Шу кунларда Германия футбол иттифоқи (DFB) томонидан ушбу мамлакатнинг Хеннеф шаҳридаги спорт мактабида анъанавий халқаро мураббийлик курслари ўтказиляпти. Германия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган мазкур курслар инглиз тилида олиб бориляпти. Семинар мазмунан DFB томонидан бериладиган «A» ва «B» тоифали лицензияларга мос келади ва футбол назарияси ҳамда амалиётининг турли аспектларини ўз ичига қамраб олади. Германия футбол иттифоқи ҳар йили бутун дунёдан 30 нафар мураббийни ушбу курсларга таклиф қилади ва уларни миллий футбол федерациялари билан ҳамкорликда танлаб олади. Яқинда, аниқроғи, 6 август куни Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг «Бунёдкор» футбол академияси мураббийи Ёрқин Назаровни қабул қилган эди. Айнан шу учрашув чоғида Ўзбекистон номидан «Бунёдкор» академияси мураббийининг DFBнинг жорий йилдаги халқаро мураббийлик курсларида иштирок этиши маълум бўлганди. Биз сафар олдидан Ёрқин Назаров билан учрашиб, ундан мавзу юзасидан интервью олдик.
- Мазкур курсларда Ўзбекистон номидан иштирок этаётганимдан хурсандман, - дея сўз бошлади «Бунёдкор-2000» мураббийи. - Жаноб элчи учрашувимиз чоғида мени табриклаб, спорт соҳасидаги ҳамкорлик Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни яна мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ўйлайманки, Хеннефдаги мураббийлик курсларида оладиган билимларим мураббийлик фаолиятимда асқотади ва Ўзбекистоннинг бўлажак футбол юлдузларини тайёрлашда самарали ёрдам беради. 7-25 сентябрь кунлари оралиғида ўтказиладиган ўқув-курсларидан ўзим учун жуда кўп ижобий нарсаларни кутяпман. Курсларга 30та давлатдан мураббийлар таклиф этилган. Ҳар бир давлатдан бир нафар мураббий ўқув курсларида иштирок этиши кўзда тутилган.
- Бу йилги мавсум сиз ва Отабек Ғуломхўжаев мураббийлик қилаётган академиянинг 2000 йилда туғилган тарбияланувчилари учун омадли келяпти, деб бемалол айтишимиз мумкин. Сабаби, шогирдларингиз Қозоғистон, Хитой, КХДР мамлакатларида ўтказилган халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этишди. Айтингчи, ғалабалар омили нимада?
- Биринчи галда «Бунёдкор» академиясида ишларнинг тўғри йўлга қўйилганида. Бундан 4-5 йил аввал бошланган ҳаракатлар бугун ўз мевасини бера бошлади. Ҳақиқатан ҳам, сиз айтгандек 2015 йилги футбол мавсуми академиямиз, хусусан 2000 йилда таваллуд топган тарбияланувчиларимиз учун омадли ўтмоқда. Жумладан, Хитойнинг Чэнду шаҳрида ўсмир (U-15) футболчилардан иборат жамоалар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда бош мукофотни қўлга киритдик. Мусобақада биздан ташқари, Хитойнинг «Сунгдо», Жанубий Кореянинг «Кионгидо», КХДРнинг «Юсонён» жамоалари иштирок этди. Финал учрашувида айнан «Юсонён» жамоасини пенальтилар сериясига кўра мағлуб (4:3) этдик. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмаганди. Мусобақа якунида Отабек Ғуломхўжаев ва менга мусобақанинг энг яхши мураббийи номинациясида махсус соврин топширишди. Яқинда КХДРнинг Пхеньян шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда қатнашиб қайтдик. Бу мусобақа Хитойдаги турнирнинг мантиқий давоми эди. Табиийки, Ari Sports Cup турнирига бизнинг жамоа амалдаги чемпион сифатида ташриф буюрди. Жами саккизта жамоа тўрттадан икки гуруҳга ажратилди. Учрашувлар 21 августдан старт олди. «Бунёдкор-2000» «Пхеньян» жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйиб, гуруҳнинг қолган икки учрашувида Хорватиянинг «Осиек» ҳамда Жанубий Кореянинг «Кангвондо» жамоаларини мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Гуруҳда иккинчи бўлганимиз учун «А» квартети ғолибига қарши финал чиптаси учун майдонга тушдик ва бу ўйинда мағлубиятга учрадик. Биласизми, мезбонлар иштирокидаги учрашувларни томоша қилиш учун стадионга 50-60 минг мухлис келди. Очиғи, бошида шу ҳолатдан бироз хавфсирагандик. Чунки катта футболчилар ҳам бундай ҳолатларда эсанкираб қолишади. Лекин ёш футболчиларимиз ортиқча босимсиз ҳаракат қилишди. Бундан эса биз - мураббийлар хурсанд бўлдик. Энг қувонарлиси, ушбу жамоамиздан 8 нафар йигитимиз Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига жалб қилинган эди. Шимолий Кореядаги турнирдан кейин яна икки нафар шогирдимизни терма жамоага чақиришди. Улар Темур Олимхўжаев жамоаси таркибида Қатарга жўнаб кетишди. Бир йўла 10 нафар футболчимизнинг терма жамоага таклиф этилиши бу «Бунёдкор» академиясида болалар футболига эътибор тўғри йўлга қўйилганлигидан далолат беради. Ишлашга барча шароитлар етарли. Академия тарбияланувчиларига футболдан ташқари инглиз тилидан дарс ўтилади. Психология соатлари бор. Ўйлашимча, шу психология дарсларининг ўтказилиши ҳам 50-60 минг мухлис кўз ўнгида йигитларнинг бемалол ўйнашларига хизмат қилди.
- Ёрқин ака, келинг, энди ўзингизнинг ёшлигингиз ҳақида ҳам гаплашсак. Сизнинг оилангизга нисбатан Назаровлар сулоласи деб мурожаат қилсак бўлади. Укангиз Дилмурод Назаров ҳам кўп йиллар давомида «Пахтакор»да муваффақиятли тўп сурган. Адашмасам, сизнинг футболдаги илк қадамларингиз ҳам «Пахтакор» жамоасида қўйилган. Шундай эмасми?
- Ҳақиқатан ҳам, оилавий муҳит таъсирида футболни танлаганман. Сиз айтгандек, «Пахтакор» клубида футболдаги илк қадамлар ташланган. Биринчи мураббийим Владимир Бондаренко бўлган. Шу инсондан миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини ўрганганман. Бондаренко қўл остида ўйнаган футболчилардан беш нафари, хусусан мен ҳам собиқ иттифоқ ўсмирлар (U-16) терма жамоаси таркибида Европа чемпионатида иштирок этганмиз. Валерий Кечинов, Андрей Яровой, Олег Шацких, Павел Бугало ва менга ушбу бахт насиб этган. Ушбу мусобақадан кейин бизни «Пахтакор»нинг асосий жамоасига олишган. Клуб билан расман шартнома имзолаганмиз.
- «Пахтакор»дек шонли жамоа либосида майдонга тушиш бахти сизга ҳам насиб этган ва бу кунларни унутмасангиз керак?
- Асло. Футболчилик фаолиятимдаги энг ёрқин дамлар айнан «Пахтакор»да ўтган. Саккиз йил давомида барча болалар ўйнашни орзу қиладиган клуб таркибида тўп тепиш насиб этди. Шу вақт мобайнида икки карра Ўзбекистон чемпиони, шунча маротаба мамлакат кубоги соҳиби бўлдим. Терма жамоага чақирилдим. Машҳур футболчилар билан елкама-елка ўйнадим. Албатта, бундан жуда ҳам хурсандман.
- Футболчилик даврингизни сарҳисоб қилиб, ундан кўнглингиз тўлганми? Ёки ҳозир ўйлаб кўриб, мана бу қарорим нотўғри бўлган экан, деган фикрга келяпсизми?
- Энди футболдан кетганингиздан кейин қандайдир бир кўнгил тўлмаслик ҳолатлари бўлар экан. Ҳамма футболчида ҳам шундай ҳолат бўлса керак. Биринчи навбатда яна бир-икки йил ўйнасам бўларкан, ҳали кучим бор экан, деган фикр келади. Агар имконият берилганида, ўша пайтда қабул қилган айрим қарорларимни ўзгартирган бўлардим. «Пахта-кор»да ўйнаб юрган пайтларим энг кучга тўлган даврларим бўлган. Ўшанда Москванинг «Спартак» клубидан таклиф тушганди. Афсуски, ўша пайтда бу чорловга рад жавобини бериб, Ўзбекистонда қолганман. Шу нарса менга армон бўлиб қолган. Дўстим Валерий Кечинов эса «Спартак»га ўтиб кетганди. Ёдингизда бўлса, «Спартак» ўшанда қаторасига беш маротаба Россия чемпиони бўлганди. Машҳур мутахассис Олег Иванович Романцевнинг ўзи бизни таклиф қилганди. Дмитрий Парфенов ва Андрей Коливанов билан собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасида бирга ўйнаганмиз. Бу футболчилар ҳам «Спартак»ка ўтишганди. Ҳозиргача Москва клубига ўтмаганимни армон билан эслайман.
- Миллий терма жамоа таркибида ўтказган ўйинларингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Асосан Ўзбекистон ёшлар ва олимпия терма жамоаларида ўйнадим. Миллий терма жамоада эса ЖЧ-98 саралаш ўйинларида майдонга тушдим. Ўшанда мундиалнинг финал босқичига чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлгандик. ЖЧ саралаш ўйинларида илк маротаба қатнашишимиз эди. Шунга қарамай, ёмон натижа қайд этмаганмиз, деб ўйлайман. Миллий терма жамоа либосида майдонга тушиш ҳар бир футболчи учун бахт ҳисобланади. Менга ҳам шундай бахт насиб этганидан хурсандман. Ҳозирги таркиб ўйинчиларига терма жамоадаги фаолиятингизнинг қадрига етинглар, ундаги ҳар бир дақиқадан унумли ва максимал даражада фойдаланиб қолинглар, деб ният қилардим. Чунки, футболчининг майдондаги фаолияти қисқа бўлади. Терма жамоадаги фаолият эса ундан ҳам кам. Жаҳон чемпионатлари эса ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Мана миллий терма жамоамиз янги мураббийлар штаби қўл остида футбол ишқибозларининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқариш учун янги юришни бошлади. Бугунга келиб шаклланган терма жамоа жуда ҳам кучли. Ҳар бир чизиқда кучли ўйинчилар тўп суришяпти. Энди мураббийлар уларни ягона мақсад сари бирлаштира олишса бўлгани. Кўряпсиз, футбол Осиёда жуда жадал суръатларда ривожланиб кетмоқда. Кутилмаган натижаларга тез-тез дуч келяпмиз. Шу тараққиёт суръатига мос тарзда биз ҳам кучайиб боришимиз керак.
- Укангиз Дилмурод Назаров бугунги кунда нималар билан банд?
- Дилмурод футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг маълум муддат футболдан йироқда бўлди. Бошқа соҳада ишлади. Лекин ҳаётининг катта қисмини футболга бағишлаган инсон узоқ вақт бошқа соҳада қолиб кета олмас экан. Барибир футбол тортаркан. Ҳозирда у Тошкентнинг «Ливерпуль» клубида мураббийлик қиляпти. Иккинчи лигада фаолият юритаётган ушбу жамоада бош мураббий лавозимида ишламоқда.
- Ёрқин ака, бугунги кунда Назаровлар сулоласининг давомчилар сифатида кимлар футбол ўйнаяпти?
- Ўғлим Сардор «Бунёдкор» академиясининг 2001 йилдаги жамоасида ўйнаяпти. Ўктам акамнинг ўғиллари Санжар «Бунёдкор»нинг биринчи лигадаги жамоаси сафида ўйнаяпти. Опамнинг фарзандлари, яъни қолган жиянларим ҳам миллионлар ўйинига ошно тутинишган. Дилмуроднинг эса икки нафар қизи бор. Умид қиламанки, жиянларим орасидан Назаровлар сулоласини футбол соҳасида давом эттирадиган издошлари етишиб чиқади.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).