«Кейинги ўйинда янада кўпроқ мухлисларни кутамиз» - Вадим Абрамов «Андижон» устидан ғалаба, 100-ўйини, Станоевич ва ҳал қилувчи сўнгги икки ўйин ҳақида
«Динамо» - «Андижон» (2:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Одатдагидек, мавсум якунидаги ўйинлар қийин ўтади. Иккинчи голни урганимиздан сўнг бироз хотиржамликка берилдик. Рақибга имкониятни бериб қўйдик. Уларни ҳам бир қатор кучли жиҳатлари бор. Дарвозамиз томонда кўп бурчак зарбалари амалга оширилди. Ўйинни ташлаб қўйганимиздан кейин рақибга имкониятни бой бердик ва бир қатор хавфли вазиятларни яратишди. Албатта, мухлисларимиз учун ўйнаймиз. Ўйинни янада кўпроқ назорат қилишимиз керак.
- Биринчи бўлимдан кейин Улуғбек Ҳошимовни алмаштирдингиз. Унинг ўйини ва тикланиш жараёни ҳақида нима дея оласиз?
- Бу баҳс Улуғбекнинг жароҳатидан тикланиб қайтганидан сўнг асосий таркибдаги биринчи ўйини эди. Биламизки, аста-секин тикланиб боради. Шу сабабли уни алмаштирдик.
- Ўйиндан олдин мухлислар 100-ўйинингизга атаб баннер кўтаришди...
- Очиғи, статистикани унча кузатмайман. Албатта, бу анча ёқимли ва бунинг учун ҳаммага раҳмат. Хурсандман. Шу билан бирга йигитларга меҳнати учун катта раҳмат. Айниқса, юбилей ва ундан кейинги учрашув доим қийин ўтади.
- «Динамо» ўйинчиларига бир қатор таклифлар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалаяпти. Уларни таркибда сақлаб қолиш борасида қандай ишлар қилинаяпти?
- Ўйинчиларимизга бошқа жамоалардан таклифлар бўлаётгани рост, биз ҳам уларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Бу жараён футболда нормал ҳолат.
- Сўнгги икки ўйин жуда муҳим аҳамиятга эга...
- Масъулиятни яхши англаб турибмиз. Олдиндан нима бўлиши ҳеч ким билмайди. Мавсум якунида бу имкониятдан фойдаланиш керак. Мухлисларимизни ранжитишни хоҳламаймиз, кейинги ўйинда янада кўпроқ томошабинларни кутамиз.
- Марко Станоевич ҳимояда ишончли ўйнамоқда, сўнгги икки ўйинда рақибларда деярли жиддий имконият юзага келмаяпти...
- Таркибда йўқотишлар, жароҳатлар бор, шу паллада у тажрибаси билан ёрдам бермоқда. Биз Маркога раҳмат айтишимиз керак. Ақлли футболчи. Биз ундан яна кўп нарса кутамиз. Кучли томонларини биламиз. Афсуски, бугун оддий вазиятда Дмитрий Плетнёв мавсумдаги 4-сариқ карточкасини олди ва «Қўқон-1912» билан ўйнамайди.
- “Динамо” 6 та ўйиндан 5 тасида ғалаба қозонди. Таркибда йўқотишлар ҳам бор, қийинчиликлар ҳақида ҳам эшитяпмиз. Жамоани қандай руҳлантиряпсиз?
- Бу борада менда катта тажриба бор. Қайси жамоалар билан ишлаган бўлсам, бундай муаммолар бўлган. Тажрибамга таянган ҳолда ишлаяпман, - деди Вадим Карленович.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).