«Омад кучлиларга кулиб боқади» ҳикмати футбол мусобақаларида, жумладан, ЕЧЛда ҳам бир неча маротаба ўз исботини топган. Дарҳақиқат, кучли таркиб ва юксак савияга эга бўлган грандлар учун кимга қарши майдонга тушишнинг ортиқча аҳамияти йўқ. Лекин бу нуфузли турнирда қайси рақиблар билан бир гуруҳдан жой олиш ўртамиёна жамоалар учун жуда муҳим. ЕЧЛ 2-гуруҳ босқичи беллашувларидан воз кечганидан кейинги ўтган вақт мобайнида шундай ўртамиёналарнинг 5 нафари кўпи билан 7 очко тўплаган ҳолда «плей-офф» ҳавосидан баҳраманд бўлишди. Албатта, тақдирнинг қуръадаги инъоми ила.
«Вердер»
Очколари: 7
Мавсум: 2005|2006
Бременликлар жамоасининг бугунги авлоди ЧЛдаги ўша муваффақиятни ширин туш каби эслашади. Лекин уни тарихдан ўчириб бўлмайди - бундан ҳеч кимга ҳеч қандай фойда йўқ. Ҳа, бундан 10 йил аввал «Вердер» ўз гуруҳидаги 6 учрашувдан атиги 7 очко жамғарган ҳолда баҳорги босқич йўлланмасини қўлга киритганди.
Квартетнинг яққол фаворити ҳисобланган «Барселона» 5та ғалабага эришиб, тахминларни тўла оқлади. Гуруҳнинг қолган уч аъзоси - «Удинезе», «Панатинаикос» ва «Вердер»нинг имкониятларига бир хил баҳо берилганди. Боз устига, немис жамоаси стартни омадсиз бошлади. Тўғри, дастлабки турдаги фаворитдан қабул қилинган мағлубят ҳеч кимни ажаблантиргани йўқ. Бироқ жамоа 3та ўйиндан кейин атиги 1 очкога эга бўлгани мухлислар ҳафсаласини пир қилганди. Шу сабабли қолган беллашувлар «Вердер» учун муддатидан аввалги «плей-офф» мақомига тенг бўлиб қолди. «Удинезе» билан баҳсда жамоа аввалига 3та тўп устунлигини йўққа чиқарган бўлсада, ўйинни ғалаба билан якунлади. Кейин яна «Барса»га имкониятни бой берди. Шу тариқа «Вердер»нинг кейинги тақдири фақат ўзига боғлиқ бўлмай қолди - у ўз майдонида грекларни мағлуб этиб, аллақачон гуруҳдан чиққан фаворитнинг Апенниндан 3 очко билан қайтишига умид қилишга мажбур этди. Немисларнинг бахтига, уларнинг суюкли жамоаси «Пао»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 5:1. Каталония гранди эса Италияда «Удинезе»дан устун келди.
«Рейнжерс»
Очколари: 7
Мавсум: 2005|2006
Мазкур мавсумда Шотландия гранди ҳам «Вердер» каби тақдир инъомидан баҳраманд бўлди. Бу жамоа атиги 7 балл билан синовдан муваффақиятли ўтди. Боз устига, атиги битта ғалаба билан «плей-офф»га чиқиб, ажойиб рекорд ўрнатди. Асосийси, «Рейнжерс» қайд этган натижалар охирги турнинг сўнгги сонияларигача беллашувлар кескинлигини таъминлади. Жамоа яққол фаворит - «Интер»дан ташқари, «Порту» ва «Артмедиа» билан рақобатлашди. Эътиборлиси, аутсайдер ҳисобланган Словения вакили чинакам «қаттиқ ёнғоқ» чиқиб қолди.
«Рейнжерс»нинг якунда «плей-офф» йўлланмасига эга чиқишида Португалия жамоаси устидан дастлабки турда эришилган ғалабаси муҳим роль ўйнади. Голларга бой кечган баҳсда меҳмонлар 2 марта мувозанатни тиклашди, аммо Шотландия гранди сўнгги дақиқаларда устунликка эришди - 3:2. Кейин «Порту» ўз уйида айнан шу ҳисоб билан «Артмедиа»га имкониятни бой берди. 3-турдаги «Интер» устидан қозонилган ғалаба ҳам португалияликларга ўзини ўнглаб олиш имкониятини бермади. «Рейнжерс» эса қаторасига 2та дурангни қайд этиб, («Артмедиа» билан), вазиятни янада чигаллаштирди. Хуллас, сўнгги тур арафасида гуруҳнинг барча иштирокчилари «плей-офф»га чиқиш имкониятини сақлаб қолишди. Яна 2 марта мағлубиятга учрамаслик вазифасини уддалай олган «Рейнжерс» икки бахтли жамоанинг бирига айланди.
«Зенит»
Очколари: 6
Мавсум: 2013|2014
Бунчалик антиқа трюкни амалга ошириш сўнгги 8 йил ичида ҳеч қайси жамоага насиб этмаганди. Таққослаш учун мисол келтирадиган бўлсак, бошқа гуруҳда 12 очко тўплаган «Наполи» лоақал иккинчи поғонадан жой ололмаганди. «Зенит» эса бир пайтлари «Рейнжерс» қайд этган натижага янада озроқ очколар билан эриша олди. Қизиғи шундаки, унинг иккинчи йўлланмага эга бўлиши учун қўшимча кўрсаткичлардан фойдаланишга ҳожат қолмади - кейинги 2 даъвогар ундан ҳам озроқ очколар билан кифояланишди. Бундан ташқари, питерликлар ва «Рейнжерс» баҳс олиб борган гуруҳларда ажиб муштараклик бор эди: «Яққол фаворит - «Атлетико», ўша ови юрса дови юрмайдиган «Порту», кўпчилликка таниш бўлмаган клуб - «Аустрия».
Агарда ўша пайтда «Зенит» ҳозиргидек кучли таркибга эга бўлганида, гуруҳ босқичи синовларини хамирдан қил суғургандек осонлик билан бартараф этган бўларди. Аммо ўшанда жамоа «плей-офф» йўлланмасини катта қийинчилик билан қўлга киритди. Ваҳоланки, мусобақани Питер клуби ёмон бошламаганди: Испаниядаги мағлубият ва ўз уйидаги австрияликлар билан имзоланган тасодифий сулҳдан сўнг «Порту»га қарши кечган дуэлда жамоа қимматли 4 очкони қўлга киритди. «Атлетико»дан тортиб олинган ягона очко «Зенит»га Венада кечадиган сўнгги беллашувга хотиржам ҳозирлик кўриш имконини берди. Бироқ жамоа ҳал қилувчи беллашувни ўта суст ўтказди ва «Атлетико»нинг «Порту» майдонидан ғалаба билан қайтиши учун ибодатга киришди. Россияликларнинг бахтига Испания вакили «Зенит»га иккинчи ўринни ҳадя этди.
«Галатасарой»
Очколари: 7
Мавсум: 2013|2014
Туркия вакили ҳам «Зенит» каби тақдир инъоми эвазига 16та энг кучли жамоалар сафидан жой олди. Аввалига «Реал» ва «Ювентус»дек грандларни ўзига жам қилган гуруҳда «Галатасарой»га «нон» тугул ҳатто «урвоқ» ҳам насиб этмайдигандек туюлганди. Бироқ Турин суперклубининг қониқарсиз иштироки туркларга қўл келди. Ўртамиёна савиядаги «Галатасарой» кутилмаганда «Ювентус стэдиум»дан қимматли очко билан қайтишни уддалади. Аммо яққол аутсайдер - «Копенгаген» билан бўлган қарама-қаршиликларда 50 фоизлик натижа билан кифояланди. Қўшимчасига, «Қироллик клуби»дан икки учрашувда 10та гол қабул қилиб олди. Ҳал қилувчи охирги турда «кекса синьора»ни дуранг ҳам бемалол баҳорги босқичга олиб чиқарди. Лекин кучли қор туфайли Истанбулдаги ўйин тугалланмай қолди. Маълум вақтдан кейин давом эттирилган беллашувда майдоннинг ёмон ҳолати Италия чемпионини ўз савиясида ўйнаш имкониятидан маҳрум қилди. Мезбонлар эса сўнгги дақиқалардаги ягона гол эвазига кейинги босқич йўлланмасига эга бўлдилар.
«Базель»
Очколари: 7
Мавсум: 2014|2015
Нуфузли турнирнинг аввалги мавсумида ҳам талаб даражасидаги ўйинни кўрсата олмаган ҳолда гуруҳдан чиқишни уддалай олган жамоа бўлди. Дастлабки турда Мадриддан йирик ҳисобдаги мағлубият билан қайтган «Базель» ўз майдонида «Ливерпул»ни маҳв эта олди. Тўғри, ўша пайтда «мерсисайдликлар» худди ҳозиргидек жарангдор номга яраша ўйин кўрсата олмаётган эдилар. Бироқ Швейцария чемпиони ҳам барқарорликдан анча йироқда эди. Айниқса, турнир дебютанти ҳисобланган «Лудогорец» билан баҳсларда очколарнинг ярмидан маҳрум бўлганлиги якунда «Базел»га жуда қимматга тушиши ҳеч гап эмасди. Хайриятки, уларни қаттиқ ранжитган Болгария клуби «Ливерпул»ни ҳам қимматли очколардан маҳрум этди. Охир-оқибат, иккинчи йўлланманинг тақдири «Энфильд»даги ўзаро баҳсда ҳал бўлди. Буни қарангки, Стивен Жеррарднинг фидойилиги эвазига «қизиллар» бор-йўғи дурангга эриша олдилар, холос. Натижада «Базель» нуфузли турнирдаги иштирокини давом эттирди. Ҳафсаласи пир бўлган Стиви Жи эса қадрдон жамоасини тарк этди.
Содиқ СОБИР тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).