Тунов куни интернет орқали ижтимоий тармоқларни кузата туриб, ўзбекистонлик футбол агенти Санъат Шарипов томонидан қолдирилган хабарга кўзим тушди. Унда таъкидланишича, «Бунёдкор»нинг икки ёш футболчиси - Достонбек Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовни португалиялик скаутлар кузатиб боришаётган экан. Эътиборингиз учун, мана шу хабар чиққандан сўнг «Бунёдкор» Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида «Ан-Насср»га қарши майдонга тушиб, 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Мазкур баҳснинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Достонбек Ҳамдамов иккита гол уришга эришди. Иккита ажойиб гол. Унга қадар эса Элдор Шомуродов ҳам «Аш-Шабоб»га қарши кечган «плей-офф» ўйинида мана шундай голлари билан ҳаммани қойил қолдирганди...
ЕВРОПАМИ ЁКИ ОСИЁ?
Албатта, шундай бўлгач, португалиялик тугул бошқа номдорроқ мамлакат скаутлари ҳам футболчиларимизни кузатишлари турган гап. Аммо бизни қизиқтиргани Санъат Шарипов ёзган сўнгги сўзлар бўлди. Агент ўша изоҳини шундай тугатган экан: «Достонбек Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовларни португалиялик скаутлар кузатмоқдалар. Кўрамиз, бу футболчилар қаерга кетар эканлар, камроқ пул эвазига Европагами ёки...»
Ҳа, изоҳ охиридаги уч нуқта нимани англатишини яхши тушундингиз. Агент шунчаки, ўзбек футболчиларига нафақат Европа, балки Осиёнинг миллионлар ўйинига миллиардларни сарфлаётган мамлакатларидан ҳам қизиқиш бўлаётганини назарда тутмоқда. Дарҳақиқат, ҳозир Дубай ёки Дохада ўртамиёна футболчига ҳам беш ва керак бўлса, олтита «нолли» маош бераётган клублар оз эмас. Ҳамюртларимиз орасида ўша ерларда насибасини териб юрганлар ҳам бор. Азиз Ҳайдаров ва Сардор Рашидов оладиган маош миқдорини эшитгач, шошиб қолганлар қанча. Санъат Шарипов бу илмоқли гапи билан Ҳамдамов ва Шомуродовнинг қандай йўлни танлашларига қизиқаётгандек...
НАВБАТДАГИ ЮЛДУЗ(МИ?)
Очиғини айтсак, ҳар бир мухлис ўзбекистонлик футболчилар вақти келиб Европадаги кучли биринчиликларда тўп суришини истайди. «Қанийди, Испания, Италия ва Англияда ўзбекча номлар янграса», деб орзу қилади. Бирор ёш иқтидор эгаси «ярқ» этиб чиқиб қолса бўлгани, дарҳол уни кўҳна қитъа билан боғлашга тушади. Каримов, Мусаев, Махсталиев, Ҳакимов, Ўринбоев, Рашидов... Бундайлар кўп эди. Кимдир «Монако»га борди, кимдир эса «Наполи»га. Мана, энди навбат Ҳамдамов ва Шомуродовга етиб келган кўринади.
Фараз қилайлик, уларга чиндан ҳам Европадан таклиф келди. Ўз навбатида, Осиёнинг молиявий бақувват клуби «отнинг калласидек» пул таклиф қилиши ҳам турган гап. Арабларнинг иқтисодий салоҳиятини яхши билган одам сифатида бунга шубҳа қилмасак ҳам бўлаверади. Европада бутун бошли клубларни сотиб олаётганларга бир футболчига пул сарфлаш қийин эмас-да...
Хўш, Шомуродов ва Ҳамдамов турли қитъалардан аниқ таклиф тушган тақдирда қай бирини танлашлари лозим? Футболи ривожланган Европаними ёки миллионлар айланадиган Осиёни? Албатта, бу саволга футбол мухлисларининг аксарияти «Европа» жавобини беришлари аниқ. Шу жумладан, ўзимиз ҳам. Аммо бу ишни қандай амалга оширган маъқул? Шу ҳақда ўйлаб кўрдикми? Европа ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчи учун фойдали бўлаверадими ёки бу масалада ўйлаб иш кўрган маъқулми? Ҳозир мана шу саволларга бир футболчи - Илёс Зейтуллаевнинг қисмати орқали жавоб топишга уриниб кўрамиз.
ЗЕЙТУЛЛАЕВ
Европани танлаш орқали ёш ўйин-чи ўз келажагини таъминламайди, аксинча, катта таваккалга қўл уради. Жуда катта таваккалга. Бунинг учун Илёс Зейтуллаевнинг ҳаёт йўлини кўриб чиқиш ҳам етарли бўлади.
Бир вақтлари Италия «А» сериясида «ярқ» этиб кўзга ташланган бу футболчимиз тезда юртимизда машҳур бўлиб кетганди. Тан олиш лозим, анча иқтидорли футболчи эди. Таъбир жоиз бўлса, юксак салоҳият бобида ўша вақтдаги тенгдошлари, хусусан, Александр Гейнрихдан асло қолишмасди. Сашадан фарқли ўлароқ, Илёс ёшлигидан Италияда тўп суришни ихтиёр этди ва «Ювентус» ўринбосарлари сафига қўшилди. Бир марта ҳатто, Италия кубогида Алессандро Дель Пьеро билан ёнма-ён ўйнашга ҳам муваффақ бўлди. Тан олайлик, ўшанда ҳам ёмон ўйин намойиш қилгани йўқ. Шу сабабли, туринликлар унга шартнома таклиф қилдилар. Аммо Зейтуллаевнинг юлдузли даври узоққа бормади. «Ювентус» тезда унинг ўрнига Мауро Каморанезини сотиб олди ва Илёс аввал «А», кейин «В», «С», «D» ва ниҳоят, «Е» серияларда ҳам ўйнаб кўрди. Ким билади дейсиз, балки ундан ҳам қуйироққа тушгандир...
Хўш, нима сабабдан Зейтуллаевнинг Европадаги фаолияти бу қадар муваффақиятсиз чиқди? Нима, унинг иқтидори етарли эмасмиди? Агар шу саволга ҳозир «ҳа», деб жавоб берсак, адашган бўламиз. Кейинчалик, Италияда ўзини кўрсата олмагани учун Илёс юртимизда кўп ҳам эътироф этилмади, эътибордан четда қолди. Балки вазиятнинг бундай тус олишига Зейтуллаевнинг таваккалга қўл ургани сабаб бўлгандир...? Эҳтимол, муаммонинг боиси бошқадир. Умуман эса, унинг ўрнида ўн ҳисса иқтидорлироқ футболчи тўп сурганида ҳам ўйнаб кетиши даргумон эди. Бунинг сабаби нимада эканлигини биласизми? Чунки унинг ўзига яраша кучли агенти бўлмаган.
АГЕНТ
Ҳозир Европа футболида агентларнинг аҳамияти беқиёс, ҳар қандай футболчи учун муваффақиятнинг асоси бўлиб айнан агент роль ўйнайди. Иқтидор ўз йўлига, у ҳам керак, аммо мана шу иқтидорни реклама қилиб, унга ишонтира оладиган яхши савиядаги мутахассис топилмаса, аҳвол чатоқ. Фақат фантастик даражадаги фавқулодда истеъдод эгасигина кучли бешликда ўйнаб кетиши мумкин. Албатта, шундай футболчи бор, у анчадан буён «Барселона»да тўп сурмоқда ва ҳеч қандай рекламага муҳтож эмас. Қолганларга эса кучли агент ҳар доим зарур. Акс ҳолда, сояда қолишлари турган гап. Чунки Европада уларсиз ҳам иқтидорлар қалашиб ётибди. Шу футболчилар орасидан яхши реклама бўлганлари машҳур бўлиб кетаверишади, қолганлари эса...
Хўш, энди бир савол - Достонбек Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовлар Европага боришса, ўша «қолганлар» сафида бўлишмайди, деб ким кафолат бера олади? «Ўйини билан ўзини кўрсатади», «Кучли клублар эътиборига тушади», деган гаплар шунчаки, эртак. Солиштириш учун бир мисол - уч йил олдин ўсмирлар ўртасидаги ЖЧда Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жамшид Болтабоев порлаган ва Ален Халиловичи бор Хорватия дарвозасига гол урган эди. Энди айтинг-чи, Болтабоев ҳозир қаерда, Халилович-чи? Агар Жамшидда ҳам Алендаги каби агентлар бўлганида, ҳозир у ҳам Европанинг бирор жамоасида тўп сурмасмиди? Жароҳати туфайли фаолияти тўхтаб қолди, дейсизми? Қўйсангиз-чи! Европада ҳозир тиббиёт шундай ривожланганки, агар бирор агент Болтабоевнинг кераклигига ишонтира олса, ҳар қандай клуб уни аллақачон оёққа қўйишга улгурарди.
Модомики, Ҳамдамов ва Шомуродов ҳам кўҳна қитъада ўйнашни исташар экан, энг аввало, кучли агент топганлари маъқул. Ўшанда асосий вазифалари - футбол ўйнаш билангина чекланиб, қолган масалаларни агентга ишониб топширишса бўлаверади. Ўша агентнинг Европадан бўлиши эса, янада ишончлироқ. Фақат шундагина ёрқин келажакдан умид қилиш мумкин. Акс ҳолда, ўзимизнинг чемпионат ёки Осиёнинг бирор клубида ўйнаганлари маъқул. Шунда терма жамоага ҳам кўпроқ фойдалари тегади. Қандай қилиб, дейсизми? Бу саволга ҳам Илёс Зейтуллаев мисолида жавоб топамиз.
ЯНА ЗЕЙТУЛЛАЕВ
Бир ўйлаб кўринг, агар Илёс Зейтуллаев ўз вақтида Европага кетмасдан, Ўзбекистонда қолганида тақдири қандай кечган бўларди? Катта эҳтимол билан етакчи клубларда тўп суриб, мунтазам равишда терма жамоага чақириларди. Натижада, Осиёнинг бой клубларидан таклиф олиб, балки Гейнрих сингари ҳозирга қадар фаолиятини давом эттираётган бўларди. Бу эса миллий термамиз манфаатларига мос келиши турган гап.
У Европада фаолият юритгани учун термамиз мураббийлари нигоҳидан четда қолди, келажаги мутлақо бошқа йўналишда ривожланди. Ҳозир эса қаерда тўп сураётганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Билганимиз - икки йил олдин у билан «Торино» шартнома имзолаганди. «Ана, бўларкан-ку», дея қувонишга шошилманг. Гап шундаки, «А» серия регламентига кўра, бирор жамоа Европа Иттифоқи фуқаролигига эга бўлмаган футболчи билан шартнома имзолашга қарор қилса, аввал фуқаролиги йўқ бошқа ўйинчини Италиядан чиқариб юбориши шарт. Зейтуллаевдан шунчаки, мана шу мақсад йўлида фойдаландилар. «Торино» черногориялик Марко Весовични жамоага олиб келиш учун аввал Зейтуллаев билан шартнома имзолади ва уни бошқа давлатга жўнатиб юборди. Илёснинг «А» сериядаги ўрни эса Весович ҳисобига тўлдирилди. Бир вақтлари биз жуда иқтидорли санаган ва ўзбек футболи келажаги сифатида қаралган ярим ҳимоячининг фаолияти шу йўсин якунига етди. Ачинарли. Энди ўйлаб кўринг, Шомуродов ва Ҳамдамов Европага йўл олишса, уларнинг тақдири ҳам мана шундай кечмаслигига ким кафолат бера олади? Ундан кўра Осиёда қолиб, терма жамоада ўйнашгани маъқул эмасми? Ана, Сардор Рашидовни қаранг...
КЕЛАЖАК
Достонбек Ҳамдамов ва Элдор Шомуродов - шубҳасиз, иқтидорли футболчилар. Тўғри, улар Европага боришлари керак, аммо тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳам мақсадга мувофиқ. У ерда шунчаки иқтидор билан бировни ҳайрон қолдириш қийин. Чунки кўҳна қитъада Африка ва Жанубий Америкадан келган келажаги порлоқ ёшлар қалашиб ётибди. Албатта, бирор клуб уларни синаб кўриш мақсадида шартнома таклиф қилиши мумкин, аммо фақат шунинг ўзи етарли эмаслигини «Зейтуллаев ва «Ювентус» қиссаси орқали кўриб олдик.
Замонавий футбол аллақачон улкан бизнес уммонига айланиб улгурган. Клублар энг аввало, йирик маблағ эвазига сотиб олинган футболчиларни майдонга тушириш, реклама қилиш ва маркетинг орқали харажатларни чиқариб олишга уринадилар. Шу сабабли ҳам «Реал» таркибида ўта иқтидорли бўлган Хесе Родригес эмас, балки 80 миллион евро эвазига сотиб олинган Хамес Родригес асосий таркибда ўйнайди. Аслида, Хесенинг иқтидори Хамесникидан кам эмас, унинг ягона айби - «Реал» футбол мактабидан чиққани ва клуб унинг учун бир цент ҳам сарфламаганидир. Шу сабабли, Хесе ҳар доим захирадан майдонга тушишга маҳкум. Мабодо, у ҳам Мората сингари 22 миллион евро эвазига бирор жамоага сотилса, ўша ердан қадр топади. Чунки энди Хесе учун ҳам катта пул сарфланган бўлади. Унгача эса...
Хуллас, шундай гаплар. Албатта, биз Элдор ва Достоннинг Европада ўйнашларини жуда истаймиз. Аммо бу ишнинг дуч келган, тасодифий кишилар орқали эмас, балки ишончли агентлар ёрдамида амалга оширилиши тарафдоримиз. Тўғри, Шомуродов ва Ҳамдамовга Мино Райола ёки Жорже Мендеш каби таниқли агентлардан таклиф тушиши даргумон, аммо ўртамиёна клублар билан яхши муносабатда бўлган мутахассисни ҳар доим топиш мумкин. Ахир ўзбек футболчилари «Малага», «Монпелье» ёки «Болонья»да ўйнашса, севинмаймизми? Муҳими, захира ёки ўринбосарлар сафида қолиб кетишмасин. Бу эса уддаласа бўладиган вазифа. Футболчиларимизнинг савияси Испания, Италия ёки Франциянинг ўртамиёна клубларига мос келади. Ишонаверинг. Шунчаки, бизни ҳеч ким танимайди. Эсласангиз, бир вақтлари «Бунёдкор»да тўп суриб, бошқалардан ажралиб турмаган Жоао Виктор Испаниянинг «Мальорка»сида жамоа сардори бўлган эди. Биласизми, ушбу футболчи бу ишни ниманинг эвазига уддалаган? Чунки у Бразилиядан. Шунинг учун ҳам испанлар унга ишонганлар. Энди биз ҳам ўзбеклар улардан ёмон ўйнамаслигига ишонтира олишимиз керак. Бунинг учун эса яхши агентга эҳтиёж бор. Қолгани эса, Элдор ва Достонга боғлиқ...
Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).