Хосеп Гвардиоланинг янги шартномаси билан боғлиқ янгиликлардан тўлиқ бохабар бўлишни истаганларга ўзига хос ёрдам: германиялик обрўли шахслардан бирининг маҳаллий нашр орқали билдирган фикрлари ҳақиқатга яқиндек туюлди. Аслини олганда, барчаси оддий: Пеп келгуси йилнинг май ойида «Бавария»ни аниқ тарк этади. Ёки... 2018 йилгача Германияда қолади. Ёки «Манчестер Сити»га кетади. Йўқ, шошманг, у албатта, «Бавария» билан ишлашда давом этади. Ёки Англияга боради - «Юнайтед»га. Хуллас, жуда яхши билиб турибсизки, испаниялик мутахассиснинг яқин келажакда қаердан қўним топиши хусусида аниқ бир фикр билдириш мушкул. Шу боис Гвардиоланинг Мюнхен клуби билан алоқани давом эттириш борасидаги шубҳаларини таҳлил қилишни таклиф этамиз.
Энг аввало, «Бавария»нинг навбатдаги мураббийни қандай мақомда кутиб олаётганини англаш даркор. Ўтган ҳафта «Бавария Мюнхен» АЖ акционерларларининг йиллик анжумани ўтказилиб, унда молиявий масалалар муҳокама қилинди. Расмий вакилларнинг хабар беришларича, 23,8 млн. евро миқдорида (барча солиқлардан ташқари) йиллик даромад олинган. Клубнинг 115 йиллик тарихида авваллари бунақаси учрамаганини инобатга олсак, ўзига хос рекорд натижа қайд этилгани аёнлашади. Демак, «Бавария» спортдаги жиддий муваффақиятларсиз ҳам (ўтган мавсум клуб фақат бундеслига чемпионлигини қўлга киритди, холос) ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда, яқин келажакда ҳам бемалол барқарорлик намойиш этишига шубҳа йўқ. Авваллари футболчилар жамоа иқтисодчиларига иш топиб бериш учун бор кучлари билан ўйнаган бўлсалар, ҳозирда молиявий масалаларга масъуллар ўз ишларини кўнгилдагидек уддалашаётгани туфайли мюнхенликлар учун жиддий совринлар ҳаёт-мамот масаласига айланмаяпти. Қайсидир йирик мусобақада ғалаба қозониш - шунчаки чўнтакни бироз бойитиб олишга менгзалмоқда, шу холос.
Концерннинг ҳисобот давридаги пул айланмаси 523,7 млн. еврони ташкил этиб, бу борада 2012|2013 йиллар мавсумидаги кўрсаткич (528,7 млн. евро)нинг такрорланишига бироз камлик қилди. Ўшанда «Бавария» барча кубокларни ютиш борасида 100 фоизлик натижа қайд этганди. Бошқарув раиси Карл-Хайнц Румменигге шундай деди: «Требл қайд этмасликни муваффақиятсизликка йўймаслигимиз керак. Ҳозирги пайтда клубимиз ўз тарихидаги энг барқарор даврни бошидан ўтказмоқда. Шунга қарамай, биз хотиржамликни сақлаб, барча масалаларда камтарроқ бўлишга интилмоғимиз лозим».
Жаҳоннинг энг кўп маош олувчи мураббийи билан хайрлашиш клубнинг келгусида қайси йўналиш бўйлаб ҳаракатланишини белгилаб бериши мумкин. Хўш, Гвардиоланинг ўрнига ким келади?
1. Кубоклар шодасига эга мураббий
Биринчи рақамли номзод: Карло Анчелотти
Нуфуз нуқтаи назаридан олиб қаралганда, энг мақбул вариант.Бу икки мутахассиснинг ўзаро ўрин алмашиши унчалик сезилмаслиги мумкин.
Афтидан, Мариенплатцдаги байрам умрбод давом этадигандек. «Бавария»нинг кўплаб ютуқларига ҳамроҳлик қилган Мюнхендаги марказий майдон йирик фестиваль саҳнасига айланиб қолгандек, гўё. Гвардиола бу жамоага ўзига хос эйфория бахш этувчи шахсга айланганди. Пеп бош мураббийликка тайинлангач, «Бавария» дастлаб бироз назоратни йўқотгандек кўринди, аммо кейинчалик янада эркин, қувноқ клубга айланди, очилмаган қирралари кўплигига ишонч ҳосил қилди. Мануэль Нойернинг майдон марказига тез-тез сайрга чиқиши - ички шодонликнинг амалдаги ифодаси эмасми?
Мюнхен клуби раҳбариятининг биринчи галдаги режаси - италиялик мутахассиснинг розилигини олиш. Зеро, Гвардиола ва Анчелотти ўйинга турлича ёндашишларини инобатга олмасак, деярли бир хил даражани намойиш эта оладиган мураббийлар саналишади. Айтишларича, Карло билан оғзаки келишувга эришиб бўлишган, шундай экан, Пеп билан хайрлашгач, ортиқча муаммолар келиб чиқмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Умуман олганда, «Бавария»да танлаш имконияти жуда катта, деб бўлмайди: эркин агентлар бозорининг ҳозирги ҳолатида улкан муваффақиятлар қозонишга қизиқиши йўқолмаган обрўли мураббий фақат Анчелотти бўлиб турибди. Эҳтимол, у ҳам 10-15 йилдан сўнг аксарият ҳамкасблари сингари ўзининг бой тажрибасига таяниб, футболга янгича ғоя киритиш, турли схема ва услублар ўйлаб топишга муккасидан кетса, ажабмас. Аммо хайриятки, ҳозирча у бундан анча йироқда.
Италиялик мутахассиснинг шаъни шу қадар беғуборки, ҳар қайси ўзини ҳурмат қиладиган раҳбар қўл остидаги клубни ҳеч иккиланмай унга топшириши, кейин ўзи бир четга чиқиб, профессионалнинг қандай ишлашини кузатиши тайин.
2. Кучли хорижлик мураббий
Иккинчи рақамли номзод: Маурисио Почеттино
Аргентиналик мутахассис «Саутгемптон»да ишлаган кезлариёқ унинг меҳнатига жиддий ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги ойдинлашганди. Машғулотларга ўзига хос ёндашув, футболчиларга жисмоний ва тактик кўникмаларни сингдиришда асқотадиган индивидуал машқлар - айнан шунинг эвазига Европада ўзига мафтун этадиган жамоанинг шаклланишига замин ҳозирлаганди. «Авлиёлар» унинг қўл остида премьер-лигада ўзлари учун рекорд натижа қайд этиб, 8-ўринни эгаллашганди. Шу заҳоти туманли ўлка грандлари бажарилган ишлар кўламини тўғри баҳолаб, ҳамёнларидаги ҳолатни ўрганишга шайландилар. Афсуски, Люк Шоу ва бошқа ўйинчилар эвазига қўлга киритилган 120 млн. еврони сарфлаш Почеттинога насиб қилмади. Чунки бу пайтга келиб у «Тоттенхэм»га йўл олганди.
Мураббий Лондонда ҳам ўз қарашларига содиқ қолиб, рақобатбардош жамоани шакллантира олди. Амалдаги ўйин услубига юқори прессинг («Бавария»нинг бугунги кундаги овунчоғи) ҳамда ҳимоядан тезкор равишда ҳужумга чиқиш хусусияти қўшилди. Почеттино ҳамон қанот ҳимоячиларидаги қатъият ва оддийликни юксак қадрлайди, собиқ шогирдларига бу борада Филипп Ламни намуна сифатида кўрсатади. Гари Невиллнинг фикрича, «шпорлар» устози тўғри йўналиш бўйлаб кетяпти: «Унинг қўл остида ишга лоқайд ёндашадиганлар бор эди, ҳозирда эса бундай футболчилар деярли қолмади. Почеттино фақат ўсиш ва ривожланишга иштиёқманд, клуб манфаатларини устун қўядиган ўйинчиларни танлаб олишга эришди. Ҳозирги пайтда «Тоттенхэм» ишқибозларига аввалгидек муайян бир юлдуз футболчи эмас, балки мураббий кўпроқ ёқмоқда».
2015|2016 йиллар мавсумидаги «Тоттенхэм» - премьер-лигадаги энг ёш жамоа. Шунга қарамай, лондонликлар августдан буён ҳали мағлубиятга учрашмади. Почеттино ёш футболчиларнинг иқтидорини намоён эта олишини кўрсатди. «Бавария» ўйинчиларининг ўртача ёши 26ни ташкил этади, демак мюнхенликлар учун таркибни янгилашга тадорик кўришнинг айни вақти. Клуб Арьен Роббен, Франк Рибери, Филипп Лам ҳамда Хаби Алонсо кабиларнинг ўрнига кимни харид қилмасин, Почеттинонинг ёрдамида бу иш осонроқ кечиши тайин.
Бонус сифатида шуни кўрсатиш мумкинки, Германия терма жамоаси «Бавария» ҳамда Почеттино билан ҳамкорлик натижасида катта фойда кўриши аниқ. Зеро, 43-ёшли мутахассис қаерда ишлашидан қатъий назар, ўша мамлакат бош жамоасига бўлажак юлдузларни кашф эта олиши билан танилган. Сўнгги йиллар мобайнида аргентиналик мураббий Англияда тўққиз нафар келажаги порлоқ футболчиларни тарбиялади, уларнинг барчаси туманли ўлка термасида ўйнашга тайёр.
3. Юксалишга эришган маҳаллий мутахассис
Учинчи рақамли номзод: Маркус Вайнцирль
Ватанпарварларча ёндашув.
Футболчи Вайнцирлни Мюнхенда 90-йилларнинг охирида кўрганмиз. Маркус тўрт йил «Бавария» ўринбосарлари таркибида тўп сурган, аммо асосий жамоа сафида умуман ўйнамаганди. Эҳтимол йигирма йил аввал ундан яхши марказий ҳимоячи чиқмагандир, лекин бугунги кунга келиб «қизиллар»нинг бош мураббийлигини унга бемалол топшириш мумкин.
«Албатта, жамоани рекордмайстерларга қарши учрашувга астойдил тайёрлаш мумкин, бироқ барча уринишлар бесамар якунланиши аниқ. Гап шундаки, «Бавария»га қарши майдонга тушаркансан, бугунги баҳсда қандай ўйнашингни айнан улар ҳал қилишади». «Штутгарт»нинг собиқ устози Алекс Цорнигернинг гапларида биргина истисно мавжуд. Вайнцирль бошчилигидаги жамоа қайд этган натижани такрорлашни «Дортмунд», «Байер», «Вольфсбург», умуман, чемпионат етакчиларининг ҳеч бири уддалай олмади. Яъни, «Аугсбург» «Альянц-Арена»да «Бавария»ни қийин аҳволга солди.
Афтидан, Вайнцирль бундеслигадаги бошқа ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Гвардиоланинг муваффақият сиридан воқиф бўлишни уддалагандек. Шахмат тилида айтганда, Германия чемпионига шоҳ эълон қилди, аммо мотни ҳам амалга ошириш учун 40 ёшли мутахассисга бироз кучлироқ таркиб керак эди. «Аугсбург»да ихтиёридаги ўйинчиларнинг бор имкониятларини ишга солиб улгурди (бюджет борасида лиганинг 15-жамоаси ўтган мавсум еврокубокларга чиққан бўлсада, ҳозирда аутсайдерлар сафида бормоқда). «Бавария» «Бизга халал берганнинг ўзи бизга ёрдам беради» ақидасига содиқ қолиб, астойдил енг шимариши лозим, акс ҳолда Вайнцирлни азалий рақобатчиларидан бирортаси илиб кетиши мумкин.
«Бавария» мутасаддилари қайси мутахассисни жалб этишмасин, уларнинг ҳар бири жамоани юксак марралар сари етаклай олиш салоҳиятига эгалар. Айни вазиятда Мюнхен клубига фақатгина вақт зиён келтириши мумкин, холос.
Манба: Sports.ru,
Ў. УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).