Меҳрибонлик уйида ўсиб-улғайган идиш тозаловчи йигитча орадан йиллар ўтиб «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед» либосида майдонга тушди. Бебе Португалияда нималарни бошдан кечирмади дейсиз? Қуйида унинг кечинмаларига батафсил тўхталамиз.
Лиссабон яқинидаги Какеме қишлоқчасида асосан қора танли ишчилар, муҳожирлар ҳамда бошпанаси йўқлар истиқомат қилишарди.Худди шундай уйларнинг бирида Тиагу Мануэль Диас исмли йигитча яшарди. Бўйи паст бўлганлиги учун тенгдошлари уни Бебе, яъни португалчада «болакай», деб чақиришга одатланишганди. Йигитчанинг тақдирига асло ҳавас қилиб бўлмасди. Тиагунинг ота-онаси асли Кабо-верделик бўлиб, кейинчалик Португалияга кўчиб келишганди. Ўзга юртда молиявий муаммолар гирдобида қорлган оила Мануэль ҳамда унинг акасини болалар уйига топширишга қарор қилишди. Бебе босиқлиги ҳамда меҳнаткашлиги туфайли тенгдошлари орасида яққол ажралиб турарди. Бўш вақтини эса кўпинча болалар майдончасида футбол ўйнаш билан ўтказарди.
«Тиагу - интизомли, камтар йигит. Бироқ бировлар ишлатган идиш-товоқларни ювишдан доимо норози бўларди»,-дейди Санту-Антуан-ду-Тожал болалар уйининг роҳиби Арсени Исидор.
Бебе ҳар кунлик бўш вақтини фақат миллионлар ўйинига сарфлади. Тез орада эса қилган меҳнатлари самара бериб, бошпанасизлар ўртасида ўтказилган ЖЧ турнирида Португалия терма жамоасининг руйхатига киритилди. Скаутлар ундаги иқтидорга юқори баҳо беришди. Тиагу биринчи сафарини Босниядан бошлади. Бу вақтга қадар у номини фақат бошпанасизлар мактабида ўтилган география фанида эшитганди, холос. Гарчи Бебенинг жамоаси турнирда шоҳсупага кўтарилмаган бўлсада, ёш ҳужумчи 6та баҳсда 40та гол уришга эришди. Шу тариқа Португалия учинчи дивизиони вакили «Эштрела Амадора» клубининг диққат-эътиборини жалб қилди.
«Бебе - кўча футболидан чиққан ҳақиқий иқтидор эгаси. Ҳозирги кунда ёш футболчилар клуб академиялари ёки спорт мактабида таҳсил олиб, аста-секинлик билан профессионалликка етишадилар. Бироқ Диас ундай ўсмирлардан фарқ қиларди. Кўча футболи унга қатъийлик, юқори техника ва ижодкорликни ўргатди. Тиагунининг тенгдошларидан фарқи ҳам айнан мана шунда. Бебеда табиат инъом этган ўзгача қобилиятни сезганман»,-деди «Эштрела» собиқ мураббийи Жорже Пакшайо. Майдондаги дадиллик шунингдек, дебют мавсумдаги 4та гол айрим йирик клубларнинг жиддий қизиқишига сабаб бўлди.
Куни кеча болалар уйида идиш ювган йигитчанинг сурати «Витория Гимарайш» клуби билан шартнома имзолаганидан сўнг мамлакатнинг нуфузли спорт нашрлари муқовасини эгаллади. Бундан ташқари, 6та ўйинда кетма-кет энг яхши футболчи номини қўлга киритган ҳужумчига Европа клублари бир нечта таклифлар юборишди. «Витория» таркибидаги учрашувларнинг бирида Алекс Фергюсоннинг ўша вақт (2010 йил)даги ёрдамчиси Карлуш Кейруш стадионда Бебенинг ҳаракатларини синчковлик билан кузатди.
«Бу йигитчада авлод-аждодлардан қолган хусусият мавжуд, унда юлдузлик касаллиги сезилмади. Майдонда ҳеч кимдан чўчимайди»,-деди Кейруш сэр Алекс билан бўлган суҳбат вақтида. Бундай рекламадан хабар топган «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти бошпанасиз Бебени Манчестерга шартнома имзолашга чақирди. Европанинг энг омадли клубларидан бири ҳужумчининг собиқ жамоаси ғазнасини 9 миллион еврога бойитди.
«Бебе тезкор, ҳар икки оёқда ҳам яхши ўйнай олади. Ундан ажойиб форвард яратиш мумкин»,- дея таърифлади сэр Алекс португалиялик футболчининг «Манчестер Юнайтед» асосий таркибида ўтказган биринчи машғулотидан сўнг. Бироқ илк таассурот ёлғон бўлиб чиқди! АПЛда тўсатдан келган омаддан 20 ёшли ўсмирнинг боши гангиб қолди. Афтидан, унинг даражаси анча паст бўлганди. «МЮ»нинг асосий таркибига кира олмагач, фаолиятининг асосий қисмини ижара футболчиси сифатида ўтказди. Ҳозирда футболчининг трансфер ҳуқуқи «Бенфика»га тегишли, жорий мавсумни Испаниянинг ўртамиёна клуби - «Райо Вальекано»да ўтказяпти.
Умуман, Бебенинг бошидан ўтказганларини иллюстрацияга қиёслаш мумкин. Уни қўллаб-қувватлайдиганлар топилганида ҳам буни тўғри тушунардик. Шунга қарамай, Тиагу кучли хоҳиш ва табиат инъом этган истеъдоди туфайли футболда қисқа муддатли омаддан ҳузурланди. Тақдир қийинчиликларини матонат билан енгган йигитча бир марта бўлсада «Манчестер Юнайтед»дек қудратли клуб либосини кийиб, рақиб дарвозасини ишғол қилишга ҳам улгурди.
Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкин: топ клуб футболчисига айланиш учун фақатгина академия ёки спорт мактаби тарбияланувчиси бўлиш шарт эмас экан. Ҳаётнинг ўзи - катта мактаб! Буни барча бирдек тасдиқлаши турган гап. Шундай экан, миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган ҳар бир ёш иқтидор эгаси коптокни қўлига олиб, янгича услубларни кашф қилишга киришсин. Ким билади дейсиз, балки уларга ҳам худди Бебе сингари «Олд Траффорд» яшил майдонида тўп суриш бахти насиб этар...
Акмал ЭШОНХОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).