Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқич 3-туридан сўнг ўзбек клублари орасида энг яхши натижани ҳозирча Тошкентнинг «Локомотив» клуби қайд этиб турибди. «Темирйўлчилар» сафар учрашувида Эроннинг «Сепахон» жамоасини мағлуб этиш (2:0)нинг уддасидан чиқишди. Бу ғалабадан сўнг «Локомотив» ҳисобидаги очколар сони 5тага етди ва жамоа гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олди. БААнинг «Ал-Наср» клуби эса 3-турда Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоаси меҳмони бўлиб, ғалаба (2:1) билан қайтди. Бу муваффақиятдан сўнг Дубай клуби 6 очко тўплаб, пешқадамликни ўз қўлига олди. Андрей Микляев жамоаси гуруҳдаги навбатдаги учрашувни 6 апрель куни ўз майдонида «Сепахон»га қарши ўтказади. Агар ана шу ўйинда «Локомотив» ғалаба қозонса, чорак финалга чиқиш имконияти сезиларли тарзда ошади. Қолаверса, жамоа гуруҳдаги сўнгги учрашувни ҳам ўз уйида, ҳозирда квартет пешқадами бўлиб турган «Ал-Наср»га қарши ўтказади. Биз жамоа Эрондан Тошкентга қайтиб келгач, «Локомотив» етакчиларидан бири Кахи Махарадзедан интервью олдик.
- Кахи, «Сепахон»га қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлими ўрталарида ўзингизни ёмон ҳис қила бошладингиз. Бунинг сабаби нимада?
- Бошим айланиб, кислород етишмади, нафасим қисила бошлади. Шу боис, шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бунга ҳеч қандай жароҳат эмас, шунчаки, ноқулай иқлим шароити сабаб. Бундай ҳавода ўйнашнинг ўзи жасорат эди.
- «Локомотив» ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?
- Биринчи галда кучли иштиёқ эвазига, деган бўлардим. Барчамиз бу ўйинда мағлубиятга учрасак ёки очко йўқотсак, бунинг оқибати нима билан якунланишини билардик. Ғалаба гуруҳдан чиқиш имкониятларимизни кескин оширишини ҳам тушуниб тургандик. Биз рақибдан кучли ўйин намойиш этдик ва якунда ҳақли ғалабага эришдик.
- «Сепахон» мураббийи ва айримлар «Локомотив»га айнан ноқулай иқлим шароити ёрдам берди, деган фикрни илгари суришяпти. Бунга қўшиласизми?
- Йўқ, албатта. Улар нима деса деяверишсин. Бу баҳонадек туюляпти. Ҳар икки жамоа ҳам бир хил иқлим ва шароитда майдонга тушишди. Аксинча, биринчи бўлимда ҳамма нарса бизга қарши бўлди. Кучли ёмғир, шамол, ҳаракат қилишнинг ўзи қийин эди. Мен ўйин вақтинча тўхтатилса керак, деб ўйлагандим. Ёмғир ва шамол тўғридан-тўғри юзимизга уриб турди. Атрофни кўриш қийинлашиб қолди.
- Бу «Локомотив»нинг ОЧЛ мусобақаси тарихидаги сафарда қозонган илк ғалабаси бўлди. Буни билармидингиз?
- Албатта. Ўйиндан сўнг барча бир-бирини дастлабки муваффақият билан қутлади. Фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз мухлисларини ҳам табриклайман. Ўйлайманки, бу сўнгги ғалабамиз эмас.
- Меҳмондаги зафар «Локомотив»нинг имкониятларини кескин оширди...
- Кўз тегмасин, ўйинимизни топиб олдик. Лекин хурсанд бўлишга эрта. Ҳали ҳеч нарсага эришмадик. Олдинда гуруҳ босқичининг яна учта учрашуви бор. Охиригача шу руҳда давом эттиришимиз ва бошлаган ишимизни якунлаб қўйишимиз керак.
- ОЧЛда қатнашаётган қолган учта клубимизнинг иштирокини ҳам кузатиб боряпсизми?
- Ўйинларни кўра олмаяпман. Фақат ҳисобни эшитиб, турнир жадвалини кузатиб бориш билан чекланяпман. Тўртта жамоамизнинг ҳам гуруҳ босқичидан чиқиб олишини истайман.
- ОЧЛдаги ўзгаришларга муносабатингиз қандай?
- Битта жамоа билан кетма-кет уй-сафар тизимида ўйин ўтказилаётгани маъқул келди. Ўйлашимча, бу яхши янгилик. Ҳар ҳолда, менга ҳар томонлама ёқди.
- Бир неча йил аввал ҳам «Локомотив» шарафини ҳимоя қилгансиз. Бу йилдан яна жамоага қайтдингиз. Ўтган мавсумлар билан таққослаганда, клубда нималар ўзгарибди?
- Менимча, ҳамма нарса ўзгарган. Ҳозирги «Локомотив» аввалгисидан жуда кучли. Ҳам таркиб, ҳам ишга профессионал ёндашув томонидан бугунги «Локомотив»ни устун қўяман. Ўша пайтларда жамоа чемпионлик ҳақида ўйламасди. Ҳозир эса ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақаларда фақат ғолиблик учун курашяпмиз.
- Олий лигамизда иккита тур ортда қолди. Илк таассуротлар қандай? Ҳозирча ҳаммаси сценарий асосида кетяптими?
- Шундай деса ҳам бўлади. «Локомотив» иккита ўта муҳим сафар учрашувида ғалаба қозонди. Биласиз, водийда ўйнаш барча жамоаларга қийин бўлиб келган. У ерда футболни жуда яхши кўришади. Стадион мухлислар билан тўлади. Айниқса, Намангандаги баҳсда анча қийинчиликка дуч келдик. Айни пайтда 6 очко тўплаб, пешқадамлар сафида боряпмиз. Умид қиламанки, якунда «Локомотив» билан бирга тарихий чемпионликка эришамиз.
- Европа Чемпионлар Лигасининг чорак финалига қуръа ташланди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Лигада «Барселона» клубига мухлислик қиляпман. Қуръа бироз омадсиз келди. «Атлетико»дан ўтса бўлади, лекин бу осон кечмайди. «матрасчилар» жиддий рақиб. Шундай бўлсада, мен жамоамга ишонаман. Бу йил «Барселона» жуда кучли футбол намойиш этяпти. Кеча чемпионатда «Атлетико» аутсайдер «Спортинг»га ютқазиб қўйди. Бу билан каталонияликларнинг навбатдаги чемпионликка яқинлашишларига ёрдам бериб юборди. «Реал»га эса қуръада омад кулиб боқди. «Вольфсбург» мадридликларга жиддий қаршилик кўрсата олмаса керак, деб ўйлайман. Келинг, олдинга ўтиб кетмайлик. Европа футболида тахминлар ўзини оқламай қўйганига анча бўлган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).