Асли туркманистонлик Қурбон Бердиев бошқарувидаги камтарингина «Ростов» барчани ҳайратлантирган ҳолда, ногоҳ чемпионлик медалига чанг сола бошлади. Айни пайт Россияда энг дангаса мухлисларгина мазкур жамоани беқиёс «Лестер»га ўхшатишмаяпти, холос. Аслида Ростов клубига туртки сифатида кўрсатишга арзийдиган жамоалар етарлича топилади. Хуллас, қуйида худди шундай, ёмғирдан сўнг кўз очган қўзиқориндай мутлақо кутилмаганда, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган иродали жамоалар ҳақида сўз юритамиз.
Сампдория»-1991
Ўтган асрнинг охирги йиллари Генуя клуби учун олтин даврга айланди. Аниқроқ айтсак, «Сампдория» 1980-1990 йилларда Италия кубогини нақ 4 марта боши узра баланд кўтаришдан ташқари, евромайдонда ҳам зафар таъмини татиб кўрди. Яъни генуяликлар Кубок эгалари кубоги, деб юритилган ва тарих варақлари орасида қолиб кетган турнир ғолиби бўлишди. Шундай ютуқлар қўлга киритилган пайт скудетто ажойиб авлод - Пальюка ва Виалли, Манчини ва Ломбардони четлаб ўтганида, қайсидир маънода адолатсизлик бўларди. Қисқаси, жамоанинг бетакрор таркиби 1991 йили ўз мақсадига эришди. Камтарин клуб аксарият муваффақиятларни югославиялик Вуядин Бошков бошқарувида тантана қилди. Ушбу мураббий «Луижи Феррарисе»даги 6 йиллик фаолияти давомида 5та совринни таъминлади. Умуман, Бошков шакллантирган «Сампдория» «А» сериясида Милан грандларини сурбетларча четга сургани етмагандек, кейинги мавсум Чемпионлар кубогида ҳам чинакам шов-шув кўтарди! Италия футболининг кутилмаган «чақмоғи»ни ўз ўрнига тушириб қўйиш фақат «Барселона»га насиб этди. Лекин каталонияликлар ҳам бу йўлда анча терга ботишганди. Эсингиздадир, финал ўйини тақдирини Куман ижросидаги афсонавий жарима зарбаси ҳал қилганди.
«Таврия»-1992
Собиқ иттифоқ бўлиниб кетгач, Украина лигасида Киев «Динамо»си узоқ вақт «гегемон»лик қилди. Зеро, ҳеч бир клуб на таркиб, на инфратузилма ва на молиявий томондан киевликларга тенг келолмасди. Хуллас, пойтахтликлар мавсумлар давомида айтарли муаммога учрамасдилар. Тўғги, гоҳо-гоҳо алоҳида бир ўйинда қайсидир иштирокчи «Динамо»нинг оёғидан тортиб қолишга уриниб кўрарди, аммо финишда киевликлар 1-ўриндан жой олишарди, барибир. Лекин илк мавсумда... Ўшанда «Динамо» ўз кучига ҳаддан зиёд ортиқ баҳо берганми ёки бошқа сабаб бор, ҳарқалай, олтин медаль кутилмаганда, Симферополь «Таврия»сига насиб этганди. Ўзи Украинанинг ўтиш чемпионати атиги 3,5 ой давом этган. Оддий айтганда, собиқ иттифоқ биринчилигининг олий, биринчи ва иккинчи лигаларида ўйнаган турли-туман жамоалар аввалига икки гуруҳга бўлинади - 10тадан. Якунда гуруҳлар етакчилари ўзаро ўйинлар орқали медаллар тақдирига ойдинлик киритишади. Қисқасини айтганда, Львов шаҳрида ташкиллаштирилган «олтин финал»да киевликлар рақибни менсимаслик оқибатини ўзларида синаб кўришди. Буни жамоа аъзолари ҳам кейинчалик очиқ тан олишган. «Таврия» футболчилари эса аксинча, ирода кучи мўъжизасини намойиш этишди. «Таврия» сардори Сергей Шевченко томонидан урилган гол қримликларга клуб тарихидаги ягона «олтин»ни тақдим этди. Ҳа, симферополликлар темирни қизиғида босишган, дейиш мумкин. Чунончи, мамлакат чемпионатининг кейинги 9 мавсуми шубҳасиз, «Динамо» белгиси остида ўтди.
«Блэкберн»-1995
Англия премьер-лигаси ғолиблари рўйхати кенглиги билан ажралиб турмайди: Лондон - Манчестер, Манчестер - Лондон... Ҳаттоки, шонли «Ливерпуль» ҳам чемпионатнинг янги тарихида лоақал бир марта бўлсин, миллий чўққига чиқолгани йўқ. Шуни назарда тутиб баҳоласак, «Блэкберн»нинг 90-йиллар ўртасидаги муваффақияти қадри янада ошади. «Дайдилар» ҳозиргача АПЛда икки футбол маркази ташқарисидан чиққан ягона қаҳрамон бўлиб туришибди. «Блэкберн» амалга оширган зафар 3та йирик асосга эга: клуб хўжайини Жек Уорнер сарфлаган сармоя, мураббий Кенни Далглиш татбиқ этган оригинал ғоялар ва Алан Ширерга хос голеадорлик. Аслида ушбу эртакнинг якуни ўхшамаслиги ҳам ҳеч гап эмасди. Чунончи, охирги турда «Ливерпуль» ўзининг собиқ менежери олдига катта тўсиқ қўяди. Натижада «Манчестер Юнайтед» учун зўр имконият юзага келади. Хуллас, «қизил иблислар»дан кетма-кет 3-марта олтинга бурканиш учун «Вест Хэм»ни бир ёқли қилиш талаб этиларди, холос. Бироқ «болғачилар» «МЮ»га қарши баҳсда қаҳрамонлик кўрсатиб, дурангга эришадилар ва «сенсациячи» жамоанинг ютуғига мисли кўрилмаган даражада ҳисса қўшадилар. Зеро, шу дуранг Алекс Фергюсон шогирдлари учун мағлубиятга тенг бўлди, «Блэкберн» учун эса осмондан тушган бебаҳо совғага.
«Депортиво»-2000
Галисия клуби ўтган асрнинг 70-йиллари Испания иккинчи ва учинчи дивизионлари орасида саргардон юрди. 80-йилларда эса сегундада бемажол иштирок этди. Ла-коруньяликлар илк жиддий ютуқларни фақат 1990 йилдан сўнг нишонлашди, агарда қуйи лигалардаги баъзи натижаларни ҳисобга олмасак. Ўша вақт Олег Романцев галисияликларнинг аниқ таклифларини рад этиб, эҳтимолки, хато қилгандир. Чунончи, «Риасор»да бинойидек жамоа шаклланганди. Дейлик, «Депор» элит дивизионга қайтишидан кейинги иккинчи мавсумдаёқ 3-ўринни эгаллади, навбатдаги икки чемпионатда эса бош совринга етишига бир қадамгина қолди. «Риасор»да мухлислик қилиш бахтига муяссар бўлган катта ва ўрта ёшли футбол ихлосмандлари ҳалигача мавсум - 1993|1994 якунидаги драматик воқеаларни ўзгача алам билан хотирлашади. Агар Мирослав Жукич «Валенсия»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги дақиқасида петальтини аниқ амалга оширганида эди, «Депортиво» чемпионлик байрамини бошлаб юборарди. Бироқ югославиялик ҳимоячи чексиз босимни енгиш уддасидан чиқолмай, олтин медални шунчаки, «Барселона»га тортиқ этди. «Вален-сия»нинг захира дарвозабони Гонсалес ўша оқшом ўз фаолиятидаги ягона шавкатли дақиқани бошдан кечирди. Бироқ бу шавкатли ҳаракати Ла-Коруньянинг минглаб фуқаролари тўккан кўз ёшларига қоришиб кетди. Асрлар алманишувида эса «Депор» барибир, «Барса»дан ўзиб кетиб, хумордан чиқди. Провинция жамоаси Ла-лига чўққисини тактика билимдони Хавьер Ирурета ўгитларию, бошқарувида забт этганди.
«Рубин»-2008
Татаристон жамоаси кўрсатган қаҳрамонлик ҳали кўпчилик ёдидан чиқмаган бўлса керак ва унинг тафсилотларини баён этиш шарт эмас. Лекин ўша тарих «Ростов»га жуда яқин, шубҳасиз. Ахир «Қозон мўъжизаси» муаллифи ёхуд режиссёри - Қурбон Бердиев бугун Дон соҳилида навбатдаги «сенсациячи» жамоани парвозга шайлантирмоқда. Йўқ, тўғрироғи, парвозга чиқиб улгурган клубни тезроқ қанот қоқишга ундамоқда. Бердиев ўша 2008 йилги мавсумда бир қарашда, соддадек кўринадиган иш схемаси билан пойтахт жамоаларига иш қолдирмаганди. Эътиборли жиҳати, «Рубин» ўзининг 50 йиллик юбилейида чемпионлик рутбасини ютди. Боз устига, қозонликлар кейинги йили бу муваффақиятлари тасодиф эмаслигини яққол исботлаш уддасидан чиқишди - яна 1-ўрин.
«Вольфсбург»-2009
Мана, қаторасига 7 йилдирки, «Кумуш товоқ» учун кураш Мюнхен ва Дортмунд клубларининг кескин рақобатлари руҳида ўтмоқда Германияда охирги марта айнан «Вольфсбург» шов-шув кўтаришга муваффақ бўлганди. «Бўрилар» ҳомийси - автомобиль гиганти феноменал даражада омадли ўтган мавсум - 2008|2009дан кўра, яхшироқ реклама кампаниясидан умид ҳам қилолмайди. «Бавария»нинг собиқ устози, буюк ва даҳшатли - Феликс Магатга жамоани қайта шакллантириш ва у билан юқори натижаларни таъминлаши учун атиги икки мавсум кифоя қилди. «Вольфсбург»нинг чемпионлик мақомига эришишида ўз ҳудудидаги баҳсларда ўта яхши натижалар қайд этгани асосий омиллардан бири бўлди. Ўша мавсум «Фольксваген-Арена»дан очко олиб қайтиш биргина «Айнтрахт»га насиб этди, холос. «Вольфсбург» бошқа барча меҳмонлардан устун келди, бинобарин, бош рақобатчиси «Бавария»га ҳам заррача имконият қолдирмади - 5:1. Якунда Магатдан таълим ва мислсиз зўриқишлар олган ҳужумчилар тўпурарлар пойгасида 1-2-ўринларни банд этишди: Графите - биринчи, Жеко -иккинчи. Эътибор беринг, бразилиялик ва босниялик ҳужумчилар тандеми умумий ҳисобда 54та голга муаллифлик қилиб, бундеслига тарихидаги энг эффектли (самарадор) дуэтга айланди.
«Монпелье»-2012
Жорий мавсум «Пари Сен-Жермен»нинг дуч келган рақибни «майдалаб», финишга 2 ой вақт қолган маҳал навбатдаги чемпионликни осонгина расмийлаштирганига қараб, 3-4 йил олдин Францияда ҳаммаси мутлақо бошқача кечганини тасаввур қилиш қийинроқ. Йўқ, Лига 1 ўзига хос чемпионатлардан бири саналади. У «ПСЖ»дан олдин ҳам бир қанча чемпионларни кўрган. Улар орасида ҳеч ким кутмаган ҳолатда тахтга кўтарилганлари ҳам бор. Дейлик, «Лион» нинг олтин даври узилиб қолган ва лигада янги «гегемон» чиққунга қадар бир нечта камтарин клублар чемпионлик завқини туйишга улгуришди. Хусусан, биров назарига олмайдиган камбағалгина «Монпелье»га ҳам шундай якуний ғалаба насиб этди. Мураббий Рене Жирар эса барибир, битта мавсум қаҳрамонилигича қолди. Лекин унинг нафақат «Монпелье», балки бутун француз футболи тарихига кириши учун шу қаҳрамонлик кифоя қилди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).