ФИФА президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати-2026 да мухлислар ва жамоалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган янги ўйин олди маросимидан фойдаланилишини маълум қилди. Унга кўра, ўйин қайдномасига киритилган ҳар бир футболчи миллий мадҳиялар ижро этилаётган вақтда майдонга чиқади.
«Жаҳон чемпионати ривожланиб борар экан, биз ўйиндан завқ олиш усулларига инновациялар киритишда давом этамиз. Миллий мадҳиялар янграётган пайтда барча футболчилар ва ҳакамларнинг марказий айланада бир-бирларига юзма-юз туриши бирдамлик, фахр ва ҳис-туйғулар лаҳзасини тақдим этади. Бу лаҳза ҳақиқатан ҳам жамоаларга ва стадиондаги барчага тегишлидир. Жаҳон чемпионати — ҳар бир футболчи ва ҳар бир мухлис учун байрамдир ва ушбу янги ўйин олди маросими буни ўзида акс эттиради», — дея Инфантинонинг сўзларини келтиради ФИФА расмий сайти.
Шунингдек, турнирнинг кейинги (плей-офф) босқичларида ўйин олди маросими рангли тутун ёки пиротехника воситалари каби қўшимча элементларни ҳам ўз ичига олади.
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача учта мамлакат: АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Турнирда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади.
Гуруҳ босқичи ўйинлари 11 июндан 28 июнгача ўтказилади. Плей-офф баҳслари 28 июндан бошланади. Финал учрашуви эса 19 июлга белгиланган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).