Аксарият одамлар футболчиларни анчайин жўн фикрловчи кишилар деб ҳисоблайди. Аммо улар орасида ижтимоий масалалардан тортиб, то сиёсат бобидаги нозик саволларга қадар эринмай жавоб қайтаришни ёқтирадиган чармтўп усталари ҳам топилади. Eurosport.ru сайтида чоп этилган ушбу қизиқарли мақолада футбол майдонидан сиёсат майдонига қадам қўйган юлдузлар ҳақида сўз боради.
Ромарио
Футбол тарихидаги энг буюк ҳужумчилардан бири (1000 тадан зиёд гол, ўз ҳисоб-китобига кўра) Ромарио 2009 йили демократик социализмни қўллаб-қувватловчи Бразилия Социалистик партияси аъзолигига қабул қилинади. Орадан бир йил ўтгач у мамлакат Конгрессининг қуйи палатасидан жой эгаллайди. Ўшанда футбол афсонаси учун 150 мингга яқин киши ёки умумий сайловчиларнинг 1,84 фоизи овоз берганди.
Социалист Ромарио келгусида Рио шаҳар мери бўлишга умид боғлаган: "Мазкур вазифа – сиёсат одламидаги энг қизиқарлиси. Эҳтимол, 2016 йили ушбу лавозимга ўз номзодимни илгари сурарман. Аммо ҳозирча бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилганим йўқ".
Хавьер Занетти
"Интер" ва Аргентина терма жамоаси собиқ сардори футбол майдонидан ташқарида камбағал болалар лагерида ФИФА элчиси сифатида фаолият юритади. У Аргентинадаги камбағалларга моддий ёрдам кўрсатгани учун Милан халқи томонидан медал билан тақдирланган.
2005 йилнинг майида "Интер" қўмондон Маркос раҳнамолигидаги сепатист партия етакчисидан унинг тарафдорлари – мамлакатнинг маҳаллий халқлари уюшмаси учун ўртоқлик учрашуви ташкил қилиб бериш сўралган хат олади.
Занетти бу унинг учун муаммо бўлмаслиги, агар клуб саёхатга тайёр бўлса –мамнуният билан шерикларини майдонга бошлаб тушажаклигини билдиради. Аммо "Интер" рад жавобини беради. Шунга қарамай Хавьер раҳбарият ва баъзи жамоадошларини сепатистларга хайрия қилишга кўндиради.
Миланликлар менежери Бруно Бартолоцци Чьяпас штатидаги қишлоққа ташриф буюриб, тўпланган маблағ ва Занеттининг "ўз насли ва идеалларини сақлаб қолиш учун курашда" хайрихоҳлиги битилган мактубини элтиб беради.
Жорж Веа
1995 йили "Милан" юлдузи ФИФА томонидан йил ўйинчиси деб топилади, БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФга катта миқдорда хайрия маблағи ажратиб ушбу ташкилотнинг элчиси бўлади, орадан 10 йил ўтиб эса Либерия президенти лавозими учун ўз номзодини қўяди.
Веа турар-жойлар, электр энергияси, тоза ичимлик сувининг нархини пасайтириш, қишлоқ аҳолиси учун таълим сифатини оширишни таклиф қилади. Жорж дастлабки турда 28 фоиз овоз тўплайди, аммо кейинги босқичда Элен-Жозеф Серлифга имкониятни бой беради.
Либерия ҳукуматига дунёдаги биринчи футболчи-президент келиши мумкин эди, аммо ҳокимият бошқарувини мамлакат тарихидаги илк аёл президент ўз қўлига олади. Орадан 10 йил ўтганига қарамай Веа ҳали ҳамон энг таниқли сиёсатчи бўлиб қолмоқда: 2014 йил декабрида уни 78 фоиз овоз билан Либерия Сенатига сайлашди.
Жорж ўз устида ишлаш ва таҳсил олишни давом эттирмоқда. У 2009 йили Майями университетини тамомлади. Ҳозирда эса бошқа оппозициячи сиёсатдонлар билан янги президентлик сайловларига тараддуд кўрмоқда.
Диего Марадона
Аргентиналик футбол афсонаси бутсасини михга илгач нафақат гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйгани, балки танқидий руҳдаги кескин сиёсий баёнотлари билан ҳам тилга тушди.
Футболчилик фаолиятидаёқ у Фидель Кастро шаънига аччиқ сўзлар ёғдиради, аммо кейинчалик унинг яқин дўст айланади. Марадона Уго Чавесни қўллаб-қувватлаб, Америка империализмидан очиқчасига нафратланишини билдирган эди.
У 2005 йили Жорж Бушнинг Аргентинага ташриф буюришига қарши намойиш акциясида қатнашган ва ҳатто Қўшма Штатлар президентини "кир ювувчи киши" деб атаб, STOP BUSH ёзуви туширилган майка кийиб олади.
Лилиан Тюрам
Франция терма жамоаси афсонаси Гваделупеда дунёга келган. Қачондир католик руҳонийси бўлишни хоҳлаганди, аммо ислом динини қабул қилиб, шундан сўнг футболчилик фаолиятини бошлайди.Одамларга ёрдам бериш истаги уни асло тарк этмади: Тюрам Францияда этник озчиликнинг ҳуқуқлари учун курашмоқда.
2005 йили юз берган муҳожир ёшларнинг тартибсизликлари вақтида ички ишлар вазири Николя Саркози намойишчиларни "тубан кишилар" деб атайди. Тюрам эса унинг сўзларига изоҳ бера туриб, сиёсатчи фикр билдириш ҳуқуқига эга экани, агар Саркози ўзини шундай ҳисобласа саройда яшамаслиги кераклигини айтиб ўтади. Кейинчалик Тюрам ва Николя Саркози ўртасидаги муносабат ҳақиқий қарама-қаршилик даражасигача кўтарилади.
Лилиан 2006 йили президентликка номзод Саркозининг дастурини танқид қилиб, уни "ирқчи" деб атайди. Сабаби дастур мамлакатдан барча ноқонуий муҳожирларни чиқариб юборишни кўзда тутганди.
Эътироз белгиси сифатида эса у 80 нафар уйсиз муҳожирга Италия билан ўйинга келиши учун бир неча автобус ажратиб беради. Ўшанда эмигрантлар учрашувни Жак Ширак ва Николя Саркози ложасининг рўпарасида кузатишганди.
Президентлика сайланган Саркози 2009 йили Тюрамга ирқий масалалар бўйича вазир лавозимини таклиф қилиб, уни ўз тарафига оғдириб олишга уриниб кўрди. Аммо футболчи таклифни "очиқ-ойдин кўриниб турган сабаблар" туфайли рад этади.
Фрэнк Лэмпард
"Челси"нинг собиқ сардори ва юраги 2007 йили Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашгач ўзини тори (консерваторлар партияси) вакили деб ҳисоблашини маълум қилади.
Mirror нашри мухбири Лэмпарднинг дўстларидан бири билан суҳбатлашди: "Фрэнк мамлакат аслида қандай бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга. Одамлар футболчиларни анчайин оддий кишилар деб ҳисоблашади. Аммо Лэмпард ижтимоий масалалардаги саволларга эринмай жавоб қайтаришни ёқтиради, ҳатто кўпчилик унинг уйига кечки овқатга йўл олаётган бўлса ҳам.
Эҳтимол, тори сиёсат билан янада кўпроқ шуғуллангани афзалдир. Чунки Фрэнк – ёш сайловчилар учун ҳақиқий намуна".
Лэмпарднинг ўзи эса бу каби фикрларга эҳтиёткор муносабатда: "Ҳа, менинг Дэвид Кэмерон билан суҳбатим ажойиб тарзда ўтди. Аммо мен футболчи сифатида буни тарғиботга йўймоқчи эмасман".
Маҳмуджон АЗИМОВ таржимаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).