Энг кўп маош олувчи аёл футболчилар. Кўпчилик миллионер футболчилар чўнтагига назар солишни хуш кўради: Лео қанча маош олади? Криштиану қанча топади? Аммо аёллар футболи етакчиларининг бу масала, яъни даромад, моддий манфаатдорликда қандай ўрин тутишларига қизиқиш паст. Бугун шу кемтикни тўлдириб, аёллар орасида энг кўп пул топувчи ўйинчиларга эътибор қаратамиз. Демак, топ-10...
9-10. Лор БУЛЛО - 60 минг доллар

Бўйининг пастлиги (атиги 160 см.) Лорнинг ҳимоя марказида ўзини эркин сезишига халақит бермайди. Булло 10 йил бўлдики, «Пари Сен-Жер-мен»нинг қизил-кўк рангли либосига содиқ қоляпти. Клуб эса етакчи футболчининг содиқлигини муносиб баҳолаяпти. Ҳурлиқо ҳимоячининг йиллик маоши 60 минг долларга тенг.
9-10. Жонелл ФИЛИНЬО - 60 минг доллар

Филиньонинг футболдаги энг катта ютуғи - бу 2012 йилги Олимпиадада бронза медалини қўлга киритгани. Жонелл мунтазам равишда MLS талқинидаги аёллар лигаси - NWSLда «Скай Блю» клуби шарафини ҳимоя қилади. Халқаро аренада эса Канада термаси учун тўп суради.
7-8. Хоуп СОЛО - 65 минг доллар

Энг кўп маош олувчи аёл футболчиларнинг топ-10 рўйхатига кирган ягона дарвозабон. АҚШ термаси асосан айнан унинг чаққонлиги ҳисобига ўтган ёз Канада мезбонлик қилган ЖЧда ғолиб чиқди. Соло ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида легионерлик тузини ичиб кўрди. Яъни Швеция ва Францияда ўйнади. Айни пайт эса ватанига қайтиб, «Сиэтл» дарвозасини қўриқламоқда ва турли бонусларни қўшиб ҳисоблаганда, йилига 65 минг оляпти.
7-8. Нилла ФИШЕР - 65 минг доллар

Марказий ҳимояда тўп сурувчи Нилла майдонда ўта жиддий кураш олиб боришидан ташқари, оригинал соч турмаклари билан ажралиб туради. 31 ёшли Фишер хоним Швеция терма жамоасида 130 (!)тадан ортиқ ўйин ўтказган ва унинг хизматлари Германиянинг «Вольфсбург» клуби томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
6. Амандан АНРИ - 70 минг доллар

Эркаклар футболидаги машҳур голеадорнинг фамилиядоши ва ҳамшаҳри Франция термаси ҳамда «Олимпик» (Лион) клубида майдон марказини назорат қилади. Амандан охирги ЖЧда «Кумуш тўп» соҳибига айландики, бу унинг амплуаси учун жиддий натижа. Лионликлар ҳам Аманданнинг голларини қадрлаб, унга чамаси 60-70 минг долларга тенг йиллик маош белгилашган.
5. Николь БАНЕКИ - 90 минг доллар

Асли камерунлик «немис» аёли «Фрайбург»да марказий ҳужумчи ролини бажармоқда. Унинг йилига 90 минг доллар олиши ўз вазифасини яхши уддалаётганидан нишона.
4. Сидни ЛЕРУ - 92,5 минг доллар

Британия Колумбиясида туғилган Сидни узоқ ўйлашлардан сўнг АҚШ термасининг «юлдузли-чизиқли» либосини кийишга розилик берди ва бу қароридан сира афсусланмаётгандир. Зеро, Леру шундан сўнг Лондон Олимпиадасида олтинга «бурканди» ва айни пайт «Вестерн Нью-Йорк Флеш» клубида ҳам ўзини ёмон ҳис этмаяпти. Ҳужумчининг маоши яшил майдондаги шахсий натижаларига боғлиқ. Яъни барчаси яхши кечса, 92,5 минг долларни қуртдек санаб олади.
3. Эбби ВАМБАХ - 300 минг доллар

Вамбах 2012 йили ФИФА томонидан «Олтин тўп» билан тақдирланди. Унинг АҚШ термасидаги ўрни беқиёс. Дейлик, Эбби ёзда жаҳон кубогини қўлга киритилишига ҳам салмоқли ҳисса қўшди.
2. МАРТА - 400 минг доллар

Марта Виейра да Сильва - шубҳасиз, ёрқин юлдуз. Нақ 5 марта жаҳоннинг энг яхши аёл футболчиси, деб топилганининг ўзи кўп нарсадан далолат. Бразилиялик ҳужумчи аввалги клуби - «Тюресо» (Швеция)да рекорд даражада - 400 минг доллар маош оларди. Тўғри, бунинг катта қисмини ҳомийлик маблағлари ташкил этарди. Тақдирнинг аламли тақозосига кўра, «Тюресо» молиявий муаммоларни ҳал қилолмай, ўз фаолиятини тўхтатди. Марта эса Мальмёнинг «Русенгорд» клуби билан шартнома тузиб, миллий чемпионатда ғолиб чиқишга ҳам улгурди.
1. Алекс МОРГАН - 450 минг доллар

Аслида АҚШ аёллар лигасида энг юқори маош 200 минг доллар бўлиши керак. Лекин клублар етакчи футболчиларни қўшимча рағбатлантириш йўлини топишяпти, барибир. Хуллас, «Портленд Торнс» аъзоси ҳам турли мукофот пуллари, ҳомийлик маблағлари ҳисобига йиллик даромадини деярли 0,5 млн. долларга етказади. Айтиш жоиз, у Қўшма Штатлар миллий жамоасининг етакчиси ва ўз-ўзидан жаҳоннинг амалдаги чемпионидир.
Championat.com,
Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).