«Барселона» ҳужумчиси Роберт Левандовски Испания Ла Лигасининг 37-турида «Бетис»га қарши учрашувдан сўнг «кўк-анорранглилар» мухлисларига мурожаат қилди. Баҳс «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтди ва мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бу польшалик футболчиси учун каталонияликлар сафидаги сўнгги уй учрашуви бўлди.
«Мен учун бу жуда ҳиссий ва жуда оғир кун. “Барселона”га келганимда, бу клуб буюк эканини билардим, аммо сизнинг меҳрингиз уни янада ажойиб қилди. Илк кунданоқ ўзимни уйдагидек ҳис қилдим. Исмимни айтиб ҳайқирганингизни ҳеч қачон унутмайман. Жамоадошларимга, мураббийларга ва барча ходимларга раҳмат. Бу клубда ўйнаш мен учун шараф бўлди.
Бу тўрт йил ичида биз кўплаб ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирдик ва биргаликда эришган ютуқларимиз билан фахрланаман. Мен стадион билан хайрлашяпман, аммо “Барселона” абадий юрагимда қолади. Катта раҳмат, мухлислар. Бир марта “Барса” мухлиси бўлсангиз, доим “Барса” мухлиси бўлиб қоласиз. Visca el Barça ва Visca Catalunya!» — деди Левандовски AS нашрига берган интервьюсида.
Левандовски «Барселона»га 2022 йил ёзида кўчиб ўтган эди. Шу вақт давомида 37 ёшли форвард барча турнирларда 191 та учрашувда иштирок этиб, 119 та гол ва 24 та ассист қайд этди. Левандовски каталонияликлар билан уч марта Испания чемпиони бўлди, уч марта мамлакат Суперкубогини ва бир марта Испания Кубогини қўлга киритди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).