Умид Хонимқулов жорий мавсум «Олмалиқ»нинг асосий дарвозабонларидан бири бўлди. Айнан унинг ишончли ўйини эвазига Шквирин шогирдлари бир қатор ўйинларда керакли очколарга эга бўлдилар. Кипер эса мухлис ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Хонимқулов узоқ йиллик тажрибага эга бўлса-да, шу вақтга қадар мухлисларга у қадар яхши таниш эмас эди. Қуйидаги суҳбат давомида уни ишқибозларга яқиндан таништиришни мақсад қилдик.
ТАНИШТИРУВ
- Умид, сиз ҳақингизда маълумотлар у қадар кўп эмас. Суҳбатимиз аввалида ўзингизни таништириб ўтсангиз.
- Жиззах шаҳрида туғилганман ва шу ерда футбол билан шуғулланганман. Дастлаб маҳалладаги майдонда болалар билан бирга тўп тепардик. Кейинчалик шаҳар марказидаги футбол мактабида Вадим Мамедович Шабдинов қўл остида шуғуллана бошлаганмиз. 1999 йилда «Сўғдиёна» жамоаси ўринбосарлари таркибига таклиф қилишди. Шундан сўнг фаолиятим бошланиб кетган. Аввалига «Сўғдиёна-2» билан 2-лигада қатнашдим. Кейинчалик асосий жамоа таркибига чақиришди.
- Биламизки, болалар энг аввало ҳужум ёки ярим ҳимоя чизиғида ўйнашни истайдилар. Жуда бўлмаганда ҳимоячи амплуасини танлайдилар. Дарвозада туришни орзу қиладиганлари эса жуда кам. Сиз нега посбонликни танладингиз?
- Чунки болалигимда амаким Камолжон Дауров ўйинларини томоша қилиб катта бўлганман. У иккинчи лигада иштирок этадиган «Сангзор» клубида ўйновчи-мураббий эди. Амаким илк бора стадионга етаклаб борганида жуда ёш эдим. Унинг ўйинларини томоша қилиб, дарвозабон бўлишга ҳавас қилганман. Шу сабабли футбол мактабига борганимда, дарвозани танладим. Тўғри, болалар асосан майдонда ўйнашни хуш кўришади. Аммо футбол мактабига борганимда анча улғайиб қолган эдим. БЎСМда бор-йўғи бир йил шуғуллангандим. Кейин эса «Сўғдиёна»дан таклиф олганман.
ЖИЗЗАХ ФУТБОЛИ
- Сўнгги йилларда Жиззахдан бир қатор иқтидорли футболчилар етишиб чиқишди. Масалан, Жасур Ҳасанов узоқ йиллар терма жамоа шарафини ҳимоя қилган бўлса, яқинда Сардор Рашидов катта пул эвазига Қатарга йўл олди. Жиззах футбол мактабининг ютуқлари сири нимада?
- Ушбу вилоятда футболга меҳр бошқача. Халқ «миллионлар ўйини»ни яхши кўради. Болалар ҳам машғулотларда сидқидилдан иштирок этадилар. Шунингдек, болалар мураббийлари жуда малакали. Афсус, фақат бир муаммо бор - молия! Жиззах футболида катта пул айланмайди, шу сабабли шароитлар ҳам у қадар яхши эмас. Шунга қарамай, футболга бўлган меҳр жуда катта. Болалар ўйдим-чуқур майдонда бўлса ҳам бажонидил тўп суришади. Биз шуғулланган вақтларда деярли ҳамма машғулотларда мунтазам қатнашарди. Кимдир келмай қолса, албатта, хабарини берар ва эртаси куни қаердан бўлса ҳам етиб келарди. Шунингдек, мураббийлар ҳам оғир шароитга қарамай кунига икки маҳал машғулотни канда қилишмайди. Жиззахдан иқтидорлар етишиб чиқаётганига сабаб шундадир, балки.
ЖАРОҲАТ
- Сиз бу йилдан эътиборан тилга туша бошладингиз. Аммо ёшингиз 33да эканини инобатга олсак, танилиш учун бироз кеч эмасми?
- Ҳамманинг ҳам пешонасига битган тақдири бўлар экан. 1999 йилда «Сўғдиёна» ўринбосарлар таркибига ўтган бўлсам, 2002 йилда асосий жамоа сафида битта учрашувда майдонга тушдим. Шундан сўнг икки йил мобайнида жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Бахтга қарши 2003 йилда жароҳат олиб, узоқ муддатга футбол билан хайрлашишга мажбур бўлдим. Бир йил футболдан четда юрдим. Жуда оғир бўлган эди ўша вақтларда. Кейин биринчи лига вакили, «Ғаллакор» жамоасида фаолиятимни қайта тикладим. Олий лигага қайтиш учун анча кутишга тўғри келди.
- Жароҳатингиз оғирмиди?
- Ҳа, тизза пайларим шикастланганди. Меникс ва кесишган пайларни операция қилдиришга тўғри келди. Футболчи учун жуда ёмон жароҳатлардан бири бу. Узоқ вақт даволандим. Бундан кейин футболга қайтиш осон эмас.
- Боз устига, бундай жароҳатни даволатиш ҳам жуда қимматга тушади. Сизга кимдир ёрдам берганми ёки ўз ҳисобингиздан даволанганмисиз?
- Бахтимга «Сўғдиёна» клуби даволанишим учун лозим бўлган барча ёрдамни кўрсатган, харажатларни қоплаган. Бунинг учун клубдан жуда миннатдорман.
- Бу жароҳат туфайли фаолиятингизда ортга силжиш кузатилган экан. Ўзингизни кеч қолган одамдек ҳис қилмайсизми?
- Йўқ, ҳеч нарсадан нолимайман. Мана, сал кечроқ бўлса ҳам профессионал клубда ўйнаяпман. Қолаверса, дарвозабон 27-28 ёшда «уйғонади». Жаҳон футболида 40 ёшида ҳам юқори савияда ўйнаган киперлар етарлича топилади. Шундай экан, мен ҳам ҳали узоқ йил фаолият юритаман, деган умиддаман.
- Демак, ҳар бир футболчи сингари сизда ҳам терма жамоа таркибида майдонга тушиш орзуси бор?
- Албатта. Ахир ким ҳам терма жамоа либосини кийишни истамайди? Бир кун келиб менга ҳам шундай таклиф тушса, бошим осмонга етарди.
ҚАЙТА КЎТАРИЛИШ
- Жароҳатолган вақтларингизда фаолиятингизни тугатиш ҳақида ўйламадингизми?
- Ўйламасамда, фаолиятим тўхтаб турган эди. Аммо шунда ҳам тушкунликка тушмаганман, барибир майдонга қайтишни мақсад қилганман. Ниятим холис экан, унга эришдим.
- Футболдан четда қолган вақтда нима билан шуғулландингиз? Ҳар ҳолда тирикчилик деганларидек...
- Тадбиркорлик қилдим. Аммо имкони бўлиши ҳамоноқ футболга қайтдим. Бошқа соҳада қолиб кетишни тасаввур ҳам қила олмасдим.
«ДЎСТЛИК-2008» ҲАҚИДА
- Олий лигага қайтиш қийин бўлмадими? Яхши биламиз, элита клублари биринчи лигадан футболчи олишни унчалик ёқтирмайдилар.
- Бахтимга 2008 йилда Жиззах вилояти Дўстлик тумани шарафини ҳимоя қиладиган «Дўстлик-2008» клубига таклиф қилишди. Бу жамоа билан яхши натижаларга эришдик ва олий лигага чиқишга муваффақ бўлдик. Аммо клуб элитада қатнашмайдиган бўлди. Шунга қарамай, бир қатор футболчиларга олий лига жамоалари қизиқиш билдиришган. Улар орасида мен ҳам бор эдим ва яна «Сўғдиёна»га қайтдим. Шу билан фаолиятим яна олдинга силжиди.
- Нима сабабдан «Дўстлик-2008» клуби олий лига йўлланмасини қўлга киритгани ҳолда, бу ҳуқуқдан фойдаланмаган?
- Бунисидан бехабарман. Аммо шуни айтишим мумкинки, клубда ҳамма иш жуда яхши ташкил этилган эди. Футболчилар учун яратилган шароит, уларга қўйилаётган талаб олий лиганикидан қолишмас эди. Ҳатто баъзи бир элита клубларидан яхшироқ ҳолатда бўлганмиз. Ойлик маошлари ва мукофот пуллари ўз вақтида бериларди, футболчига нисбатан муносабат ҳам жуда яхши эди. Менда «Дўстлик-2008» ҳақида фақат илиқ таассуротлар қолган. Айнан шу клуб сафида қайта кўтарилдим ва олий лига клубидан таклиф олдим.
- Аммо яна жароҳат сабаб биринчи лигага қайтишга мажбур бўлдингиз...
- Ҳа. «Сўғдиёна»да икки йил бир маромда ўйнадим. Аммо яна жароҳат панд берди. 2011 йилда қўлим шикастлангани учун бир муддат футболдан четда қолдим. Бу ҳам бир синов экан. Яна биринчи лигага қайтиб, «Хива» шарафини ҳимоя қилдим. Ниҳоят 2013 йилда «Олмалиқ»қа таклиф қилишди.
«ОЛМАЛИҚ»
- Қандай қилиб «Олмалиқ» назарига тушгансиз?
- Игорь Шквирин ҳар доим футболчиларни кузатиб юради ва иқтидорларни дарҳол жамоага таклиф қилади. Менга ҳам шу мураббий таклиф билан чиққан. Бунинг учун ундан жуда миннатдорман.
- «Олмалиқ»даги ишларингиз қандай кечмоқда?
- Ҳаммаси жуда яхши. Шуни айтишим лозим, «Олмалиқ» - фаолиятимдаги илк ростмана профессионал клуб. Футбол ўйнаш учун ҳамма шароитлар яратилган. Фақат шу клубга ўтгач, дарвозабонлар учун алоҳида мураббий ишлашини кўрдим. Агар ўйинимни ўстиришга эришган бўлсам, ҳаммаси «Олмалиқ» туфайли. Бу клуб сафида ҳали узоқ йиллар тўп суриш ниятим бор. Жамоа ғалабаси учун боримни бераман.
- «Олмалиқ»да шароитлар билан биргаликда рақобат ҳам жуда кучли. Сизга бу қийинчилик туғдирмаяптими?
- Рақобат бўлгани яхши. Фақат шундагина ўсиш имконияти туғилади.
- Агар рақобатчингиз жамоа бош мураббийининг ўғли бўлса-чи? «Олмалиқ» дарвозабонларидан бири Никита Шквирин клуб бош мураббийи Игорь Шквириннинг ўғли экани ҳеч қандай муаммо туғдирмайдими?
- Қандай муаммо бўлиши мумкин: Никита ҳам барча қатори футболчи, бизга қўйилган талаб, унга ҳам тааллуқли. Клубимизда ҳамма иш профессионал тарзда йўлга қўйилган. Биз учун ҳамма бир-бири учун жамоадош ва рақобатчи. «Олмалиқ»да ҳеч қандай муаммо йўқ...
Зафар Қосимов суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).