Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа жамоанинг Испания чемпионати ва Европа майдонларидаги иштироки борасида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Мутахассиснинг фикрича, сўнгги йилларда жамоанинг ички чемпионатдаги натижалари барқарор эмас ва бу борада ислоҳ қилиниши лозим бўлган жиҳатлар мавжуд.
— Сўнгги ойлар давомида кучли рақибларга қарши муҳим баҳсларда анча яхши ўйин намойиш этдик. Бироқ нисбатан кучсиз жамоалар билан бўлган учрашувларда оқсаш кузатилмоқда. Охирги уч ойлик натижаларга назар ташласак, ўйинимизни кучайтириш учун имкониятлар етарли эканлигини кўриш мумкин, — деди мураббий.
Шунингдек, Арбелоа Ла Лигадаги ҳакамлик ва кутилмаган вазиятларга тўхталар экан, кутилмаган баёнот билан чиқди:
— «Жирона»га қарши баҳсда юзага келган вазиятларни инобатга олсак, «Реал» учун Ла Лигага қараганда Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш осонроқдек туюлмоқда. Бу ҳолат кўп нарсадан далолат беради, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 апрель куни Ла Лига доирасида кечган «Реал» ва «Жирона» (1:1) учрашувида баҳсли вазият юзага келган эди. Ўйиннинг 88-дақиқасида Килиан Мбаппе рақиб жарима майдони ичида йиқитилган бўлса-да, бош ҳакам Хавьер Алберола Рохас мезбонлар фойдасига пенальти белгиламаган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).