Ўзбекистон олимпия термаси Қатардаги қитъа биринчилигида жуда ёмон иштирок этди. Аммо таркибдаги барча футболчиларга бирдек эътироз билдириш ўринли эмас. Дейлик, Жалолиддин Машарипов фаол тўп сурган ўйинчиларимиздан бўлди. Ярим ҳимоячи майдонга тушган вақт сира тиним билмади ва жамоа ўйинини кучайтиришга интилди. Бироқ ҳамма яхлит куч ўлароқ бирлашмас экан, яхши натижага эришиш қийин. Буни олимпиячилар мисолида ҳам кўрдик. Жалолиддин билан суҳбатимиз Дохадан ортга қайтиш вақтига тўғри келди.
ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ
- Жалолиддин, Осиё чемпионати ҳақида қандай фикр билдира оласиз? Мусобақа бошида фаворитлар сафида кўрсатилган термамиз нега бунчалик паст натижа қайд этди?
- Футболда тўхтовсиз ғалаба қозониш қийин. Ҳаттоки, «Барселона» ҳам мағлубиятга учраб туради. Доимо ўзи ўйлаган натижага эришадиган жамоанинг ўзи йўқ. Афсуски, биз ўз савиямизда ўйнолмадик. Агар ички салоҳиятимизни тўлиқ намойиш этганимизда, буткул бошқача натижа бўларди. Ҳа, Қатарга Олимпиада йўлланмаси учун келган эдик. Бироқ нималарга қодирлигимизни амалда кўрсатолмадик.
- Мисол учун, Ироқ термасига қарши учрашувда ҳисоб тенглашганидан сўнг ҳужумга зўр бермасдан рақиб шаштини тушириш учун озгина ҳимояда ўйнаш керакми-ди...?
- Йўқ, бунга қўшилмайман. Зеро, дуранг бизни қониқтирмасди. Бу ҳолатда тақдиримиз бошқалар ўйинига боғлиқ бўлиб қоларди. Шу сабабли, барибир, ҳужум қилишимиз шарт эди. Афсуски, омад ҳар доим ёнингизни олмайди. Ироқликларнинг учинчи голида қанот ҳаками керак эмас вақтда байроғини кўтариб, ҳимоячиларимизни тушунарсиз аҳволга солиб қўйди. Бу ҳам омадсизлик белгиси. Энг алам қиладигани, рақиб футболчилари аслида биздан анча чўчиб тургандилар. Улар билан битта меҳмонхонага жойлашгандик ва ироқликларнинг ҳайиқиб туришгани сезилаётганди. Афсуски, шу руҳий устунликдан фойдаланолмадик. Дейлик, Тошкентда ўтказилган ўртоқлик ўйинида шу жамоани мағлубиятга учратганмиз. Ўшанда бу ишни ортиқча муаммосиз уддалаганмиз. Буни бемалол яна такрорлашимиз мумкин эди. Қисқаси ўша куни нима бўлди, ўзимиз ҳам тушунмадик...
- Яман термаси билан бўлган сўнгги тур ўйинида гол урдингиз, аммо бу вақтда гуруҳдан чиқолмаслигимиз ойдинлашиб улгурганди...
- Ўзимга ҳам шуниси алам қилди. Мухлислар олдида уялиб қолдик. Энди айбимизни келгуси мусобақаларда ювишимиз шарт. Бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Бизда ҳали имкониятлар кўп бўлади, бунга ишонаман.
ҚАТАР
- Қатардаги шароитлар ҳақида жуда илиқ гаплар айтилмоқда. Шу вақтга қадар кўплаб мусобақаларда иштирок этган футболчи сифатида барчасини ўзаро солиштириб, бу ҳақда нима дея оласиз?
- Ҳа, Қатардаги шароитлар жаҳон стандартлари даражасида. Ташкилотчилик жиҳатидан эса, биз иштирок этган жаҳон чемпионатидан ҳам яхшироқ, деб бемалол айта оламан. Қатар бой давлат ва буни ҳар қадамда намойиш этмоқда. Боз устига, қатарликлар 2022 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилишга ҳам тайёрланишяпти. Демак, ФИФА талабларига мос келишларини исботлаб беришлари керак. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган, деб ўйлайман. Айниқса, болалар спорти учун яратилган шароитларни кўриб, ҳайрон қолдим. Қатарда нафақат футбол, балки бошқа спорт турлари учун ҳам кўпгина қулайликлар яратилган.
- Барча ўйинлар битта шаҳарда ўтказилганига нима дейсиз?
- Шу томонлама бироз зерикарли бўлди. Масалан, Туркияда ўтган жаҳон чемпионатида турли шаҳарларга борган, кўп жойларни кўргандик. Яъни ҳаммаси жуда қизиқарли кечган эди. Лекин Қатар асосан битта шаҳардан иборат давлат эканлигини ҳам унутмаслик лозим.
ФУТБОЛДАГИ ИЛК ҚАДАМ
- Футболга қандай шароитда кириб келгансиз? Энди шу ҳақда гапириб берсангиз...
- Ўзим Хоразмданман. У вақтлар футболга яратилган шароитлар ҳозиргидек эмасди. Айни пайт ўзимизда ҳам болалар футболига катта эътибор қаратиляпти, янги майдонлар қуриляпти. Аммо олдин Хоразмдаги шароитлар у қадар яхши эмасди. Масалан, шахсан мен футбол ўйнашни кўчада бошлаганман. Бразилия терма жамоасига ишқибозлик қилардим ва айниқса, Роналдонинг ҳаракатларидан ҳайратланардим. Шу қадар мухлис эдимки, ҳатто сочимни ҳам уникига ўхшатиб олдирганман. Ёдингиздами, Роналдо 2002 йилги жаҳон чемпионатида сочининг фақат олд қисмини кокилга ўхшатиб қолдириб, орқасини тўлиқ қиртишлаб ташлаганди. Мен ҳам шундай соч турмаги қилдиргандим. Шу туришда кўча чангитиб футбол ўйнаб юрардик.
- Футбол мактабига боришингизга ким туртки берган?
- Илк мураббийим - Олимбой ака Давлетов. У киши ўйинимни кўриб, футболчи бўла олишимни айтганди. Ҳатто ота-онамни кўндириш учун уйимизга борганди. Ота-онамга мендан футболчи чиқишига ваъда бериб, уйдан олиб чиқиб кетган. Умуман, Олимбой ака менга жуда кўп яхшиликлар қилган, футболдаги илк дарсни айнан шу кишидан олганман.
«ПАХТАКОР»
- «Пахтакор»га келишингиз тарихи қандай?
- 11 ёшимда Жиззах шаҳрида ўтказилган республика миқёсидаги мусобақада иштирок этганмиз. Ўшанда жамоамиз таркибида мен билан бирга Жамшид Искандеров ҳам бор эди. «Пахтакор»дан Самвел Бабаяннинг шахсан ўзи ўйинимизни кузатган экан, Жамшид билан иккимизга таклиф билан чиққан. Шундай қилиб, «Пахтакор» мактабига келганмиз.
- Ёш бўлган экансиз, уйдан узоқда юриш оғирлик қилмаганми?
- Футбол учун чидашга тўғри келган. Деярли ҳар бир футболчининг қисматида бор бу нарса. Ўз уйи, оиласи олдида ўйнаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, ахир.
- Шунча йил «Пахтакор»да тўп сурдингиз. Жамоани ўзгартириш ниятингиз йўқми? Хориждан таклифлар тушмаяптими?
- Таклиф бор, аммо «Пахтакор»дан кетиш ниятим йўқ. Жамоа мени тарбиялаб, вояга етказди. Футболчи бўлишимда клубнинг ҳиссаси жуда катта. Агар ўшанда «Пахтакор»га келмаганимда, тақдирим қандай кечарди, билмайман. Шундай экан, энди қарзларни узиш вақти келди. То «Пахтакор»дагилар бошқа жамоага кетишимга ўзлари рози бўлишмас экан, шу ерда ўйнайвераман. Фақат хорижнинг кучлироқ клубларидан таклиф тушса ва у ҳаммани қониқтирса, яъни менга оқ йўл тилашса, шундагина кетишим мумкин. Унгача «Пахтакор» билан кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқишни истайман.
ЖАНЖАЛ
- Шу вақтга қадар анча-мунча ўйинларда майдонга тушдингиз. Бирор марта мухлислар билан жанжаллашганмисиз?
- Йўқ, бунақаси бўлмаган. Зеро, майдонда имкон қадар ўзимни босишга ҳаракат қиламан.
- Аммо Қатардаги мусобақа давомида шундай ҳолатлар ҳам учради...
- Ҳа, биламан. Максимилиан Фомин ва Игорь Сергеев ҳақида гапирмоқдасиз.
- Ҳа, шундай. Нима деб ўйлайсиз, улар тўғри иш қилишдими?
- Албатта, йўқ. Аммо бир нарсани тушуниш керак, ўйини ўхшамай турган вақт футболчининг асаби таранглашади. Шунинг учун жаҳл устида ўзларини босолмай қолган бўлишлари мумкин.
- Мухлислар сизни ҳам бирор марта ҳақоратлашганми? Шундай вақтда қандай йўл тутгансиз?
- Ҳа, шунақаси кузатилган. Туркияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мухлислардан турли гаплар эшитгандим. Уларга менинг ўйиним ёқмаган ва баъзилари ҳақоратлашган ҳам. Очиғини айтсам, ўшанда дарҳақиқат, кўнгилдагидек ўйнолмагандим. Сабаби, мусобақа бошланиши олдидан Португалияда ўтказилган йиғинда оёғим синганди. Жаҳон чемпионати старти арафасидагина сафга қайтдим, аммо ҳали оғриқ бор эди. Шу сабабли, ўзим истагандек ўйнолмаганман. Аммо ҳар бир мухлиснинг олдига бориб, буни тушунтириб беролмайман-ку, тўғрими? Шунинг учун чидашга тўғри келганди. Мана, энди ҳаммасини тушунтириш имкони туғилди. Ўшанда шундай гапларни айтганимда, баҳонадек кўринарди. Шу сабабли, индамай қўя қолганман. Яъни фақат ўз ўйиним билан қандайлигимни исботлашга уриндим. Ҳозир ҳам шунинг ҳаракатидаман. Ҳали футболда айтарли нарсага эришганим йўқ. Бунинг учун қаттиқ ишлашим шарт. Шунда мухлислар ким аслида кимлигини билиб олишади.
- Шу гапларни Фомин ва Сергеевга ҳам айтдингизми?
- Ҳа, албатта. Фомин қилмишидан пушаймон. У жаҳл устида шундай қилганини тан оляпти. Ҳаммаси вақти келиб, изига тушади. Мухлис аҳли шундай, бугун уришса, эртага мақтайди. Шунчаки, сабрли бўлиш керак.
Дубай-Тошкент, Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).