Сарлавҳани ўқибоқ дабдурустдан иддаога чоғланманг. Аввалги мақоламизда берган ваъдамизга мувофиқ, шу сарлавҳа остида айрим мулоҳазаларни билдирмоқчимиз. Мавзу аниқ, яъни келишилган ўйинларнинг олдини олиш ва футболимиз савиясини юксалтириш масаласи. Ишончимиз комилки, бу муаммо ва унинг ечимига оид мулоҳазалар кўпчиликни бефарқ қолдирмайди. Зеро, бу мавзу Президент Ислом Каримовнинг миллат соғлиги, Ўзбекистон фарзандларининг бахту саодати ва порлоқ ғалабалари, шахс камолоти билан боғлиқ улкан орзуларининг асосий моҳиятидир. Келгуси йилнинг «Соғлом она ва соғлом бола йили», деб номланиши ҳам бежиз эмас. Бу ўринда наинки, жисмоний, балки маънавий соғломлик масаласи ҳам жиддий тарзда назарда тутилган. Шу маънода келишилган ўйинларга бош қўшиш маънавий беморлик белгисидир, айни чоғда бу ҳолат шу кунларда 23 йиллиги тантанали нишонланаётган Конституциямизнинг улуғвор ғояларига мутлақо зиддир.
Аутсайдер очкога эҳтиёж сезса, мавсум якунланиши арафасидагина уйқудан уйғониб, номақбул ишларга қўл урмай, «Борнмут» каби эртароқ ҳаракат қилса бўлади. Мана, АПЛ дебютанти «Челси»ни мағлуб этиб, қимматли 3 очкони қўлга киритди. Шашти баланд «Ливерпул»дан устун келган «Ньюкасл»да ҳам шундай иштиёқ кузатилди. Ёки ўртамиёна жамоаларимиз етакчиларга очко улашавермай, худди «Сток Сити» бадавлат «Манчестер Сити»ни енгани каби улардан очко тортиб олишлари мумкин. Нима учун аслида ўртамиёна клуб саналган «Лестер» премьер-лигадек кескин курашларга бой чемпионатда етакчиликка интиладию, «Олмалиқ» ва «Металлург»да бундай орзу йўқ?! Фақат улуғвор орзулар, юксак мақсадларгина клубларимизни кенгликлар сари етаклайди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон футболида ҳам Асосий Қонунимиз талаблари устувор бўлиши шарт. Қуйидаги мулоҳазаларимиз шу талаблардан келиб чиқиб ёзилди ва улар футболимиз тараққиётига хизмат қилувчи янгича қарашларга йўл очишидан умидвормиз.
БОШ ЛИГА
Биз миллий чемпионатимиз структурасига қайта назар ташлаш ва уни тубдан ислоҳ қилиш тарафдоримиз. Масалан, олий лига атамасини бош лига, деб ўзгартириш мақсадга мувофиқ. Зотан, олий сўзи моҳиятан шу қадар маҳобатлики, ҳозирги ҳолатда олий лиганинг ҳатто Чемпионлар Лигасидан ҳам устунлигини англатади. Қолаверса «Олий лига» бирикмасида шўъро тузуми давридаги «Вўсшая лига»нинг салбий шарпаси сезилади ва айни пайт у фақат бизнинг миллий чемпионатимизда сақланиб турибди. Ҳаттоки, Россиянинг ўзида ҳам миллий чемпионат номи ўзгаргани барчага маълум.
Фикримизча, миллий чемпионатимиз энг сара клублари иштирокидаги турнирни бош лига, деб атаган маъқул. Номнинг янгиланиши амалга оширилажак улкан ишларнинг дебочаси, холос.
Биз таклиф этаётган бош лига форматида келишилган ўйинларга чек қўйиш имконияти мавжуд. Бош лига учрашувлари ғоямизга кўра, қўйидаги тартибда ташкилланади:
1. Бош лигада ҳозирги олий лиганинг 12та жамоаси иштирок этади. Улар дастлаб 2 даврада беллашадилар. Шунда ҳар бир жамоа 22тадан учрашувда майдонда тушади. Сўнгра натижалар сарҳисоб қилиниб, 1-6 ва 7-12-ўринлар алоҳида-алоҳида белгиланади. Таъкидлаш жоизки, таклифимизнинг асосий моҳияти ўринларни белгилаш жараёни билан алоқадор. Зеро, бунда 1-6 ва 7-12-ўринларни эгаллаган жамоа иштирокидаги учрашувларда тўпланган очколар икки даврали турнирдан сўнг бир томонлама бекор қилинади.
Олий лиганинг бу мавсумдаги якуний жадвали мисолида фикримизни ойдинлаштирамиз. «Пахтакор», «Локомотив», «Насаф», «Бунёдкор», «Нефтчи», «Олмалиқ» клублари мавсумни 1-6- ўринларда якунлашди. «Навбаҳор», «Машъал», «Қизилқум», «Металлург», «Шўртан» ва «Қўқон-1912» клублари эса мос равишда 7-12-поғоналардан жой олишди. Бош лиганинг 2-давраси айни шу тартибда якунланса, дейлик, «Пахтакор»нинг «Металлург» билан ҳар икки баҳсдаги натижаси «0»га тенг бўлади. Ёки «Локо» учун «Олмалиқ» клубига қарши кечган ўйинларда тўпланган очколар ғоят қимматлидир, айни чоғда Тошкент вилояти жамоаси учун ҳам «темирйўлчилар»дан тортиб олинган очко муҳим ҳисобланади. Бордию, «Металлург» «шерлар»дан очко тортиб олса, бу очко кейинги босқичда ҳисобга олинади. Қисқача айтганда, «Пахтакор» икки даврали дастлабки босқичда 50 очко жамғарса ва бу очколарнинг ярми 7-12-ўринлар соҳибларидан олинган бўлса, ҳал қилувчи босқични 25 очко билан бошлайди. Бу ўринда «У ҳолда «Пахтакор» 7-12-ўринларни эгаллаши кутилган жамоаларга ютқазаверади-ку?!» қабилидаги савол туғилиши табиий. Йўқ, ундай бўлмайди. Чунки аввал ўринлар аниқланади, шундан сўнггина кейинги босқич очколарига аниқлик киритилади. Натижада дастлабки олтилик ўртасида чемпионлик унвони ва совринлар учун кураш кескинлашади.
2. Кейинги олтилик бош лигада иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун курашади. Тартибга биноан, 3та жамоа бош лигани тарк этади. Клублар кейинги босқичдан умидвор бўлишлари учун юқорида айтганимиздек, қуйи олтиликнинг дастлабки босқичдаги натижалари ўз ҳолича қолдирилади...
3. Бош лиганинг кейинги босқичи ҳам икки даврали тизимда ўтказилади. Шу тариқа совринли ўринлар учун курашадиган ёки бош лигада қолишга ҳаракат қиладиган ҳар бир жамоанинг яна 10тадан учрашувда майдонга тушиши таъминланади.
Умуман олганда, мавсум якунида барча 12та жамоа 32тадан ўйин ўтказган бўлиб чиқади.
АВАНГАРД ЛИГА
Авангард лигада ҳам 12та жамоа иштирок этиши кўзда тутилади. Бу лиганинг тузишдан мақсад шуки, ундаги иштирокчи жамоалар ҳеч бир жабҳада бош лига вакилларидан ортда қолмасликлари лозим. Айнан шунинг учун ҳам «1-лига» бирикмаси ўрнига авангард лига номини таклиф қилмоқдамиз. Унда ҳозирги олий лигада 13-16-ўринларни банд этишган ва 1-лигада 1-8-ўринларни эгаллашган жамоалар қатнашадилар. Авангард лига формати ҳам бош лиганикидан деярли фарқ қилмайди. Фарқи шундаки, дастлабки олтилик икки даврали босқичдан сўнг бош лигага берилажак 3та йўлланма учун баҳс юритади. Қуйи поғоналарни банд этган 6та клуб эса, авангард лигада ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. Қоидага мувофиқ, авангард лигани ҳам 3та жамоа тарк этиши лозим ва уларнинг ўрнини ҳаваскор лиганинг энг яхши 3та вакили эгаллайди. Эътиборлиси, бу жараёнда ўтиш учрашувлари ўтказилмайди.
Истисно тариқасида айтиш мумкинки, авангард лиганинг шакллантириш жараёнида фақат бир марта спорт принципларидан чекиниб, биринчи лиганинг дастлабки 4та ўрнини эгаллаган вакили сафига Хоразм, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси жамоалари қўшилади. Шундагина миллий чемпионатимизда «Андижон», «Бухоро», «Сўғдиёна», «Динамо», «Обод», «Оқ-тепа», «УзДонгЖу», «Цементчи», «Хоразм», «Гулистон», «Сурхон», «Орол» жамоаларидан иборат бош лига йўлланмаси учун курашишга муносиб ва рақобатбардош лига бўй ростлайди. Агар ҳудудлардаги мутасаддилар бундай имтиёз бошқа берилмаслиги тўғрисида огоҳлантирилсалар, ушбу имкониятдан фойдаланиб қолишга интиладилар ва бақувват клубларни шакллантирадилар, деб ўйлаймиз.
ҲАВАСКОР ЛИГА
Ҳозирги биринчи лиганинг 5-16-ўринларини банд этишган жамоалар ҳаваскор лига иштирокчилари саналишади. Унинг формати ҳам бош ва авангард лиганики кабидир. Мазкур лиганинг дастлабки 6та жамоаси икки даврали босқичдан сўнг авангард лигага бериладиган 3та йўлланма учун беллашади. Кейинги 6та жамоа яна лигада «жон» сақлаш учун майдонга тушади. Негаки, сўнгги 3та клуб ўрнини оммавий футболнинг энг яхши 3та жамоаси тўлдирилади.
ОММАВИЙ ФУТБОЛ
Оммавий футбол ўрнида ҳозирги иккинчи лига назарда тутилмоқда. Биз 2-лига атамаси ўрнига оммавий футбол тушунчаси мухлислар онгу шуурига сингишини истаймиз. Оммавий футбол жамоалари иштирокидаги ҳудудий биринчиликларнинг қай тартибда ўтказилиши мутасаддилар ихтиёрига боғлиқ. Улар ҳудудий биринчилик ғолибларини ҳаваскор лигага ўтиш турнирига юборадилар. Ўтиш турнири битта манзил ва бир даврада ўтказилади. Унда ҳаваскор лигани тарк этган 3та жамоа ҳам қатнашиши мумкин. Якунда гуруҳ ғолиблари ҳаваскор лига йўлланмасига эга бўлишади.
ХУЛОСА
Ўйлаймизки, мақоламизга нима сабабдан «Олий лиганинг «Сўғдиёна» сиғмас сиғими», деб сарлавҳа қўйганимиз анча ойдинлашди. Аслида «Сўғдиёна» ўрнида «Андижон», «Бухоро» ёки «Динамо» ҳам бўлиши мумкин эди. Лекин ўтиш баҳсида иштирок этгани учунгина «Сўғдиёна» номини сарлавҳага чиқардик. Мулоҳазаларимизни тушуниш жараёни яна давом этади. Энг муҳими, юқоридаги ғоялар таъсирида футболимиздаги мавжуд қоидалар ва келишилган ўйинларга барҳам бериш имкони туғилади. Ҳозирги кундаги муаммоларни бартараф этиш ўта мушкул вазифа ва уларни назаримизда, маънавий-маърифий йўл, яъни миллий чемпионатимиз форматини ўзгартириш орқали бартараф этиш маъқулроқдир. Яна бир бор таъкидлаймизки, биз таклиф этаётган йўл жамоаларни ҳар бир баҳсда очко учун курашишга мажбурлайди.
Тўғри, дастлабки босқичдан сўнг амалга ошириладиган очколар ҳисоб-китоби айримларга мураккаб кўриниши мумкин. Юзаки қараганда, шундай. Лекин мутахассислар, зукко мухлислар учун жараён қийинчилик туғдирмайди. Мухлисларга аёнки, жаҳон футболида бу каби тажрибалар мавжуд ва уларнинг энг сара жиҳатларини ижобий ўзлаштириш футболимиз учун ғоят фойдалидир.
Муҳаммад ВАЛИ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).