«Реал»нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду «Олтин бутса»ни 4-марта қўлга киритган тарихдаги илк футболчига айланди. Эслатма: бу соврин Европа спорт нашрлари ассоциацияси (ESM) томонидан қитъа миллий чемпионатларининг энг яхши тўпурарига топширилади. Аслида «Олтин бутса»га Европанинг барча миллий биринчиликларида тўп сурувчи футболчилар даъвогарлик қилишади, аммо у фақат испан Ла-лигаси вакилларига насиб этади. Гари Линекер томонидан немисларнинг терма жамоалар миқёсидаги ғалабалари ҳақида айтилган машҳур иборани сал бошқача талқин этсак, клуб футболи, хусусан, «Олтин бутса» танловидаги айни ҳолат худди шундай. Қаранг, ўтган ҳафта Испания футболи кетма-кет 8 марта (!) «Олтин бутса» тақдимотини уюштирди. Бу оралиқда Криштиану Роналду ва Лионель Месси 3 мартадан Европа чемпионатларининг энг яхши тўпурарига аталган соврин соҳиби бўлишди. Уларнинг «гегемон»лиги бошланмасидан олдин примерода голларни қалаштириб ташлаган Диего Форлан ҳам лауреатлик завқини туйганди. Луис Суарес эса, гарчи «Ливерпул»даги голлари туфайли соврин соҳибига айланган бўлсада, «бутса»ни «Барселона» футболчиси сифатида қабул қилиб олди. Яъни уни тақдирлаш маросими Каталония пойтахтида ўтказилди...
* * *
Испания чемпионатида эмас, бошқа биринчиликда ўйнаб, «Олтин бутса» ютган охирги футболчи айнан Криштиану Роналдудир. У 2008 йили «МЮ» таркибида ҳам лауреат бўлганди. Хуллас, португалиялик голеадор Европанинг энг яхши тўпурарига аталган совринни 4 марта қўлга олган илк футболчига айланди. Унинг бу натижаси шуниси билан аҳамиятлики, яқиндагина, яъни 2013 йили футбол олами «Олтин бутса»нинг 3 карра соҳиби - Лионель Месси билан танишганди. Бироқ Роналдунинг абадий рақибидан ўзиб кетишига 2 йил кифоя қилди. Мавсум-2013|2014да 31та гол урган португалиялик совринни Суарес билан бирга қўлга киритди. Ўтган мавсум эса, унга муносиб рақобатчи топилмади - 48та гол! Бу 1968 йили асос солинган соврин тарихидаги 2-яхши натижадир. Хуллас, битта чемпионат доирасида кўпроқ гол уриш биргина Мессига насиб этган. У мавсум-2011|2012да рақибларини нақ 50 марта ранжитиш уддасидан чиққанди.
***
Мадридда «Реал»нинг 7-рақамли, яъни «Роналду» ёзувли футболкалари ҳар қадамда кўзга ташланади. Лекин «Барса»нинг Мессига, «Атлетико»нинг Торресга тегишли формалари сони ҳам тахминан Роналдуники билан тенг. Бу футболкалар спорт дўконлари пештахталарида унча ушланиб турмайди. Шунингдек, кўчада савдо қилувчи қора танли ва тегишли рухсатномаси йўқ беҳисоб тижоратчилар учун энг харидоргир маҳсулотлардан ҳисобланади. Лекин Мадриддаги бош майдон - Солда Роналдунинг футболкалари кўп, барибир. «Реал»нинг клуб дўкони португалияликнинг улкан суратлари билан безатилган. Энг катта фото остига эса, митти бутсачалар ёрдамида «5», «0» ва «0» рақамлари ёзиб қўйилган. Бу CR7нинг бутун фаолиятида урган голлари миқдорига нишона.
***
Португалиялик юлдузга 4-«Олтин бутса» Мадриддаги WestinPalase меҳмонхонасида топширилди. Ушбу дабдабали отель атрофи доимо гавжум. Мухлислар ҳар куни оломон бўлиб, меҳмонхонага жойлашишган машҳур қўшиқчилар, киноактёрлар ва бошқа юлдузларнинг ташқарига чиқишларини кутишади. Тўғри, отель «реалчилар»га озгина ноқулай саналган Нептун фаввораси рўпарасида жойлашган. Ноқулайлик томони шуки, «Атлетико» мухлислари йирик ғалабаларни айнан шу ерда нишонлашади. Дейлик, «матрасчилар» фанатлари охирги марта шундай катта байрамни февраль ойида уюштиришганди. Ўшанда Диего Симеоне жамоаси Криштиану Роналдунинг туғилган кунида «Реал»ни чинакамига «дўппослаганди» - 4:0. Эсингизда бўлса, португалиялик ўша ўйинни жароҳат сабаб, ўтказиб юборган, аммо 30 йиллик юбилейини маромига етказиб нишонлаганди. Хуллас, «Реал» мухлисларига жамоа аъзоларининг 0:4 кўринишидаги шармандаликдан сўнг ҳам, бинойидек кўнгилхушлик қилишгани сира ёқмаган ва каттагина жанжал юзага келганди.
***
Совринни топшириш маросими анча камтарона ўтди. Ҳарқалай, «Барселона» томонидан Месси ва Суарес шарафига уюштирилган тадбирлардан кескин фарқланди. Мисол учун, каталонияликлар жамоанинг барча етакчилари, қолаверса, клуб афсоналари ва бошқа мамлакатлардан махсус меҳмонларни таклиф этишганди. Хусусан, Месси охирги марта «Олтин бутса»ни вақтида бу соврин соҳибига айланган Христо Стоичков қўлидан қабул қилиб олган бўлса, Суаресни тақдирлаш учун Барселонага «Ливерпул»нинг собиқ устози Кенни Далглиш махсус учиб келганди. Мадриддаги тадбирда эса, атиги 2 нафар «кўзга кўринарли» меҳмон қатнашди - «Реал» президенти Флорентино Перес ва бош мураббийи Рафаэль Бенитес. Роналдунинг клубдошлари ҳам, жамоа афсоналари ҳам ҳозир бўлишгани йўқ. Совринни айнан Перес топширди. У аввалига ҳорғин овозда шу қадар узун нутқ сўзладики, йиғилганлар ҳаттоки, эснай бошлашди. Тўғри, кейинчалик Роналдунинг тетиклигию, жарангдор овози меҳмонларни байрамга қайтарди.
- Тарихда биринчи бўлиб, «Олтин бутса»ни 4-марта олишим - бу фаолиятимдаги энг ёқимли воқеликлардан бири, - деди лауреат саҳнада туриб. - Бу катта шараф. Зеро, совринлар мен учун ғоят муҳим. Аввало, «бутса»ни ютишимда ёрдам беришган жамоадошларим, мураббийлар, клуб президенти, шифокорлар, физиотерапевтлар - барча-барчага раҳмат айтаман. Футбол - жамоавий ўйин ва ҳаттоки, индивидуал совринлар ҳам бутун клуб хизмати самарасидир.
Роналду саҳнада очиқ табассум билан турди. Оқ қўлқоп қийишган қизлар унинг аввалги 3та «Олтин бутса»сини саҳнага олиб чиқишгач эса, лауреат хандон отиб кулди.
- Сизга 4таси етарлими? - деб сўради маросим бошловчиси Криштианудан.
- Йўқ, табиатан янада кўпроғига интиламан. Демак, 5-6-«Олтин бутса»ларни ҳам ютишни хоҳлайман.
Маросим тугагач, португалиялик юлдуз яна бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Янги «Олтин бутса» сиз учун нақадар муҳим?
- Аҳамияти жуда катта. Мен учун бундан салмоқли соврин йўқ. Ахир ҳужумчининг асосий иши - бу гол уриш. Нақ 4 марта Европанинг энг яхши тўпурари бўлиш - ажойиб. Яна бир томони, «Олтин тўп»ни ҳеч ким бунчалик тез-тез ютмаган. Қисқаси, бу совринни худди гол уришдек қаттиқ яхши кўраман.
- Фаолиятингиз бошида бундай натижани орзу қилганмидингиз?
- Йўқ. Эҳтимол, бир ёки икки марта «Олтин бутса» ютишни ўйлагандирман. Лекин 4 марта лауреат бўлиш хаёлимга ҳам келган эмас. Бунинг учун кўп нарсаларнинг уйғунлиги лозим. Мисол учун, ўтган мавсум илк турларда тез-тез гол ургандим. Ўшанда ўзимга нидо қилдим: «Спорт форманг яхши экан, шу руҳда давом эт». Кейин янада кўпроқ гол ура бошладим ва навбатдаги «Олтин бутса» ҳақида гап-сўзлар янгради. Шунда бу совринни яна бир марта юта олишимга ишончим ортди.
- Ҳозирги Криштиану ва биринчи марта «Олтин бутса» ютган ўша Криштиану ўртасида фарқ борми?
- Ҳа. Эндиликда аввалгидек, фақат қанотда эмас, балки ҳужумнинг барча фронтлари бўйлаб тўп сурадиган футболчига айландим. Позициядан ташқари, голни сезиш қобилиятим ҳам ўзгарди. Яъни бу борада анча кучайдим. Ҳаммаси тўпланган тажриба самарасидир. Умуман, бахтиёр инсонман. Чунки бутун фаолиятим давомида ўйинимда ўсиш кузатилмоқда.
- Иштиёқни қандай сақлаб қоляпсиз?
- Муҳими, ишимни севаман. Ўз танамни парваришлашни ҳам унутмайман. Эҳтиросим етарли. Бу футболдаги бўлажак муваффақиятлар гарови. Хуллас, юқори савияни ушлаб туриш устида тинмай ишлайман. Асосий сир шу.
- Фаолиятингизга айнан Мадридда нуқта қўймоқчисимиз ёки...?
- Битта нарса аниқ - ҳали кўп совринлар ютишни истайман. Зеро, майдонда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ҳозир 30 ёшдаман, демак, ихтиёримда яна 2 ёки 3 мавсум бор. Эҳтимол, кўпроқдир. Шу йилларда ҳам тўғри йўналиш бўйича ҳаракатланишим даркор. Тан оламан, йил ўтгани сайин ўйин савиясини барқарор ҳолда ушлаб туриш оғир. Лекин иложини топсангиз бўлади. Худди ғалаба қозонишни давом эттиришдек. Мана, дунёдаги энг яхши клубда тўп суряпман, шартномам 33 ёшга тўлишимгача амалда бўлади. Орзум - бутсаларимни айнан «Реал»да михга илиш. Буни кўп бора айтганман. Зеро, Мадридда ўзимни керакли, фойдали футболчидек ҳис этяпман.
- Месси маълум муддатга сафдан чиқди. Хўш, ҳозирда янги «Олтин бутса» йўлидаги асосий рақобатчингиз ким?
- Бошқа чемпионатларда яхши ҳужумчилар кўп. Муносиб голеадорлар ҳам етарли - Руни, Агуэро, Левандовски, яна ўша Месси, Луис Суарес, Бензема... Қисқаси, совринни ютишга қодир футболчилар кўп. Тўғри, мен маълум устунликни сезяпман, ахир «Олтин бутса»ни 4 марта бўйсундириш уддасидан чиқдим. Шундай экан, уни яна бир марта олишни хоҳлайман.
- 30 ёшлик чегарадан ўтиб, айнан қайси жиҳатларда қийналяпсиз?
- Ҳақиқат шуки, ҳозир ўзимни худди 25 ёшдагидек яхши сезяпман. Яъни айтарли фарқ йўқ. Кўпчилик футболчининг фаолияти 30 ёшида тугайди, деб ўйлайди, аммо мен бу фикрга қўшилмайман. Агар ўзингизга яхши қарасангиз, ҳаммасини тўғри бажарсангиз, унда бир кунда ўзгариб қолмайсиз. Қисқаси, одамлар қарийдилар, аммо бир кунда эмас. Умуман, 40 ёшгача ҳам футбол ўйнаш мумкин.
- Жорий мавсумни унча барқарор ўтказолмаяпсиз. Дейлик, «Эспаньол» дарвозасини 5 марта ишғол қилганингиздан кейин кетма-кет 4та тур ўйинида майдонни голсиз тарк этдингиз...
- Ўзингиз ҳисобланг, жорий мавсум 12та ўйинда қатнашиб, 10та гол урдим - бу ажойиб натижа. Энди шундай динамика бутун мавсум давомида сақланиб турса, май ойига бориб, ҳисобимда нечта гол йиғилишини бир тасаввур қилиб кўринг. Хуллас, агарда ўртача ҳисобда худди ҳозиргидек гол ура олсам, унда роппа-роса 1 йилдан сўнг яна шу ерда ўтириб, лауреат сифатида сизларга интервью бераман.
- Охирги савол: Францияда ўтадиган Евро-2016да Португалия термасидан нималар кутсак бўлади?
- Биз саралаш босқичини жуда яхши ўтказдик. Таркибимизда турли клубларда муносиб тўп сураётган футболчилар кўп. Уларнинг барчалари ўз савияларини терма жамоалар миқёсида ҳам исботлашни хоҳлашади. Шундай экан, Европа чемпионатида яхши иштирок этишга қодирмиз ва бунга ишонаман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).