Европа чемпионатларига саралаш тизими Евро-2028 мусобақасидан сўнг ўзгариши мумкин.
The Guardian нашрининг хабар беришича, тегишли режалар сешанба куни УЕФАнинг терма жамоалар мусобақалари бўйича қўмитасига тақдим этилган. Эндиликда ушбу лойиҳалар алоҳида футбол ассоциацияларидан иборат кичик ишчи гуруҳларида муҳокама қилинади. Якуний қарор май ойида, Европа Лигаси финали олдидан қабул қилиниши кутилмоқда.
Турли вариантлар орасида Миллатлар лигасининг мослаштирилган формати фаворит сифатида кўрилмоқда. Етакчи футбол мамлакатлари айнан шу тизимни афзал кўришмоқда. Ҳозирда аёллар терма жамоаларининг Жаҳон чемпионатига саралаши шунга ўхшаш модел асосида ўтмоқда: терма жамоалар учта лигага бўлинади ва ҳар бир лигада тўрттадан иштирокчиси бўлган гуруҳлар шакллантирилади. «А» лигаси гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишади, қолган ўринлар эса плей-офф босқичида ўйналади.
Миллатлар лигаси услубидаги формат топ-терма жамоалар ўртасидаги ўйинларга бўлган талабни қондиради, бироқ қолган жамоалар иккинчи планга тушиб қолиши мумкин — бу масала федерациялар ўртасидаги муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланиши эҳтимол.
Яна бир вариант — Чемпионлар лигасидагига ўхшаш тизим, аммо газета манбаларига кўра, бу вариант телетрансляциячиларни энг кам даражада қаноатлантиради. Шунингдек, амалдаги форматни сақлаб қолиш масаласи ҳам кўриб чиқилади, лекин бу Англия каби давлатларга маъқул эмас — улар ҳозирги тизим ўз умрини яшаб бўлган деб ҳисоблашади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).