Жорий йилги олий лига баҳслари аввалгиларига нисбатан анча қизиқарли тарзда кечди. Чемпионат якунланишига битта тур қолган бир паллада чемпион ва кумуш медаль соҳиби ҳали расман аниқланганича йўқ. Тўғри, Қаршида қўлга киритилган муҳим ғалабадан сўнг «Пахтакор»нинг чемпионлик йўлидаги имкониятлари кескин ошди. Лекин бу «олтин» масаласи тўлиқ ҳал қилинди, дегани эмас. Мабодо, сўнгги турда «Андижон» мўъжиза кўрсатиб, пешқадамдан очко тортиб олса, ўз навбатида, «Локомотив» Наманганда «Навбаҳор»ни мағлубиятга учратса, «темирйўлчилар» ўз тарихларида илк бор чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишади. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунингдек, турнир жадвалининг қуйи поғоналаридаги «ҳаёт учун кураш» ҳам қизигандан-қизиган. «Бухоро», «Динамо» ҳамда «Сўғдиёна» жамоаларининг бор диққат-эътибори элитада жон сақлаб қолишга қаратилган. ғузорнинг «Шўртан» клуби иккинчи давра ўйинларини кўнгилдагидек ўтказолмаган бўлсада, кучлилар сафидаги ўрнини бир амаллаб сақлаб қолишга эришди. Жамоага биринчи даврада қўлга киритилган очколар қўл келди. Биз «Локомотив»га қарши кечган 27-тур учрашувидан сўнг ғузор жамоаси етакчиларидан бири, ўша ўйинда «темирйўлчилар» дарвозасига киритилган ягона жавоб тўпи муаллифи ғуломҳайдар ғуломовдан интервью олдик.
- ғуломҳайдар, «темирйўлчилар» биринчи даврада «Шўртан» дарвозасини 4 марта ишғол қилишганди. Тошкентда ўтган ўйинда эса 1:4 ҳисобида ютқаздинглар. Ваҳоланки, учрашувни ёмон бошламаган эдинглар.Сизнингча, кетма-кет гол ўтказиб юборилишига нима сабаб бўлди?
- Биласизми, асосий эътиборни дарвозамиз дахлсизлигини сақлашга қаратиб, кўпчилик бўлиб ҳимояга ётиб олганимиз йирик ҳисобдаги мағлубиятимизга замин яратди. Бу - биринчи сабаб. Иккинчидан эса, тан олиш керак, «Локомотив» бугунги кунда ҳам жисмонан, ҳам техник-тактик жиҳатдан етакчи. Учрашув бошиданоқ майдондаги устунликни мезбонларга топшириб қўйдик. Ҳатто уларнинг ҳимоячилари ҳам ҳужумларга фаол қўшилишди.
- Ўйиндан аввал қандай кўрсатма берилганди?
- Биринчи даврадаги хатоларни такрорламаслик уқтирилганди. Ёдингизда бўлса, ғузорда 0:4 ҳисобида ют-қазгандик. Ўша ўйиндан хулоса чиқарган ҳолда ўйнашимиз керак эди. Афсуски, рақибга кучимиз етмади. Очиқ футбол намойиш этганимизда, ҳисоб бундан-да йирик кўриниш олиши ҳеч гап эмасди.
- Ушбу ўйинда жамоангизнинг ягона жавоб тўпини чиройли тарзда киритдингиз...
- Шундайку-я, лекин урган голим ўйин натижасига таъсир ўтказмаганидан кейин унинг чиройидан нима наф? Мен учун клуб манфаати устунроқ туради. Зеро, футбол - жамоавий ўйин!
- Иккинчи давранинг сўнгги тур ўйинларини анча бўш ўтказдинглар. Бунинг боиси нимада?
- Ҳозир сабабларни санасам, худди баҳона қилаётгандек бўлиб қоламан. Ҳамма вазиятни кўриб турибди.
- «Шўртан» сўнгги икки тур натижасидан қатъий назар, олий лигада қолади. Мавсум аввалидаги вазифа ҳам айнан кучлилар сафида жон сақлашмиди?
- Жамоамиз олдига 10-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилганди. Ўйлашимча, ушбу мақсадни амалга ошириш учун имконият бор.
- Бу вазифа жамоанинг ички имкониятларидан келиб чиқиб қўйилганмиди?
- Худди шундай. Лекин шахсан мен янада юқорироқ ўринлар учун курашамиз, деб ўйлагандим. Афсус, адашибман. Барибир, ҳали тажрибам кам шекилли, калта фикрлабман.
- «Шўртан» 28та ўйиннинг (суҳбат 29-тур учрашуви олдидан ўтказилган - муаллиф) 9тасида дуранг қайд этди. Ҳозирда жамоангиз олий лигада энг кўп дуранг ўйнаган жамоа бўлиб турибди. Бу нимадан дарак?
- Бежизга 10-ўрин дейишмаган экан. Аслида бир очко қўлга киритган ўйинларимизнинг 60-70 фоизида ғалабага муносиб эдик. Ўзимиз йўл қўйган қўпол хатолар туфайли дуранглар кўпайиб кетди. Иккита баҳсда муроса кўчасини танлагандан кўра, битта ғалаба ва битта мағлубият қайд этган маъқул. Ҳар ҳолда, икки очкодан кўра уч очко яхши-да!
- Боя айтганимиздек, «Шўртан» олий лигада қолди. Кейинги фаолиятингиз ҳақида ҳам ўйлаб кўрдингизми? Келаси мавсум ҳам ғузорда қолиш режаларингизда борми?
- Ҳали бу хусусда ўйлаб кўрмадим. Ушбу масалага мавсум якунланганидан сўнг ойдинлик киритаман. Хаёлимни бошқа мавзулар билан чалғитиш ниятим йўқ. Чемпионат тугайверсин-чи, қолгани бир гап бўлар (кулади).
- Лекин барибир, хаёлингизнинг бир четида бу мавзуга жой топилади. Гапимни инкор этмассиз?
- Тўғри. Қизиқишлар бўлаётганини эшитгандим. Лекин шахсан ўзимга ҳали ҳеч ким таклиф билан чиққанича йўқ. Буни бошқалар айтишди. Мабодо расмий таклиф тушса, сир сақламай, дарҳол ошкор этаман.
- Қизиқиш қайси жамоалардан экан?
- Бу шунчаки миш-мишлар.
- Шу миш-мишлар сизни қайси жамоа таркибига ўтказяпти?
- Мисол учун, биринчи даврада «Насаф»нинг қизиқаётгани айтилди. Очиғи, эшитиб хурсанд бўлдим. Аммо бу ҳозирча шунчаки қизиқиш.
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам жорий мавсумда ўсишга эришдингиз...
- Нолимайман. Аста-секин тажрибамни оширяпман.
- Статистикангиз билан қизиқиб борасизми?
- Ҳа, албатта. Лекин аламли мағлубиятлардан сўнг жаҳлим чиқиб, ҳисоб-китобни унутаман. Адашмасам, чемпионатдаги голларим сони учтага етди, кубокда эса битта тўп киритдим. Мавсум аввалида ўтказилган ПФЛ кубогида рақиблар дарвозасини тўрт бор ишғол қилгандим. Беш маротаба жамоадошларимга ассистентлик вазифасини ўтадим. Шулардан иккитасида жарима тўпи ишлаганман. Шерикларим эса ўша жарима зарбаларини голга айлантиришган.
- «Шўртан» клубининг футболчилардан маошлар бўйича қарзи борми?
- Бор.
- Қаршидаги ғалабадан сўнг «Пахтакор»нинг чемпионлик унвонини сақлаб қолиши деярли ойдинлашди. Сиз ҳам шу фикрдамисиз ёки кураш охиригача давом этадими?
- «Шерлар»нинг Қаршидаги ўйинидан олдин «Локомотив»нинг чемпионлик йўлидаги имкониятларини юқори баҳолагандим. Чунки «Насаф» бу йил юқори савиядаги футбол намойиш этаётганди. Ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Шундан келиб чиқиб, мавсумнинг ўз майдонидаги сўнгги ўйинида ғалаба учун майдонга тушишини тахмин қилиш қийин эмасди. «Пахтакор» сафарда очко йўқотади, деб ўйлагандим. Яширмайман, «Насаф» мухлисиман. Билмадим, эҳтимол бунга Қарши жамоаси таркибида дўстларим ўйнашаётгани сабаб бўлгандир. Лекин юз фоизлик кафолат билан айтаман, учрашув ҳаққоний руҳда ўтди. Бу йил «Пахтакор» чемпионликка лойиқ ўйин кўрсатди. Ҳақли равишда чемпион бўлади, буниси аниқ. «Локомотив»га сабр, «Насаф»га эса келаси йилги мавсумда омад тилайман. Ахир улар тўғридан-тўғри ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этишади.
- «Пахтакор» Қаршида ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди, деб ўйлайсиз?
- Очиқ ва курашларга бой ўйин кечди. «Шерлар» биринчи навбатда, кучли хоҳиш эвазига зафар қучишди. Жамоа футболчиларига чемпионлик масаласи кучли мотивация берди. «Насаф» эса олдинги турда чемпионлик пойгасидан чиқиб кетганди. Менимча, клуб Ўзбекистон кубогини қўлга киритгач, бироз хотиржамликка берилгандек таассурот қолдирди. Агар таҳлил қиладиган бўлсак, Қаршидаги учрашувда голга тортадиган вазиятлар кўпроқ майдон эгалари томонидан яратилди. Артур Геворкян ижросидаги жарима зарбаларини эсланг. Биринчи вазиятда тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдонга қайтган бўлса, иккинчи ҳолатда Лобанов маҳорат кўрсатди. Меҳмонлар учрашув давомида тўп назоратини ўзларида ушлаб туришди. Лекин голга тортадиган ҳужумларни «Насаф» юзага келтирди. Мезбонларга омад етишмади, чоғи. «Пахтакор» эса тажрибаси эвазига яратилган кичик имкониятдан фойдаланди. Бу ўйинда Александр Лобанов учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. «Пахтакор» посбони сўнгги дақиқаларда бир неча маротаба маҳоратини намойиш қилди. Акс ҳолда, «шерлар» Қаршидаги ўйиндан кейиноқ чемпионликдан умид узишармиди... Худди шу жиҳат, яъни кучли истак ва иштиёқ «Локомотив»да ҳам бор. Лекин бу «темирйўлчилар»га камлик қилди. Чемпионлик масаласи «Пахтакор»нинг қўлида бўлгани ҳам жамоанинг Қаршидаги ғалабасини таъминлади. «Локомотив» эса фақат «Насаф»дан умид қилганди. Фарқи шунда.
- «Локомотив» ва сиз бефарқ бўлмаган «Насаф» жамоаларининг эгаллайдиган ўринлари иштирокларига мосмикан?
- Тўғрисини айтаман, мавсум бошида «Насаф»нинг чемпион бўлишини кутгандим. Афсус, Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа бу вазифани уддалай олмади. Лекин бошқа томондан, афсус қиладиган нарса ҳам йўқ. Клуб ўз тарихида илк маротаба мамлакат кубогини қўлга киритди. Ундан аввал, аниқроғи, 2011 йилда «Насаф» нуфузи жиҳатидан ОЧЛдан сўнг иккинчи ўринда турувчи ОФК кубогида зафар қучганди. Ўйлашимча, бу жуда катта натижа. Энди келаси мавсум чемпионликка ҳам нав-бат етар. «Локомотив» ҳақида фикр юритадиган бўлсам, жамоа молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, бу йил чемпионликни нишонлаши керак эди. Лекин ҳамма нарсани ҳам пул ҳал қилавермаслиги аён бўлди. «Пахтакор» буни амалда исботлади. Тан олиш керак, «Локомотив» молиявий жиҳатдан Ўзбекистон жамоалари орасида етакчи. Шунинг ҳисобига ҳам улар мавсумни 1-ўринда якунлашлари керак эди. Шахсан мен «Локомотив»нинг чемпион бўлишини кутгандим. Ўша юқоридаги фикрим - пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор. Бу - иштиёқ ва ирода. Ҳар икки кўринишни намойиш қилган «Пахтакор» якунда чемпионликни қўлга киритиши деярли ойдинлашди. Тўғри, жамоа бу номни ҳали расман қўлга киритмади. Лекин «Андижон»нинг пойтахтда қаршилик кўрсатиб, «шерлар»дан очко тортиб олишига шахсан мен ишонмайман. Ўйлайманки, «Пахтакор» ўз стадионида чемпионликни тантана қилади. Сўнгги турни жамоа мухлислари кўз ўнгида ўтказади ва мавсумга чиройли тарзда якун ясайди. Хатога йўл қўймай, ғалаба қозонишса, уларни чин дилдан чемпионлик унвони билан табриклайман. Яна бир бор фикримни такрорлайман, «Пахтакор» бу йил ҳақли равишда чемпион бўлади. Қолаверса, «Локомотив»ни ҳам водийда осон ўйин кутмаяпти. «Навбаҳор» сўнгги турни наманганлик мухлислар кўз ўнгида ўтказади. Табиийки, жамоа фақат ижобий натижа учун майдонга тушади. Фурсатдан фойдаланиб, келаси йили ОЧЛ мусобақасида иштирок этадиган «Пахтакор», «Локомотив», «Насаф» ҳамда «Бунёдкор» жамоаларига омад ва зафар ёр бўлишини тилаб қоламан. Шу пайтгача ОЧЛдаги энг яхши натижамизни «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клублари қайд этишган - улар ярим финалга қадар етиб боришган. Ўйлашимча, энди навбат финал ва чемпионликка етди.
- Сизнингча, олий лигани қайси жамоа тарк этади?
- «Бухоро». Якунда 15-ўринни эгаллайдиган клуб эса биринчи лигада 2-поғонани эгалаган жамоа билан ўтиш ўйинида майдонга тушади. Бу «Обод» бўладими ёки «Оқ-тепа»ми, фарқи йўқ. Олий лиганинг 15-ўриндаги жамоаси барибир, ғалаба қозониб, кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолади. Бу менинг шахсий фикрим.
- Мавсумнинг уч нафар энг яхши мураббийлари кимлар?
- Биринчи ўринга Рўзиқул Бердиевни қўяман. Тан олиш керак, ушбу мутахассис «Насаф»нинг муваффақиятларига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Анатолий Демьяненко Қаршида ишлаган пайтда Рўзиқул ака бу мураббийдан жуда кўп нарса ўрганди. Ўз устида ишлади. Натижада, мураббийликда катта ўсишга эришди. Бежизга Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, деб топилмаганди. Иккинчи ўринга Бабаянни муносиб, деб ўйлайман. «Пахтакор»нинг бугунги даражага етишишида Самвел Вячеславовичнинг хизматлари жуда катта. Қолаверса, миллий терма жамоада ҳам яхши иш олиб боряпти. Фурсатдан фойдаланиб, миллий терма жамоамизга КХДР ва Яманга қарши ўтказиладиган ўйинларда ғалаба ёр бўлишини тилайман. Мураббийлар кучли учлигида Бахтиёр Ашурматов ҳам бор. Бахтиёр ака ёш мутахассислардан. «Нав-баҳор» ёмон натижага эришмади.
- Футболчиларнинг кучли учлигида кимларни кўришни истардингиз?
- Шубҳасиз, биринчи ўринга Игорь Сергеевни қўяман. Ҳужумчилар тақчиллиги қийнаётган бир пайтда «Пахтакор»нинг олдинги чизиғида етакчига айланган ёш футболчининг кўрсатаётган ўйинлари ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ. Сергеев тўпурарлар рўйхатида Баҳриддин Ваҳобов билан бирга пешқадамлик қиляпти. Лекин «Қизилқум» ҳужумчисидан фарқли равишда, Игорнинг ҳаракатлари, урган голлари муҳимроқ эди. Сергеев терма жамоада ҳам яхши ўйнаяпти. Шуларни инобатга олиб, бу форвардни 2015 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси, деб биламан. Иккинчи ўринга Санжар Шоаҳмедовни лойиқ кўраман. У менимча, «Локомотив»нинг жорий йилги энг яхши трансфери. Шоаҳмедов ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, «Локомотив» жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Ҳужумчилардан кўра яхшироқ ўйнади. Кучли учликка чемпионат тўпурарлиги учун курашаётган Баҳриддин Ваҳобовни киритсам тўғри бўлар. «Қизилқум»нинг бутун мавсумда киритган голларининг деярли тенг ярмига шу ҳужумчи муаллифлик қилди. Дарвозабонлар кучли учлигида Элдор Суюнов, Мурод Зуҳуров ва Элдор Тожибоевни кўришни истардим.
- Олдинда терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги КХДР ва Яманга қарши ўтказадиган иккита муҳим учрашуви турибди. Бу ўйинлардан нималарни кутяпсиз?
- Фақат ғалаба. Насиб қилса, 12 ноябрь куни футболчиларимиз Пхеньяндаги аламли мағлубият учун муносиб тарзда реванш олишади. Қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, ғалаба қозониш керак. Шундагина гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга чиқамиз. Бу борада йигитларга омад тилаб қоламан.
Камолиддин Алимов суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).