Биласиз, бир неча кунлардан сўнг Осиё чемпионлар лигаси мусобақасига старт берилади. Мазкур турнирнинг 1-туридан аввал "Пахтакор" матбуот хизмати бўлажак рақиби ва учрашувга оид турли маълумотларни келтириб ўтди. .
Ҳакамлар
Ўйинни австралиялик ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Кристофер Жеймс ҳозиргача жамоамиз иштирокидаги беллашувларни бошқариб бормаган. ОФК расмийларининг тўлиқ рўйхати қуйидагича:
Ҳакамлар: Кристофер Жеймс, Мэттью Крем, Пол Адам (ҳаммаси Австралия), Омар Муборак (Эрон).
Ҳакамлар назоратчиси: Исмоил Сафирий (Эрон).
Комиссар: Кемел Токабаев (Қирғизистон).
Қарама-қаршилик
Ҳозиргача жамоалар 4 марта тўқнаш келишган. Улардан учтасида Осиёда ўтган асрнинг энг машҳур клуби сифатида тан олинган "Ҳилол" 2:0 ҳисобида зафар қучган. Бир ўйин 1:1 ҳисобида якунланган. Жамоамизнинг ягона голи Анзур Исмоилов ҳисобига ёзилган.
Саудия Арабистони клубларига қарши эса "Пахтакор" жами 21 баҳс ўтказган: 3 ғалаба, 4 дуранг ва 14 мағлубият. 14 тўп киритилиб, 44 тўп ўтказиб юборилган. Ўзбек клубларининг Саудия жамоалари устидан сафардаги ягона ғалабасини айнан "Пахтакор" қайд этган. 2009 йил "Ал-Иттифоқ" Даммамда 2:1 ҳисобида доғда қолдирилган.
"Ал-Ҳилол" ўзбек клубларига қарши 12 учрашувда 10 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 28-6ни ташкил қилади.
Саудия Арабистони ва Ўзбекистон клублари ўртасидаги 47 тўқнашувда эса саудияликлар 29 ғалабага эга. 9 марта клубларимиз зафар қучиб, шунча марта дуранг натижа кузатилган. Тўплар нисбати 92-37, саудияликлар фойдасига.
Жорий мавсум
"Ҳилол" бир неча кун олдин "Валиаҳд Шаҳзода Кубоги" финалида "Ал Аҳли"ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жамоага 2 миллион риал пул мукофот сифатида топширилди. Чемпионатда эса 17-турдан кейин жамоа "Аҳли"ни 1 очкога ортда қолдириб, 40 очко билан пешқадам бўлиб турибди.
Учрашув
Беллашув 24 февраль, чоршанба куни "Пахтакор" стадионида соат 16:30да бошланади. Чипталар "Пахтакор" стадиони кассаларида 7 ва 20 минг сўмдан сотилмоқда. Осиёнинг энг машҳур клубларидан бирига қарши учрашувда жамоамизни қўллаб-қувватланг!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).