Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, «Шуҳрат» медали соҳиби, Республика тоифасидаги ҳакам, ўзбек футболи мухлисларининг қадрдони, таниқли спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг фаолияти бугунги ёшлар учун ўзига хос ибрат мактабидир. Устоз журналист билан суҳбатмиз ана шу мактабнинг бой тажрибалари хусусида бўлди.
- Ахбор ака, ёзувчиларимиздан бири футболни «инсон ҳаётининг ажабтовур кўзгуси», спорт шарҳловчисини эса «футбол дунёсининг қон томирига қиёслаш мумкин» деган эди. Соҳа сирларини эгаллаган устоз сифатида бугунги шарҳловчилар фаолиятига қандай баҳо берасиз?
- Спорт журналисти бўлиш истаги мактабда юқори синфларда ўқиб юрган кезларимда туғилган. Ўртоқларим: «Ахбор, битта репортаж қилиб бер» дейшар, мен эса ўша пайтдаги машҳур шарҳловчилар Озеров, Махарадзега тақлид қилиб репортаж тайёрлардим. Шарҳловчиликка қизиқиш ўшандан бошланган.
Педагогика билим юртида ўқиб юрган пайтларимда «Пахтакор» стадиони қурилиб, «Пахтакор» жамоаси ташкил топган эди. Шунда биринчи марта республика спорт шарҳловчилари танлови ўтказилди. Мен ҳам қатнашдим. Ўзбек гуруҳидан мен, рус гуруҳидан Роман Турпишев танлов ғолиби бўлдик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Альберт Азатян Турпишевга, Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек сухандонлик мактаби асосчиларидан бири Туйғуной Юнусхўжаева менга устоз этиб тайинланди. 1960 йили «Пахтакор» олий лигага чиқиши муносабати билан алоҳида редакция ташкил этилиб, Турпишев бош мураббий, мен бўлим мудири сифатида иш бошладик. 1961 йил Ўзбекистон телевидениесида жонли эфирга чиққанмиз. Мураббий Альберт Содиқовдан футбол, Грегорий Богдасаровдан ҳакамлик сирларини ўргандим ва аста-секин ўйинларга ҳакамлик қила бошладим. Ҳамма ишни бир вақтда олиб боришга тўғри келган. Буни айтаётганимни сабаби шуки, ҳозирги журналистлар тор мутахассислик билан қаноатланишади. Масалан, футбол ихтисослашса, бошқа спорт турларига эътибор бермайди. Спорт журналисти спортнинг ҳамма соҳасини билсин. Жаҳон чемпионатлари, олимпиада ўйинлари, оддий мусобақалар ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлсин.
Спорт журналисти ҳозиржавоб бўлиши керак. Масалан, газета мухбирлари ахборотни олиб ишлайди, бўлим мудирига ўқитиб, унинг назаридан ўтказади. Шарҳловчида бунга имконият йўқ, у тўғридан-тўғри эфирга чиқиши керак. Шошма-шошарликка йўл қўйса, хато жумлалар эфирга чиқиб кетади, уларни тузатиб ёки ортга қайтариб бўлмайди.
Яхши шарҳловчиларимиз бор, албатта. Даврон Файзиев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Зафар ва Диёр Имомхўжаевлар, Норбек Ниёзов, Комил Жумаев сингари журналистлар шундайлар сирасидан. Лекин, афсуски, уларнинг нутқида ҳам камчиликлар сезилиб туради. Масалан, бир шарҳловчи укамизнинг нутқи равон, лекин овозида ҳис-ҳаяжон йўқ. Шарҳни оддий диктор каби бир маромда олиб боради. Яна бир шарҳловчи укамиз шаҳарлар номини тўғри айта олмайди, урғуни тўғри айтолмайди, урғуни тўғри қўллаёлмайди. «Ма-али республикаси» дейди.
Фамиляларда, саналарда адашиб кетишади, жамоаларнинг номини аниқ талаффуз қилолмайди. Бир қараганда, булар майда нарсалардек туюлади, лекин мухлислар бу камчиликларни кечиролмайди.
Бу соҳани кучайтириш учун республика бўйича танловлар ўтказилиб турилибди. Бироқ танлов ҳайъат аъзоларининг кўпчилиги футболни яхши билмайди. Ваҳоланки, спортнинг бу турини чуқур тушунадиганларни – футбол бўйича мураббий, ҳакам, сухандон ва журналистларни жалб этиш керак. Танловнинг саралаш босқичини вилоятлардан бошлаш керак. Таниш-билишларнинг аралашишига йўл қўймаслик зарур. Фикримча, шарҳловчининг ишида энг муҳими овоз. Кечирасизу, баъзи шарҳловчиларнинг овози қиз боланикига ўхшайди. Овоз талабга жавоб бермаса қолгани беҳуда.
- Давлатимиз томонидан бугунги кунда футболга жуда катта эътибор қаратиляпти. Бироқ барча мухлисларни қувонтирадиган катта ютуқлар ҳали олдинда, шекилли…
- Футболга ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада эътибор қаратилган эмас. Ўнта янги замонавий стадион қурилди, барча вилоятларда футбол интернатлари очилди. Ҳозир олий лига жамоалари қиш фаслида хорижга чиқиб, мавсум олди тайёргарлигини ўтказиб келаётир. Бунга, албатта, жуда катта маблағ ажратилади. Лекин сиз айтгандай, мухлислар кутаётган улкан ютуқлар ҳали олдинда, шекилли. Назаримда, энг аввало, тренерлар тайёрлашни жиддий йўлга қўйиш керак. Одатда, футболчилик фаолиятини якунлаганлар тренер бўлиб ишга тушади. Орада ўқиш йўқ. Олдин курсларда ўқитиш йўқ керак. Бир йил ёки уч-тўрт йил чет элга ўқишга жўнатиш керак. Ўқишсин, ўрганишсин, кейин марҳамат, тренерлик қилсин.
Яна битта муаммо бор. Бу болалар ёшини камайтириб кўрсатиш, айрим ҳолларда ҳакамларнинг қарорларига тегишли чора кўрмаслик билан боғлиқ. Ноҳақликни, шахсий манфаатни, таниш-билишликни футболга умуман аралаштирмаслик керак. Шундагина футболимиз юксалади.
- Спорт шарҳловчисининг фаолиятига адабиёт ва саньатнинг ҳам бевосита таъсири бор, деб ўйлайсизми? Ўзингиз қандай китобларни севиб ўқийсиз, қайси ёзувчилар ижоди сизни қизиқтиради?
- Адабиёт ўқтувчимиз Турсунхўжа Юсуповдарсни миямизга қуйиб қўярди, тез-тез адабий учрашувлар ўтказарди. Ўша пайтлар ўғил ва қиз болалар мактаблари алоҳида-алоҳида эди. Ёнимизда 59 қизлар мактаби бор эди. Қизлар Алишер Навоий ижодига бағишланган адабий учрашув ташкил қилиб, адабиётга қизиққан ўғил болаларни таклиф этарди. Бизни биринчи қаторга ўтказишарди. Ҳурмат, тан-тана билан кириб борардик, ҳамма ўрнидан туриб кутиб оларди. Бир гал биз Ойбек ижодига бағишланган учрашув уюштурдик. Қизларни таклиф қилдик, уларни биринчи қаторга ўтказдик. Тенгқур қизларга ҳурматимиз бошқача бўлган. Қолаверса, мактабда ҳам, техникумда ҳам рус тилидан яхши сабоқ олганман. Ўқитувчилар дарсдан ташқари ўқишга кўп топшириқ беришарди.
Ёшлигим Ойбек домлага меҳр қўйганман, ҳамма асарларини бир неча марталаб ўқиб чиққанман. 1995 йили пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги театрда адибнинг юбилейи бўлди. Адабиётига қизиқадиган Анвар Шукуров билан бордик. Таклиф қоғози йўқ. Бир пайт машинада Ойбек домла кўринди, дўппини бостириб кийиб олган. Зир югуриб билет қидиряпмиз. Кўп ўтмай Зулфия опа келди, сумкаларини очиб «кимга иккита билет», деб қолди. Бизга ўхшаган билетсиз қанча! Ўртоғим талашиб тортишиб опанинг қўлидан билетни юлиб олди. Ҳеч эсимдан чиқмайди: опа чўчиб кетувди. Ўшанда дарҳол кечирим сўрадик. Ниятимиз холис экан, ичкарига кириб жойлашдик. Ойбекнинг ҳали-ҳануз олдимдан кетмайди. Сўз берилганда адиб ўртага чиқиб «раҳмат-раҳмат» дегандек, пичирлаб бош ирғади. Зулфия опа унинг нутқини ўқиб берди.
Ёшлигимдан операни яхши кўрардим. «Бўрон», «Гулсара», «Гўрўғли», «Майсаранинг иши» сингари опералардан, Ўзбекистон халқ артисти Ғулом Абдураҳмонов ижросидан завқланардим. Яқинда Ғулом Абдураҳмоновнинг қизи, профессор Дилбар Абдураҳмонова ҳақида «Сен менинг таронам» номли китобни ўқиб чиқдим. Яна бир севимли саъаткорим опера хонандаси Муяссар Раззоқова. Унинг «Ўзбек хонандалик курсига кириш» китобини ҳам шу кунлар ўқиб чиқдим. Қизиғи, бу китобда менинг ҳам суратим бор экан. Ўтган йили невараларимни «Майсаранинг иши»га олиб тушдим. Спектаклни кўриб, чет елдан келган меҳмонлар ҳам «воҳ» деб юборишди.
Фахриддин Умаров, Эргаш Йўлдошев сингари машҳур ҳофизларимиз футбол учрашувларига тез-тез келиб турарди. Фахриддин ака бизга қўшни маҳаллада яшарди, бизни машинада футбол ўйнагани олиб борарди. Агар ютқазса бошласак, ўзбек оқ чалворда ўзи ҳам ўйинга тушиб кетарди. Қисқаси, санъат, адабиёт ҳам футбол сингари доимо қалбимнинг тўрида.
- Ахбор ака, спортга оид ўнга яқин китобингиз чоп этилган. Уларда ўзбек футболнинг тарихи ва бугунига доир қимматли маълумотлар бисёр. Айни пайтда ўнинчи китобингизни нашрга тайёрлаётган экансиз. Шу китобингиз ҳақида ҳам озроқ маълумот берсангиз.
- Дарвоқе, сизга бир сирни айтиб қўяй. Мен ҳақимда матбуотда чоп этилган биринчи мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган эди.
Ҳозирги авлод ўзбек футболи тарихи, Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов сингари ўзбек футболининг чинакам фидойилари ҳақида аниқ-тиниқ тасаввурга эга эмас. Ўн йилдан кейин нима бўлади?.. Шунинг учун мен бу мавзуда китоблар ёзиш керак, деган қарорга келдим. Ҳозиргача футболимиз ҳақида ёзган китобларим ҳаммаси ўзбек тилида. Шу кунларда тайёрлаётган китобим эса ҳам рус, ҳам ўзбек тилида чоп этилади. Китобни «Аср футболидаги асл қадрдонларим» деб номладим. Унда футбол оламининг 227 нафар истеъдодли вакили ҳақида маълумотлар жамланган бўлиб, суратларни ҳисобга киритмаганда 700 саҳифа.
- Бизда кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бурч саналади. Айниқса, «Кексаларни эъзозлаш йили»да отахон-онахонларимизнинг сиҳат-соломатлигига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида улар иштирокида турли тадбирлар ўтказиб келинаётир, фолклор, спорт жамоалари тузилаётир. Эшитишимча, сиз фахрийларнинг «Тонг» деб номланган футбол жамоаси аъзоси экансиз. Сир бўлмаса, жамоада қандай вазифани бажарасиз?
- Ўзбекистонда фахрийларнинг «Тонг» футбол жамоаси Шавкат Тўлаганов, Маҳмуд Абдураимов, Баҳодир Иброҳимов, Тўлқин Қозоқбоевлар ташаббуси билан 1980 йили ташкил топган. Бу жамоада дастлаб «Пахтакор» фахрийлари қатнашарди. Кейинчалик бошқа соҳа вакиллари ҳам қўшилди ва икки гуруҳга бўлиндик. Жамоада адвокатлар, фермерлар, адабиёт, санъат ходимлари – турли соҳа вакиллари бор.
Мен ярим ҳимоячи бўлиб ўйнайман, ҳакамлик ҳам қиламан. Ўртоғлик учрашувларини ўтказиб турамиз. Бу йил икки марта наманганлик фахрийларнинг «Навқирон» жамоаси билан ўйнадик. Учрашувларда қизиқ воқеалар бўлиб туради. Бир гал «Пахтакор» фахрийлари билан Тошкент вилояти фахрийлари учрашди. «Пахтакор» 3:1га ютяпти. Ўйин тугашига уч дақиқа қолган. Мен ҳакамлик қиляпман. Тошкент вилояти жамоасининг фахрий футболчиларидан бири ёнимга келиб: «Акажон, барибир улар ютди. Битта пенальти қўйиб беринг», деди. «У ҳолда сиз югуриб бориб, жарима майдонида йиқилинг», дедим. «Ака жарима майдонига етолмаётган бўлсам нима қилай, ахир», дейди. Майдоннинг ўртасида иккаламиз роса кулишдик. Фахрийлар футболининг манашунақа қизиқ томони ҳам бор-да. Қисқаси, спорт барчамизни бирлаштириб туради.
- Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур!
Нилуфар Намозова суҳбатлашди.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасидан
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).