Ўзбекистон термаси учун ҳал қилувчи дамлар бошланмоқда. Шу вақтга қадар бош жамоамиз бирор марта ЖЧ саралашининг учинчи босқичида қолиб кетмаган эди. Ҳар доим сўнгги сонияларга қадар мундиал учун курашда иштирок этганмиз. Бу сафарги саралашдан умидимиз катта, ниҳоят, узоқ кутилган жаҳон чемпионати ҳавосидан нафас олишга чоғланмоқдамиз. Бу умидлар қай даражада давомий бўлишини эса ҳафта охирида билиб оламиз. Самвел Бабаян шогирдлари ЖЧ саралаши доирасида Филиппин ва Баҳрайнга қарши майдонга тушадилар ва яқин икки йил учун ўзбек футболи ҳолатини белгилаб беришлари лозим.
РАҚИБЛАР
Филиппин ва Баҳрайн - бир қарашда у қадар жиддий рақиблар эмас. Ҳар ҳолда, Япония ва Австралиядан кескин фарқ қилади. Боз устига, биринчи даврада иккисини ҳам ўз майдонида йирик ҳисобда мағлубиятга учратганмиз. Шундай экан, Тошкентда кечадиган ўйинларда хавотирга тушиш ортиқчадек туюлиши мумкин. Аммо вазият ҳақиқатан ҳам биз ўйлаганчалик осонми?
Агар ҳозир рақибларнинг жиддийлиги ҳақида сўз очсак ва бу билан сизга ёқмасак, маъзур тутасиз. Бу гапларни подадан олдин чанг чиқариш ёки ваҳима кўтариш учун эмас, шунчаки, келгуси ўйинларга жиддий қараш мақсадида айтмоқдамиз. Зеро, «дўстинг қанча кўп бўлса ҳам кам, душман қанча кам бўлса ҳам кўп», деган нақлни кўп эшитганмиз. Рақибни менсимаслик қандай оғир оқибатларга олиб келишини эса кўп кўрганмиз. Ишонинг, Филиппин ва Баҳрайн менсилмайдиган рақиблар сирасига киришмайди ва ҳозир буни имкон қадар асосласак.
ФИЛИППИН
Филиппинга қарши сафарда кечган баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси йирик ҳисоб(5:1)да ғалабага эришган. Ўйинни кўрмаган ва бор маълумотни шунчаки, учрашув қайдномасидан олган инсон учун бу ғалаба осон қўлга киритилгандек туюлиши мумкин. Аммо ўша учрашувни ёдга олсак, хулоса қандай бўлади?
Аслида, Маниладаги ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасида омаднинг ҳам катта ҳиссаси бўлган эди. Ёдингиздами, учрашув кучли ёмғир ва ноқулай об-ҳаво остида кечганди. ОЧЛ доирасидаги «Сепахон» ва «Локомотив» ўртасидаги баҳсни кўрган мухлислар бўлса, омад ҳақидаги гапни тасдиқлашлари мумкин. «Темирйўлчилар» кучли ёмғир остида ўтган ўйинда ҳисобни очишга муваффақ бўлдилар ва «Сепахон»нинг вазиятни ўнглаш мақсадидаги уринишлари ҳеч нарса келтирмади. Сабаби, бундай ҳолатда ҳужум қилаётган жамоа анча ноқулайликларга дуч келади ва кўп куч йўқотади. Тўп майса устида думаламай, кўлмакларда тўхтаб қолавергач, яна қандай ҳужум ҳақида гап бўлиши мумкин?
Филиппинга қарши кечган баҳсда ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолат рўй берган эди. Боз устига, илк дақиқадаёқ Одил Аҳмедовнинг узоқдан йўллаган зарбаси голга айлангач, филиппинликлар анча гангиб қолдилар ва вазиятни ўнглаш учун олдинга ўтганлари сари ноқулай об-ҳаво таъсири остида янада кўпроқ қийинчиликларга дуч келдилар. Оқибатда, рақиб ҳимоясида узилишлар пайдо бўлди ва бизникилар бу бўшлиқлардан усталик билан фойдаландилар. Ўша ўйин ҳақида Виталий Денисов шундай деган эди: «Мен ҳали фаолиятим давомида бундай ўйин кўрмаганман. Майдон ҳўл бўлгани етмагандек, тепилаётган тўпнинг қаерга бориб тушишини ҳам ҳеч ким билмас эди. Бу эса бизга қўл келди ва рақиб дарвозабони икки марта узоқдан берилган зарбаларни қайтара олмади...»
Хўш, Филиппин дарҳақиқат шунчалик осон рақибми? Очиғини айтсак, биз бу фикрга қўшилмаган бўлар эдик. Жамоа таркибига эътибор қаратсангиз, Европада тўп сурадиган легионерлар борлигини кўрасиз. Майли-да, қуйи лигаларда бўлса ҳам, барибир, ўша клублар савияси олий лигамиздаги жамоаларникидан кам эмасдир. Бу эса жавоб ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси анча ҳушёр туриши лозимлигини билдиради. Истардикки, футболчиларимиз вазиятга тўғри баҳо берадилар ва ишончли ғалаба билан мухлисларни хурсанд қиладилар.
БАҲРАЙН
Ўзбек футболи мухлисининг энг кўп асабига тегадиган жамоа бўлса, у ҳам Баҳрайндир. Бу мамлакат термаси ҳеч қачон Ўзбекистондан кучли ҳисобланмаган, аммо ҳар доим ноқулай рақиб сифатида баҳоланган. Баҳрайнликлар ўтиш даврини бошдан кечиришмоқда, уларнинг ҳозирги таркиби яқин тарихдаги энг кучсизидир. Айнан шу сабабли бўлса керак, Самвел Бабаян шогирдлари сафарда кечган учрашувда 4:0 ҳисобида ғалабага эриша олгандилар. Аммо бу факт бизга ҳозирданоқ енгил нафас олиш имконини бериши мумкинми?
Футболда ажойиб гап бор - «ҳеч бир ўйинда ҳакам ҳуштагидан илгари ғалабага эришиш мумкин эмас», дейилади. Жуда кўп жамоалар мана шу оддий нақлга амал қилмаганлари туфайли ҳам панд еганлар. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга. Аслини олсак, одатда, аутсайдер катта устунликка эга бўлади. Чунки фаворит 90 дақиқа давомида нима сабабдан фаворитлигини исботлаши лозим бўлса, аутсайдер учун исботлайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Бу эса эркин ўйнаш имконини беради ва шундай ҳолатларда сенсациялар қайд этилганини кўп кўрганмиз.
Боз устига, Баҳрайн билан боғлиқ яна бир факт бизни ҳушёр тортишга ундаши лозим. Сафарда кечган ўйиннинг биринчи бўлимида Самвел Бабаян шогирдлари бирорта гол уролмаган эдилар. Вакилларимиз фақат иккинчи бўлимга келибгина муваффақият қозонишганди. Аммо ёдингизда бўлса, ўшанда футболчиларимизнинг «ҳазиллашиб» тепган тўплари ҳам рақиб дарвозаси тўридан жой олганди. Одил Аҳмедовнинг иккинчи голи ёдингиздами? Бундай омад эса ҳар доим келавермаслиги мумкин...
ҒАЛАБА ШАРТИ
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги баҳсларда ғалаба қозониши шарт. Бошқа ҳар қандай натижа биз учун шармандали баҳоланиши турган гап. Ишонамизки, футболчилар буни жуда яхши ҳис қилиб туришибди. Биз фақат бир нарсани таъкидламоқчимиз - Филиппин ва Баҳрайнга қарши кечадиган ўйинлардан осон ғалаба кутмаслик керак. Биз учун муҳими - уч очко, у қандай ҳолатда қўлга киритилиши эса мутлақо аҳамиятсиз. Йирик ҳисоб қайд этилса, нур устига аъло нур, аммо кичик ҳисобдаги ғалаба ҳам зарар қилмасди.
ОЧЛ
Албатта, ЖЧ саралаши олдидан биз учун ёқимли хабарлар ҳам йўқ эмас. Гарчи юртимизда футбол мавсуми энди бошланаётган бўлсада, футболчиларимизнинг спорт формаларини анча тиклаб олишганига ОЧЛ баҳсларида гувоҳ бўлдик. Олдинги турлардан фарқли ўлароқ, бу сафар клубларимиз иккита ғалабага эришиб, мухлисларни хурсанд қилдилар. Битта мағлубиятга келсак... Ишонинг, унда ҳам терма жамоа мухлисларини хурсанд қиладиган ҳолат бор.
«ПАХТАКОР»
Ўз майдонида «Тракторсози»ни қабул қилган «Пахтакор» 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувдаги ягона голни эса ҳужумчи Игорь Сергеев урди. Унинг голини кўргач, мавсум бошланиши олдидан Сергеевга харидор бўлган, аммо ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг у билан шартнома имзолаш фикридан қайтган хориж клублари аттанг қилиб қолган бўлишса ажабмас. Ёдингиздами, «Пахтакор» ҳужумчисига Япониядан қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар тар-қалганди.
«ЛОКОМОТИВ»
«Темирйўлчилар» ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичи учинчи турида муҳим ютуқни қўлга киритишди. Эътиборли томони, «Сепахон» сафарда мағлуб этилди ва бу ҳам ғалаба аҳамиятини ошириши турган гап. Бизни хурсанд қилгани эса, мазкур баҳс «Локо» сафидаги терма жамоага номзод футболчиларга аталди.
2:0 ҳисоби қайд этилган учрашувдаги биринчи голни Марат Бикмаев урди. Санжар Шоаҳмедов унга тўпни Иньеста услубида етказиб берди. Бу футболчиларнинг ҳар иккиси эса терма жамоага номзод ҳисобланишади. Шунингдек, иккинчи голда ҳам «терма жамоачилар» асосий ролни ўйнадилар. Бу сафар Сервер Жепаровнинг ажойиб пасидан сўнг Сардор Мирзаев тўп киритишга муваффақ бўлди.
«БУНЁДКОР»
Афсуски, «Бунёдкор» «Зоб-Оҳан»-га қарши кечган учрашувда ғалаба қозона олмади. Ўйин 0:0 ҳисобида нурсиз дуранг билан якунланди. Аммо дарҳол салбий тасаввурга бормаслигингизни сўраймиз. Зеро, бу учрашувда ҳам терма жамоага номзод футболчилар қўлларидан келган барча ишни амалга оширдилар.
Элдор Шомуродов ва Достонбек Ҳамдамовлар мазкур баҳсда захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирдилар. «Бунёдкор»нинг биринчи ва иккинчи бўлимдаги ўйинлари орасида ер билан осмонча фарқ сезилди. Учрашувнинг дастлабки қисми анча сўниқ тус олган бўлса, Ҳамдамов ва Шомуродов майдонга тушгач, ўйин анча жонланди ва бир қатор хавфли вазиятлар юзага келди. Улардан унумли фойдаланилмагани эса, бошқа масала...
«НАСАФ»
ОЧЛнинг сўнгги турида фақат «Насаф» мағлубиятга учради ва бу мухлисларни хафа қилгани бор гап. Аммо буни қарангки, шу ерда ҳам терма жамоа учун яхши хабар бор - «Ал-Жаиш» таркибидаги ягона голни Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сардор Рашидов урди. Бу эса ЖЧ-2018 саралаши доирасида ўтказиладиган ўйинларга умид кўзи билан қарашга ундайди.
ЯКУНДА
Юқорида асосан олий лига клублари сафида тўп сураётган футболчиларга эътибор қаратдик. Агар таркиб яна бир қатор легионерлар билан тўлдирилишини инобатга олсак, миллий термамиз қандай кучга эгалигини тасаввур қилиш қийин эмас. Энди фақат бир нарса қолди - мана шу кучни амалда исботлаш. Умид қиламизки, терма жамоа футболчилари ўз гарданида турган масъулиятни яхши тушунадилар ва келаси ҳафта насиб қилса, ЖЧ саралашининг сўнгги босқичи ҳақида гаплашаётган бўламиз...
Абдулазиз МУРОД
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).