитлар шокда. Тўп майдондан ташқарига чиқиб кетганидан фойдаланиб, Шукуровни майдондан олиб ташладим. Олдимдан кўзимга қаролмай ўтиб кетди. Майдонга ярим ҳимоячи Абдулазизовни тушурдим. Тактика ўзгарди : 4-4-2. Одил ака билан Бозоров олдинда ўйнайди. Йигитларга турган жойимда “олдинга, олдинга” деб бақирардим. Тактика самара берди шекилли, ҳозиргина майдонга тушган Абдулазизов тўпни эгаллаб, олдинга очилиб бораётган Бозоровга узатди. У эса бир ҳимоячини алдаб ўтиб, иккинчи ҳимоячига келганда ўзи қолиб кетди. Лекин, тўпни аллақачон Аҳмедовга узатиб улгурганди. Одил ака ҳам тўпни эгаллагач, рақиб ҳимоячисини алдаб ўтди-да, жарима майдончаси ташқаридан зарба берди. Гооооооооооооол. Бу сафар ўзим ҳам майдонга қараб югуриб чиқиб кетдим. Одил аканинг голи жудаям чиройли чиққанди. Унинг қадри эса унданда чиройли.
Таблода 1:2 ҳисоби ва 88-дақиқа порлаб турарди. Икки дақиқа, бор ана 5 дақиқа бизни чемпионликдан ажратиб турарди. Ғирромликка ўтдим: “Вақтни чўзинглар йигитлар!!!”
Ҳакам тўрт дақиқа қўшиб берди. Ана шу тўрт дақиқа давомида Автралиянинг нақадар кучли жамоа эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Тўрт дақиқа ҳам тўрт соатдай ўтди. Фақат ҳимояланяпмиз. Уч ярим дақиқа тугаб, охирги сонияларни соат эмас юрагим санаётгандай туюлди. Захирадагиларга қўшилиб, қолганлар ҳам овда ўлжасини пойлаб ётган гепарддай старт чизиғида турибмиз. Ана, финал ҳуштаги. Стадионга қараб югуриб қолдигай... Ким-кимни табриклаяпти, ким-кимни қувлаб юрипти, яна кимдир турган жойида бақиряпти, билиб бўлмайди. Билиниши мумкин бўлган ягона нарса бу сариқ либосли майдонда ётволган, ўтириб олган автралияликлар эди.
Хурсандман, ич-ичимдан хурсандман. Йигитлар, бутун жамоа билан мухлисларимиз жойлашган секторга олдига бордик. Ҳаммамиз бир бўлиб, таъзим қилдик уларга. Шу пайт кимдир қўлтиғим остидан кўтариб, ўзига тортди. Қоганлар ҳам ёпишиб, тепага отишни бошлаворишди-ку. Тепага отишяпти, отишяпти, бошим узра эса юлдузлар айланяпти... Қайтиб тушаётганимда кимдир ушлолмади. Пастга қараб шўнғий бошладим. Атрофимга қарасам, барчаси оёқлар. Белим билан тушдим майдонга, кўзим қоронғилашиб, ҳамма жой қоп-қоқронғи бўлди-қолди...
Кўзимни очсам, тепамда қандил. Ён атрофимга қарасам, ўзимнинг хонамдаман. Диванимдан яхшигина йиқилибман. Гурсиллаган овозга онам югуриб кирдилар:
— Ҳа, тинчликми, ўғлим? Нимага ерда ётибсан?
— Дивандан тушиб кетдим... Соат неччи бўлди?
— 6. Турақол, чойингни тайёрлаб қўйдим. Кийимларингни ҳам дазмоллаб қўйдим. Ўқишингга кеч қолма.
— Хўп, мана туряпман.
Оббо, шунча нарса тушим экан-да? Яна озгина дивандан тушиб кетмай турмайманми, Кубокни бошим узра кўтармайманми? Эҳ... Лекин яхши туш бўлди. Тушимда бўлса ҳам чемпион бўлди-ку Ўзбекистон. Шунисигаям шукур. Кимсан Австралия, Жанубий Кореяларни ютдикку! Тушимга кирган футболчилар ким экан-а? Аҳмедов билан Денисовдан бошқасини умуман танимайман. Шунақа ўйинчилар бормиким? Бўлса, топиш керак.
Энди, ўқишга жўнай. Ҳозир йўлга чиқсам роппа-роса икки соатда етиб бораман. Биринчи парага улгураман.
Сизларга ҳозирча хайр. Насиб қилса, келаси сафар Жаҳон Чемпионатида кўришамиз. Россияда...
Баҳодир Маҳмудов, Қўқон.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).