Кеча Малайзия премьер-лигасида 14-тур учрашувлари ўтказилди.
Ҳамюртларимиз Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаевлар тўп сурадиган “Т-Тим” жамоаси бу гал турнир жадвалида 3-поғонада бораётган “Пулау Пинанг” клуби майдонига сафар уюштирди. Деярли ҳеч бир учрашувда қийинчиликсиз ғалаба қозониб келаётган “Т-Тим” бу сафар жиддий қаршиликка дуч келди. Учрашувнинг 23-дақиқасида мезбонлар етакчиси Ҳилтон Мораире ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Лекин ҳамюртимиз Фарҳод Тожиев ҳар галгидек жамоаси учун “қутқарувчи” вазифасини ўтади ва 31-дақиқада пенальтидан тўп киритиб, жамоасига дурангни тақдим этди.
Учрашувда ҳар икки ҳамюртимиз ҳам асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқадан ўйнашди.
“Т-Тим” ҳали ҳам мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, мазкур жамоа олдига Супер лигага қайтиш вазифаси қўйилган.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, баъзи бир манбаларда “Т-Тим” клубида ўзбекистонлик легионерлар сони 3 тага етгани ёзилмоқда. Маълум бўлишича, Дилшод Шарофутдинов ҳам энди фаолиятини ушбу клубда давом эттириши мумкин экан. Аммо ҳозирча Малайзия жамоаси расмий сайти бу маълумотни тасдиқлаганича йўқ.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).