«Барселона»нинг фақат ЕЧЛдаги ўйинларини кўришга одатланган аксарият мухлислар жамоада мураббий алмашганидан сўнг деярли ўзгаришлар кузатилмаганини айтишади. Номлар ҳам, ўйин услуби ҳам ўша-ўша. Лекин аслида, Луис Энрике бошқарувни қўлга олгач, клубнинг нафақат натижалари, ўйини ҳам тубдан ўзгарди, рақиблар учун янада сирлироқ бўлиб қолди. Бунга сабаб сифатида майдонда янги номларнинг пайдо бўлиши десак, янглишмаймиз. Умуман олганда, ўтган мавсум давомида Каталония клубида 14 футболчи ўз дебютини нишонлади. Уларнинг саккизтаси жамоа мактабида етишиб чиққани алоҳида эътиборга молик.
Қуйида сиз ана ўша дебютантлар билан танишиш имконига эга бўласиз. Ажабмаски, уларнинг баъзиларини энди эшитиб турган бўлсангиз.
Ракитич - 3603 дақиқа
«Севилья» «Барселона» учун ўзига хос «кадрлар фабрикаси» бўлишдан ташқари, йилдан-йилга бюджетини ҳам тўлдириб бормоқда. Масалан, ўтган ёзда Андалусиядан Каталонияга навбатдаги «сифатли маҳсулот» - хорват Ракитич кўчиб ўтди. Унда мақсадлар улкан эди - кўк-анорранглилар таркибида муҳим ўйинчи бўлиш ва кимсан - Хавининг ўрнини тўлдириш. Буни қарангки, Иван Луис Энрикенинг ғояларига жуда мос футболчи бўлиб чиқди ва у ўз орзусига эришди, ҳисоб. Чунончи, Ракитич майдон марказида Бускетс ва Иньеста билан тезда тил топишиб кетди. Унинг амплуасидаги футболчи учун 51 ўйинда 8 гол - чакки эмас. Мазкур голларнинг энг муҳимини Иван Чемпионлар Лигаси финалида урди. Бир сўз билан айтганда, «Барса»нинг бу инвестицияси ўзини тўла оқлади.
Суарес - 3546 дақиқа
Узоқ муддатли дисквалификация сабаб бўлдими ёки бу футболчининг орзусимиди, хуллас, Луис Суарес премьер-лигадаги бир неча йиллик фаолиятдан сўнг «Барселона» аъзосига айланди. Шундан сўнг, янги жамоаси ўйинини фақат трибунадан томоша қила-қила, у 25 октябрдагина жараённинг тўлақонли иштирокчисига айланди. Уругвайлик ҳужумчи ўзининг илк «классико»сида фақатгина самарали тўп ошириш билан чекланди. Орадан икки ҳафта ўтгач, «Барса» сафидаги илк голини нишонлади. Мавсум якунларига кўра, Суарес 43 ўйинда 25 голга муаллифлик қилди. Энг муҳими, у дунёдаги энг зўр ҳужум чизиғи (Месси-Суарес-Неймар, биргаликда 122 гол)нинг ажралмас қисмига айланди.
Браво - 3330 дақиқа
Таҳлилчилар аввалига чилилик киперга захира вариантидек қарашди. Аммо Клаудио ўзи учун яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ёш ҳамкасби - тер Штеген даволанаётган вақтда «асосий»даги ўринга мустаҳкам жойлашиб олди. Шундан сўнг, Луис Энрике германиялик дарвозабонни фақат кубок учрашувларида майдонга тушира бошлади ва адашмади. Браво жамоага примеро баҳсларида ёрдам берди, тер Штеген эса қолган икки турнирда. Дарвоқе, Клаудио мавсум якунида жамоавий медаллар ёнига «Самора мукофоти»ни ҳам қўшиб қўйди. Биласиз, бу соврин чемпионатнинг энг яхши киперига насиб қилади. Клаудио эса 37 ўйинда атиги 19 бор ҳушёрликни йўқотди, холос.
Матьё - 2759 дақиқа
«Барселона» мавсум бошида Матьё сингари ҳимоячига унчалик катта эҳтиёж сезмаганди. Лекин клуб раҳбарлари уни барибир, таркибга қўшиб олишди - асосий ҳимоячиларга ўринбосар сифатида. Лекин универсал француз (у чап қанотда ҳам, ҳимоя марказида ҳам бирдек ўйнай олади) худди шу универсаллиги эвазига тезда Энрикенинг ишончига кирди. 41 ўйин ва 3 та гол. Дебютант учун бундан ортиқ нима керак?!
Тер Штеген - 1890 дақиқа
Сир эмаски, тер Штегеннинг статистик кўрсаткичлари Жанубий америкалик рақобатчисиникидан кўра анча пастроқ (16 ўйинда 21 гол ўтказиб юборган), лекин у «Барса» дарвозасини ЕЧЛнинг бошидан охиригача ажойиб тарзда ҳимоя қилди. Энрике шунингдек, Испания кубогида ҳам айнан немис дарвозабонига ишонч билдирди. Ҳа, Марк-Андренинг примеродаги дебюти янги мавсумгача қолдирилди. Аммо ЕЧЛ ва мамлакат кубогидаги зафарнинг салмоғи ҳам чакки эмас.
Мунир - 871 дақиқа
Келиб чиқиши марокашлик бўлган ёш испан мавсум аввалида бирдан машҳур бўлиб кетди. Зеро, у Суарес жазода бўлган вақтда асосий таркибга худди чақмоқдек ёриб кириб, «Камп Ноу»даги дебют учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бундай воқеадан кейин унча-мунча футболчининг боши айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Афтидан, 19 ёшли Мунир ҳам кутилмаган шон-шуҳратга тайёр бўлмаган чоғи, «Эльче» дарвозасига йўлланган ўша тўп ҳамон ягоналигича турибди. Мавсум якунига келиб эса у «Барса»нинг иккинчи жамоаси таркибига тушиб қолди. Аммо Мунир бу билан чекланиб қолмаса керак.
Сандро - 306 дақиқа
Мунир билан деярли бир вақтда ўйин амалиётига эга бўла бошлаган Сандро ҳам ҳали 20 ёшга тўлмаган. Гарчи клуб бош мураббийи Сандрога унчалик кўп имкон бермаган бўлса-да, футболчи шу қисқа фурсатдан унумли фойдалана олди. Аниқроғи, у барча турнирларда 12 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўртта гол ёзиб қўйди. Шуниси аниқки, Месси, Неймар ва Суареслар ишга қобилиятли вақтда ҳар қандай ҳужумчи «Барса» заҳирасида қолиб кетади. Сандро ҳам шу қисматдан қочиб қутула олмади.
Сампер - 286 дақиқа
Луис Энрике асосий таркибга бошқалар қатори Самперни, 20 ёшли таянч ярим ҳимоячисини ҳам аста-секинлик билан киритиб келмоқда. Браво ва Вермаленлар ЕЧЛнинг бирорта баҳсида майдонга тушишмади. Аммо бу йигитча шундай шарафга эришди. Боз устига, у бошланғич таркибда киритилди (АПОЭЛга қарши ўйинда). Шунингдек, унинг ҳисобида мамлакат кубогидаги учта ўйин ҳам бор. Демак, «требл»даги икки совринда Сампернинг ҳам хизматлари бор.
Дуглас - 273 дақиқа
«Барселона» Дугласни ФИФА чеклови кучга кирмасдан туриб, ҳар қандай фавқулодда ҳолатлар учун таркибга қўшиб олганди. Шу тариқа, Луис Энрике бразилияликнинг хизматларидан икки марта чемпионатда, уч марта кубок баҳсларида фойдаланди. Аммо шу ўйинларнинг ўзидаёқ у ватандоши Дани Алвес билан ҳали-вери рақобатлаша олмаслиги тайин бўлиб қолди.
Масип - 180 дақиқа
Қайсидир лаҳзаларда «Барса» мураббийи учинчи дарвозабонга ҳам эътибор қаратиб турди. Бунинг оқибатида, Масип икки бор «Камп Ноу» ҳароратини ҳис қилди - кубок баҳсида «Уэска» ва чемпионат доирасида «Депортиво» клубларига қарши. Аммо ўринбосарлар таркибидаги дарвозабон бу ўйинларда етарлича ишонч кўрсатмади: унинг рақобатчилари кимлар эканини назарда тутсак, икки ўйинда уч гол - жудаям кўп.
Гумбау - 90 дақиқа
Жамоа мактабида тарбия топган яна бир футболчи кубок доирасидаги «Эльче»га қарши баҳсда илк бор майдонга тушди-да, бир ярим соат давомида тиним билмади. Лекин шунга қарамай, муваффақиятни ривожлантириш унга насиб қилмади. Ваҳоланки, Гумбау таянч ярим ҳимоячи учун зарур бўлган омиллар - 190 см. бўй ва 78 кг. оғирликка эга.
Вермален - 66 дақиқа
Вермаленнинг трансфери омадсизлик борасида бемалол украиналик Чигринскийнинг хариди билан беллаша олади. Украиналик футболчининг таркибга қўшиб олиниши оқибатида каталонияликлар каттагина пулдан айрилиб, эвазига деярли ҳеч нима олишмаганди. Бельгиялик ҳимоячи билан ҳам худди шундай бўлмоқда. Унинг «Барса»га ўтганига бир йил тўлди. Бу вақт мобайнида Томас фақат жароҳатини даволаш ва тикланиш билан шуғулланди, холос. Дебют эса примеронинг сўнгги турида кузатилди.
Халилович - 31 дақиқа
19 ёшли Халилович Хорватия терма жамоасидаги илк ўйинини ўтказганига икки йил бўлди. «Барса»да эса бу воқеа 2015 йилнинг январига тўғри келди. Ўша учрашувда каталонияликлар «Эльче»ни йирик ҳисобда (4:0) енгишди. Алан эса аввалига захирада ўтириб, сўнг бошқа бир ёш футболчи - Адам Траорени алмаштирди. Йигитчада иқтидор борлигига шубҳа йўқ. Лекин у ҳали кучли рақобатга киришадиган даражага етмади, чоғи.
Эдгар Ле - 29 дақиқа
Бу марказий ҳимоячини «Барса» скаутлари «Спортинг»нинг қайсидир гуруҳидан топиб олишганди. Каталония томонидан қизиқиш бўлаётганини сезгач, футболчи тинмай ўсиб, иккинчи жамоа даражасига етди. Трансфер амалга ошганидан сўнг эса «Уэска»га қарши ўйинда Матьёни алмаштирди. Энди Луис Энрике олдида легионер масаласини қандай ечиш муаммоси турибди: асосий жамоа даражасига кўтариш ёхуд бошқа клубга юбориш. Ҳар ҳолда, Эдгарни учинчи дивизионда синаб кўришдан маъно йўқ.
И.РАҲИМОВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).