Мана, ўтган ҳафта ниҳоят, мамлакат биринчи лигасининг дастлабки босқич ўйинлари расман поёнига етди. Бир сўз билан айтганда, лига клубларининг сараги саракка, пучаги пучакка ажради. «Аланга», «Шердор», «Чуст-Пахтакор» ва «Бунёдкор-2» клублари лига билан хайрлашишди. Қолганларни эса август ойининг сўнгги 10 кунлигида бошланиши режалаштирилган машаққатли 2-босқич баҳслари кутиб турибди. Хўш, жамоаларнинг илк босқичдаги иштироклари қандай бўлди? Мазкур саволга тайинли жавоб беришдан аввал бироз мушоҳада юритиш мақсадга мувофиқ...
Умумий манзара
Аввало, айтиш жоиз, 18тадан ўйин ўтказган жамоалар дастлабки бос-қичдаёқ молиявий қийинчиликларга дуч келишди. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитидан келиб чиқсак, клубларимизнинг маҳаллий ҳокимликлар кўмагисиз узоқ кун кўролмасликлари инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланиб бормоқда. Мисол учун, «Обод», «Оқ-тепа» сингари хусусий клублар билан бир қаторда «Цементчи», «NBU-Осиё», «Локомотив-БФК» ва «УзДонгЖу» жамоалари ҳам аниқ белгиланган ҳомий ва кафолатланган харажатлар сметасига эгалар. Демак, уларни молиявий барқарор жамоалар сирасига киритиш мумкин. Қолаверса, ушбу рўйхатга фарм-клублар («Насаф-2», «Машъал-2», «Пахтакор-2», «Бунёдкор-2»)ни ҳам киритиш мумкин. Қолганларнинг тақдири эса, маҳаллий ҳокимликлар кўмаги-ю, аҳоли ҳимматига боғлиқ. Эътиборлиси, молиявий муаммолар гирдобида қолган бу тоифа клубларни содиқ ишқибозлар масаласи мутлақо безовта қилмайди. Бу борада олий лиганинг аксарият жамоалари уларга ҳавас кўзи билан қарашлари, шубҳасиз. Натижадан қатъий назар, стадионларга мунтазам равишда минглаб футбол ихлосмандларининг йиғилишлари таҳсинга лойиқ.
Жамоалар бюджети
Олий лига вакилларида йиллик бюджет камида 5 миллиард сўм миқдорида белгиланган бўлиб, клубларимиз бу тартибга имкон қадар риоя этишмоқда. Хўш, мазкур масала юзасидан 1-лига клубларидаги аҳвол қандай? Маълум бўлишича, қуйи дивизион иштирокчиларининг йиллик харажатлар сметаси 400 миллиондан 1 миллиард сўмгача белгиланган. Юқорида номлари келтирилган бақувват жамоалардаги кўрсаткич бунданда яхшироқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳокимликлар қарамоғидаги клубларга белгиланган 300-400 миллион сўм ҳам тўпланмай қолиб кетаётгани ачинарли, албатта. Шахсан мен 1-лигада қатнашувчи битта жамоани биламан. Ишонсангиз, унинг йиллик харажати 100-150 миллион сўмни ташкил этади, холос... Ихтиёридаги маблағни ишлатишда асосий урғуни тежамкорликка қаратадиган камтаргина жамоа ҳозирда мусобақанинг ўртаҳол иштирокчиси сифатида таассурот уйғотмоқда... Дейлик, таниш-билиш ва дўст-биродарларни ишга солишнинг ҳадисини олган жамоа мутасаддиларига автотранспорт ва сафар харажатлари текинга тушяпти. Шундан келиб чиқиб, бу клубнинг ашаддий ишқибозларига катта раҳмат айтиш жоиз. Жамоада ҳаттоки, мураббийларнинг ҳам маошсиз ишлашаётганига нима дейсиз...? Яширишнинг ҳожати йўқ, бош-қа муассасаларда меҳнат қилувчи бу тоифа мутахассислар бўш вақтларини жамоа манфаати учун сарфлашга доимо шайлар. Асосийси, маҳаллий кадр сифатида ўз туманлари жамоаси тақдирига бефарқ қарамаётган бундай фидойилар олдида доимо таъзимдамиз.
1-лигада ҳам чипта сотилади!
Ажабланарлиси, деярли барча молиявий бақувват жамоалар (пойтахт вакиллари ва фарм- клублар) стадионга мухлислар ташрифи бўйича муаммога дуч келишяпти. Албатта, «Цементчи» бундан мустасно. Бироқ Қувасойда томошабинлар учун стадионга кириш текин. Нукусдаги «Турон» стадионига кириш эса чемпионат аввалида бепул эди. Кейинчалик чипта (1000 сўм ) ҳамда йиллик абонемент (10 минг сўм) жорий этилди. Афсуски, сўнгги турларга келиб, чипталар савдосига яна чек қўйилди.
Косонсойда чиқарилган йиллик абонементлар кўнгилдагидек сотилмаган бўлсада, маълум маънода маркетинг ишлари юритилгани мақтовга сазовор. Жумладан, ҳар ўйинда 100 нафардан ортиқ мухлис стадионга кириш чоғи 3000 минг сўмдан чипта сотиб олган. Қолганларда йиллик абонементлари бор. Бундан ташқари, норасмий фан-клуб томонидан ўйиннинг энг яхши футболчиси аниқланиб, маълум миқдорда пул мукофоти билан тақдирланганига бир неча маротаба гувоҳ бўлдик. Эътиборлиси, маблағ ўша ишқибозлар ҳамёни ҳисобига йиғилган. Сумманинг қанчалиги муҳим эмас, асосийси, футболга берилаётган эътибор... Шундай эмасми? Чипталар сотуви бўйича шунга ўхшаш ижобий ҳолатлар Зомин, Ёзёвон, Уйчи, Чуст ва Нукус шарафини ҳимоя қилаётган жамоаларда ҳам кузатилди. Мазкур клубларнинг қисман бўлсада маблағ орттиришга интилишлари мақтовга лойиқ.
Хуллас, 20та жамоадан ташкил топган бутун бошли лиганинг атиги 5-6та иштирокчисигина чипталар сотувини йўлга қўйган. Бу борада озчиликни ташкил этаётган клублар ўз ғазналарини бойитишга баҳоли қудрат ҳаракат қилишмоқда. Шунингдек, «Хоразм»да ҳам мухлисларни стадионга чорлаш бўйича муаммо бўлмасада, чипта жорий этилмаган: ҳозирча маҳаллий стадионда футбол кўриш текин!!!
«Косонсой» 3 минг сўм 40 минг сўм
«Хотира-79» 3 минг сўм -
«Чуст-Пахтакор» 3 минг сўм -
«Ёзёвон-Лочинлари» 3 минг сўм 20 минг сўм
«Орол» 1 минг сўм 10 минг сўм
«Зомин» 2 минг сўм 60 минг сўм
Маош ва мукофот пули ҳақида
Энди лигадаги футболчиларнинг маош ва мукофот пули масаласига тўхталсак...
Юқорида таъкидланганидек, молиявий бақувват клублар бу борада ҳам етакчилар. Хусусий ва кучли ҳомий ташкилотга эга жамоалар ўз футболчиларини аниқ ставкалар асосида маош билан тегишли тартибда таъминлашмоқда. Саноқли ўйинчиларгина 1 миллион сўм атрофида ойлик ва мукофот пули олишади. Бошқаларнинг бу борадаги киримлари 400-500 минг сўмга тенг. Демак, ўртача ҳисобда 400 минг сўм маош ҳамда шунча мукофот пули белгиланган.
Дарвоқе, турнирда иштирок этаётган ёшлар (1995 йилдан кейин туғилганлар)га ойлик маош белгиланмаган, улар ўрганувчи футболчи сифатида қайд қилинганлар. Кўтарма пули ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас, гоҳида учратмасангиз, рағбатнинг бу тури анқонинг уруғига айланган.
Хулоса шуки, 1-лига элитага чиқиш зинапояси вазифасини ўтамоқда... Демак, ҳозирча пул масаласи 2-даражада, зеро, қуйи лиганинг айни дамдаги молиявий ҳолати шуни тақозо этмоқда.
МинтаҚалардаги «интрига»лар
«Шарқ» ва «Ғарб» минтақасидаги жамоалар ўртасида тафовут сезилдими? Тан олиш керак, «Шарқ» зонасидаги баҳслар қизиқарлироқ кечди. Бинобарин, турнир жадвали пешқадами, олий лигага чиқишни мақсад қилган «Оқ-тепа»нинг «Пахтакор-2», «Цементчи» ва «Чуст-Пахтакор»га ютқазиши кўп нарсадан далолат. «Шарқ»да жамоаларнинг кучлари деярли бир хил кўринмоқда. «Ғарб» минтақасидаги натижаларни эса олдиндан башорат қилиш мумкин эди. Қолаверса, аутсайдер жамоалар 1-даврадаёқ тақдирга тан бердилар, гўё. Айниқса, «Аланга» 18та ўйинни деярли «дарвозабонсиз» ўтказди... Қашқадарёликлар ҳар бир ўйинда ўртача 3,8та гол қабул қилиб олишди-я... «Шарқ» аутсайдерларининг бу борадаги кўрсаткичлари деярли икки баравар яхшироқ...
Лига географияси
Биринчиликда 8та вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари стартга чиқишди. Айниқса, Тошкент шаҳри бу борада яққол етакчи. Аммо пойтахт жамоаларининг ҳеч бири мухлис йиғиш борасида мақтанолмайди.
Мавриди келганда, битта таклиф билдирсак: ушбу жамоалар Тошкент вилоятининг Янгийўл, Оҳангарон, Бўка ёки Чиноз каби туманлари номидан қатнашишса, стадионларга кам бўлсада, томошабин кирармиди?! Ахир футбол (жамоаси) мухлислар билан «тирик»-ку... Қоғоздаги статистикага асосланган футболнинг кимга кераги бор?
Хўш, биринчи босқичда қайси ҳудуддан нечтадан жамоа қатнашди:
Тошкент шаҳри - 6та
Наманган вилояти - 3та (Косонсой, Уйчи, Чуст)
Қашқадарё вилояти - 3та (Қарши, Муборак, Косон)
Фарғона вилояти - 2та (Қувасой, Ёзёвон)
Андижон вилояти - 1та (Андижон)
Хоразм вилояти - 1та (Хоразм)
Қорақалпоғистон Республикаси - 1та (Нукус)
Жиззах вилояти - 1та (Зомин)
Бухоро вилояти - 1та (Ғиждувон)
Самарқанд вилояти - 1та (Самар-қанд)
Афсуски, 1-лига қатнашчилари орасида Сурхондарё, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қиладиган жамоалар йўқ.
Ҳакамлик МАСАЛАСИ
Энди мусобақа ҳакамлиги юзасидан бироз мушоҳада юритсак. Бу борада ҳам ўсиш бор, зеро, баҳсларда ҳакамларнинг у ёки бу жамоага очиқчасига ён босишлари сезиларли равишда камайди. Шунга қарамай, «Шарқ» минтақасида ўтказилган айрим ўйинлар ҳакамлик масаласидаги муаммолардан холи бўлмади... Жумладан, Қувасойдаги «Цементчи»-«Оқ-тепа» (2:1), Ёзёвондаги «Ёзёвон-Лочинлари»-«Цементчи» (2:1), Чустдаги «Чуст-Пахтакор»-«Косонсой» (3:3) ва Косонсойдаги «Косонсой»-«Оқ-тепа»(3:3) баҳсларида ҳакамлар «қовун» туширишларига бир баҳя қолди. Боз устига, Ёзёвонда дастлабки босқичнинг сўнгги тури доирасида ўтган баҳсни бош-қариб борган ҳакамларга «2» баҳо қў-йилди.
Эътибор берсак, ҳакамлар манзилига эътирозлар асосан «Оқ-тепа» ва «Цементчи» клублари иштирокидаги ўйинларда ёғилди. «Ғарб» минтақасидаги ҳакамликка аниқ баҳо беролмасакда, у ерда ҳам айрим ўйинлар можаролардан холи ўтмаяпти. Жумладан, «Хоразм» иштирокидаги ўйинлар бу борада пешқадам...
2-босҚичга тайёрмисиз, олий лигага-чи?
Мана, биринчиликнинг иккинчи босқичида қатнашадиган 16та жамоа номи маълум. Омадсиз 4та жамоа - «Бунёдкор-2», «Чуст-Пахтакор», «Ғиждувон» ва «Аланга» эса лига билан хайрлашди. Энди бу жамоалар (фарм-клубдан ташқари) 2-лигада курашишади. Агар...
Маҳаллий спорт принциплари диққатимиз марказида: мабодо жамоалар танқислиги вужудга келса, муваффақиятсизликка юз тутишган клублар ҳеч бир саралаш баҳсларисиз яна 1-лигага қайтишлари эҳтимоли йўқ эмас. Ўтган йили «Ғиждувон», «Аланга», «Орол» ҳамда фарм-клубларнинг қуйи дивизонга қандай қўшилишганини эслаш кифоя...
Шу ўринда савол туғилади: элита йўлланмасига даъвогарлар - «Оқтепа», «Обод» ва борингки, «Хоразм» ОЛИЙ ЛИГАдаги иштирокка тайёрми? Жавоб аниқ: «йўҚ»! Зеро, олий лигани шунчаки, ҳавас қилиш билан чекланиш нотўғрилигини «Андижон» ва «Сўғдиёна» клублари мисолида кўрдик...
Хулоса
Эътибор беринг, айнан молиявий ҳолатидан кафолатланмаган клублар учун тиббий кўрик тўлови (1 йилга тахминан 10 миллион сўм) ва ПФЛга аъзолик бадали (20 миллион сўм) жуда оғирлик қилмоқда...
Миллий футболимизни ривожлантиришни мақсад қилган эканмиз, 1-лига учун бу борада баъзи имтиёзлар яратиш мақсадга мувофиқмикин? Яъни тиббий кўрикни бепул қилиб, ПФЛга аъзолик бадалини йўқотиш ШАРТдек!!!
«Хоразм», «Орол», «Зомин», «Ғиждувон», «Хотира-1979», «Косонсой», «Ёзёвон-Лочинлари» каби жамоалар тақдирига бефарқ эмасмисиз? Уларнинг минглаб мухлислари кўнглини кўтаришни мақсад қилганмисиз? Демак, бу клубларни биргаликда қуллаб-қувватланг! ЎФФ ва ПФЛ раҳбариятидан ўтинчимиз ҳам шу: 1-лигани равнақ топтириб, мухлисларни стадионларга қайтаришни истасангиз, уларни тиббий кўрик ва аъзолик бадали билан боғлиқ тўловлардан озод қилинг! Зеро, шу тариқа жамоаларнинг профессионаллик сари қадам ташлашлари, маркетинг ва менежмент хизматларини ташкил этишлари учун имкониятлар туғилади!
Хўжа АБДУЛАҲАД, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).