Англия чемпионати 18-турида узоқ муддатли танаффусдан кейин “Лестер” “Ливерпуль”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу жамоанинг мавсумдаги иккинчи мағлубияти. Бундан ташқари, 2015 йилда (ўтган мавсумни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) “Лестер” илк марта АПЛ баҳсларида гол ура олмади.
“Қўнғироқсоч Сью” фильмини эсласангиз керак? Ажойиб фильм. Бош қаҳрамон Сью исмли 5-6 ёшли қўнғироқсоч қизчаси билан кўчама-кўча ризқини териб юради. Отанинг асосий тирикчилиги ўзини машина тагига ташлаб ҳайдовчидан «чой-чақа» ундириш бўлади. Кўчада ўсган уддабурон қизчанинг энг катта бойлиги эса қўнғироқ сочлари эди. Отаси унга фақат биттагина сўзнинг қандай айтилишини ўргатади: “афиксия”. Қизчасини кўпчиликка “у жуда ақлли, ҳатто ўқишни ҳам билади. Қийин сўзларга ҳам тили қовушади. Мана ўзингиз кўринг. Қизим бирорта қийин сўзни айтиб берчи, масалан “афиксия”, деб мақтаб қўяди. Қизча ҳар сафар бу сўзни бинойидай талаффуз қилади. Бир куни отани Дорис исмли бойвучча аёл машинасида “уриб кетади” ва улар ўша аёлнинг уйида яшай бошлайдилар. Дорис ҳам “афиксия”дан ҳайратга тушади. Бир куни қизчага бир нечта ҳарфдан иборат оддий сўзларни кўрсатганда қизалоқ ерга қараб “мен фақат афиксия”ни биламан дейди. Кейинчалик бу учлик бир оила бўлиб яшаб кетади, лекин қуйида айтмоқчи бўлганларимиз айнан “афиксия” ҳақида.
Англия чемпионатида бу мавсум жуда ажойиб ўтмоқда, худди бир эртак мисол. Эртак ичидаги бош қаҳрамон эса, албатта, “Лестер” бўлиб турибди. Жуда кўпчилик бу жамоанинг ўйинларидан завқ олмоқда. Сизу биз ҳам “Лестер” чампион бўлсайди, деб турганимиз рост-ку!? Ахир кўз олдимизда тарих ёзилмоқда. Ўша “Лидс”дан кейин бундайин тўпори йигитларни кўпчилик соғинганди. Жамоа 18-тургача барчани ҳаяжонда ушлаб етакчилик қилиб келди. Тан олиш керак, “тулкилар”нинг бу қадар узоққача келишларини ҳеч ким кутмаган эди. Ўтган йили шу вақтда жамоа энг охирги ўринда (!) эди ахир. Ҳаммаси яхши давом этаётганди. Лекин… Лекин бир немис мураббийи бунга ортиқ бардош бериб бўлмаслигини барчага тушунтириб қўйди.
Ҳа, бу немис – Юрген Клопп. Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, нима учун “Лестер” барча рақибларни тап тортмай мағлуб этмоқда? “Арсенал”дан ташқари, албатта. Чунки кўпчилик “Лестер”ни етакчи сифатида қабул қилгани йўқ. У билан баҳсга ҳамма ўйинга бўлгани тушиб келишди. Деярли барча жамоа Раньерининг “банда”сига қарши ҳужумкор ўйин қилишга уринди. Гўёки, ўтган мавсумда зўрға премьер-лигада илиниб қолган жамоага қарши ҳимоядан ўйнаш уятдай. Фақат “МЮ”гина безбетларча ҳимояга ётиб, “Лестер” билан очко учун ўйнади ва бунга эришди. Гарчи имкониятлари бундан минг марта баланд бўлса ҳам. “Арсенал” айни вақтда Англиянинг энг кучли жамоаси, шу сабаб “Лестер” ўз майдонида тор-мор этилди. Улар “Челси”ни ҳам енгишди, лекин ҳозир “Челси” ким ютмаяпти? “Лестер”нинг деярли барча голлари Варди ёки Маҳрезга тегишли. Яъни, бири гол урса, бири пас беради. Деярли барча голлар қарши ҳужумдан урилади. Варди энг тезкор футолчи экани бор гап, лекин у доим бир гектарлаб жойда бир ўзи қолиб кетмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Лестер” эҳтирослар жангида жуда кучли. Ҳозир улар эйфория ҳолатида, бундай рақибга руҳий жиҳатдан ҳеч қандай босим ўтказишнинг имкони йўқ. Буни Моуриньо уддаламагандан кейин қолганларга йўл бўлсин. Лекин “Лестер” тоза тактик баҳсда қанчалик кучсиз эканини айёр Клопп исботлаб берди. “Ливерпуль” “тулкилар”ни майдонда яланғочлаб ташлади. “Лестер” бирор марта тўлиқ куч билан жиддий қарши ҳужум қилолмади. Икки марта жуда катта тезликдаги қарши ҳужумларни Роберто Фирминьо ҳамда Адам Лалланалар сариқ карточка ҳисобига тўхтатиб қолишди. Яна бир неча марта бундай ҳужумлар талофатсиз бартафар этилди. “Ливерпуль” жуда катта куч сарфлаб бўлса ҳам даҳшатли прессинг билан рақибни ёпиб ташлади. 80-дақиқага келиб мураббий Варди ва Маҳрезни алмаштиришга улгурди. Чунки улар фақат ва фақат қарши ҳужумда самара келтираётган эдилар. Ўзимизнинг пайровимизга мосласак улар фақат “афиксия”ни билишарди. Клопп ўша Дориснинг ўрнида пайдо бўлиб “Лестер” футболчиларига жуда оддий сўзларни кўрсатди, бироқ уларнинг тишлари ўтмади. Улар “афиксия”га (қарши ҳужумга) ёмон ўрганиб қолишибди. Бу кеча “Лестер” илк марта етакчи сифатида ўйнаш қандай эканини англади. Бу эса оддий иш эмас...
Сўзим аввалида айтганим каби мен ҳам кўпчилик каби “Лестер”нинг чампион бўлишини – тарих барчамизнинг кўз ўнгимизда ёзилишини хоҳлайман. Бироқ бу жуда қийинга ўхшаб қолди. Кейинги турда “Лестер” ўз майдонида “Сити”га қарши ўйнайди. Катта эҳтимол билан бу ўйин Вардисиз ўтади. Бундай мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш ҳаддан ташқари мушкул. Сэр Алекс Фергюсон “Лестер”да чемпион бўлиш учун яхши имконият борлигини ва бу учун қишда яхши футболчилар сотиб олиш керак эканини таъкидлади. Сэр кўпни кўрган мураббий, унинг айтганини қилиб, қишда каттароқ пул сарфлаб, 3-4 сифатли футолчи сотиб олинса, “Лестер” мавсум охирида ҳеч бўлмаса кучли тўртликда бўлиши мумкин. Шундай бўлишини – бизнинг эртагимизни бузиб қўймасликларини жуда-жуда хоҳлардим.
Айтганча, Сью ҳақидаги фильмнинг бир жойи эсимга тушиб кетди. Навбатдаги машина тагига ўзини ташлашга тайёрланаётган ота жароҳатлангандай кўриниш учун қизидан унинг юзига тахта билан уришини сўрайди ва “Мени қанчалик яхши кўрсанг шунча қаттиқ урасан” деб айтади. Биз ҳам “Лестер” ҳақида гапираверамиз, гапираверамиз, гапираверамиз. Чунки…
Ўткир Жалолхонов
27 декабр, 01:25
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).