Ўтган ҳафта душанбадан сешанбага ўтар кечаси ФИФА президенти лавозимига номзодларни расман рўйхатдан ўтказиш муддати якунига етди. Шундай қилиб, келаси йилнинг январь ойига белгиланган сайловларда иштирок этувчи 8 нафар даъвогар номи маълум бўлди. Улар 4та қитъадан. Эътиборлиси, халқаро футбол уюшмасини бошқаришга номзодлардан иккиси бизнинг қитъадошимиз.
Шаҳзода Али бин ал Ҳусайн (Иордания), 39 ёш
Иорданиянинг марҳум қироли Ҳусайннинг 3-ўғли ва ҳозирги подшоҳ Абдулло IIнинг ўгай укаси. Шаҳзода Али АҚШ ва Англияда таҳсил олган. 1999 йилдан Қироллик гвардиясида хавфсизлик кучларини бошқарган. 2008 йилга келиб, мамлакат ҳукмдори унга хавфсизлик ва инқироз бошқаруви бўйича миллий марказ тузишни топширади. Иордания футбол федерацияси президенти лавозими ҳам шаҳзода Алига тегишли. У 2011 йилнинг июнидан 2015 йилнинг майигача Осиё номидан ФИФА вице-президенти ва ташкилот Ижроий қўмитаси аъзоси сифатида ишлади. Хусусан, 29 май куни бўлиб ўтган ФИФА президентлиги учун сайловларда Йозеф Блаттерга рақобат тақдим этиб, биринчи босқичда 73:133 ҳисоби (3та бюллетен бекор қилинган)да ютқазди. Хуллас, швейцарияликнинг якуний ғалабасига 7та овоз камлик қилди. Бироқ иорданиялик иккинчи босқич олдидан ўз номзодини қайтариб олди.
Плюс томонлари. Блаттерга қарши чиқиб, озми-кўп эътиборга тушди. ФИФАда ишлаш ва бевосита сайловларда иштирок этиш тажрибасига эга.
Минус томонлари. Май ойидаги сайловларда нисбатан муносиб тарзда ютқазди — буни олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ ўшанда Мишель Платини етакчилигидаги УЕФА иорданияликни қўллаб-қувватлаганди. Энди қитъадошимиз бундай кўмакдан умид қилолмайди. Боз устига, шаҳзода Али кейинчалик Платинини «Тизим одами» қабилида «таърифлади». Бошқа томондан, иорданиялик функционер баҳорда ҳам кўпмиллатли Осиёнинг қўллаб-қувватлашидан бебаҳра қолганди. Энди эса ОФКдан яна бир даъвогар — баҳрайнлик шайх Салмон курашга қўшилди.
Имконияти. Май ойидаги сайловларга нисбатан озроқ овоз тўпласа керак.
Мусо Билити (Либерия), 45 ёш
Тадбиркор, нефть ва цемент соҳасида фаолият юритиб, бойлик орттирган. 2010 йилдан Либерия футбол федерацияси президенти. ФИФАни янгилаш тарафдори.
Плюс томонлари. Кўринишидан, африкалик функционер сайловларда иштирок этиш учун зарур бўлган ишларни бажарган. Яъни 5та миллий федерациядан ўз номзодини қўллаб-қувватлаши хусусида кафолат олган.
Минус томонлари. Либерияликни ҳаттоки, Африка конфедерацияси ҳам ёқламайди. Зеро, АФК уни 2013 йили хизмат ҳужжатларини сақлаганлиги боис, ярим йил муддатга футбол билан боғлиқ барча ишлардан четлаштирганди.
Имкониятлари. Деярли нолга тенг.
Жанни Инфантино (Швейцария), 45 ёш
Касби бўйича адвокат. 2000 йилдан буён УЕФА тизимида ишлаяпти. 2009 йилдан ташкилотнинг бош котиби. Айниқса, турли қуръа жараёнларидаги доимий иштироки ва Ижроқўм мажлислари якунлари бўйича матбуот анжуманида изоҳ бериши ҳисобига анча танилди. Тахмин қилинишича, охирги лаҳзаларда Платинининг «ўнг қўли» номзодини илгари суриш — бу УЕФАнинг «Б режаси». Ҳарқалай, еврофутбол ҳокимияти ФИФАда ўз вакилини кўришни истайди. Тўғри, ОАВда «сотқинлик» тахмини ҳам йўқ эмас. Дейлик, баъзи манбаларда ёзилишича, Платини ўз ёрдамчисининг ушбу қароридан ҳайрон қолган ва ундан гўёки, қаттиқ хафа экан.
Плюс томонлари. Швейцариялик функционер тажрибали иш юритувчи. Қолаверса, УЕФАнинг тўлақонли қўллаб-қувватлашига умид боғлаши мумкин.
Минус томонлари. Қуръа жараёнини ташкил этиш бошқа, ФИФАни бошқариш умуман бошқа масала. Боз устига, Инфантино ҳозиргача фақат ижрочилик юмушлари билан чекланган. Ҳа, эҳтимол, Платинига яқин юргани ҳам унинг номзодига салбий таъсир қилиши мумкин.
Имкониятлари. Инфантино — европалик номзод. Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам, салмоқли ўрин тутади.
Дэвид Накхед (Тринидад ва Тобаго), 51 ёш
Орол — мамлакат терма жамоасининг собиқ сардори. Демакки, даъвогарлар орасидаги 2 нафар собиқ футболчидан бири. Бироқ у ва Платинини ўзаро таққослаш мантиқан тўғри эмас. Дэвид камтарона фаолиятида «Варегем» ва «Грассхоппер» каби клубларда ўйнаган ва ҳозирда Ливанда яшаб, болалар академиясига раҳбарлик қилмоқда. Платини эса, биласиз, «Олтин тўп»нинг 3 карра соҳиби. Тринидадлик номзод ФИФАда ўзига хос мувозанат ўрнатмоқчи. Унинг фикрича, ташкилот айни ҳолатда Европага «мойилроқ» экан.
Плюс томонлари. Футболни ичидан билади. Блаттерга яқин ва назарий тахминга кўра, унинг кенг алоқаларидан фойдаланиши мумкин.
Минус томонлари. Ҳозирги ҳолати — бу битта камчилик. Яна бир қатор заиф жиҳатлари бор: машҳур эмас, раҳбарлик лавозимларида ишлаш тажрибаси йўқ. Тушунарлики, ўғил ота қилмишига жавоб бермайди. Шу маънода айтсак, бировни унинг ватандоши ишлари ўлароқ, қоралаш мантиқсизликдир. Аммо хоҳлаймизми-йўқ, ФИФАнинг собиқ вице-президенти ва КОНКАКАФ раҳбари — тринидадлик Жек Уорнернинг футболдан умрбод четлатилгани ҳамда айни пайт фирибгарликда айбланаётгани сайловлар жараёнида унинг ҳамюртига салбий таъсир кўрсатади, барибир.
Имкониялари. Энг яхши ҳолатда КОНКАКАФдан минтақавий номзод, холос.
Мишель Платини (Франция), 60 ёш
Ўтмишнинг ажойиб футболчиси, Евро-84 ғолиби. У яқин-яқингача ҳам рақобатдан мутлақо холидек кўринганди. Хусусан, УЕФА, КОНКАКАФ, шунингдек, ОФК ва КОНБЕМОЛ аъзолари айнан французга овоз беришларини айтаётгандилар. Бироқ 3 ҳафтача олдин ФИФАнинг Этика қўмитаси УЕФА президенти фаолиятини 90 кунга тўхтатиб қўйди. Платинининг қандай можаролар ичига тушиб қолганини яна эслатиш шарт эмас. Қисқаси, ҳозирча унинг номзоди «музлатиб» қўйилган.
Плюс томонлари. Франциялик ҳамон Европа миллий федерацияларининг қўллаб-қувватлашидан умидвор. Муҳими, у улкан тажриба соҳиби. Турли ислоҳотлар, ғоялар муаллифи. Хуллас, мудом янгилик яратиш йўлида изланишда.
Минус томонлари. ФИФАга боғлиқ коррупцион жанжалга аралашиб қолгани — катта минус. Умуман, Платинини сайловларга қўйиш-қўймасликлари ҳам ҳозирча номаълум.
Имкониялари. Агарда номзоди қабул қилинса, унда ғолиб чиқиш имконияти анча баланд. Аммо 2 миллион франкка боғлиқ ишлардан олдингидек ишончли эмас. Зеро, Платинига қўйилган айблов барибир, ўз сўзини айтади.
Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа (Баҳрайн), 49 ёш
Баҳрайн қироллик оиласи вакили. Инглиз адабиёти ва тарихи бўйича мутахассис, махсус университет битирувчиси. 2013 йилдан Осиё футбол конфедерацияси раҳбари ва ФИФА вице-президенти. Шайх Салмон аслида Платинини қўллаб-қувватлаётганди, аммо номзодларни рўйхатга олиш муддати якунланиши арафасида ўзи курашга қўшилишни лозим топди. Шиори: «ФИФАни тўғри йўлга қайтариш».
Плюс томонлари. ФИФА вице-президенти футбол муассасасининг барча кириш ва чиқиш йўлларини билмаслиги мумкин эмас. Унинг ортида қанчалик хилма-хил кўринмасин, бутун Осиё конфедерацияси турибди.
Минус томонлари. Қонун ҳимоячилари шайхни 2011 йили Баҳрайндаги намойишларни зўравонлик билан бостиришга алоқадор бўлганликда айблашмоқда. Салмон шунингдек, ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқи Қатарга насиб этиши учун фаол ишлаган. Тўғри, бу катта минус ҳисобланмаса керак.
Имкониялари. Жуда жиддий даъвогар. Бордию, Платини сайловларда иштирок этолмаса, унда айнан шайх Салмон фаворитга айланса керак.
Токио Сексвале (ЖАР), 62 ёш
Афсонавий Манделанинг маслакдоши. 1975 йили собиқ иттифоқда портлатиш бўйича мутахассис сифатида ҳарбий тайёргарлик босқичини ўтаган. Антиҳукумат фитнаси иштирокчиси сифатида 18 йилга қамалиб, 13 йил панжара ортида ўтирган — Кейптаун яқинидаги машҳур Роббен оролида. Аввалига Мандела, кейин эса Табо Мбеки даврида ЖАР президентининг реал ўринбосари ҳисобланган. 90-йиллар охирида бир муддатга сиёсат саҳнасидан чиқиб, бизнес билан шуғулланган. Яъни тоғ-кон саноатида фаолият юритиб, маълум сармоя йиққан, бир қатор кўчмас мулклар соҳибига айланиб, ЖАРнинг энг бой кишилари қаторига қўшилган. Жейкоб Зуманинг президентлик даврига келиб, яна ҳукуматга қайтган. Дейлик, 2009-2013 йиллар оралиғида турар-жой масалалари вазири лавозимида ишлади. Жорий йилнинг июль ойида ФИФАнинг Фаластинда футболни ривожлантириш қўмитаси раҳбари этиб тайинланди.
Плюс томонлари. Апартеидга қарши курашган таниқли шахс. Жаҳонда, аввало, Африкада катта обрўга эга. Ҳам сиёсатчи, ҳам бизнесмен сифатида тажрибаси кўп.
Минус томонлари. ФИФАда ишлаш амалиёти кам.
Имкониятлари. Африка футбол конфедерацияси — бу 54та овоз демакдир. Ҳаттоки, либериялик Билити ўз номзодини муддатидан олдин қайтариб олмаган тақдирда ҳам, африкаликлар айнан Сексвалени қўллаб-қувватлашса керак. Қисқаси, сайловларгача етиб борса, етарлича овоз олиши тайин.
Жером Шампань (Франция), 57 ёш
Мутахассислиги бўйича дипломат. Шампань ЖЧ-98 чоғи Блаттер билан танишган ва кейинчалик унинг маслаҳатчиси (Халқаро ишлар бўйича) бўлиб, ФИФАда 11 йил ишлаган. Платинининг душмани. У бир йил олдин ҳам ФИФА президентлигига ўз номзодини илгари сурган (биринчилардан бўлиб), аммо сайловларда иштирок этиш учун зарур бўлган шартни бажаролмаганди. Яъни 5та миллий федерациясидан ишонч хати тақдим этолмаганди.
Плюс томонлари. Энди унда «бахт хати» бор, шекилли. Француз ФИФАни яхши билади, лойиҳаси ҳам жиддий. Май ойидаги сайловларда ишонарли тарзда ғалаба қозонган Блаттернинг ёрдамига ҳам таяниши мумкин.
Минус томонлари. Блаттер билан яқинлиги кимлар учундир катта камчилик ҳисобланади. Боз устига, Шампань «футбол одами» эмас. Ҳа, Европа, Осиё ва Африка ўз номзодларига эга бўлса, ким ҳам унга овоз берарди?
Имкониятлари. Деярли йўқ. Француз фақат оммага танилиб, келажак учун замин ҳозирлаши мумкин.
Абдураҳмон Аҳмедов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).