Ҳаётда ўзини яхши кўрмайдиган, бахтли, фаровон турмуш кечириш ва жамоатчилик орасида обрў қозонишни хушламайдиган инсон топилмаса керак. У керак бўлса ўз мақсади йўлида бироз худбинликка йўл қўйиши, ўз манфаатини атрофдагилардан устунроқ қўйиши ҳам мумкин. Спортда ҳам ушбу ҳаётий ҳақиқат аллақачон ўз тасдиғини топиб улгурган.
Яқинда ВВС журналистлари ҳаддан ташқари эгоист бўлиш спортчига юксак марраларни забт этишда халал бериши мумкинми деган савол устида изланиш олиб бордилар. Euro-football.ru сайтида чоп этилган ушбу материалнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
Ўтган асрнинг 90-йиллар ўрталарида "Манчестер Юнайтед" футболчилари Бэтман ҳақидаги фильмнинг премьерасига таклиф этилади. Барча ўйинчиларга бир хил - қора костюм-шим ва қора бўйинбоғда бўлиш қатъиян талаб қилинади. Аммо "Юнайтед" юлдузи Эрик Кантона одатдагидек ўзгалар фикрига қулоқ солмайди ва кечага ёрқин пиджак ва қизил тусдаги спорт иштонида ташриф буюради. Жамоадошлари уни мазах қилишади, сэр Алекс Фергюсон эса ўзини уни танимагандек тутади.
Кантонада ўзига ишонч туйғуси ҳаддан ташқари юқори эди. Аммо бу жиҳат тўп сурган барча француз жамоаларида унинг зарарига ишлаган. "Осер" ва "Монпелье"да футболчини нафақат майдондаги маҳорати, балки кийим алмаштириш хонасида шериклари билан юзага келувчи давомий жанжаллари билан эслаб қолишган ҳам эди. Шу сабабдан Францияда уни ҳеч ким жиддий қабул қилмади, аммо Кантона Англияда 1992 йили "Лидс"нинг мамлакат чемпиони бўлишига катта ёрдам берди. Шундан сўнг у "Олд Траффорд"га кўчиб ўтади.
Кантона Фергюсоннинг белгиланган машғулотдан кейин мустақил тарзда соатлаб ўз устида тер тўкишни одат қилган дастлабки ўйинчиларидан бири. У чинакам сардор сифатида ёш футболчиларнинг камчиликларини бартараф этишида яқин маслаҳатчи ҳам эди. Шу билан бирга у мунтазам равишда бетартиб ва жанжалкаш инсон сифатида тилга олинса-да, аммо "Манчестер Юнайтед" мухлислари футболчини энг аввало ажойиб ўйинлари туфайли қадрлашади. Жамоа қийин вазиятга тушиб қолган дамларда Кантона унинг жонига оро кирарди. Масалан, 1996 йилги Англия Кубоги финалида айнан унинг "Ливерпуль" дарвозасига киритган голи якунда "қизил иблислар"га ғалаба келтирди.
Футболчининг биографияси анча қизиқ саволни келтириб чиқармоқда. Агар жисмоний ва техник тарафлама туғма иқтидор – дунёнинг энг кучли ўйинчилари сафидан жой олишни таъминласа, у ҳолда ҳаддан ташқари эгоистликнинг аҳамияти нимада? Ҳақиқатдан ҳам у инсондаги камчиликми ёки буюк бўлишнинг энг муҳим шарти?
Месси ҳам, Роналду ҳам кучли эгоист
Оксфорд луғатида "эго" тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: эго - бу инсоннинг ўзини ҳурмат қилиши ёки ўз қадрини атрофдагилардан баланд тутиши. Ушбу сўз лотинчадан келиб чиққан бўлиб, асл моҳияти "мен" деган маънони англатади.
Майк Форд эгонинг қудратига қаттиқ ишонади. У 1999-2007 йиллар давомида "Болтон" директори сифатида, яна 6 йил "Челси" тизимида самарали иш олиб борган.
Форд ВВС Sport нашрига қуйидагича интервью берганди: "Агар сен Дидье Дрогба бўлсанг-у, 2012 йилги Чемпионлар Лигаси финалида 60 минг мухлис ва яна 160 миллионлик телетомошабинлар аудиторияси кўз ўнгида пенальти тепаётган бўлсанг, зарбани аниқ бажариш учун сен ўз кучингга ҳаддан ташқари ишонинг зарур".
Англия терма жамоаси ва "Манчестер Юнайтед"да спорт психологи бўлиб ишлаган Билл Бесвик қўшимча қилади: "Эго сени олға бошлашга ундовчи ажойиб куч. "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Рой Кинда ўз кучига бўлган ишонч жуда юқори бўлган. Унинг эго ҳислати ўта кучли эди. У айнан шу туфайли мунтазам равишда янада кучлироқ бўлишни истарди ва ўз устидан тинимсиз ишларди".
Аммо биз буюк спортчилардаги худбинлик даражасини қандай қилиб аниқлай оламиз? Бунинг биргина йўли бор, у ҳам бўлса фақатгина уларнинг ҳатти-ҳаракати, ишоралари орқали: Кантонанинг тика кўтарилган ёқаси, Анрининг гол урганида бармоғини лабига қўйиб ҳаммани тинчлантиришга уриниши. Ушбу аввалдан ўйлаб қўйилган "саҳналар" аслида футболчининг ўзига бўлган ишончи намунаси.
Ишонч бўйича мураббий Мартин Перри (унинг доимий мижозлари орасида "Арсенал" ярим ҳимоячиси Аарон Ремзи ва таниқли гольф устаси Колин Монтогомери бор) азалий рақиблар - Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналду ўртасидаги фарқни топишга уриниб кўрди: "Роналду сиртдан ўзига анча ишончи юқоридек кўринади, айни вақтда Мессини кўпчилик ўта босиқ ва хотиржам инсон сифатида қабул қилади.
Аммо гапимга ишонинг: у футболчида ҳам, бу футболчида ҳам тўғри маънодаги худбинлик кўрсаткичи ўта юқори.
Биз бу ҳақда уларнинг ўйин услубидан келиб чиқиб гапиришимиз мумкин. Улар учун бажариб бўлмас вазифанинг ўзи йўқ – улар исталган рақиб билан ўйнаш мумкин деб ҳисоблашади. Месси ва Роналдудаги ишончни ўқ ўтмас зирҳга ўхшатиш мумкин. Агар қачонки спортчи ўзида мана шундай даражадаги ишончга эга бўлса, ўшанда у буюк футболчига айланади".
Яхши ва энг зўри бўлиш ўртасидаги нозик фарқ
"Вест Бромвич" дарвозабони Бен Фостер ёш жамоадошларига ўзининг "Манчестер Юнайтед"даги дастлабки машғулотлари ҳақида сўзлаб беришни яхши кўради.
Фостер 2005 йили 21 ёшида "Олд Траффорд"га "Сток" сафидан келиб қўшилган эди. Ўшанда уни яқин келажакда Англия терма жамоасининг биринчи рақамли дарвозабони бўлиши мумкин бўлган ўйинчи сифатида тилга олишарди. Ёш кипер жамоасининг кийим алмаштириш хонасида Райан Гиггз, Пол Скоулз ва Уэйн Руни билан ёнма-ён ўтирарди. Ўшанда Фостерни кутиламганда ўз кучига бўлган ишонч тарк этади. "Эҳтимол мен шундай футболчилар билан бир жамоада ўйнаш учун етарли даражада тайёр эмасдирман?"– дея асабийлашади Фостер.
Кейинчалик бу тушкунлик унинг ўйинига ҳам таъсир этмай қолмайди. Бенда "Манчестер Юнайтед"нинг асосий дарвозабони бўлиш учун барча имконият мавжуд эди. Аммо у ижарадан сўнг жамоани тарк этди. Вазият шу даражада қалтис эди-ки, Фостер ўз кучига бўлган ишончни қайтариши учун ҳатто спорт психологига ҳам мурожаат қилади.
Фақат эгога таяниб қолиш ярамайди
Кантонанинг мисолида шуни кўриш мумкинки, юқори эгога эга инсон ҳаётий тажрибаси орқали уни низо келтириб чиқаришга эмас, балки яхшилик сари йўналтириши ҳам мумкин экан.
Форд сўзида давом этади: "Мен фавқулодда худбин ва калондимоғ ўйинчиларни кўп учратганман. Аммо уйланишса ёки болага энагалик қилишса, улар ўша ондаёқ ўзгаришади-қолади. Биз у ёки бу ўйинчини сотиб олиш ҳақида бош қотираётганимизда ўзимизга бир саволни берардик: "У ҳозир ҳаётининг қайси босқичида турибди? Чўққидами ёки шунчаки энг зўри бўлишнинг ибтидосидами?".
Ўйлашимча, Брендан Рожерс ўтган ёзда Марио Балотеллини "Милан"дан харид қилаётганида худди шундай дилеммага дуч келган. Аммо ҳозирча у ҳамон италиялик форварднинг тўғри йўлга тушиб олишини кутмоқда.
Форд "Болтон" ва "Челси"да "кучли эгога эга иқтидор" схемасининг амалиётга жорий қилинишига катта ёрдам берди. Айнан ушбу услуб туфайли "Челси"да Хуан Мата ва Эден Азар пайдо бўлди, "Болтон" эса Жей-Жея Окочу, Фернандо Йерро ва Юрий Жоркаефф билан шартнома имзолади. "Болтон"да у қалтис йўлни танлади, аммо якунда таваккал билан бошланган иш ўз натижасини берди.
Окоча, Йерро ва Жоркаефф "Уондерерс"га 30 ёшни қоралаб улгурган ва у қадар оптимал бўлмаган жисмоний ҳолатда келишганди. Лекин уларни биргина умумий жиҳат боғлаб турарди - юқори эго.
"Фақатгина юқори эгога таяниб қолиш керакмас, - дея таъкидлайди Форд. – Энг асосийси худбинликнинг ўлчами эмас, балки гап ундан қай даражада фойдалана олишда. Бу ҳислатга қай даражада ишлов берилган? Ўйинчи ўрганишда давом этиш учун керакли даражада камтаринми, ҳатто 30дан ошган бўлса ҳам?
Фернандо Йерро билан қилган тушлигим ҳечам ёдимдан чиқмайди. Ўшанда у 35 ёшда, Испания термасида 90 учрашув ўтказган, икки бор Чемпионлар Лигасида зафар қучганди.
Мен ундан "муваффақиятларинг ичидаги энг муҳими қайсиниси?" деб сўрадим. У бўлса пичоқ ва санчқини қўлига олиб, хотиржам тарзда: "Мен ҳали унга эришмадим", -дея жавоб қайтарганди.
Энг зўри бўлиш формуласи
Қачонки иқтидор (талант) ва эго (худбинлик) бир-бири билан уйғунлашиб кетса, ўшанда спортчи яхши ўйинчидан энг зўри бўлишга қадам ташлаши мумкин.
Форднинг наздида "буюклик формуласи" қуйидагича: (Эго + малака) * машғулот базасининг даражаси + профессионаллар билан ўта юқори рақобат (бу жиҳат иқтидорнинг 100 фоиз юзага чиқишига ёрдам беради).
"Тенглама шуни кўрсатмоқдаки, эго буюклик асоси ҳисобланади. Аммо бу нарса агар сен ўрганишга интилсанг, энг асосийси, сен шуғулланаётган жойда барча зарур шарт-шароит мавжуд бўлсангига иш беради", – дейди Форд.
Юқоридаги формуланинг қанчалик ҳақиқатга мос келишини узоқ йиллик топ-савиядаги спортчиларнинг муваффақиятли фаолияти мисолида кўриш мумкин.
37 ёшида ҳам юқори савияда тўп сураёттган Фрэнк Лэмпардга қаранг, Леброн Жеймснинг МБАдаги ўйинларини ёдга олинг ёки бўлмаса Том Брэдининг "Нью-Инглэнд Пэтриотс" клубидаги иштирокига баҳо беринг.
Эго (тўғри маънодаги худбинлик) уларга дунёнинг исталган энг йирик майдонларида энг юқори савияда иштирок этишга ишонч бағишламоқда. Шу билан бирга уларни ўз устида ишлашга бўлган фавқулодда ноёб иштиёқ ва қон-қонига сингиб кетган энг кучли бўлиш истаги ўзаро боғлаб турибди. Бу тоифадаги спортчилар ўзларига ўзлари энг яхши руҳлантирувчи (мотиватор) ҳисобланади. Фақат шундай формула орқали спортчи ўз ҳамкасблари орасида энг зўри бўлиши мумкин.
Маҳмуджон АЗИМОВ
таржимаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).