«Лестер» билан оламшумул натижаларни қўлга киритаётган мутахассис Клаудио Раньери The Daily Express нашрига берган интервьюсида ўзининг салбий одатлари, Англияга қайтиши ва мураббийлик иши ҳақида гапириб берди.
Клаудио Раньери ҳар доим ҳам кулавермайди, кўзларида шодлик аломатларини ҳадеганда кўравермайсиз. «Лестер» устозининг ўзига яраша салбий жиҳатлари ҳам бор.
Айниқса, италиялик мутахассиснинг ғазабланганини кузата туриб, ўзини бошқара олмаётгани, эҳтиросларини яшира олмаслигини тушуниш қийин эмас. «Жаҳлим чиққанида, буни яққол пайқаш мумкин, - дейди у. - Актёр эмасман, қандай ҳолатдалигимни бегона кўзлардан яширишни уддалай олмайман».
Аммо гап шундаки, Раньери июлда «Лестер» билан шартнома имзолаганида (ушбу жамоа билан премьер-лигада жон сақлашни тахмин қилаётганди), унинг феъл-атворида юқоридаги камчиликни ўйинчилар ҳам, клуб ходимлари ҳам, ҳаттоки, октябрь ойида тезликни оширгани учун Клаудиони тўхтатган полиция ходими ҳам сезишмаганди.
«Баъзан шогирдларимга тўғри кўрсатма беролмаганим туфайли ўзимдан ўпкаланаман, бироқ жорий йилда бундай ҳолат кузатилмади, - деди Раньери «Кинг Пауэр Стэдиум» стадионининг кийиниш хонасида. - Хурсандлигим ҳам нигоҳимдан кўриниб туради. Биринчи навбатда, айнан кўзларим кулади».
Бу кўзлар жорий мавсумда ҳамиша кулмоқда, бунинг эса ўзига яраша сабаблари бор - «Лестер» чемпионлик учун курашиб, танқидчиларнинг оғзини ёпмоқда. Жамоанинг ишқибозлари сафи кенгаймоқда.
Раньери ўтган йили ишсиз қолганида Грециянинг Калабриясида қандай дам олганини ёдга олди. Ўшанда унга қўнғироқ қилиб, «Лестер»га таклиф этишганди.
«Албатта, янги жамоа билан элитада жон сақлаш учун курашаман, деб ўйлагандим, - деди италиялик мутахассис. - Мендан «Клубни шакллантириб, уни премьер-лигада олиб қола биласизми?» деб сўрашди. Мен эса, мустаҳкам пойдеворга эга жамоани тузишга ўрганиб қолганимни айтдим».
У «Кальяри»ни С1дан «А» серияга олиб чиққач, «Лестер»га қадар яна 11та клубни бошқарди.
Айниқса, тўрт йил (2000-2004) мобайнида «Челси»да ишлагани уни машҳурлик сари етаклади. Уч мавсум Кен Бэйтс раҳбарлигида фаолият юритган бўлса, Роман Абрамович даврида «аристократлар»га бир йил устозлик қилди.
Сўнгги мавсум, яъни «кўклар» чемпионатни иккинчи ўринда якунлаб, Чемпионлар Лигаси ярим финалигача етиб боришгач, Раньерини жамоа тактикасини тез-тез алмаштиришда айблашди. Натижада, «ўзгартирувчи» номини олди.
Айтиш жоизки, бу унинг энг мулойим лақабларидан бирига айланди. Зеро, лондонликлар Жозе Моуриньонинг келишини била туриб мавсумни сўнгигача ишлагани учун унга «тирик мурда» номини ҳам беришганди. Бироқ турли қийинчиликларга қарамай, қадр-қимматини сақлаб қолди ва бутун Англиянинг ҳурматига сазовор бўлди.
«Китобимни «Ўзгартирувчи» деб номламоқчи эдим, - дея эслайди Раньери жилмайган кўйи. - Аммо нашриётчилар кўнишмади. Менимча, бу яхши тахаллус эди. Ўзгартирувчи тўғри қарор қабул қилишга уринади. Ҳозир ҳам аксарият мураббийларнинг тез-тез ўзгаришларга қўл уришаётганини кўряпман. Демак, улар ҳам ўзгартирувчилардир. Аммо шу мутахассислар орасида ягонаси ҳам бор - у менман».
Раньери ва унинг рафиқаси Римни ўз уйлари деб билишади. Аммо «Лестер» устози турли халқлар маданиятларини ўрганишни ҳам хуш кўришини тан олди.
«Лондонда яшаганимизда, турмуш ўртоғим Линкольнширдаги антиквар ярмаркаларни кезишни хуш кўрарди. Мен эса Ньюаркдаги бозордан сосиска сотиб олардим - уларни зўр иштаҳа билан тановвул қилардим», - дейди Раньери».
Унга ҳозирча топ-чемпионат ғолиблиги насиб қилмади (фақат иккинчи дивизионда муваффақият қозонган). Афтидан, италиялик мутахассис «тулкилар» билан азалий орзусига етадиган кўринади. Бу соврин 1988 йилдан буён Европани кезиб чиққан мураббий учун муносиб мукофот бўларди.
Раньеридаги артистларга хос маҳорат, жамоадаги ҳукмронлиги ҳеч қачон шубҳага ўрин қолдирмайди.
«Биз тактик масалада аста-секин ўсяпмиз, - деди у жиддий қиёфада. - Бу жамоада менинг характерим мавжуд. Футболчилик давримда ҳеч қачон чемпион бўлмаганман, аммо ҳамиша охиригача курашиб, астойдил ишлаганман. Қандайдир хатога йўл қўйиб, тушкунликка тушадиганларни жиним суймайди», - дея елкасини қисди «Лестер» мураббийи.
Аммо унинг жамоаси бундай нохушликдан йироқда.
Раньеридан нима сабабдан бирор клубда узоқ вақт ушланиб қолмаслиги ҳақида савол беришса, ҳар доим жилмайганча жавоб қайтаради. У фақат «Фиорентина» ва «Челси»да тўрт йил ишлаган. «Албатта, тез-тез бошқа манзилга кўчаман. Аммо Италия жамоасида тўрт йил ишлаганим Фергюсон ёки Арсен Венгернинг натижасини такрорлаганим демакдир!»
«Ҳеч бўлмаганда бир мавсумни якунига етказа олсангиз, бу ҳам муваффақиятга тенг. Шундай экан, эътирофга лойиқ натижани қайд этиб бўлдим».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).