«Мен жамоалари ҳам ўйинлар, ҳам машғулотларда қатъий ишлайдиган лигада фаолият юритиш имкониятини ғоят қадрлайман»,-дейди 18 ойдан буён АПЛда тўп сураётган Боян Кркич. Бўйи нисбатан паст ҳужумчи 2014 йилнинг ёзида «Сток» сафига қўшилганида, кўпчилик унинг омадли ўйнаб кетишига унча ишонмаганди. Аслида «Барселона» тарихидаги энг ёш дебютант (у 2007 йили Лионель Мессининг бу борадаги рекордини янгилаганди)нинг Англия лигасидаги ўртамиёна клубга ўтиши мантиққа мос эмасдек. Ҳарқалай, ундан жуда кўп нарса кутишганди. Бироқ Боян аввалига ишончни оқламади ва ўз салоҳиятига шубҳа уйғотди. Лекин АПЛда тезда умумий қарашни нисбатан ижобий томонга ўзгартирди. Муҳими, «Сток Сити» устози Марк Хьюз бунгача «Рома», «Милан» ва «Аякс»да тўп сурган ҳужумчи билан қандай муносабат ўрнатишни билди. Натижада Кркич тез орада жамоанинг ҳақиқий рамзига айланиб, унинг «Арсенал», «Тоттенхэм», «Эвертон» ва «Лестер» клублари устидан ғалаба қозонишини таъминлади. Афсуски, ўша мавсумдаги 5-голи омадсизликка уланди. Яъни ҳужумчи «Рочдэйл»га қарши кечган кубок учрашувида жароҳатга йўлиқди. Натижада тиззасидаги шу муаммо туфайли мавсумнинг қолган қисмини томошабин сифатида кузатди. Мана, Боян нақ 1 йиллик танаффусдан сўнг тузалиб, сафга қайтди ва сентябрь ойида гол уриб, «Лестер» билан ўйинда дуранг (2:2) қайд этилишига ҳисса қўшди. Кейин эса ўз жамоасига «Суонси» устидан ғалаба келтирди.
- «Суонси» клубининг собиқ ҳужумчиси Мичу АПЛда ўтказилган илк ҳафталардан сўнг «Ҳеч қаерда бунчалик чарчамасдим»,-деганди. Лигада дарҳақиқат, талаб шунчалик юқорими?
- Ҳа, ҳам жисмоний, ҳам руҳий тайёргарлик борасида шундай. Айниқса, руҳий томондан оғир, чунки 90 дақиқа давомида бир маромни ушлаб туриш талаб этилади. Оддий айтганда, нафас ростлаб олиш учун имкон йўқ. Бошқа тарафлама қарасак, қувватни тенг тақсимлаш ҳам қийин. Зеро, ўйиннинг ҳар дамида 100 фоиз куч сарфлашингга тўғри келади. Акс ҳолда, четга чиқиб қоласан.
- Премьер-лигада сени нима энг кўп ажаблантирди?
- Футболчилар, умуман, спортга ҳурмат назари. Дейлик, биз бутун ҳафта давомида хотиржам муҳитда машғулот ўтаймиз ва бу жуда маъқул. Шунингдек, қайси рақиб билан ўйнашимиздан қатъий назар, стадионнинг лиқ тўлиши жуда ёқимли. Мабодо уйда ютқазиб қўйган тақдиримизда ҳам, мухлислар ортиқча саросимага тушмайдилар, қандайдир жиннилик уюштирмайдилар. Футболчи учун бу ғоят муҳим жиҳат ҳисобланади.
- Айтишларича, «Рома»нинг кийиниш хонасидаги умумий ҳолатни Франческо Тотти ва Даниэле Де Росси назорат қилишади. «Сток»да ким етакчи?
- Жамоамизда кимдир барчасини назорат қилади, деб ўйламайман. Зеро, ҳар биримизда ўз ролимиз бор. Муҳими - жамоадаги бирдамлик. Ҳар ҳолда, ғалаба қозониш учун бутун жамоа бирлашиши, ягона кучга айланиши зарур. Албатта, «Сток»да ҳам тажрибаси, таъсир кучи кўпроқ йигитлар бор ва бундайларга ҳурмат кўрсатишимиз табиий ҳол. Умумий олганда, бизда меҳнаткаш футболчилар гуруҳи йиғилган ва ҳамма бир-бирига ёрдам қўлини чўзишга тайёр туради.
- Айниқса, бу йил яхши жамоа шакллангандек...
- Шуниси аниқ - биз дуч келган рақибга қаршилик қилиш, яъни жангга тайёрмиз. Аслида ўтган мавсумда ҳам таркибимиз чакки эмасди. Мана, ёзда сафимизга бир қатор янги иқтидорлар қўшилишди. Энди жамоа динамикасини оширсак, бас.
- Афсуски, ўтган мавсум энди яхши спорт формасига кирганингда, жароҳатга йўлиқдинг...
- Ҳа, ўша вақт жуда яхши ўйнаётгандим. Лекин жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми саналади ва бундай ҳолатларга тайёр туриш лозим. Мабодо жароҳатландингми, ортиқча драма уюштирма. Яхшиси, тезроқ тикланиш йўлларини қидир ва ўзингни яна ўйиндан роҳатланиш онларига ҳозирла.
- Хўш, жароҳатдан кейинги ҳолатингни қандай тасвирлаб берасан?
- Шунчаки, «шок»ка тушиб қолгандим. Чунки буёғига нима қилиш ҳақида ҳеч қандай тасаввурим йўқ эди. Биринчи бўлиб, умумий ҳолатни обдон ўргандим. Хусусан, барчасига янада масъулият билан ёндашишим талаб этиларди. Ахир тикланиш жараёнида озгина эътиборсизлик қилсанг, барчаси чаппасига кетиши ҳеч гап эмас. Жараён максимал эътибор талаб этишини тушуниб, режа асосида ишладим. Аслида ҳар бир воқеадан ижобий жиҳат қидиришга одатланганман. Аммо тан оламан, жароҳатдан сўнг бир сафар кўз ёшимни тийиб туролмадим. Тўғрироғи, онам телефон орқали алоқага чиққанида, беихтиёр кўзим намланди. Бу оғриқ айни кучайган пайт содир бўлди. Лекин мен оғриқ ёки ўзимга ачинганим учун эмас, балки ғазабдан йиғладим, чоғи. Кейинроқ барчасини ўйлаб, қайғуриб ўтиришдан маъно йўқлигини тушундим ва қатъий режа тузиб, бор эътиборимни тезроқ тикланишга қаратдим.
- Демак, ўша кўнгилсизликдан сўнг Кркич янада кучли бўлди, дейиш мумкин...
- Битта нарсани ишонч билан таъкидлай оламан: саломатликни кўпроқ қадрлашни ўргандим. Ҳозир жароҳатга қарши мардонавор курашиб, уни енгганимдан ғурурланяпман. Эндиликда ҳар бир ўйинни кучли иштиёқ билан кутяпман.
- «Сток»нинг жорий мавсумдаги режалари қандай?
- Ҳар бир футболчи жамоага қўлидан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Агарда клуб муваффақият қозонса, унда ҳар бир ўйинчи бу ўз ютуғи эканлигини ҳис этади. Бундай жамоа турнир жадвалидаги муайян поғона учун курашмайди. Хуллас, биз айни пайт қайси ўринни эгаллаш хусусида бош қотирмаяпмиз, аксинча, ҳар бир ўйинга эътибор қаратишни маъқул кўрамиз. Бу вазифани нечоғли уддалаганимиз эса мавсум якунида кўринади. Қисқаси, биз учун ҳар бир ғалаба ниҳоятда муҳим.
- Клубдошларингдан кимдир терма жамоа ихтиёрига кетса, қандай ҳиссиётларга бериласан?
- Табиийки, ҳамма ўз миллий жамоасида ўйнашни хоҳлайди. Лекин мен ҳозирги ҳолатга реал кўз билан қарашим керак. Агар Испания термасида тўп суришни истасам (Кркич «Қизил фурия»да дебют қилишга улгурган), унда доимий тарзда майдонга тушиб, тўхтамай фаоллик кўрсатишим керак. Терма жамоадан чорлов олиш - бу ўзига хос мукофот. Унга фақат доимо мукаммалликка интилиш эвазига эришиш мумкин. Мен ҳозир айнан шу нарса билан шуғулланяпман.
- «Барселона»да ўзингни эркин ҳис этганингни тасаввур қилиш ҳам қийин. Бу ердаги футбол ҳаёти сенга маъқул тушяптими?
- Англия маданияти Испанияникидан кескин фарқланади. Ҳар бир мамлакатда одамлар ўзларини турлича тутишади. Шуни айтишим мумкинки, инглизлар футболчиларга катта ҳурмат билан ёндашадилар. Демак, барчаси жойида.
- «Барселона» билан хайрлашиш олдидан шундай деган эдинг: «Мақсадим - футболдаги бахтимни топиш». Хўш, бу бахтни топдингми?
- Ҳа. Қайтараман, мен билан рўй берган барча кўнгилсизликлардан сўнг авваллари арзимасдек туюлган иқтидоримни қадрлай бошладим. Мана, ҳозир жамоалари ўйинларда ҳам, машғулотларда ҳам бирдек қатъий ишлайдиган лигада фаолият юритиш имкониятини қадрлаяпман. Олдинлари менга айнан шу нарса етишмасди. Асосийси, бугунги кунимдан хурсандман, футбол билан шуғулланаётганимдан ғурурланаман.
Манба: Sports.ru,
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).