InterFutbol газетасининг олдинги сонларида жаҳоннинг энг иқтидорли футболчиларига оид бир қатор туркум мақолалар чоп этилди. Жумладан, келажаклари порлоқ дея эътироф этилаётган 10 нафардан энг яхши дарвозабон, ҳимоячи ва таянч ярим ҳимоячиларининг фаолиятлари хусусидаги материалларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилдик. Биз мазкур анъанани давом эттириб, бу сафар Sports.ru сайти ижодкорлари томонидан эътироф этилган сайёрамизнинг 10 нафар энг яхши ҳужумкор ярим ҳимоячиладан тузилган рейтингга эътибор қаратамиз.
Ўз навбатида, аввалги мақолаларимизда бўлгани каби, уларни 3 йил олдинги рўйхатда қатнашган ҳамкасблари билан солиштирамиз.
10. Гастон ПЕРЕЙРО

Мамлакати: Уругвай
Клуби: ПСВ
Туғилган санаси: 1995 йил 11 июль
Бўйи: 188 см.
Баланд бўйли бўлишига қарамай, тезкорлиги билан мақтана оладиган Перейро чамаси ярим йил олдин АҚШда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида 5та гол уриб, мусобақа тўпурарлардан бирига айланганди.
Янги Зеландияда Ўтказилган 20 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса турнир ғолиби сербияликлар дарвозасига тўп киритишга эришди. Шундан кейин у ёзда Голландияда пайдо бўлди. «Насьональ» иқтидорли футболчисини ПСВга 7 миллион евро эвазига сотишга розилик берди. Гастон янги клубида Мемфис Депайдан қолган 7-рақамни танлади. «Насьональ» 18 йил аввал «Интер»га Альваро Рекобани сотиб, унинг трансферидан 17 миллион евро ишлаганди.
№10 (уч йил аввал) - Алекс Окслейд-Чемберлен: кўплаб жароҳатлардан кейин Алекс «Арсенал»нинг захира футболчисига айланиб қолди.
9. Мартин ЭДЕГОР

Мамлакати: Норвегия
Клуби: «Реал»
Туғилган санаси: 1998 йил 17 декабрь
Бўйи: 176 см.
Норвегиялик ёш иқтидор эгаси жорий йилнинг январь ойида жаҳоннинг барча топ-клублари билан музокара олиб борди ва якунда ҳафтасига 105 минг евро маош ажратган «Реал»ни танлади. Эдегор 4 ой аввал Испания учинчи лигасида тўп киритди ва шундан сўнг жамоа унинг хизматларидан деярли фойдаланмади. Юксак иқтидор соҳиби ўтган мавсумда ла-лиганинг сўнгги турида Роналдунинг ўрнига майдонга туширилди ҳамда «Реал» тарихидаги энг ёш дебютантга айланди.
№ 9 (уч йил аввал) - Матео Ковачич: Италиянинг «Интер» клуби аъзосига айланиб, Снейдернинг рақамини танлади ва 2,5 мавсум мобайнида миланликлар таркибида 8та гол урди. Ёзги трансферлар мавсумида эса «Реал» томонидан 35 миллион еврога харид қилинди.
8. Андрия ЖИВКОВИЧ

Мамлакати: Сербия
Клуби: «Партизан»
Туғилган санаси: 1996 йил 11 июль
Бўйи: 170 см.
19 ёшли тезкор ярим ҳимоячи икки йил муқаддам «Партизан»нинг асосий таркибида дебютини нишонлаганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Михайлович бошқарган Сербия терма жамоасидан ҳам таклиф олди. Живкович ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2015 турнири қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. У ўша турнирда жарима зарбасидан мексикаликлар дарвозасига ажойиб гол урди, ярим финалда эса малилик тенгдошлари дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни очди. Финал баҳсида эса жамоадоши Неманья Максимовични чиройли «пас» билан таъминлаб, терма жамоасининг ғалабасига муносиб улуш қўшди.
№ 8 (уч йил аввал) - Эрик Ламела: «Рома»га ўтди ва «А» серияга тезда мослашиб, бир мавсум давомида 15та гол урди, лекин «Тоттенхэм» уни 28 млн. евро эвазига харид қилганидан буён футболчининг ишлари унчалик юришмапти.
7. Жерсон САНТОС

Мамлакати: Бразилия
Клуби: «Флуминенсе»
Туғилган санаси: 1997 йил 20 май
Бўйи: 184 см.
Жерсоннинг отаси фарзанди «Барселона»да ярим йил фаолият олиб борганлигини таъкидлади. Лекин бунгача «Рома» спорт директори лавозимида ишлаган Вальтер Сабатини ёш футболчига «бўрилар»нинг 10-рақамли футболкасини топширган. Бундан хабардор бўлган клуб мухлислари мазкур қарорни Тоттига ҳурматсизлик сифатида қабул қилишган. Бироқ клуб мутасаддиси Жерсон билан олиб бориладиган музокаранинг муваффақиятли ҳамда тезроқ якунланиши учун бу бир оддий сабаб эканини айтиб, уларни тинчлантирган. Чапақай ярим ҳимоячи ажойиб дриблингга эгаликдан ташқари, тўпни шерикларига ажойиб тарзда етказиб бера олади. Истеъдодли хавбек Италия «А» сериясидаги фаолиятини қишда бошлайди. У дастлаб ярим йил давомида «Болонья»да ижара асосида тўп суриб, кейин «Рома» таркибига қўшилади.
№ 7 (уч йил аввал) - Филиппе Коутиньо: «Интер»дан «Ливерпул»га ўтди ва «Энфилд» мухлисларининг ёқимтойига айланди.
6. Анвар ал ҒОЗИ

Мамлакати: Голландия
Клуби: «Аякс»
Туғилган санаси: 1995 йил 3 май
Бўйи: 188 см.
Икки йил давомида «Фейеноорд» футбол академиясида таҳсил олган Анвар кейинчалик «Спарта» сафига ўтди. Аммо кутилмаганда «Аякс» вингерга уч йиллик шартнома таклиф этди. Ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳаракатланган ал Ғози бир йил аввал майдонда 150 дақиқа ҳаракатланган бЎлишига қарамай, 8та гол урди ва янги мавсумни жамоанинг асосий ўйинчиси сифатида бошлади. ЕЧЛ турнирида эса 9та тўп киритишга муваффақ бўлди, шулардан биттаси эса «Барселона» дарвозасига киритилгани билан аҳамиятли. Голландия чемпионати стартидан тўрт ҳафта ўтди ва ал Ғози 7та гол урган ҳолда тўпурарлар рўйхатини бошқариб боряпти.
№ 6 (уч йил аввал) - Жек Уилшер: жароҳатлар туфайли фаолиятида унчалик ўсиш кузатилмади. Аммо барчасидан қутилган футболчи айни пайтда ўз клуби - «Арсенал» ва Англия терма жамоасида ёрқин ўйин намойиш этяпти.
5. Макс МАЙЕР

Мамлакати: Германия
Клуби: «Байер»
Туғилган санаси: 1995 йил 18 сентябрь
Бўйи: 173 см.
Майер фаолиятини асли футзалдан бошлаган ва футболга ўтиши омадли тарзда юз берган. «Дуйсбург»да ўйнаб юрган кезлари Максга футзал ҳаракатларини ишлатиш тақиқлаб қўйилганди, бироқ 14 ёшида «Шальке» таркибига қўшилган ёш ярим ҳимоячига мазкур клубда эркинлик яратиб берилди. Макс 18 ёшида бундеслиганинг қаторасига 3та ўйинида гол уришга муваффақ бЎлди. Германия терма жамоасида дебютини нишонлади, инқирозга учраган «Шальке» сафида 6та тўп киритди.
№ 5 (уч йил аввал) - Юлиан Дракслер: 2012|2013 йиллар мавсумида намойиш этган ёрқин ўйинларидан сўнг, Юлиан Ўсишдан тўхтаб қолди - Ўтган 2 мавсум давомида жароҳатлари боис, салкам 40та ўйинда майдонга тушолмади. Шунга қарамай, ўтган йили Германия термаси сафида Бразилияда бЎлиб ўтган мундиалда жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Яқинда Дракслерни «Вольфсбург» де Брюйненинг ўрнига 36 миллион еврога сотиб олди. Бундеслигада бундан 6 йил олдин Дуглас Коста порлаганди.
4. Аднан ЯНУЗАЙ

Мамлакати: Бельгия
Клуби: «Боруссия» (Дортмунд)
Туғилган санаси: 1995 йил 5 февраль
Бўйи: 182 см.
Бундан 4 йил муқаддам Англиянинг «МЮ» жамоаси 16 ёшли бельгиялик иқтидор соҳибини «Андерлехт»дан 300 минг фунтга харид қилганди. Ҳозир эса унинг фақат бир йиллик ижара пули учун «Боруссия» 700 минг тўлайди. Янузай Мойес даврида «МЮ»даги дебют ўйинидаёқ «дубль» қайд этиб, «қизил иблислар» билан 5 йиллик шартнома имзолади. Ярим ҳимоячи Луи ван Гал қўл остида асосан захирадан майдонга тушиб, ўйин суръатини кучайтира олди. Айни пайтда Дортмунднинг «Боруссия» клубида фаолият юритаётган Аднан дортмундликлар сафида гол уришга ҳам улгурди.
№ 4 (уч йил аввал) - Кристиан Эриксен: икки йил муқаддам 13,5 миллион евро эвазига «Тоттенхэм»га ўтди ва 21та голга муаллифлик қилди.
3. Ален ХАЛИЛОВИЧ

Мамлакати: Хорватия
Клуби: «Спортинг»
Туғилган санаси: 1996 йил 18 июнь
Бўйи: 170 см.
Хорватиялик иқтидор соҳиби «Барселона»нинг 2та жамоаси сафида 4та гол урди, Испания кубоги доирасидаги баҳсда бошланғич таркибда майдонга туширилди. Айни пайтда ижара асосида тўп сураётган клуби - «Спортинг» таркибида эса ўз дебютини нишонлаганига анча бўлди. Халилович ҳали 20 ёшга тўлмаган. Шунга қарамай, Загребнинг «Динамо» клуби билан ЕЧЛ баҳсларида қатнашди, Хорватия терма жамоаси таркибида 7та ўйинда иштирок этди. Дунёнинг энг яхши жамоаларидан бири 19 ёшли хавбекка 5 млн. евро ажратди. Халилович юқори техникага эга бўлгани ҳолда жамоадошларининг ҳужумларида фаол қатнашади.
№ 3 (уч йил аввал) - Икер Муниаин: Айни пайтда севимли клуби - Бильбаонинг «Атлетик» клубида тўп сурмоқда.
2. Юри ТИЛЕМАНС

Мамлакати: Бельгия
Клуби: «Андерлехт»
Туғилган санаси: 1997 йил 7 май
Бўйи: 176 см.
Ўтган мавсумда ЕЧЛда энг чиройли голлардан бирига муаллифлик қилган Юри, 16 ёшу 148 кунлигида Европанинг энг нуфузли турнирида қатнашиш бахтига муяссар бўлди. Мураббий Бесник Хасининг ишончини оқлаган Тилеманс айни вақтда «Андерлехт»нинг асосий таркиб футболчиси саналади. Жарима зарбаларини аниқ бажариб, ҳужумларга фаол қўшиладиган ярим ҳимоячи 1-турнинг ўзидаёқ жамоасининг ғалаба тўпини киритиб, мураббийлар томонидан билдирилган ишончни оқлади.
№ 2 (уч йил аввал) - Лукас Моура: Қувонарлиси, «ПСЖ» билан бирга шахсий совринларини кўпайтирмоқда. У парижликлар сафида 82та учрашувда иштирок этиб, 13та гол урди.
1. Юлиан БРАНДТ

Мамлакати: Германия
Клуби: «Байер»
Туғилган санаси: 1996 йил 2 май
Бўйи: 185 см.
Юлиан дадил ҳамда ажойиб дриблингга эга футболчи, у тўп билан яхши муомала қилади. Брандт 15 ёшида «Вольфсбург»да пайдо бўлди, «Бавария», «Челси» клубларидан таклифлар тушишига қарамай, 2 йилдан сўнг «Байер» аъзосига айланди. Леверкузенликлар шарафини ҳимоя қилаётган Брандт бундеслигада 31та ўйинда майдонга тушиб, 6та гол урди. Юлиан ҳар бир баҳсда турли позицияда ўйнайди: гоҳ ўнг қанот гоҳида эса чап қанотда кўриниш беради. Шунингдек, марказий ярим ҳимояда ҳам ўзини намоён эта олади.
№ 1 (уч йил аввал) - Марио Гётце: Дортмунднинг «Боруссия»сини «Бавария»га алмаштирди. Мюнхенликларнинг асосий таркибидан доимий жой ололмайдиган ярим ҳимоячи ЖЧ-2014 финалида ғалаба тўпини киритиб, жаҳон футболини ҳайратга солганди.
Акмал ЭШОНХОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).