Халқаро допингга қарши курашиш агентлиги (WADA) қуйида номи қайд этилган россиялик спортчи ва мансабдорларни дисквалификация қилиш бўйича таклиф киритди. Мазкур турдаги жазо тури расман қўлланадими ёки йўқми, буни воқеалар ривожи кўрсатади.
Умрбод четлатилган спортчилар:
- Екатерина Поистогова (800 метрга югуриш). 2012 йилги Олимпиада ўйинлари бронза медали соҳибаси.
-Анастасия Баздрева (400 ва 800 метр). 2015 йилги Россия чемпиони.
- Мария Савинова-Фарносова (800 метр). 2012 йилги Олимпиада чемпиони, 2010 йилги Европа чемпиони, 2011 йилги жаҳон чемпиони.
- Кристина Угарова (1500 метр). 2015 йилги Бутунжаҳон универсиадаси бронза медали соҳибаси.
- Татьяна Мязина (800 метр). 4х800 метрга югуриш бўйича эстафета баҳсларида жаҳон чемпионати бронза медали совриндори.
Шубҳа остига олинган спортчилар:
Суриштирувлар жараёнида ARD фильмида номи тилга олинмаган бир қатор спортчилар ҳам аниқланди. Ҳар бир вазиятда ушбу атлетларни жазолаш учун етарли маълумотлар тўпланмаган. Мустақил комиссия мазкур ҳолатни қўшимча суриштирувлар жараёнида инобатга олиш бўйича тавсия йўллади.
- Анна Альминова, Олимпиада-2008 иштирокчиси, 2009 йили ёпиқ иншоотда ўтказилган Европа чемпионати ғолибаси. Кўп ўтмай унинг натижалари антидопинг қонунларининг бузилиши сабабли бекор қилинган. Ушбу спортчи 2014 йилнинг 11 ноябрида яширин камера ёрдамида олинган тасвирларда 1500 метр масофани допинг ёрдамисиз босиб ўта олмаслигини таъкидлаган. Комиссия Аннани допинг қабул қилган аниқ вақтдан бехабар. Мазкур ҳолат дастлабки жазо қўлланган паллага тўғри келган бўлиши ҳам мумкин, шу боис уни иккинчи марта дисквалификация қилиш бўйича тавсия киритишолмайди.
- Светлана Черкасова 2008 йили 7 нафар бошқа россиялик атлетлар билан биргаликда 2 йил-у 9 ойга дисквалификация қилинган. Ушбу спортчи билан боғлиқ суриштирувлар мураббий Казарин шогирдининг допинг қабул қилганини таъкидлаганидан сўнг (мутахассиснинг овози яширин тарзда ёзиб олинганди) бошланганди. Черкасованинг ўзидан бу борада изоҳ олишнинг иложи бўлмади, у билан алоқага чиқа олишмади. Шунингдек, унинг қон таҳлили ҳамда стероид паспорти ҳам топилмади. 2012 йили Светлананинг пешобида сальбутамол излари топилган. Яширин овознинг далил бўла олмаслигини инобатга олиб, комиссия ушбу спортчига нисбатан санкция қўллаш бўйича тавсия йўллай олмасди. Шунга қарамай, мабодо Черкасова спортга қайтишни хоҳласа, IAAF ташкилотига уни жиддий текширувдан ўтказиш бўйича мурожаат қилинади.
- Алексей Фарносов. 1500 метр масофага югуриш мусобақаларида қатнашувчи ушбу спортчи Мария Савинованинг турмуш ўртоғи ҳисобланади. У WADA комиссияси диққат марказига 2014 йилнинг 19 ноябрида олинган яширин тасвирдан сўнг тушди. Алексей унда нандролон ва туринабол моддаларининг инсон организмига таъсири ҳамда унинг қўлланилиши юзасидан суҳбатлашган. Савинова эса Фарносовдан самарадорликни бироз ошириш учун қанча миқдорда допинг қабул қилиш мумкинлиги борасида маслаҳат олган. Фарносов қишки мавсумда гормонлар истеъмоли ножоизлиги, зеро ушбу паллада Савинова бир ойда икки марта допинг-тестдан ўтиши лозимлигини уқтирган. Шунингдек, у мусобақани тақиқланган препаратларсиз ютишнинг иложи йўқлигини таъкидлаб, мураббий Казарин ўз спортчиларини WADA эътиборидан сақлашни билишини таъкидлаган. терговчилар Фарносов билан гаплашишга ҳарчанд уринишмасин, у кўрсатма беришни хоҳламади.
- Екатерина Купина. 800 метрга югуриш мусобақаси иштирокчиси, Владимир Мохневнинг шогирди. Жаҳон рейтингида 39-ўринни қайд этиб турган ушбу спортчи 2014 йил 12 июлда Қозон вокзалида рўй берган воқеадан сўнг WADA диққат марказига тушди. Ўшанда Мохнев гуруҳидаги спортчилардан бири кетишни хоҳлаётганини билдирди. «Менимча, уни фармацевтик маҳсулотлар билан таъминламаётганим учун кетмоқчи. Шунчаки Купинага сарфлаётган пулимни унинг учун ишлатишни хоҳламайман», - дейилади яширин тарзда тасвирга олинган ёзувларда. Мохнев Купинанинг допинг-тестдан 15 кун аввал параболан истеъмол қилишни тўхтатгани, шу боис таҳлиллар тоза чиққанини таъкидлаган. 2014 йилнинг 1 сентябрида олинган аудиоёзувда эса Мохнев бу шогирдига аталган пептидлар учун умумий ҳисобда 200 минг рубль сарфлагани, чунки унинг IAAF назоратида туришини айтган.
Купина комиссия аъзолари томонидан сўроққа тутилганда, қуйидагича кўрсатма берган: у Мохневнинг қўл остида 2012 йилнинг августидан то 2014 йилнинг июнигача шуғулланган; унинг фикрича, бошқа спортчиларга нисбатан кўпроқ допинг назоратидан ўтган, ўз навбатида, текширувда қатнашмаганларнинг номини айтмаган; мукофот пулларини на мураббийга ва на бошқаларга берган, бу ҳақда ундан ҳеч ким сўрамаган; у ҳеч қачон тақиқланган препаратлар қабул қилмаганини билдирган.
Купинанинг қон ва стероид паспорти тоза чиққан. Комиссия эса яширин тарзда олинган ёзувлар орқали спортчини дисквалификация қилолмайди.
МОҚ бўйича тавсиялар:
- WADA тегишли кодексга асосан чора кўрилгунга қадар Бутунроссия енгил атлетика федерацияси (БЕАФ) ёки Россия олимпия қўмитасидан «заявка»лар олмасликни маслаҳат берди.
Лаборатория бўйича тавсиялар:
- Россия антидопинг лабораторияси директори Григорий Родченков лавозимидан четлатиши керак.
- WADAнинг ушбу лаборатория бўйича аккредитацияси бекор қилинади. Шунингдек, мазкур муассаса Россия ҳудудида олинган барча таҳлиллардан мосуво қилиниб, улар аккредитациядан ўтган бошқа лабораторияда текширувдан ўтказилиши жоиз кўрилди. Таҳлилларни бошқа лабораторияга кўчириш жавобгарлигини WADA ўз зиммасига олади.
- Москва лабораторияси илмий ва бошқа турдаги кўмаклар билан боғлиқ келишувларни ҳавола қилиб, WADA томонидан сўралган бошқа маълумотларни тақдим этади.
Шунингдек, WADA то Россия антидопинг қўмитаси ҳамда БЕАФ бўйича ишлар якунлангунига қадар Россия вакиллигини WADA бошқарувидан чиқариш ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар бўйича тавсиялар киритди.
Манба: Championat.com
ЎТКИРБЕК тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).