Миллий терма жамоаларнинг навбатдаги ўйинларида ҳам бир қатор етакчи футболчилар сафдан чиқишди. Натижада яна «ФИФА вируси» масаласи баралла кўтарилди. Чунончи, бу сафар 10 нафардан ортиқ футболчи турли муддатга четга чиқди. Табиийки, бундай ҳолатларда клубларнинг мураббийларию, раҳбарлари ФИФА, шунингдек, терма жамоалар устозларидан ўзгача ўпкалашади...
Серхио Агуэро (Аргентина терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Аргентина-Эквадор-2:0
Жароҳат: чап болдир пайининг лат ейиши
Тикланиш муддати: чамаси 1 ой
- Ҳозир фаолиятимнинг энг яхши даврлари давом этяпти, бироқ айни пайт «Олтин тўп» учун кураш шунчаки, хаёл, холос: Месси ҳаммадан анча устун,-деганди аргентиналик ҳужумчи терма жамоаси ихтиёрига қўшилганидан сўнг. Энди унда жаҳон футболидаги энг обрўли индивидуал совринни ютиш имконияти янада пасайди. Серхио Эквадор термасига қарши баҳснинг 22-дақиқасида узун узатмадан кейин тўп учун курашиб, майдонга ноқулай йиқилди ва дарҳол шифокорлар ёрдамига муҳтож эканлигини билдирди. Хуллас, у ўша учрашувни давом эттиролмади. Маълум бўлишича, энди тикланиши учун чамаси 1 ой вақт кетади. Демак, Агуэро АПЛ ва ЧЛ доирасидаги бир қатор муҳим ўйинларни четдан кузатишга мажбур. Табиийки, «Сити» унинг йўқлигида Раҳим Стерлинг, Вильфрид Бони ва Келечи Ихеаначонинг самарали тўп суришларига умид боғлайди.
Марио Гётце
(Германия терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Ирландия-Германия-1:0
Жароҳат: болдир пайининг чўзилиши
Тикланиш муддати: 10-12 ҳафта
ЖЧ-2014да «олтин тўп»га муаллифлик қилган Марио секин-аста «Бавария» асосий таркибида «темир-бетон» даражада жой олаётганди. Энди бечора ҳужумчи Хосеп Гвардиолага ўзининг нималарга қодирлигини тўла-тўкис исботлаш уринишини сал кейинроққа қолдиришга мажбур. У ирландларга қарши баҳснинг 35-дақиқасида ўз ўрнини Андреа Шюррлега бўшатиб берди. Врачларнинг хулосалари - болдир пайининг чўзилиши. Марионинг сафга қайтиши 10-12 ҳафтага чўзилишини эътиборга олсак, футболчи учун ЧЛ-2015|2016 гуруҳ раунди якунлангани ойдинлашади.
Карим Бензема
(Франция терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Франция-Арманистон-4:0
Жароҳат: чап болдир пайининг лат ейиши
Тикланиш муддати: чамаси 3 ҳафта
Француз ҳужумчиси охирги вақтларда «Реал»нинг энг асосий тўпурари ва очко келтирувчи аъзосига айланиб, Криштиану Роналду олдида обрўсини анча кўтариб олганди. Афсуски, ҳаммасини арманларга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйини бузиб юборди. Карим бу учрашувда 2та гол урди, аммо иккинчи аниқ зарбасидан сўнг майдонни мажбурий тарзда тарк этди. Бенземанинг сафдан чиққанидан сўнг катта жанжал юзага келишига сал қолди. Гап шундаки, «Реал» ҳужумчининг жароҳатланиши хавфи борлиги хусусида Франция футбол федерациясини аввалдан огоҳлантирган экан. Бироқ Дидье Дешам бунга эътиборсиз қараб, Каримни аҳамияти йўқ ўйинда барибир, майдонга туширди. Натижада «Қироллик клуби» 3 ҳафта муддатга асосий ҳужумчисидан айрилди. Табиийки, испан жамоаси дарҳол Франция термаси мутасаддиларига эътироз ҳам билдирди. Аммо бундан нима наф?
Поль Погба
(Франция терма жамоаси)
Жароҳатланган вақти: машғулот жараёни
Жароҳат: тиззанинг лат ейиши
Тикланиш муддати: чамаси 1 ҳафта
«Ювентус» ярим ҳимоячиси «Реал»даги ҳамюртидан фарқли ўлароқ, енгилгина жароҳат билан қутулди. У Франция термаси машғулотлари чоғи тиззасида оғриқ сезди ва шу заҳоти четга чиқди. Табиийки, у арманларга қарши ўйинда майдонга тушмади ва тез орада терма жамоа лагерини тарк этди. Хуллас, моҳир хавбек тикланиш учун атиги 1 ҳафта сарфлади, холос. Яъни «Юве»нинг навбатдаги ўйинида бемалол 90 дақиқа ҳаракатланди.
Давид Сильва
(Испания терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Испания-Люксембург-4:0
Жароҳат: тизза пайининг узилиши
Тикланиш муддати: чамаси 1 ой
«Манчестер Сити» плеймейкери сентябрь ойи охирида мушакларга боғлиқ муаммо сезгани туфайли «Тоттенхэм»га қарши ўйин (унда «шаҳарликлар» 1:4 ҳисобида ютқаздилар)ни ўтказиб юборганди. Мануэль Пеллегрини бу билан испан футболчисини ЧЛ доирасида «Боруссия» (Менхенгладбах) билан бўладиган ўйинга асраганди, чоғи. Сильва ўша ўйинда ҳам «хира» кўринганига қарамай, ўз клубининг деярли барча ҳужумларини бошлаб беришни уддалади. Энди ойдинлашдики, «Сити» терма жамоалар туфайли нафақат асосий ҳужумчиси - Агуэро, балки асосий диспетчери - Сильвани ҳам маълум муддатга йўқотибди...
Альваро Мората
(Испания терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Испания-Люксембург-4:0
Жароҳат: болдир кичик суягининг лат ейиши
Тикланиш муддати: чамаси 1 ҳафта
«Ювентус» ҳужумчиси омадли йигит. У Люксембург термаси билан ўйиннинг 33-дақиқасида майдонни тарк этгач, финал ҳуштаги янграганидан бир неча соат ўтиб, ижтимоий тармоқларда даҳшатли хабарлар берилди. Яъни Моратанинг болдир суяги сингани ва тикланиши учун нақ 4 ой кетиши таъкидланди. Кейинроқ эса, жароҳат жиддий эмаслиги, болдир суяги синмагани, балки озгина лат егани ойдинлашди ва сафга қайтиш муддати 1 ойга пасайди. Яна маълум муддатдан сўнг эса, Моратанинг ўзи «Твиттер»да хабар қолдириб, барчани тинчлантирди: «Якшанба куни «Интер» билан бўладиган ўйинга тайёргарлик кўряпман. Демак, ҳеч қандай муаммо йўқ». Дарҳақиқат, Мората «нерадзурралар»га қарши баҳсда майдонга тушди, аммо тўлиқ вақт ўйнамади.
Бранислав Иванович
(Сербия терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Албания-Сербия-0:2
Жароҳат: тиззаости пайининг лат ейиши
Тикланиш муддати: 1 ҳафтадан кўп
«Челси»нинг сербиялик ҳимоячиси октябрь ойида 2та кўнгилсизликка дуч келди. Аввалига Англия чемпионати доирасида «Саутгемптон»га қарши ўйин чоғи Душан Тадич уни ажойиб финтлар серияси билан камситди. Бунинг оқибатида Бранислав шунчаки, йиқилди. Кейин эса, албанияликлар билан учрашувнинг 65-дақиқасида тиззаости пайининг лат ейиши натижасида майдонни тарк этди. Шундан сўнг «Челси» ихтиёрига қайтган серб клубининг 2та ўйини (АПЛ ва ЧЛда)ни ўтказиб юборди.
Давид Луиз
(Бразилия терма жамоаси)
Жароҳатланган ўйини: Бразилия-Чили-0:2
Жароҳат: чап тиззанинг лат ейиши
Тикланиш муддати: 1 ҳафтадан кўп
«ПСЖ» ҳимоячиси чилиликлар билан ўйиннинг биринчи бўлимида Эдуардо Варгасга тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида тиззасида оғриқ сезиб, ўз жойини клубдоши - Маркиньосга бўшатиб берди. Тезкор тиббий текширувлардан сўнг уни Венесуэла термаси билан ўйинга ушлаб туришдан маъно йўқлиги ойдинлашди. Умуман, Давид Парижга қайтиб ҳам, 2та ўйиндан четда қолди - «Бастия» ва «Реал»га қарши баҳсларда томошабин ролини бажарди.
Шунингдек, Андреа Пирло (Италия), Неманья Матич (Сербия), Бастиан Швайнштайгер (Германия), Игорь Смольников (Россия), Лукас Биглия (Аргентина), Кингсли Коман (Франция, U-21), Яспер Силлессен ва Тим Крул (Голландия), Шей Гивен (Ирландия), Фабиу Коэнтрао (Португалия) каби футболчилар ҳам терма жамоалари йиғини чоғи турли даражада жароҳатга йўлиқишди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).